Тақдиримсан, бахтимсан, эркин ва обод ватан!

 

«Тақдир Аллоҳдандир» деган тушунча бор. Азалдан Аллоҳнинг бирлигига, ягоналигига имон келтирган инсонлар тақдир ҳам Тангри ато этгувчи неъмат, қисмат эканига ишонганлар ва итоат этганлар. Билҳақиқат, шундай.
Биз ҳеч қачон қай юртда, қай хонадонда туғилиб, қайси ота-онадан бунёд бўлишимизни билмаймиз, инчунун, танламоққа-да қодир эмасмиз. Ҳамонки, Аллоҳ бизни маълум бир юртда, муайян бир оилада дунёга келтирибдими, уни тақдир дея қабул қиламиз. Бирор юмуш қилмоққа чоғимиз келиб, балоғатга етгач, тақдирга шукрона билан ўша юрт, ўша хонадонни обод этишга киришамиз. Чунки илоҳий ҳукм шу – туғилган еринг – ватанинг, уни борича қабул қиласан. Яъники, унинг куч-қудратию ютуқлари, равнақи, бахти ҳам ёки аксинча – кучсизу ночорлиги, таназзули, вайронаси, камчилигу нуқсони ҳам ўзинг­ники. Агар ҳукми илоҳийни қабул этиб, тақдирим шу ватан деб ёндашса, инсон уни обод этиш, вайронасини боғу бўстонга айлантириб, ўзини, қавмини бахту саодатга элтиш учун астойдил бел боғлайди. Тақдирга шукрона келтирмай, тайёрга айёрлик билан обод ўлкаларга кўчиб бориб, ўша ерларни ватан тутгувчи кимсаларнинг эса моҳият эътибори ила ҳаловат топганини эшитганимиз йўқ. Моддий фаровонлиги бўлса-да, маънавий тўкислиги, кўнгил хотиржамлиги йўқ.
Яқинда бир дўстимиз Америкага бориб қайтди. Келибоқ каминани йўқлабди. «Тинчликми?» десам, «э, бир ажабтовур кино қиладиган мавзу бор, хотира совумасидан айтиб берай, юртимиздаги айрим ношукурларга ибрат бўладиган фильм яратиш керак» дейди. Дўстимизнинг ҳикоя қилишича, «Грин карта»да ютиб, ободу тўқ юртни орзулаб кетганлар бари аламангиз ҳасрат қилиб, ўз аҳволларидан шикоятда, афсусда эмишлар. Бири ўсал ётган отасининг тепасига бориб, бир томчи сув тутишга ярамай, падарининг жанозасига ҳам боролмаганидан фарёд чекса, бошқа бирови етти йилдан бери фарзандлари дийдорини компьютер орқали кўриб, яккаю ягона қизининг бўйи етиб, тўйи бўлаётганида унинг пешонасидан ўпиб, оталик оқ фотиҳасини беришга имкон қилолмай бегона юртларда гирён юрганидан йиғлаб, дийдиё қилибди. Бу қаторда яна паспортини йўқотиб, сарсон бўлиб юрганлар, касалланиб муолажа учун кредит оламан дея томоғигача қарзга ботганлар, хотини билан диққатвозлик қилиб, овозини бироз кўтаргани ёки ўспирин қизгинасига танбеҳ бергани учун жарима тўлаб, ҳатто бир муддат қамоқхонада ўтириб чиққан эру оталар ҳам бор.
Ана энди бир мушоҳада этайлик – инсон нима учун дунёга келадию, нима билан яшаб ўтади? Фақат қорин қайғусию уст-бошига анвойи кийимлар кийиб юриш учунми? Данғиллама уй-жой қилиб, қимматбаҳо машина миниш учунми? Ахир, шуларнинг бари бўл­саю, атрофида яқинлари – қариндош-уруғ, дўсту ёри, уйгинасида чопқиллаб юрган ўғил-қизи бўлмаса, уларнинг эндигина атак-чечак қадам ташлашию илк бор тили чиқиб она, ота деган сўзларининг завқини туймаслик, ана шуларнинг баридан ихтиёрий мосуволикни нима деб аташ мумкин? Туссиз умргузаронлик, мазмунсиз турмуш, фақат моддий манфаат, нафс илинжи – ниҳоятда ғариб, зерикарли, завқу шавқсиз бир маш­ғулот-ку бу. «Инсон қадри фақат нон билан эмас» деган азалий ҳикматимизни эслайлик. Фақат ўз уйингда, ўз оиланг, яқининг, ўз қавминг, ўз жамоанг орасида – бир сўз билан айтганда, туғилиб-ўсган ватанда умрни бахт отлиғ заррин неъматлар билан безатмоқ ҳар инсоннинг ўз қўлида. У касбу корига садоқати, фидо­йилиги, ҳалол меҳнати билан, орзу-интилиши, ҳаракати билан тақдирини бахтга буркайди, муродига етади. «Тақдиримсан, бахтимсан...» дея бошланувчи шиорнинг илк сўзлари замиридаги маънони шундай уқиш мумкин.
