Адолат – ҳуқуқий давлатнинг пойдевори

 

Бугун мамлакатимизда адолат устуворлигига олий қадрият сифатида қаралмоқда. Суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ислоҳотларни изчиллик билан ўтказиш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Мамлакатимиз Президентининг 2012 йил
2 августда қабул қилинган «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони суд-ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлаш борасида мунтазам равишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг изчил давоми бўлиб, суд органларининг давлат бошқарувидаги роли ва аҳамиятини ошириш, судьяларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, тизимни юксак малакали кадрлар билан таъминлашга қаратилгани билан эътиборлидир. Таъкидлаш жоизки, ушбу фармон судьяларнинг мустақиллигини, одил судловни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўтган йиллар давомида судлов тизимида олиб борилган ислоҳотлар фуқароларимизнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ҳимоясини таъминлашга қаратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Фуқаролар манфаатининг мустаҳкам ҳимояланаётганини бугун судлов жараёнининг барча босқичида кўриш мумкин. Масалан, томонлар тенглигини таъминлаш, адвокатура мавқеини мустаҳкамлаш тортишув тамойилини кучайтиришга хизмат қилди. Эндиликда давлат айбловчиси билан ҳимоячининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тенг. Айниқса, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши орқали бу тамойил янада кучлироқ намоён бўла бошлади. Тортишув тамо­йили суд жараёнининг адолатли ўтишини таъминлашга хизмат қилади. Ҳақиқатни юзага чиқаришга хизмат қилгани, масалага холис ёндашиш имконини бергани учун ҳам кейинги пайтда унга катта аҳамият берилмоқда.
Суд-ҳуқуқ тизимида, биринчидан, суд ҳокимиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни собиқ тузумда бўлгани каби қатағон қуроли ва жазолаш­ идораси эмас, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя этишга хизмат қиладиган том маънодаги мустақил давлат инсти­тутига айлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.­
Иккинчидан, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади фуқароларнинг адолатли судга бўлган ишончи­ни таъминлайдиган ва кафолатлайдиган механизм ва тартиб-тамойилларни шакллантиришдир. Учинчидан, «Судлар тўғрисида»ги Қо­нунга мувофиқ судьяларни танлаш ва лавозимларга та­йинлашнинг (сайлашнинг) самарали ва демократик ме­ханизми барпо этилди, умумий юрисдикция судларининг ихтисослашуви қонунда мустаҳкамлаб қўйилди, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича алоҳида судлар ташкил этилди, судлар суд қарорларини ижро этиш вазифасидан озод қилинди. Ўз навбатида, мамлакатимизда суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этувчи алоҳида тузилма фаолияти йўлга қўйилди ва ижро интизоми тобора такомиллаштирилмоқда.
Умумий юрисдикция судларининг ихтисослаштирилиши, ишларни апелляция тартибида кўриб чиқиш тартибининг жорий этилиши ва кассация институтининг ис­лоҳ қилиниши судлар фаолияти самарадорлигини ошириш билан бирга, инсон ҳу­қуқ ва эркинликларини тўла ва ҳар томонлама ҳимоя қи­лиш кафолатларини ҳам ку­чайтирди.
Илгари «суд – жазоловчи орган» деган қараш мавжуд эди, ҳолбуки, судларнинг вазифаси фақат жазо муқаррарлигини таъминлашдан иборат эмас. Гап жазо ҳақида кетар экан, унинг тушунчаси, турлари ва мақсади ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Дарҳақиқат, жазо – жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўлланадиган ва айбдорни қонунда назарда тутилган ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чораси ҳисобланади.
Жазо жамият, давлат ва фуқаролар учун зарарли бўлган хатти-ҳаракатларнинг пайини қирқиш ва олдини олиш чорасидир. Ҳар қандай жиноий қилмишнинг жазоланиши инсон ахлоқини қонунга мувофиқлаштириш имконини беради.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, оғир ёки шаф­қатсиз жазодан воз кечилиб,­ жазо тизимининг кескин юмшатилиши жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини оширди. Шу билан бирга, ўта оғир жиноят тур­ларининг камайишига замин яратди. Фуқароларимиз қо­нунни бузган шахсга жазо муқаррар эканини тобора чуқурроқ англаб етмокда.
Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, айбдорни билиб-билмай қилган жинояти учун жамиятдан, айниқса, оиласи, қариндош-уруғи, яқинлари ва маҳалласидан ажратиб, озодликдан маҳрум қилиш ҳамиша ҳам самара беравермайди. Иқтисодий соҳадаги жиноятларга жазо тайинлашда судлар айбдорнинг шахсига, жамиятда тутган ўрнига, содир этган жиноятининг ижтимоий хавф­­лилик даражасига, етказилган зарарни қоплай олиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратаётгани шахсни ҳам ахлоқий, ҳам маънавий жи­ҳат­дан тарбиялашда катта самара бермоқда.
Жазоларни либераллаштириш соҳасида амалга оширилган чора-тадбирлар, хусусан, 2001 йилда «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар­ киритиш ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилиниши улкан­ ижтимоий ва сиёсий аҳамият касб этди. Мазкур қонунга кўра жиноятларнинг таснифи ўзгартирилди. Бунинг натижасида оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди. Иқтисодиёт соҳасига оид жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги молиявий санкцияни қўллаш имконияти анча кенгайтирилди. Жиноий жазо тизимидан мол-мулкни мусодара қилиш тарзидаги жазо чиқариб ташланди.
