Мулкли, эркли, кўркли!

 

– Ўҳ-ў, Тошкент тоза ўзгариб кетибди-ку,– деди дўстим Амин теваракка завқ билан алангларкан. – Анави баланд иморат биллурдан қурилганми дейман, жимир-жимир товланади-я... Манави кўприкка қаранглар, шаҳарнинг қоқ белида худди Алпомишнинг ёйидай ястаниб ётибди. Буни ҳам илгари ҳеч кўрмаганман.
Биз ўтирган машина таранг тортилган тасмадек равон, кенг йўл бўйлаб елиб бормоқда. Ўнгу сўлда серҳашам, сержилва шаҳар. Орқа ўриндиқдаги Амин шўх боладай ирғишлайди. Мен таажжубланиб уни кузатаман. Кун сайин, соат сайин кўркига кўрк қўшилаётган пойтахт Аминни қанчалар ҳайратга чулғаган бўлса, кўришмаганимиздан бери буткул ўзгариб кетган дўстим ҳам мени шунчалар ҳангу манг қолдирган эди.
Амин билан синфдошмиз. Уни сўнгги бор роппа-роса тўққиз йил аввал қишлоқдаги бир маъракада учратгандим. Чала куйган тарашадек бир чеккада мунға­йиб турарди. Гап-сўзидан маълум бўлдики, Амин ўша кунлари қўшни юртларнинг биридан илиги қуриб қайтган экан.
«Мўмай даромад излаб боргандим, – дея ҳасрат қилди у. – Лекин номардлар боплаб алдашди. Икки йил эзиб ишлатиб, кейин итдек ҳайдаб юборишди».
Ўша учрашувдан сўнг Аминни бошқа кўрмагандим. Мана, қаршимда турибди у! Қўрғошиндан қуйилгандай қорувли, бақувват, юз-кўзидан шиддат, ғайрат ёғилади. Уст-боши пўрим. Отаси – Худойназар бувамни пойтахт врачларига кўрсатиш учун олиб келибди.
Амин билан қизғин суҳбатлашдик. Дўстим ўша аламли чет эл сафаридан сўнг фермерликка уннабди.
– Аввалига 10 гектар ер олдим. Кейинги йил уни 25 гектарга етказдим. Шу кеча-кундузда 60 гектар ерим бор, – дейди Амин ғурурланиб. – Мана, отамнинг йўл-йўриғи, маслаҳатлари билан ишлаб юрибмиз-да.
Дарҳақиқат, Аминнинг отаси – Худойназар Чориев­ маслаҳат берса бергудек, ўргатса ўргатгудек оқсоқоллардан. Бир умр пахта пайкалидан чиқмаган инсон. Илгарилари «Худойназар биргад» деса, уни туман ту­гул, бутун вилоятда яхши танишарди. Чунки ҳар йили режа-мажбуриятларини дўн­дирадиган машҳур пахтакор эди-да. Аммо хирмонлари юксалган сайин Худойназар биргаднинг қадди букчайди, мадори кетди. Қуруқ мақтовлар, мажлисларда ел­касига қоқиб, ўзгаларга на­муна қилиб кўрсатишлар ку­нига ярамади. Кези келганда, дас­та-даста «Фахрий ёр­лиқ»лар тандирига тутантириқ ҳам бўлмади. Чўнтак қуп­-қуруқ, рўзғор эса катта. Худойназар биргад адолатсизлик олдида лол қотди. Лекин ноилож. Охир-оқибат, бир умрлик фидойи меҳнатлари эвазига бел оғриғи, бош оғриғини орттириб, амал-тақал билан пенсияга чиқди.
Мен Худойназар буванинг ўша серзаҳмат пахтакорлик даврини эслар эканман, бир аччиқ ҳақиқатни англаб етгандек бўлдим. Ху­дойназар биргад ўз фожиасини ўша пайтлардаёқ тушуниб етган.
«Болаларим, – деди бир куни у Амин иккимизни ёнига ўтқизиб. – Менга ўхшаб қора тупроққа қоришиб ўтманглар, ўқинглар, битта-биттадан устулнинг эгаси бўлинглар».
Қарангки, машҳур пахтакор уқубатлардан қутулишнинг бирдан-бир йўли «устул эгаси», яъни амалдор бўлиш деб билган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ўша давр муҳитида каззоб, юлғич амалдорларнинг ҳамиша ошиғи олчи, турмуши тўкин бўлган. Барча, ҳатто донгдор деҳқонлар ҳам уларга ҳавасманд қарашган.
