Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари

 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларига ойлик устама ҳақ белгиланди
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 9 июлдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан жорий йилнинг 1 августидан бошлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг лавозим маошларига алоҳида меҳнат шароитлари учун 12 фоиз миқдорида ойлик устама ҳақ белгиланди.
Шунингдек, 2012 йилнинг 1 августидан бошлаб:
Президентнинг 1997 йил 13 майдаги «Давлат хизматчиларининг меҳнатини рағбатлантириш тўғрисида» Фармонининг меҳнат ҳақи бўйича ягона тариф сеткаси разрядларига мувофиқ рағбатлантириш коэффициенти сифатида маошларга 20 фоизлик устама ҳақ белгиланишини назарда тутувчи 1-бандининг амал қилиши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари лавозимларига ҳамда «Маҳалла посбони» раҳбарларига нисбатан жорий этилади;
таркибида маҳаллалар ташкил қилинмаган шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларининг лавозим маошлари меҳнат ҳақи Ягона тариф сеткаси бўйича бир разряд оширилади.
 
Микрофирмалар статистик ҳисоботни қачон топширади?
 
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 16 июлдаги ПФ-4453-сонли фармони билан ортиқча бюрократик ғовларни бартараф этиш ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун қулай ишбилармонлик муҳитини вужудга келтириш мақсадида 2012 йил 1 августдан бошлаб 80 турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, шунингдек, 15 та лицензияланадиган фаолият турлари бекор қилинди.
Фармон билан амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда фаолият турларини амалга ошириш учун лицензиялар рўйхати тасдиқланди. Бунда тегишли фаолият турларини амалга ошириш учун аввал берилган лицензияларнинг амал қилиши ҳам муддатсиз ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан илгари кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда аризалар такроран тақдим этилган тақдирда, янги асослар бўйича лицензия ва рухсатномалар беришдан бош тортиш тақиқланади.
2013 йил 1 январдан бошлаб микрофирмалар йиллик статистик ҳисоботни бир йилда 1 марта тақдим этадилар, бунда статистика органлари ҳар чоракда тегишли фаолият йўналишлари ва соҳалари бўйича танланма ўрганишлар ўтказади.
Шунингдек, 2013 йил 1 январдан бошлаб қўшимча фойда солиғидан ташқари барча солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ойма-ой солиқ ҳисоботини тақдим этиш бекор қилинади.
Фармон билан статистик, молия, солиқ ҳисоботлари ҳамда бошқа ҳисобот турларини бекор қилиш ва бир-бирини такрорловчи шаклларни бирлаштириш эвазига қисқартирилаётган, шунингдек, уларни тақдим этиш даврийлиги қисқартирилаётган ҳисобот турлари рўйхатлари тасдиқланган.
 
Бакалавр фан доктори бўлиши учун қандай талабларга жавоб бериши керак?
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига биноан, умум қабул қилинган халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ диссертация ҳимоя қилиш ва фан доктори илмий даражасини бериш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизимини жорий қилиш; стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтини бекор қилиш, унда таълим олаётган шахсларни олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимининг янги талабларига мувофиқ, уларни аттестациядан ўтказиш ва диссертация тадқиқотлари мавзуларини танқидий қайта кўриб чиқиш асосида катта илмий ходим-изланувчилар институтига ўтказиш тўғрисидаги таклифлар қабул қилинди.
Фармонда белгиланишича, фан доктори илмий даражаси «магистр» даражаси билан олий маълумотга эга бўлган, катта илмий ходим-изланувчилар институтида илмий изланишлар натижаларига кўра докторлик диссертациясини ҳимоя қилган шахсларга тегишли фан йўналиши бўйича фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгашлар томонидан берилади;
катта илмий ходим-изланувчилар институтига «магистр» даражаси бўлган, илмий ва илмий-педагогик фаолият стажига (2 йилдан кам бўлмаган), шунингдек, фан номзоди илмий даражасига эга бўлган, фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти асос бўлиши мумкин бўлган, маълум бир илмий натижаларни қўлга киритган (илмий мақолалар нашр этиш, илмий анжуманлар, семинарлар ва давра суҳбатларида иштирок этиш ва бошқалар) шахслар қабул қилинади;
ўрнатилган тартибда мустақил тадқиқотчи сифатида расмийлаштирилган, «бакалавр» ёки «магистр» даражаси билан олий маълумотга, 5 йилдан кам бўлмаган амалий иш стажига эга бўлган, илмий изланишларга лаёқати мавжуд, белгиланган талабларга мос келадиган маълум бир илмий ютуқларга (ихтиро учун патентлар, илмий мақолалар, илмий-технологик ишланмаларда қатнашиш ва бошқалар) эга бўлган шахсларга ҳам докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга рухсат берилади.
 
