Юксак ҳуқуқий маданият – жамият пойдевори

 

Шу кунларда бутун халқимиз ватанимиз мустақиллигининг 21 йиллигини нишонлаш учун катта ҳозирлик кўрмоқда. Мамлакатимизда кенг кўламда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, бугунги кунга келиб ҳаётимизда сиёсий партияларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Айнан партиялар фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширишга, хоҳиш-иродаси ва фикрини ифодалашга, марказда ва жойларда давлат ҳокимияти органларини шакллантиришга муҳим таъсир ўтказувчи воситага, сиёсий кучга айланмоқда. Зеро, давлат бошқарувини янгилаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатни модернизация қилиш жараёнини сиёсий партияларсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий майдонга чиққан илк кунларданоқ ижтимоий адолат ғоясини илгари суриб, барча ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларда фаол иштирок этиб, аҳолининг турли ижтимоий қатламлари манфаатларини ифодаловчи жипслашган куч сифатида ўзини кўрсата олди.
Кўпгина тараққий этган демократик мамлакатлар ҳаётида катта таъсир кучига эга тараққийпарвар мафкуравий оқим ҳисобланган социал-демократия ижтимоий ислоҳотларни бос­қичма-босқич амалга ошириш йўли билан жамиятни ривожлантириш ва халқ фаровонлиги­ни оширишни кўзда тутади.­
Ҳар қандай жамиятда демократия қай даражада эканини белгиловчи камида учта мезон бор. Булар халқ қонун ва қарорлар қабул қилиш жараёнидан қанчалик хабардорлиги, ҳукумат қарорлари халқ томонидан нечоғлик назорат қилиниши, оддий фуқаролар давлатни бошқаришда қай даражада иштирок этиши билан боғлиқ. Ана шу уч соҳада силжиш бўлмас экан, демократия ҳақидаги ҳамма гап-сўзлар беҳуда бўлиб қолаверади. Бундай силжишлар бир кунда бўладиган иш эмас, албатта. Шунинг учун юртимизда иқтисодий, сиёсий ва, энг аввало, ҳу­қуқий соҳаларда босқичма-босқич ислоҳотлар ўтказилаяптики, буларнинг барчаси шу юртдаги фуқароларнинг манфаатларига, уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилгандир. Агар жа­миятда фуқароларнинг сиёсий манфаатларини рўёбга чиқариш учун ҳамма ҳуқу­қий, демократик шарт-шароит яратилган бўлса, аҳолининг ўзи мамлакатнинг сиёсий ҳаётида ихтиёрий равиш­да кенг иштирок этади. Таъ­кидлаш керакки, Ўзбекистонда фуқароларнинг сиё­сий­ ҳаётда иштирок этишидек демократик жараён «Дав­­­лат бошқарувини янги­лаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қи­лишда сиёсий партияларнинг ролини ку­чайтириш тўғрисида»ги конституциявий қо­нун қабул қилиниши билан янада кучайди.
Эртанги кун бугундан бошланади. Демак, ёшлар ҳақида ғамхўрлик қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини ўйлаш бизнинг бош вазифаларимиздан биридир. «Адолат» сиёсий майдонга чиққан илк кунларданоқ ушбу тамойилга амал қилиб келмоқда.
Яъни биз бир томондан со­циал-демократия ғояларини қарор топтиришнинг ил­ғор мамлакатларда синовдан­ ўтган тажрибасига, иккинчи­ томондан эса улуғ бобокалонларимизнинг адолат, эзгу­лик, инсоний меҳр-мурувват,­ саховат, изимиздан келаётган ёш авлодга ғамхўрлик борасидаги умуминсоний қарашларига таянамиз.