Аммо Худойназар биргаднинг орзулари ушалмади.­ Мактабни туппа-тузук битир­ган бўлишига қарамай, ўғли Амин институтга, яъни амалдорлик ўқишига киролмади.­
...Туйқус хаёлимни дўс­тимнинг мобил телефони жиринглаб бузди. Амин шошилмай, қайроқтошдай аппаратини қулоғига тутди. Тута-тута, орқа ўриндиққа амалдорлардай ястаниб олди.
– Эшитаман.
Улар узоқ гаплашишди. Гоҳ у сўради, бу жавоб бер­ди, гоҳ бу тушунтирди, у эса тинглади.
– Ким билан гаплашдингиз? – деб сўрадим қизиқсиниб, ниҳоят дўстим телефонини қатлаб қўйгач.
– Вилоят ҳокимлигидан, – деди Амин жилмайиб. – Ўғит масаласида бироз суҳбатлашдик. Уюшмадан ўғит олиш бизга анча қимматлик­ қилаяпти. Тўғридан-тўғ­ри «На­воийазот» билан шартнома қилиш ниятидаман. Шу масалада таклифларимни қоғозга тушириб, ҳокимликка киритгандим. Раҳбарлар беэътибор қолдиришмабди. Келинг, ёрдам берамиз де­йишди.
Аминга анграйиб қолдим. Оддий бир фермернинг ви­ло­ят миқёсидаги раҳбарлар билан бемалол гаплаши­ши, ўз фикрини уқтириши менга жуда ғалати туюл­ди. Бе­ихтиёр олд ўриндиқда хаёл­чан ўтирган қа­рияга юзландим.
– Худойназар бува, сиз ҳам обкомдагилар билан бе­малол гаплашармидингиз? Маш­ҳур биргад эдингиз-ку?!
– Йўғ-э, – деб юборди қа­рия гўё қаршисида обком­ вакили пайдо бўлгандай чў­чиб тушаркан. – Биз обком­ тугул, райком хизматчисининг олдида ҳам тек қотиб турганмиз, худди солдатдай. Ўзимизча гапириш қаёқда?! Сўраса жавоб берардик, буюрса «хўп» дердик.
Мен яна Аминга қарадим­. Қарадиму шаҳарда юравериб, қишлоқ ҳаётидан анча узилиб қолганимни анг­лаб етдим. Мана, қаршимда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотларни ўзида мужассам этган тирик тимсол – дўстим Амин турибди! Донишмандларча юритилган сиёсат, ғамхўрлик, қаранг, кечагина қоқилиб-сурилиб юрган инсонни нақадар ўзгартирган! Бир пайт­лар отаси унинг тўра бўлишини орзу қилган эди. Ахир ҳозир савлат ва виқорда қайси амалдордан кам дўстим Амин?!
– Худойназар бува, – деб тағин гап қотдим қария­га. – Аминнинг амалдорлик­ка ўқиёлмай қолгани чатоқ бўлди-да, юрарди ҳозир бир устулни эгалла-аб...
– «Устул» дейсан-а, болам... Аминбой ҳозир оламжаҳон ернинг эгаси. Мулки борнинг эрки бор, эрки борнинг кўрки бор дейишган қадимгилар. Лекин, тўғ­рисини айтсам, боланинг бошини ота силагандан кўра юрт отаси силасин экан. Чун­­ки чўққидаги инсон узоқни кўради, келажакни кўзлайди. Бизга ўхшаб оёғи остидагиларни кўрмай қолмайди, болам.
– Худойназар бува, ўша маш­ҳур пахтакорлик пайтин­гиз мулкдор бўлишни, ер эга­си бўлишни ҳеч хаёл қилганмисиз?
Қария изтироб билан бош чайқади.
– Э-э, қайда, болам пешонамизда бори шу экан деб ўтдик. Лекин... биров-ярим ўйлаганлар ҳам бор эди. Афсуски, уларнинг боши кулфатдан чиқмади. Ҳув, қизилқоқлик Исмоил гуррини эслайсанми?
Албатта эслайман. Раҳматли Исмоил ака шундоққина кўз ўнгимда турибди. Калтабўй, қош-мўйловлари ўқталган қиличдай, серғайрат бригадир эди. Дангал, дали-ғули бўлгани учун эл-улус унга «гурри» лақабини тиркаган. Исмоил гурри – Исмоил ака мажлисларнинг бирида ҳаммани ҳангу манг қилган. «Ўртоқлар, – дебди у гоҳ пастдагиларга, гоҳ юқорида ўтирган раҳбарларга кўз ташлаб. – Келинглар, Қизилқоқдан юз гектар ерни менга хатлаб беринглар. Шу дала менинг мулким бўлсин. Ҳам тирикчиликни қилай, ҳам ҳам­қишлоқларимни боқай, давлатга ҳам фойдам тегсин».
