«Huquq va burch» javob beradi

 

Собиқ эр-хотиндан таъминот ундириш мумкин
 
Никоҳим бекор қилинганига олти ой бўлди. Касаллик туфайли тайинли жойда ишлай олмаяпман. Топган пулим дори-дармонга кетаяпти. Бундай вазиятда, гарчи собиқ бўлса-да, турмуш ўртоғимдан пул сўрашга ҳаққим бор экан. Шу тўғрими?
Жамила Й,
Юнусобод тумани
 
Оила кодексида никоҳдан ажралгандан кейин ҳам собиқ эр (ёки хотин) ёрдамга муҳтож хотин (ёки эр)га таъминот беришга мажбурлиги қайд этилган. Лекин сиз билан боғлиқ ҳолатда собиқ эрингиздан таъминот олишингиз учун Оила кодексининг 118-моддасида белгиланган икки жиҳатнинг мавжудлиги талаб этилади. Улардан биринчиси – сизнинг меҳнатга лаёқатсизлигингиз ва ёрдамга муҳтожлигингизнинг реаллиги, иккинчиси шуки, меҳнатга лаёқатсизлик никоҳдан ажралгунга қадар ёки никоҳдан ажралган пайтдан бошлаб бир йил ичида юзага келган бўлиши лозим.
Собиқ эр-хотиннинг бир-бирига таъминот бериш ва уни тўлаш тартиби ўзаро келишув билан, келишув бўлмаган тақдирда суд тартибида белгиланиши мумкин. Суд тартибида таъминот миқдори таъминот берувчининг моддий ва оилавий аҳволини ва бош­қа шу каби эътиборга лойиқ жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Лекин бунда тўланадиган таъминот миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак.
Юқорида қайд этилганлардан ташқари, Оила кодексининг 118-моддасига кўра никоҳдан ажралганидан кейин етарли маблағга эга бўлган собиқ эрдан:
собиқ хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида;
ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган болага қараган ёрдамга муҳтож собиқ хотин (эр);
никоҳдан ажралган пайтдан бошлаб беш йил ичида пенсия ёшига етган ёрдамга муҳтож хотин (эр), агар эр-хотин узоқ вақт никоҳда туришган бўлса, суд тартибида алимент талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
 
 
50 фоизлик нафақа
 
Менга 1996 йилдан III гуруҳ ногиронлиги белгиланиб, нафақа олиб келаётгандим. Ишлайман. Шунинг учун нафақанинг 50 фоизини оламан. Ишловчи I-II гуруҳ ногиронлари нафақани тўлиқ олишади. Мен болаликдан ногиронман. Нафақани юз фоиз олишга ҳаққим борми?
Адиба КАМОЛОВА,
Иштихон тумани
 
Ўзбекистон Президентининг 1995 йил 20 ноябрь кунги фармони ҳамда Адлия вазирлигида 2011 йил 30 апрелда рўйхатга олинган «Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомга кўра I ва II гуруҳ ногиронларидан ташқари барча ишловчи пенсионерларга уларга тайинланган пенсиянинг 50 фоизи тўланади.
Тўлиқ миқдорда (100 фоиз) пенсия тўланадиган ишловчи пенсионерлар тоифасига яна қуйидагилар ҳам киради:
а) Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари, қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар;
б) Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий хизматни ўтаган ёки фронт орқасида ишлаган шахслар;
в) Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқаролар;
г) фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг раислари;
д) фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи пенсионер аёллар – ёшга доир пенсияни олганда.
 
