Тинчлик ҳақида ўйлар

 

Дунёда энг улуғ неъмат бор, унинг номи – тинчлик. Усиз ҳаёт дарёси қурийди, инсонлар тақдири уқубатга, ранжу балога гирифтор бўлади. Тинчлик бебаҳо, битмас-туганмас, қадри абад бойликдир. Унинг хотиржамлик ва роҳату фароғат деган забаржад хазиналари бор. Шу хазиналар ҳар бир кишига ризқу-насиба улашади, кўнглини завқу шавққа ошно этади, орзуларини сарбаланд айлайди, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди.
Юртбошимиз Бухоро ви­лоятига ташрифларидан би­рида, Баҳоуддин Нақш­банд ёдгорлик мажмуасини зиёрат этиш чоғида қуйидаги эзгу фикрларни билдирган эди: «Ушбу муқаддас қадамжони зиёрат қилган ҳар бир киши руҳи поклангандек бў­лади. Бундай муборак жойларга тез-тез келиб туриш, зиёрат қилиш, Яратгандан юртимизга, элимизга, фарзандларимизга тинчлик-омонлик, файзу барака тилаш ҳар биримиз учун фарздир».
Кўриниб турибдики, тинч­­­лик руҳий покликдан қувват олади. Шу маънода биз янги давлатчилигимиз та­рихини ўтмишимизнинг табаррук руҳий маънавий ола­ми билан туташтирганимиз бе­жиз эмас. Ҳурриятга эриш­­ганимиз заҳоти Имом Бухорий, Мотурудий, Терми­зий, Баҳоуддин Нақш­банд, Нажмиддин Кубро, Хожа Аҳрор Вали, Бурҳониддин Марғиноний ва жуда кўплаб бошқа маънавиятимиз пешволари ҳикматларини, фалсафий қарашларини ҳаётга, жамиятга, кела­жакка муносабатлари силсиласини қалбимизга кўчиришга интилдик. Уларнинг қадр-қиммати­ни жойига қўйиш баробари­да тафаккуримизда порлоқ янги истиқлол шуурини шакл­лантирдик. Чунки тинч­лик тенгсиз қадр-қиммат, эъзоз-эътибор, юксак инсоний маданиятдир. Ушбу маданиятнинг акси — жаҳолат, қизиққонлик, ҳовлиқма­лик. Ана шундай иллатлар ҳукм сурган жойда тинч­ликнинг қиёфаси қораяди, жамиятни рутубат босади.
Демак, тинчлик яшаш тарзидир. Қаердаки унга нисбатан руҳан пок муносабатда, иззату икромда бўлинса, у ўзининг саховатини инсонларга беҳисоб даражада инъом этади. Чунончи, унинг саховати гўзаллик ва ободликда, айниқса, ёрқин акс этади.
Йигирма бир йилдирки, Юртбошимиз раҳнамолигида маънавият билан жилоланган, ақл ва тадбир билан зийнатланган тинчлик ватанида яшаяпмиз. Қадимий Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Қарши, Марғилон, Қўқон, Термиз ва жамики катта-кичик шаҳарларимизнинг бугунги ҳусни жамолига қараб кўз тўймайди. Таъмирланган осори-атиқалар, барпо этилган янги замонавий бинолар, кенг ва равон майдонлару кўчалар, фавворалари ажиб қўшиқ айтаётган боғлар – бари тинчликнинг бизга эҳтироми, меҳр-муҳаббати туфайлидир.
Зеро, тинчлик Юртбошимиз айтганидек, омонлик, файзу баракадир. Ўтган йиллар ичида истиқлолимизни асосли даражада мустаҳкамлайдиган қандай ғалабаларга эришдик? Биринчидан, нонимизни бутун қилдик, энди қаергадир ғалла сотиб олиш учун мурожаат қилмаймиз, ҳар йили олти ярим миллион тоннадан зиёд ғалла етиштираяпмиз. Ҳатто унинг бир қисмини экспорт қилаяпмиз. Бу йил ғалла хирмонимиз етти миллион тоннадан ошиб кетди. Бу нимани билдиради? Тинчлик — нон эканлигини, ундан баҳраманд бўлган халқнинг кўзи ҳам, ўзи ҳам тўқ, илиги бақувватлигини билдиради.
Бинобарин, тинчлик нони — шараф, шон, имон, эътиқод ҳамдир. Нони ярим инсонни армон босади де­йишади. Фикрини ғулғула ўғирлайди. Босар-тусарини унутади, шаъни, ор-номуси кучсизланади.
Дарвоқе, тинчлик — ўзиш­, осойишталик булоғидан сув ичиб, буюк ишларга­ бел боғлаш, тараққиётга юз­ла­ниш, ривожланишдир. Маъ­лумки, нонимизни бутун­ қилиш баробарида ёқилғи-энергетика мустақиллигини ҳам истиқлол йилларида қўл­га киритдик. Бу – уйларимиз чароғон, кечаларимиз ой­дин, узоғимиз яқин, имко­ниятларимиз кўп деганидир.
