Халқаро тижорат арбитражи

 

Дунёдаги ҳеч бир давлат ўз ҳолича, бошқалардан айри ҳолда тараққий этмайди. Давлатлар бор экан, улар ўртасида ўзаро муносабатлар, ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши табиий. Турли соҳадаги давлатлараро муносабатлар эса тегишли халқаро ҳуқуқий меъёрлар билан тартибга солинади. Бу жараён, айниқса, мамлакатлараро муносабатлар кенгаяётган ва глобаллашув жараёни изчил ривожланаётган ҳозирги шароитда янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатлар ўртасидаги ни­зо­ларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойили ҳозирги хал­қаро ҳуқуқ фанида ўзига хос­ ўрин эгаллайди. Ушбу та­мойил давлатлар ўртасида­ги барча низоларни, келиб чи­қиш хусусиятидан қатъи на­зар, тинч воситалар ёрда­ми­да ҳал этишни кўзда тута­ди.­ Ер юзида тинчликни сақлаш­ ва мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни бар­по этишда бу тамо­йил катта аҳамиятга эгадир.­
Мазкур тамойилнинг асосий йўналишларидан бири халқаро арбитраж соҳасида­ги махсус халқаро ҳуқу­қий меъёрларнинг шаклланиши ҳисобланади. Ҳозирги пайт­да халқаро арбитраж ўзининг хусусиятига қараб ҳар хил турларга бўлинади.
Халқаро тижорат арбитражи низоларни, жумладан, хў­жалик юритиш соҳасидаги­ келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этишнинг за­рур воситасига айланиши учун қатор халқаро ҳуқуқий меъёрлар ишлаб чиқишни тақозо этди. Уларни қабул қилиш орқали халқаро тижо­рат арбитражлари ташкил этилиб қолмасдан, халқа­ро ҳакамлик судларининг ва­зифалари ва иш юритиш тар­тиби ҳам белгилаб берилди.
Бугунги кунда халқаро ти­жорат арбитражи давлатлараро иқтисодий муносабат­ларда юзага келадиган низо­ларни ҳал этишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Шу бо­ис бу борадаги асосий қои­даларни билиш ва уларни қўллай олиш хўжалик юритувчи субъектларнинг жаҳон бозорида муваффақиятли фаолият юритишининг гарови саналади.
Тижорат арбитражининг низоларни ҳал этишнинг бошқа усулларидан шубҳасиз устуворлиги унинг халқаро конвенция ва шартномалар доирасидаги регламенти билан белгиланади. Бунинг натижасида сўнгги йил­ларда кўплаб давлатларнинг халқаро тижорат арбитражи­ тўғрисидаги миллий қонунчилик меъёрлари кескин унификациялаштириш жараёнини бошдан кечирди.
Ўз навбатида, халқаро ти­жорат арбитражини тартибга солувчи ҳуқуқий меъёрларнинг янада ривожланиши турли давлатларнинг мил­лий қонунчилигидаги колли­зион вазиятларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шу боис Ўзбекистон миллий қонунчилигига мазкур соҳа­даги халқаро ҳуқуқий меъёрларни татбиқ қилиш мақсадга мувофиқдир.
Шуни таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 14 январдаги фармойиши билан тасдиқланган Мамлакатимизда демо­кратик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дас­турига асосан 2013–2014-йиллар давомида Ўзбекистон Адлия вазирлиги, Таш­қи иқтисодий алоқалар, ин­вестициялар ва савдо ва­зир­лиги ва Савдо-саноат палатаси томонидан «Халқа­ро тижорат арбитражи тўғ­рисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлисга киритиш назарда тутилган.
Ушбу қонунни қабул қи­лишдан асосий мақсад мамлакатимизда халқаро тижорат арбитражи институтини жорий этиш, ташқи иқтисодий шартномалардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий харажатларини қисқартириш, хорижий ҳамкорлар ва халқаро савдо-иқ­тисодий муносабатларнинг бошқа иштирокчилари билан­ вужудга келадиган низоларни ҳал этишнинг самарали тизимини яратиш, халқаро тижорат арбитражи фаолиятининг асосий тамойилларини белгилаш ва арбитраж қарорларини тан олиш ва ижро этиш тартибини ўрнатишдан иборат.