 
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари
 
Ҳарбий тиббиёт факультети ташкил этилди
Тиббий хизмат офицерлари тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, Қуролли Кучлар тиббий таркиби ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 июлдаги 203-сон қарори билан Мудофаа вазирлиги тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг ҳарбий кафедраси негизида ҳарбий тиббиёт факультети ташкил этилди.
Белгиланишича, факультет юридик шахс мақомига эга бўлган олий ҳарбий таълим муассасаси ҳисобланади.
Факультетда тиббий хизмат офицерларини тайёрлаш «ҳарбий тиббиёт» йўналиши бўйича амалга оширилади. Ўқитиш муддати – 2 йил. Республика олий тиббий таълим муассасаларининг «даволаш иши» йўналиши бўйича ўқишнинг бешинчи курсини битирган, танлов асосида ҳарбий-касбий танлаб олишдан ўтган ва факультетга қабул қилинган талабаларга Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти мақоми берилади. Факультет битирувчиларига олий таълим тўғрисидаги диплом ва «ҳарбий врач» малакаси берилади.
Календарь ҳисоби бўйича камида 10 йил хизмат қилган факультет битирувчиларига хизматдан бўшатилиш чоғида олий таълим муассасасидаги ўқиган вақти (факультетга қабул қилингунгача) ўқишнинг бир ойини хизматнинг бир ойига ҳисоблаган ҳолда ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатига қўшилади.
 
Қамчиқ довонида юк ташишлар назорати кучайтирилди
 
Юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати устидан назоратни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 июлдаги 204-сон қарори билан Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли туманларида Қамчиқ довони орқали юк автотранспортида юк ташишларни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди.
Мазкур қарорга биноан Қамчиқ довони орқали қу­йидаги юк автотранспортида юкларни ташиш:
· 25 йил ва ундан кўп фойдаланилган юк транспортида – 2012 йил 1 октябрдан бошлаб;
· 20 йил ва ундан кўп фойдаланилган юк транспортида – 2014 йил 1 июлдан бошлаб;
· 15 йил ва ундан кўп фойдаланилган юк транспортида – 2014 йил 1 июлдан бошлаб тақиқланади.
· 2013 йилнинг охиригача Андижон-Ўш орқали М-39-Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон автойўли А-373-автомобиль йўлининг 185 ва 273-километрларида назорат пунктларини қуриш ва уларни оғирлик ва габарит параметрларини текшириш бўйича технологик асбоб-ускуна билан жиҳозлаш режалаштирилган.
 