Бугун ўзбек автомобиллари жаҳон пойтахтлари кўчаларида кезиб юрибди. Ўзбекистон самолётлари «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тамғаси билан парвоз қилиб, бизнинг иқтидоримиздан дарак бермоқда. Тилламиз, пахтамиз жа­ҳон бозорида талаш. Электр энергиямиз ўзимизнинг азиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонликкагина эмас, балки жафокаш афғон халқининг эзилган қаддини кўтаришга ҳам хизмат қилмоқда. Буюк ипак йўли бўйлаб мамлакатимиз ўз ҳудудида замонавий темирйўл магистралларини қуриб бўлди ҳисоб. Темирйўл қуриш афсона саналган Бойсуну Дашнободдан поездлар пиш­қириб ўтаяпти, Дашнободда гигант корхона — калий ишлаб чиқаришга мўл­жал­ланган улкан мажмуа иш­га тушиб, ойдан-ойга экс­порт ҳажмини ошириб бормоқда. Тез орада унинг ик­кинчи линияси ишга тушса, нафақат Марказий Осиёда, балки дунёдаги энг йирик кор­хоналардан бирига айла­нади. Умуман, мамлакатимиз­да ғарбни жанубга, жануб­ни ғарбга боғлайдиган йўл­лар шитоб билан бунёд этилаяптики, эрта-индин у томондан бу томонга келувчи­лар ва кетувчилар истиқлол­ ва тинчлик муаззам этган юр­ти­миз орқали сафар қи­лишга иштиёқлари ортиши шубҳасиз.
Мамлакатимиз нуфузли анжуманлар, форумлар, симпозиумлар ўтказиладиган йирик марказлардан бирига айланди. Зеро, тинчлик боғлари мевага кирган юрт­дагина овозаси рўйи заминга кетадиган мана шундай олий даражадаги давлат­лараро тадбирларни ташкиллаштириш қатъий таомил саналади. Жумладан, Тошкентдаги муҳташам Сим­по­зиумлар саройида ўтказилган «Ўзбекистонда она ва бо­ла саломатлигини муҳофа­за қилишнинг миллий моде­ли: «Соғлом она — соғлом бо­ла» мавзусидаги халқаро симпозиум, «Юксак билимли­ ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари Тошкент шаҳрининг эъзозини, мазамматини кў­ришди. Давлатимиз раҳбарининг оқилона, халқпарвар сиёсати муваффақиятларига гувоҳ бў­лишди. Энг муҳими, юртимиздаги тинчлик шунчаки хў­жакўрсин кўринишга эга эмаслигини, у қудратли, салобатли обрў­га­ эга, ҳаммани ўзига мафтун этадиган ҳаётбахш, умидбахш тимсол эканини тушунишди ва бизларга чин дилдан ҳавас қилишди.
Яқинда яна бир хабар бу­тун дунё бўйлаб янгради­. «Economist Intelligence Unit» таҳлилий компанияси ва «BuzzData» тадқиқот фирмаси томонидан тузилган рейтингда Тошкент жаҳоннинг энг гўзал шаҳарларидан бири сифатида эътироф этилди. Ушбу рейтинг­ни тузишда аҳолининг турмуш тарзи, ҳудуд ҳавосининг мусаффолиги, атроф-муҳит ва кўкаламзорлаштириш ҳолати, маданий бойлиги каби омиллар инобатга олинган. Бу, албатта, тинчлик берган мевалардан биридир.
Шу мулоҳазадан келиб чиқ­сак, тинчлик – обрў, мартаба, тожу тахт. Унга осонликча етаман деганлар қаттиқ адашишади, биз бунга эришиш учун оғир синовларни бошимиздан кечир­дик. Бироқ аҳдимиздан қайт­мадик, келажаги буюк давлат қуришни тинчликни устувор этиш деб билдик. Унинг гуллаб-яшнаши учун қалбимизни обод қилишга, сўнг юртимизни обод қилишга жазм айладик. Эндиликда бизни ҳамма танийди. Та­ниганда ҳам ҳурматимиз ҳар бирининг кўз ўнгида гавдаланади. Биз ҳақимизда кимки сўз айтса, танлаган йўлимизга содиқлигимиз, тинчликка камарбасталигимиз, тинчлик ва тараққиётнинг халқи ва давлати эканлигимиздан келиб чиқади. Албатта, бизнинг ўзимизга яраша меҳри қаттиқ дўстларимиз бор. Лекин улар ҳам тушунишади, биз энди орқага қайтмаймиз. Тинчлигимизни ғавғога солмаймиз. Уни астойдил қўриқлаймиз.
Чунки тинчликни қўриқлаш керак. Ҳар соат, ҳар дақиқа уни эҳтиёт қилиш лозим. Юртбошимиз «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида таъкидлаганидек, «Таъбир жоиз бўлса, кимдир Раҳмон измида юрса, кимдир Шайтон измида юради». Алалхусус, Шайтон измида юрганлар, таассуфки, она заминда кам эмас.
Шундай экан, тинчлик – гулдан-да нозик, жонимиздан-да минглаб маротаба ширин мўъжиза. Мўъжиза эса садоқатни яхши кўради, гўзал инсонларни севади, орзу-умидлари уфқларга қулоч отган баркамол авлод собитлигини олқишлайди. Шукрки, бугунги навқирон авлод бахтиёр тинчликнинг болаларидир. Улар боболари каби уруш балосига асло йўлиқмайдилар, оталари сингари орзулари парвозидан қўрқиб яшамайдилар. Йўқ, зинҳор, йўқ. Янги авлод ҳазрати падари бузруквор истиқлол ва тинчликнинг оғушида.
Дарҳаҳиқат, истиқлол ва тинчлик — улуғ ота. Ота бўлгандаям пайғамбардай, авлиёлар авлиёсидек, султонлар султонидек шариф ва зариф. Унинг илму амали адолат, яхшилик, эзгулик, бағрикенглик, фаровонлик, инсонларга муносиб тириклик бунёд этиш.
Шундай экан, Истиқлол чамани янада гуллаб-яшнасин. Биз унинг тинчлик хиёбонида ўз орзу-умидларимиз, мақсадларимиз рўёбини кўриб, ватан хизматига жону жаҳонимизни бахшида этайлик. Зеро, бу бизга ҳам фарз, ҳам қарздир.
Абдували ҚУТБИДДИНОВ