Қонун лойиҳаси 2007 йил 1 январдан кучга кирган «Ҳакамлик судлари тўғриси­да»ги Қонуннинг мантиқий давоми бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида халқаро тижорат низоларини кўриб чиқувчи муқобил судларни ташкил этиш ва уларнинг фаолият тартибини, улар қабул қиладиган қарорларни мамлакатимиз ҳудудида мажбурий иж­ро этиш ва процессуал харак­терга эга бўлган бош­қа со­ҳаларни белгилайди.
Халқаро арбитраж хўжалик юритувчи субъектларнинг, турли давлатларда жой­лашган тижорат корхоналарининг иқтисодий низо­ларини ҳал қилишнинг муқо­бил усулидир. Мазкур инсти­тутнинг ҳакамлик судларидан асосий фарқи шундаки, унинг юрисдикциясига турли­ хил давлат субъектларининг хўжалик ва фуқаровий ҳу­қуқий муносабатларидан ке­либ чиқадиган низоларни кў­риб чиқиш киради.
Мамлакатимизда муқобил суд институти ҳисобланган хал­қаро тижорат арбитражи­нинг ташкил этилиши бу со­­ҳадаги ишларни тез кўриш ва якуний қарор чиқариш, та­рафлар келишуви билан учинчи бетараф шахс, яъни арбитрнинг қатнашуви, низо­ларни кўришда турли давлат­лар резидентлари иштироки­ ҳамда тарафларга ҳар қандай­ арбитражга мурожаат қилиш имкониятини беради.
Мамлакатимизда халқаро тижорат арбитраж судларини жорий этишнинг яна бир сабаби хўжалик судлари чиқарган қарорларнинг чет элда ижро этилишида муаммо вужудга келишидадир. Ўзбекистон судлари чет эл корхонаси манфаатини кўз­лаб қарор чиқарганда улар ҳеч бир тўсиқсиз бажарилади. Аксинча бўлса, чет эл­да Ўзбекистон судлари қа­рорларининг ижросини таъминлашда тўсиқлар юзага келиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, суд қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизми махсус халқаро шартномалар би­лан тартибга солинади. Би­роқ ҳозирги кунда суд қа­рор­ларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги масалаларга оид битимлар асосан МДҲ мамлакатлари ўртасида тузилган.
Халқаро арбитраж судла­ри қарорларини ўзаро тан олиш ва ижро этиш 1958 йил 10 июндаги «Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида»ги Нью-Йорк конвенцияси билан тартибга солинади. Унга мувофиқ, хорижий арбитражлар қарорлари иштирокчи давлатлар ҳудудида ишни мазмунан ўрганмасдан тўсиқсиз тан олинади. Мамлакатимиз ҳам ушбу конвенция­га қўшилган.
Ҳозирги вақтда Ўзбекис­тон хўжалик судларининг қарорлари хорижий давлатларда тан олинишида муаммолар мавжудлиги боис тадбиркорларимиз ташқи иқтисодий битимлар бўйича юзага келиши мумкин бўлган низоларни кўриб чиқиш учун бошқа давлатларнинг арбитраж судларига мурожаат этмоқдалар. Бу ҳолат тадбиркорларимиз учун қўшимча харажатларни келтириб чиқариши сабабли аксарият ҳолларда арбитраж муҳокамаларида иш­тирок этишни ноилож рад этишга олиб келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ўзбекис­тонлик ишбилармонларга нис­батан ҳаттоки ижобий ҳал бўладиган ишларда ҳам ҳамюртларимизнинг манфаатига зид қарорлар чиқарилишига сабаб бўлаяпти.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб жаҳон иқтисодий ҳаётига ва халқаро меҳ­нат тақсимоти бозорига жа­дал равишда кириб бормоқда. Мулкчилик шакли турлича бўлган корхоналаримиз хорижий ҳамкорлари билан биргаликда фаолият юритиш учун шартномалар тузиш имкониятига эга бўл­дилар. Тажрибадан маълумки, ташқи иқтисодий муносабатларнинг тобора ривожланиб бориши фақат савдо-сотиқ алоқаларининг кенгайишигагина эмас, балки турли хил тижорат низоларининг пайдо бўлишига ҳам олиб келади. Бундай вазиятда эса халқаро тижорат арбитражи институти муҳим аҳамият касб этади.
Мавлон МУҲИТДИНОВ,
Адлия вазирлиги
масъул ходими