 
Ишсизлик нафақаси олиш учун
 
Ишсизлик нафақаси кимларга тўланади?
Шуҳрат ҲАКИМОВ,
Гулистон шаҳри
 
«Ишсизлик нафақаси ишсиз деб эътироф этилган шахсларга тайинланади», – дейилади «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддасида. Қарамоғида учтагача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркакларга нафақа улар ҳақ тўланадиган жамоат ишларида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда иштирок этган тақдирда тайинланади.
Ишсизлик нафақаси кўпи билан:
– ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан ке­йин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта;
– илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётган шахсларга эса ўн икки ойлик давр мобайнида ўн уч календарь ҳафта тўланади.
Ишсиз шахс нафақа олиш даврида иш қидириши ва ҳар икки ҳафтада камида бир марта маҳаллий меҳнат органида йўқламадан ўтиши керак.
Ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органи томонидан шахс иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай қабул қилинади.
Қуйидагилар ишсиз деб эътироф этилмайди:
меҳнат органларида рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида таклиф этилган мақбул келадиган ишни икки марта рад этган шахслар;
рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаган шахс­лар.
Таклиф этилган ишдан бош тортган кундан ёки мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаган кундан бошлаб ўттиз календарь кун ўтганидан кейингина шахс иш қидирувчи сифатида қайта рўйхатдан ўтишга ҳақли бўлади.
 
 
Апелляция ва ижро
 
Суднинг ҳукми чиқмагунча кишини айбдор деб ҳисоблаб бўладими? Айбдорлар икки ва ундан ортиқ бўлганида, улардан бири аппеляция ёки касация тартибида ариза берса, қолганларга ҳам суд ҳукмининг ижроси тўхтатиб туриладими?
Раҳимжон ШОИМБЕКОВ,
Тошкент шаҳри
 
ЖКнинг 9-моддасида айб учун жавобгарлик принципи белгиланган бўлиб, шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби исботланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Бинобарин, шахснинг устидан жиноят иши қўзғатилганига қарамай, суднинг қонуний ҳукми чиқмагунча, уни айбдор деб бўлмайди.
Маҳкумлар икки ва ундан ортиқ бўлган тақдирда, башарти шулардан лоақал бирига нисбатан ҳукм устидан шикоят берилган ёки протест билдирилган бўлса, юқори суд ишни кўриб чиққунига қадар маҳкумларнинг ҳаммасига нисбатан ҳукм қонуний кучга кирмай туради.
Ҳукм қонуний кучга кирган ёки иш апелляция инстанцияси судидан қайтарилган кундан бошлаб уч кундан кечикмай, ҳукм чиқарган суд томонидан ижро эттирилади.
ЖПКнинг 531-моддасига кўра, ҳукм, ажрим ва қарорни ижро эттириш уларни қабул қилган суд зиммасига юклатилади.
Ҳукмни ижро этиш тўғрисидаги фармойиш судья ёки суд раиси томонидан ҳукмни ижро этиш мажбурияти юклатилган органга ҳукмнинг нусхаси билан биргаликда юборилади.
Суд қарорини ўз вақтида ёки тўла бажармаслик эса, қонунга мувофиқ тарзда жавобгарликка сабаб бўлади.
 
 
Ихтиёрий ишдан кетиш
 
Бир неча йилдан бери касалхонада бухгалтер лавозимида ишлаб келаётгандим. Яқинда яхшироқ шароитларда иш тавсия этишди. Шунинг учун раҳбаримиздан ишдан бўшатишни сўрадим. У мен хоҳласам бўшатаман,­ бўлмаса йўқ, деб аризамни рад этди. Ўз хоҳишим билан ишдан кетишга ҳақли эмасманми?
Наримон ХЎЖАЕВ,
Юнусобод тумани
 
Меҳнат шартномасини иш берувчи билан келишган ҳолда бекор қилишнинг имкони бўлмаётган бўлса, буни Меҳнат кодексида белгиланган тартибда ҳал қилиш мумкин. Хусусан, кодекснинг 99-моддасига кўра ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.
Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин.
Агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва меҳнат муносабатлари давом этаётган бўлса, ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади, бундай ҳолда меҳнат шартномасини шу аризага мувофиқ бекор қилишга йўл қўйилмайди.
Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш ҳақидаги ариза у ўз ишини давом эттиришининг имкони йўқлиги (ўқув юртига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳоллар) билан боғлиқ бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда бекор қилиши керак.
 
Саволларга ҳуқуқшунос Дониёр ХАЛИЛОВ жавоб берди.
Саволлар учун электрон манзилимиз: info@huquqburch.uz