Исмоил гурри тилидан топди. Уни ўша йиғиндаёқ қўлларини орқасига қайириб олиб кетишди. Шўрлик қай гўрдаги авахталарда уч ой ётди. Сўроқ-терговдан боши чиқмади. Яхшиямки, қишлоқда бир-икки кайвони кишилар бор экан. Ўшалар кўргуликка лоқайд қараб турмай, Исмоил гуррини қутқариш илинжида югуриб-елишди. Тажрибали ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашиб, пойтахтдаги шифохоналарнинг биридан ҳужжат-хат тўғрилаб келишди. Исмоил гуррининг жинни эканига гувоҳлик берувчи ушбу бир парча қоғоз мулкталаб шўрликнинг жонига ора кирди. Ҳали ўз айбини тузукроқ англаб етмаган Исмоил гурри бир амаллаб қутулиб чиқди. Би­роқ шу-шу, бечора ўнг­лан­мади. Бригадирликдан ҳайдалди, маҳаллий раҳбарлар эътиборидан қолди. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ дейдиган­лар кўпайди. Охир-оқи­бат, Исмоил ака орадан уч йил ўтмай, чинакам руҳий хасталик касридан вафот этди.
– Раҳматли жўрам, – де­ди­­ Худойназар бува кўзи ёш­­ланиб, – ўлими олдидан «Ё, худо, ерни эгасига бера­диган элнинг эгасини боши­миз­га юбор» деб илтижо­ қил­­ганди. Маз­лумнинг дуо­си ҳамиша ижобат-да. Яратганга шукур, аҳди улуғ, шаҳ­­ди улуғ Президентимиз бор. Худойим у кишининг до­­­им юзини, йўлини ёруғ қил­­­син. Шу ёруғда биз ҳам ман­­­зилимизни кўзлаб юрайлик.
Шу пайт Аминнинг телефони тағин тилга кирди. Дўстим яна ким биландир жўшқин сўзлаша бошлади. Бу гал суҳбат аллақандай асбоб-ускуна ҳақида бўлди. Аф­тидан, Аминнинг режалари каттага ўхшайди. Қишлоғида қандайдир кичик кор­хона очмоқчи, шекилли. Гу­рунг оҳанги шунга монанд.
Мен унга ҳануз ҳайрат билан тикиламан. Тикиламану хаёлимда боягина Худойназар бува тилга олган ҳикматли ибора чарх уради: мулки борнинг эрки бор, эрки борнинг кўрки бор. Нақадар гўзал ҳақиқат! Бу ҳақиқат фермер дўстим Аминнинг юз-кўзида бал­қиб турибди. Аминнинг қиёфасидаги виқор, ўктамлик аслида унинг руҳида, онгида мавжланаётган куч-қудрат, шижоатдан дарак. Бу куч-қудрат, шижоат манбаи – ишонч! Ўз-ўзига, келажагига ишонч. Лекин Амин битта эмас. Бугун юртимизда минглаб аминлар ерга, мулк­ка эгалик нашидасидан масрур. Бунинг ҳаммаси Исмоил ака, Худойназар буваларнинг дуоси ижобат бўлганидан қутлуғ мужда!
Бугун мустақиллигимизнинг 21 йиллик қутлуғ тўйи арафасида турибмиз. Биз зафарлар, ютуқлар борасида сўз кетган чоғ кўпинча чиройига чирой қўшилаётган шаҳар-қишлоқларимиз, гуркираб ўсаётган иқтисодимиз, қурилаётган йўллар, иншоотлар ҳақида гапирамиз. Албатта, бундай бунёд­корликлар инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Бироқ шу ўринда таъкидлаб ўтиш ўринлики, бугун мустақил, руҳий-маънавий қиёфаси янгича, ишонч-эътиқоди мустаҳкам бир авлод шаклланди. Мустақиллигимизнинг энг улкан, энг шарафли ютуғи ана шунда. Хоҳ қишлоқда, хоҳ шаҳарда бўлсин, бу авлод осмон тоқидаги камалакдек яққол кўзга ташланади: мулкли, эркли, кўркли!
Луқмон БЎРИХОН,
журналист