Шунингдек, Жиноят ко­дексининг 11 та моддасига ет­казилган моддий зарар қоп­ланган тақдирда озодлик­дан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланмаслиги тўғ­рисидаги қоида киритилди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири жиноят қонунчилигини эркинлаштириш ва декриминализациялаш, шунингдек, жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришдир.
Биринчидан, жазоларни либераллаштириш жараёнида жиноятларни таснифлаш қоидаларининг ўзгартирилиши жиноятга оид сиёсатга янгича ёндашувнинг натижаси бўлди. Либераллашти­риш ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киритилган ижтимоий хавфли тажовузлар сонини Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят таркиблари умумий сонининг 70 фоизига қадар кенгайтириш имконини берди.
Иккинчидан, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар учун иқтисодий жазо чораларини қўллаш имконияти Жиноят кодексида жиддий кенгайтирилди. Бу эса судларга иқтисодий ва хўжалик соҳаларида содир этилган жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш ўрнига муқобил жазолар, хусусан, жаримани кенгроқ қўллаш имкониятини берди.
Жиноятларни таснифлаш қоидаларининг ўзгартирилиши ва жазоларнинг либераллаштирилиши озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг кенгроқ тайинланишига йўл очиб берди. Хусусан, 2001 йилда судланганларнинг 11,8 фоизига жарима жазоси тайинланган бўлса, 2011 йилда мазкур кўрсаткич 24,5 фоизни ташкил этди. Ушбу давр ичида ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазони тайинлаш ҳоллари судланганларнинг умумий сони­га нисбатан 14,8 фоиздан 25,8 фоизгача, шартли ҳукм қилиш ҳоллари эса 11,7 фо­издан 20,1 фоизгача ошди.
Тошкент шаҳар туман судлари томонидан 2002 йилга нисбатан 2011 йилда ярашув асосида тугатилган ишлар 40 фоизга ошган ва бу ҳолат кўпгина шахсларни судланганлик тамғасидан озод қилган.
Учинчидан, жиноят тўғрисидаги қонунчиликни либераллаштириш жараёни жамиятнинг барча ёшдаги гуруҳларини қамраб олди.
Агар 2001 йилда Тошкент шаҳар ва туман судлари бўйича озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган вояга етмаганларнинг сони судланганлар умумий сонининг 4,9 фоизини ташкил этган бўлса, юқоридаги чора-тадбирлар туфайли 2011 йилда бу кўрсаткич 2,7 фоизни ташкил қилиб, 2,2 фоизга камайган.
2001 йилда содир этилган жиноят учун ҳукм қилинаётган вояга етмаганларнинг 36 фоизи суд томонидан озодликдан маҳрум қи­линган бўлса, ушбу кўрсатгич 2011 йилда 12,3 фоизни ташкил қилган.
Вояга етмаганлар ўртаси­да жиноятчиликнинг олдини олиш бугунги кунда судлар­ олдидаги энг муҳим вазифа­лардан биридир. Ёшлар қанчалик баркамол, соғлом фикр­ли, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини тўғри англайдиган бўлса, эртанги кунимиздан шунчалик кўнглимиз тўқ бўлади. Шу боис вояга етмаганларга оид жи­ноят ишларига алоҳида эътибор қаратамиз. Уларга қонун доирасида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо та­йинлаш, қайта тарбиялаш, жамиятга фойда келтирадиган инсонга айлантиришга­ ҳаракат қиламиз. Судлар то­монидан вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақи­даги ишлар қилмишнинг ижтимо­ий хавфлилик даражаси ва судланувчининг шахсига, да­лиллар мажмуасига етарли баҳо берилиб, одиллик ва ин­сонпарварлик тамойилларига амал қилинган ҳолда ҳал этилмоқда.
Умуман олганда, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик камайиб бораётганини қайд этиш жоиз.
Олдимизда улкан вазифалар турибди. Улардан энг муҳими фуқароларнинг ҳу­қуқ ва эркинликлари ҳимоя­си кафолатлари механизмла­рини янада такомиллаштиришдир. Хусусан, Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» номли маърузасида суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни тако­миллаштириш мақсадида Жиноят-процессуал кодексининг «Лавозимдан четлаштириш» деб номланган 31-бобига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш таклиф этилди. Шунга кўра ҳозирги кунда жиноят процессининг ишни судга қадар юритиш босқичида прокурор санкцияси асосида қўлланаётган айбланувчини, башарти у ўз иш жойида қол­са, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга, жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплашга тўсқинлик қилади ёки жиноий фаолиятини давом эттиради, деб ҳисоблашга етарли асослар бўлса, лавозимидан четлаштириш ҳамда шахсни суд-тиббиёт ёхуд суд-психиатрия экспертизасини ўт­казишда стационар кузатув зарурати бўлса, тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чоралари фақат судьянинг қарори асосида қўл­ланиши назарда тутилган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ со­ҳа­сини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига қаратилиб, инсон манфаатларининг таъминланишига хизмат қилмоқда.
Шоюнус ҒОЗИЕВ,
Жиноят ишлари бўйича
Тошкент шаҳар суди раиси