Шиорнинг давоми – «эркин ва обод ватан!» тушунчасини эса кўз очган заминини тақдир билиб, тақдирини бахт билан безамоқ тилагидаги инсон, албатта, эркинлик, озодлик ҳавосидан нафас олмоғи, ҳуррият барқарор бўлган обод ватанда яшаётганини ҳис эта билмоғи лозимлиги билан изоҳлаш мумкиндир.
Нақшбандия тариқатининг асос тамойилларидан бири «Сафар дар ватан», яъни ўз юртинг ичра сафар қилмоқдир. Айрим мутахассислар бу тамойилни кўнгил ичра сафар, инсон вужудига жо бўлган дунёни англамоқ маъносида таҳлил этадилар. Шак келтирмаган ҳолда, айримлар уни ўз туғилган замининг ичра сафар этиб, уни ҳис қил, англа маъносида ҳам талқин этадилар. Ҳар икки талқинда ҳам инсоннинг ўзини танимоғи, ўзлигини билмоғи, бу бепоён очунда киму қаердан илдиз олиб келаётганини­ тушунмоғи англашилади, назаримда. Демакки, тақдир деган Аллоҳ ҳукмини унутмаслик, қисмат бўлган ҳар ҳодисага садоқат кўрсатмоқ уқтирилади ўша ҳикматда. Садоқат эса қиёсларда, миқёсларда, кечаги ва бугунги кунингнинг муқояса – нисбатларида тобланади.
Сира хотирамдан ўчмайди – ўтган асрнинг 60-йиллари охирлари эди. Бешинчими синфларда ўқийман. Онам раҳматли куз кунларининг бирида эртага мактабга бормаслигимни, саҳар туриб Тошкентнинг Чилонзор туманига, гўштга боришимизни айтди. Маълум бўлишича, шу кезлар анқонинг уруғи бўлиб турган 1 сўму 80 тийинлик магазин гўшти ўша куни Чилонзордаги «Шуҳрат» номли магазин ёнидаги катта гастрономда сотилар экан. Бир одамга фақат 2 килограмм­дан берилар экан. Шаҳарнинг бу чеккасидаги Тахтапул мавзесидан Чилонзорга саҳармардон бордик. Тонг қоронғусида, дўкон очилишига бир неча соат бор ҳали, аммо навбатда юзларча одам. Бизга ўхшаб шаҳарнинг турли ерларидан бола-бақраси билан икки-уч норма гўшт оламан деб келган мардум. Жанжал-тўполон, не-не асаббузарлик билан шомга яқин тарашадек муз қотган мол гўштидан икки килодан тўрт кило олдик. Онам шўрликнинг хўрлиги келиб, йиғлаб юборди. «Мана шу таёқдек гўштнинг қадри бору, инсон­нинг заррача қадри йўғ-а?» дерди нуқул. Кейинчалик бот-бот бу сўзларнинг мағзини чақишга тўғри келди. Энди шуларни эсласам, бугунги фаровонлик, тўкинчиликнинг нима эканини англаб, шукрона айтаман. Аммо ўша пайтда бирор оддий одамнинг қорин ғамида бошқа тўқроқ юртларга кўчиб кетиш ҳақида гапирганини эшитмаганман. Нафс илинжида киндик қони тўкилган юртни ташлаб кетиш хаёлга ҳам келмайдиган фикр эди. Ўшанда ҳам «қора қозон қайнаб турибди-ку» дея шукрона айтиш, «сабр таги олтин» деган тушунчалар бари ўзбекка хос бир фазилат эди.
Истиқлол тантана қилиб, озод яшаётганимизга 21 йил тўлаяпти. Йиллар оша босқичма-босқич фаровон кунларга етиб келдик. Обод­ликдан, тўкинликдан кўнгилларда хотиржамлик, эртанги­ кунга ишонч барқарор. Тақдиримиз бўлган ватанда эр­кинлик ва ободлик пойдор. Демакки, бахт туйғуси қалбимизда тўлиқ, юз-кўзимизда аён. Шунинг учун ҳам «Тақдиримсан, бахтимсан, эркин ва обод ватан!» дея баралла айтсак ярашади.
Шуҳрат РИЗАЕВ