Хорижий инвесторлар давлат ҳимоясида

 

Мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти ва экспорт потенциалини мустаҳкамлаш учун чет эл инвестицияларидан кенгроқ фойдаланиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун ташқи иқтисодий фаолият эркинлаштирилиб, экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарувчи хорижий инвести­ция­лар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини рағбатлантиришга киришилди.
Шунингдек, республикага илғор технологияларни жалб қиладиган, халқ хўжалигининг замонавий структурасини вужудга келтиришда ёрдам берадиган чет эл инвесторларига нисбатан очиқ эшиклар сиёсати амалга оширилди. Товарлар импорт-экспорти билан шуғулланувчи хорижий инвесторларга ўз даромадларидан эркин фойдаланиш бўйича имтиёзли тартиб жорий этилди, уларнинг инвестицияларини мамлакат иқтисодиётига кенгроқ жалб этиш учун ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа шарт-шароитлар яратилди. Жумладан, «Чет эл инвестициялари тўғрисида», «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.
Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда республика иқтисодиётининг етакчи тармоқларида хорижий сармоя иштирокидаги 4,2 мингтадан кўпроқ корхона фаолият юритмоқда. 2011 йилда иқтисодиётнинг реал секторига қарийб 2,9 млрд. долларлик хорижий инвестиция жалб қилинган бўлиб, унинг 78,8 фоизини тўғридан-тўғри инвестициялар ташкил этади. Бу кўрсаткичлар инвесторларнинг мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлигига, унинг истиқболига қизиқиши ҳамда ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.
Ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида ҳам чет эллик инвесторлар ва улар иштирокидаги корхоналар фаолиятига оид бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 2 майдаги «Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори билан Адлия вазирлигига хорижий инвесторларни ва хорижий инвестициялар иштирокидаги кор­хоналарни ҳуқуқий ҳи­моя қилиш вазифаси юклатилди. Жумладан, 2003–2011-йиллар мобайнида адлия органлари томонидан чет эллик инвесторлар ва улар иштирокидаги корхоналарнинг 4,6 мингдан ортиқ мурожаати кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этиш чоралари кўрилди.
Мазкур турдаги корхоналарнинг манфаатларини кўзлаб судларга 10 мингдан ортиқ даъво аризаси киритилиб, 152,4 млрд. сўм маблағ ундириб берилди.
Давлат органларининг 388 та қонунга зид ҳужжати бекор қилиниб­, ноқонуний ундирилган 6,62 млрд. сўм маблағ хўжалик субъ­ект­ларига қайтарилди.
2012 йилнинг 1-ярмида ад­лия органлари томонидан хорижий инвесторлар ва улар иштирокидаги корхона­ларнинг 233 та мурожаати кўриб чиқилди. Судларга ки­­ритилган 523 та даъво ари­­за­си бўйича 8,1 млрд. сўм­ ундирилиши белгиланди.­
Шунингдек, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш бўйича қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти мунтазам ўрганиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 1-ярмида адлия органлари ўтказган ўрганишларда давлат органлари ҳамда бошқа идоралар фаолиятида жами 1491 та, жумладан, 631 та ҳолатда тижорат банкларига оид, 351 та ҳолатда маъмурий жавобгарликка тортишга оид, 63 та ҳолатда солиққа оид қонун бузилишлар аниқланди.
Масалан, Фарғона шаҳар ДСИнинг инкассо топшириқномаси орқали «Club Hotel 777» қўшма корхонасидан 1 245 319 сўм, Қўқон шаҳар ДСИнинг инкассо топшириқномаси орқали «Кофра» қўшма корхонасидан 235 500 сўм, Бешариқ тумани ДСИнинг инкассо топшириқномаси ор­қали «Бешариқ текстиль» қўшма корхонасидан 109 404 сўм маблағлар асоссиз ундирилганлиги аниқланди. Ҳудудий адлия органининг тақдимномаси билан ушбу маблағлар корхоналар ҳисоб рақамига тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Бундан ташқари, мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда ўрганишлар натижаси бўйича давлат органларига, тайёрлов, хизмат кўрсатувчи ташкилотларга қонунбузилиш ва унга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида 229 та тақдимнома ҳамда 131 та кўрсатма киритилди. Шу­нингдек, чет эллик инвестор­лар ва улар иштирокида­ги корхоналар ҳуқуқларини бузган 229 нафар мансабдор шахс огоҳлантирилди, 208 нафар мансабдор шахс интизомий жазога тортилди. Қўлланган таъсир чоралари натижасида турли идораларнинг қонун талабларига зид бўлган 21 та ҳужжати бекор қилинди ҳамда ноқонуний ундирилган 26,7 млн. сўм маблағ корхоналарга тўлиқ қайтарилди.