Олимларнинг ҳисоб-ки­тоб­ларига қараганда, табиат­ инсоният учун ўз бағрида ас­раб келаётган кўмир, нефть,­ газ, нефть захиралари­ вужудга келиши учун миллионлаб йиллар керак бўл­ди. Афсуски, тамаддун, ил­мий-техник инқилоб юксак­ чўққиларга эришган сўнг­-ги бир ярим-икки аср мобайни­да бу захиралар аёвсиз тарз­да талон-торож қилинмоқда.­ Мутахассислар истеъмолчилик кайфияти шу тарзда да­вом этган тақдирда яқин ўттиз-қирқ йил ичида, ҳат­то­ки ундан ҳам аввалроқ айрим табиий захиралар буткул тугаши эҳ­тимоли мавжудлигини айтиб­ бонг уриш­моқда.
Хўш, нажот қаерда? Қи­зи­­ғи шундаки, бу саволга ҳам­­ табиатнинг ўзи жавоб бе­­ради. Яъни худонинг ўзи биз учун битмас-туганмас қай­­­та тикланувчи энергия ман­­­балари (ҚТЭМ)ни яратиб қўйган. Фақат улардан фой­далана олишни уддаласак, бас.
Партиямиз қайта тикланувчи энергия манбалари ри­вожланишини халқимизнинг ҳар томонлама фаровон ҳаёт кечиришининг, юксак тараққиётга эришишининг воситаси деб билади. Ўтган икки йил ичида партиямиз мазкур вазифани изчил тарзда адо этиб келмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» фракцияси ташаббусига кўра қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича тайёрланган қонун лойиҳаси ҳозирги кунда муҳокама жараёнидан ўтмоқда. Шу билан бирга, фракция депутатлари ташаббусига биноан «Ўзбекэнерго» ДАК, ЎзФАнинг Энергетика ва автоматика институти билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириб, улардан фойдаланган ҳолда электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришнинг узоқ муддатга­ мўлжалланган истиқболли концептуал низомлари ва йўналишлари» мавзусидаги ишлар бошлаб юборилган.
Мамлакатимизда қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ ти­зимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш борасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилди.
Албатта, ҳали бу борада қилинадиган ишлар кўп. Уларнинг энг муҳимлари Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида кўрсатиб ўтилган.
Шубҳасиз, жамиятнинг демократик тараққиёт йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданияти даражасига боғлиқдир. Юксак ҳуқуқий маданият – демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик кўрсаткичи.
Концепцияда таъкидлаб ўтилганидек, бугунги сиёсий-ҳуқуқий воқеликни ҳи­собга олган ҳолда мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳу­қуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарур. Ушбу дастурнинг амалга оширилиши аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишини, фуқароларда қонунга итоаткорлик туй­ғусининг янада ортишини таъминлайди.
Концепцияда белгилаб бе­рилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда биз ҳам фуқароларимизнинг ҳу­қуқий маданияти замон талабларига мос тарзда шаклланишига, ривожланишига ҳисса қўшиб келмоқдамиз.
Ҳуқуқий маданият фуқаролик жамияти камолотининг, давлатчилик ривожи ва ҳуқуқий тизим етуклигининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. У ижтимоий ҳаётга фаол таъсир кўрсатувчи, фуқаролар жипслашувига кўмаклашувчи, юрт барқарорлигини таъминловчи ва мустаҳкамловчи қадриятдир.
Ҳуқуқий маданиятнинг яна бир қисми эса ҳуқуқни амалга оширувчи давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқ меъёрлари талаблари даражасида ҳамда доирасида ўз ҳуқуқи, бурчларини бажариши, уларни англаб олишидир. Мамлакатнинг давлат ва жамият ҳаётидаги қонунчилик даражаси, омманинг қонун ва суд олдида тенглиги ҳуқуқий маданиятнинг ажралмас қисмидир. Ҳу­қуқий маданиятни мунтазам бойитиб бориш учун ҳу­қуқий тарбия ишларини изчил олиб бориш лозим. Ушбу долзарб масала ҳам партиямизнинг доимий диққат марказида.
Исмоил Саифназаров,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Сиёсий кенгаши раиси