Мелиорация техникаси лизингга берилади
 
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 11 июлдаги 209-сон қарори билан «Ўзмелиомашлизинг» давлат лизинг компанияси томонидан мелиорация техникаси, машиналари ва бошқа механизациялаш воситаларини харид қилиш ва лизингга бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мелиорация техникаси суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш фаолиятини амалга оширувчи сув хўжалиги қурилиш ва фойдаланиш ташкилотларига, шунингдек, сув истеъмолчилари уюшмаларига ва фермер хўжаликларига 10 йил муддатга лизингга қуйидаги шартларда берилади:
а) сув хўжалиги қурилиши ташкилотлари, шунингдек, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари учун:
лизингга берилаётган мелиорация техникаси қийматининг 15 фоизи аванс шаклида уларнинг ўз маблағлари ҳисобига тўланади;
85 фоизи - лизингга берувчи томонидан, унга қарз асосида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси томонидан бериладиган маблағлар ҳисобига молиялаштирилади;
б) сув хўжалиги фойдаланиш ташкилотлари учун лизингга берилаётган мелиорация техникаси қийматининг 100 фоизи қарз маблағлари ҳисобига молиялаштирилади;
в) мелиорация техникаси лизингга олувчиларга фақат олинаётган техниканинг мулкий таваккалчиликларини лизингнинг бутун даври учун суғурта қилиш бўйича «Ўзагросуғурта» давлат-акциядорлик компаниясининг суғурта полиси мавжуд бўлганда берилади;
г) лизингга берувчининг даромад ставкаси (маржаси) лизинг шартномалари тузилиши санасидаги Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
 
Миллий банк ўзи қуриб, ўзи сотиши мумкин
 
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки балансидаги ҳудудларни ободонлаштириш ва улар ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари асосида қурилган ва қурилаётган уй-жой, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидан самарали фойдаланиш мақсадида, агар улар банк маблағлари, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг жалб қилинган маблағлари ҳисобига қурилган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 17 июлдаги 221-сон қарори билан ТИФ МБга истисно тариқасида ушбу объектларни мустақил равишда тасарруф этиш ҳуқуқи берилган.
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин объектларни сотишдан олинган фойда ТИФ МБнинг Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб этилган кредитлар бўйича қарзини сўндиришга йўналтирилиши керак.
 
Тўқимачилик соҳасида мақсадли параметрлар белгиланди
 
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 2 августдаги «2012-2015 йилларда ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори билан ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган замонавий, сифатли ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш таъминланишини давом эттириш мақсадида 2012-2015 йилларда тўқимачилик ва чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларининг мақсадли параметрлари белгиланди.
Шунингдек, ҳукумат томонидан тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж саноатида 10 та лойиҳа ҳамда чарм-пойабзал саноатида 36 та лойиҳани ўз ичига олувчи 2012-2014 йилларда янги корхоналарни ташкил этиш ва амалдаги корхоналарни модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати тасдиқланган. Инвестиция лойиҳаларида кўрсатилган тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж корхоналарининг маҳсулотлари уларни ишлаб чиқариш ҳажмининг камида 50 фоизи миқдорида экспортга реализация қилиниши керак. Чарм-пойабзал саноати корхоналарининг маҳсулотлари эса ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, шунингдек, маҳсулотни экспортга етказиб беришни кенгайтириш дастурлари доирасида ички бозорни янада тўлиқ таъминлашга ва импортнинг ўрнини қоплашга йўналтирилиши керак.
Қарорга мувофиқ, пахта толасини қайта ишлайдиган республика корхоналарига 2012 йилда сотиб олинган пахта толаси учун узил-кесил ҳисоб-китобларни пахта толаси етказиб берилган санадан бошлаб 120 кун мобайнида амалга оширишга рухсат этилиши белгиланган.
 
Имзо намуналари нотариал тасдиқланмайди
Адлия вазирининг 2012 йил 30 июлдаги 156-мх-сон буйруғи билан «Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Йўриқномага ўзгартиришлар киритилди.
Эндиликда барча тадбиркорлик субъектлари (тижорат­ ташкилотлари, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари) банк ҳисобрақамларини очиш учун имзолар намуналарини нотариал тасдиқлаш заруратидан озод этилганлар.
Бундай талаб нотижорат ташкилотлари, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасалари, чет эл давлатларининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, халқаро ҳукуматлараро ташкилотлар ва чет эл давлатлар ҳукумат ташкилотларининг ваколатхоналари учун сақлаб қолинмоқда.
Шунингдек, тугатувчи ёхуд юридик шахснинг тугатиш­ комиссияси томонидан тайинланган шахс имзоларининг намуналарини нотариал тасдиқлаш талаби ҳам бекор қилинди.
Фаррухжон ФАЙЗИЕВ,
ҳуқуқшунос