Тадбиркорлик ҳуқуқи – дахлсиз

 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ҳамда соҳа вакилларининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосини ташкил этади.
Бу борада прокуратура органлари зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юклатилган. Жиззах вилоят­ прокуратура органлари томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар фао­лиятига асоссиз аралашишнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳам фикримизни исботлайди. Ушбу йўналишда асосий эътибор маҳаллий бошқарув ва назорат-текширув органларининг тадбиркорлик субъект­лари фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, уларга нисбатан қўлланган ҳуқуқий таъсир чоралари ва санкцияларнинг қонунийлигини ўрганишга, бюрократик сансоларлик ҳолатларини бартараф этишга қаратилмоқда.
Рақамларга мурожаат қи­ладиган бўлсак, айни пайтда­ вилоятда қарийб 19 мингта кичик бизнес ва тадбиркорлик субъекти фаолият кўр­сат­моқда. Улар олдида турган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш борасида катта ишлар қилиняпти. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят прокуратура органлари­нинг аралашуви билан 53 на­фар тадбиркорнинг ҳуқуқ­лари тикланиб, 13 нафарига рухсатнома бериш ёки бош­қа ҳужжатларини расмийлаштиришда, 9 нафарига кредит олишда ёрдам берилди. Кўплаб янги иш ўринлари яратишга эришилди.
Масалан, паррандачилик билан шуғулланаётган Дилфуза Жалилова туман ҳо­ким­лиги томонидан 2011 йил­нинг март ойида ер ажратилган бўлса-да, берилмаётгани ҳақида прокуратурага мурожаат қилган. Ўрганишлар натижасига кўра тадбиркорга 0,35 га ер бери­лиши таъминланди. Мурожаатни эътиборсиз қолдирган масъул шахсларга нисба­тан қонуний чора кўрилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлар ҳуқуқларининг бузи­лиши ҳолатларини тезлик билан аниқлаш ва барта­раф­ этиш мақсадида ташкил­ этил­ган «007» рақамли ишонч­ телефонларидан унум­ли фойдаланилмоқда. Ишонч телефонларига жорий йилнинг ўтган даврида 62 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси ўз вақтида ҳал қилинган, шундан 53 таси қаноатлантирилган.
Мисол учун, Зомин туманидаги «Адиба» кўп тармоқли хусусий фирмаси раҳбари А.Хорунов ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, «Халқ банки»и туман бўлимининг масъул ходимлари корхонасининг ҳисоб рақамига келиб тушган 9 млн. 800 минг сўмни унинг рухса­тисиз бошқа фирманинг ҳи­соб рақамига ўтказиб юбор­ганини билдирган. Ушбу ҳо­лат юзасидан Зомин туман прокуратураси то­монидан банкнинг мансабдор шахсларига нисбатан жи­ноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эт­моқда.
«Агробанк»нинг Арнасой туман филиалининг бир гу­руҳ масъул шахслари томонидан тўртта фермер хўжалигининг жами 12,6 млн. сўм пул маблағлари ноқонуний равишда бошқа тарафга йўналтирилган. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорларга қонуний жазо тайинланди.
Мирзачўл туманидаги «Барно-Мардон» фермер хўжалиги раҳбари М.Мавлонов «Агробанк»нинг Мир­зачўл филиалига чорвачиликни ривожлантириш мақса­дида 3 йил муддатга 75 млн. сўм кредит ажратиш ҳақида мурожаат этган. Би­роқ банк томонидан кредит ажратиш пайсалга солиб ке­линган. Шу боис М.Мавлонов вилоят прокуратураси­га ариза билан мурожаат қилган.
Ариза Мирзачўл туман прокуратураси томонидан ўрганилиб, фермер хўжалигига 75 млн. сўм кредит берилиши таъминланди. Банк бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Ж.Қаршиевга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, банк бошқарувчиси А.Эшонқулов қонун бузилишига йўл қўймаслик хусусида огоҳлантирилди.
Янгиобод тумани Уювли­ қишлоғида яшовчи Б.Орзиқуловнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш учун «Қишлоққурилишбанк»нинг туман филиалидан 20 млн. сўм кредит олишига ёрдам бериш тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал қилинди. Банк мутасадди ходимларига нисбатан прокурор назорати ҳужжатлари қўлланди.
Бундай мисолларни кўп­лаб­ келтириш мумкин. Умуман, мазкур соҳада аниқлан­ган қонунга зид қарорларга нисбатан 2 та протест келти­рилиб, қонунбузилишларни бартараф этиш тўғрисида ва­колатли идораларга 10 та тақ­димнома киритилган. 37 на­фар масъул шахс огоҳлан­тирилган, 8 нафар шахсга нисбатан интизомий ҳу­қуқ­бу­­зарликка доир, жиддий­ қо­нунбузилишлар юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилган.
Шу ўринда айтиш керак­ки, фуқароларнинг суд-ҳу­қуқ органларига мурожаати йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу эса халқимизнинг ҳуқуқий онги юксалаётгани, қонунчиликдаги янгиликлардан бохабар­лигидан далолат беради. Аҳо­лининг ҳуқуқий тафаккурини ўстиришда улар би­лан ўтказилаётган мулоқотларнинг аҳамияти катта. Шу боис ҳуқуқий тарғибот масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хориж тажрибасидан маъ­­лумки, ушбу соҳа қанча­лик тараққий этса, мамлакат­ ҳам шунчалик равнақ топади. Нафақат иқтисодий, бал­ки ижтимоий муаммоларни ҳам бартараф этиш имкони­ятлари кўпаяди. Шундай экан, ривожидан бутун жамият манфаатдор бўлган тадбиркорлик ва ишбилармонлик ҳаракатини ҳар томонла­ма қўллаб-қувватлаш бизнинг доимий эътиборимиздаги масала бўлиб қолаверади.
Маҳарамқул ЭРМАТОВ,
Жиззах вилоят прокурорининг
ўринбосари, адлия маслаҳатчиси