Жумладан, Навоий вилояти меҳнат ва аҳолини иж­тимоий муҳофаза қилиш бошқармасининг 2011 йил 12 декабрдаги 191-қарори би­лан «Мунжал шифер» қўш­ма корхонасига ноқону­ний 34,6 млн. сўм жарима солинганлиги аниқланди.­ Маз­кур ҳолат юзасидан бош­­қармага киритилган тақдимнома асосида жарима қўл­лаш тўғрисидаги қарор бе­­кор­ қилинди ва айбдор шахс­­ларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланди.
Бугунги кунда тадбиркорликка оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун (янги таҳрирда), «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш­ ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бе­риш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Тўғридан-тўғри хусусий­ хо­рижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар­ тўғрисида»ги фар­монлар на­фақат маҳаллий тадбиркорларга, республика­мизда фао­лият кўрсатаётган­ чет эл ин­­вестициялари ишти­роки­даги корхоналарга ҳам том маънода ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий кўмак бўлди.
Айниқса, «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фар­­мон билан 2005 йил 11 ап­рел­даги фармонда белгиланган солиқ имтиёзлари татбиқ этиладиган мин­тақалар доираси кен­гайти­рилди.­
Шунингдек, хорижий ин­вес­торнинг пул шаклидаги улуши 5 млн. АҚШ долларидан кам бўлмаган янги ташкил этилаётган корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фой­да солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тў­лов, ягона солиқ тўлови, шу­нингдек, Республика йўл жам­ғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини ре­конструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳоз­лаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасидаги­ меъёрлари ва қоидаларини қўллашга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга янада қулайлик яратиш мақсадида қиймати 50 млн. АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида ишлаб чиқариш май­донидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуни­кация тармоқларини қуриш бюджет маблағлари ҳамда бош­қа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга­ оширилиши кўзда тутилди.
Юқоридаги фармон асосида бир қатор давлат органларига, жумладан, Адлия ва­зирлигига мутасадди идоралар билан биргаликда хори­жий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун берилган кафолат, имтиёз ва афзалликларнинг қўлланиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатиш вазифаси юклатилди.
Тегишли даврда 1768 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолияти мониторинг қилиниб, асосий эътибор уларнинг муаммолари ечимини топишга, давлат органларининг мазкур корхоналар фаолиятига асоссиз аралашувига барҳам беришга қаратилди.
Ўтказилган мониторингларда жами 300 га яқин қонунбузилиш (жумладан, 159 та ҳолатда шартномалар бажарилишига оид, 35 та ҳолатда текширишларга оид, 18 та ҳолатда банклар фаолиятига оид, 5 та ҳолатда солиқ ва божхона қонунчилигига оид, 2 та ҳолатда но­қонуний маблағ жалб этиш) аниқланди. Ушбу ҳо­латлар юзасидан адлия ор­ганлари томонидан киритилган 56 та тақдимнома асосида қонун бузилиши бартараф этилди, ноқонуний ун­дирилган маблағлар хўжалик­ субъектларига тўлиқ қайтарилди. Шунингдек, суд қа­рор­ларига кўра хорижий ин­вестициялар иштирокидаги кор­хоналар фойдасига бир млрд.­ сўмдан зиёд асосий қарз суммаларини ундириш белгиланди.
Масалан, Беруний тумани­ ДСИ томонидан кичик бизнес субъекти ҳисобланган «Lico Roots» қўшма корхонасига ўзи ишлаб чиқарган товарлар экспортидан тушган валюта тушумининг 50 фоизини сотиш мажбурияти асоссиз равишда юклатилган эди.
Ушбу ҳолат юзасидан ­со­лиқ органига тақдимнома ки­ритилиб, қўшма корхона 33 900 АҚШ долларини мажбурий сотишдан озод қилинди.
Хулоса сифатида айтганда, республикамизда шакллантирилган қулай инвестициявий муҳит натижасида тайёр ва рақобатбардош маҳ­сулот ишлаб чиқарувчи кор­хоналар, жумладан, хорижий­ сармоялар иштирокидаги кор­хоналар фаолиятини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш имкониятлари кенгаймоқда.
Хушнуд КАРИМОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими