Ёш авлод истиқболи

 

Юртимизда жисмонан соғлом, ақлан етук авлодни камол топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Истиқлол йилларида ватанга муносиб авлодни тарбиялаш, ёшларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу улуғвор мақсад йўлида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг такомиллашган, мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ҳамда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунларда бу йўналишдаги ҳуқуқий нормалар ўз аксини топган. Шу билан бирга, бола ҳуқуқларини таъминлаш масаласи «Соғ­лиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури», «Таълим тўғрисида»ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, «Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури» ҳамда «Соғлом авлод», «Она ва бола», «Оила йили», «Сиҳат-саломатлик йили», «Ижтимоий ҳимоя йили», «Ёшлар йили», «Баркамол авлод йили», «Мустаҳкам оила йили» давлат дастурларида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Чунончи, Конституциямизнинг 41-моддасида «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир», 64-моддасида «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим бо­лаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради», 65-моддасида «Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», дея мус­таҳкамлаб қўйилган.
Ўзбекистон умумқабул қилинган халқаро ҳуқуқ нормалари ва принципларининг устуворлигини ҳамда болалар аҳволини яхшилаш учун халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини эътироф этган ҳолда, МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб 1992 йили «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги кон­венцияни ратификация қил­ди. Миллий қонунчилигимиз­ни конвенция қоидалаларига мослаштириш асносида 2008 йил 7 январда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари­ тўғрисида»ги Қонун амалга киритилди.
Азалдан меҳнат тарбиянинг узвий бўлаги бўлиб келган. Меҳнатга ўргатиш ор­қали болалар мустақил ҳаётга тайёрлаб борилган. Ле­кин ҳар бир ишда меъёр бўлгани маъқул. Айниқса, бо­лалар меҳнатида бунга қатъий амал қилиш лозим. Чунки энди шаклланиб келаётган, айни ривожланаётган бир паллада бола оғир меҳнатга жалб этилса, бу ун­га ҳам жисмоний, ҳам маъ­навий жиҳатдан салбий таъсир кўрсатади. Халқаро меҳ­нат ташкилоти (ХМТ)­нинг таърифига кўра «болалар меҳнати» ибораси 15 ёшдан кичик бўлган шахслар томонидан амалга оширилган ҳар қандай иқтисодий фаолиятга тааллуқлидир.
Ҳар бир давлатнинг тартиб-қоидалари, тамойилларидан келиб чиққан ҳолда бо­лалар меҳнатини тартибга соладиган мезонлар белгилаб­ қўйилади. Масалан, мактабни неча ёшдан тугаллаши, уй­ланиши ёки турмушга чи­қиши, сайловларда иштирок этиши, суд-ҳуқуқ тизими то­монидан балоғатга етган деб тан олиниши, қуролли кучлар сафига чақирилиши ва меҳнат фаолиятини қачон бошлашини белгилайдиган рас­мий ёш чегаралари мавжуд. Жаҳон мамлакатлари ўртасида фаолият турига қа­раб ёш борасидаги шартлар ҳам бир-биридан фарқ қилади. Масалан, ишлаш учун расмий ёш Мисрда – 12, Фи­липпинда – 14, Гонконгда­ эса 15­ ёш ҳисобланади. Пе­руда тур­ли ёш меъёрлари мавжуд­. Жумладан, қишлоқ хў­жалик­ ишлари учун энг ки­чик ёш –­ 14, саноат учун –­­ 15, очиқ­ денгизларда балиқ ов­­лаш учун – 16, портлар ва­ денгизларда сузиш учун – 18 ёш.
БМТ конвенцияси болаларнинг енгил ишларни бажаришига 12 ёки 13 ёшдан, оғир меҳнат билан шуғулланишлари учун эса 18 ёшга тўлганларидан сўнг рухсат беради. Ушбу ташкилот 15 ёшда мажбурий мактаб таълими тугашини ҳисобга олиб, меҳнат қилиш учун рухсат этиладиган энг кичик ёшни 15 деб белгилади. Дунё миқёсида кўплаб вояга етмаганлар меҳнат қилаётган бир пайтда бу энг маъқул ва кенг тарқалган меъёр саналади.
Мамлакатимизда ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича алоҳида тартиб ўрнатилган. Бу жараён Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 29 июлда 1990-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши таъ­қиқланадиган ноқулай меҳнат шароит­лари ишлари рўйхатини тасдиқлаш ҳақи­да»ги қарор асосида тартибга солинади.
Ишловчи вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­лари, қонуний манфаатлари ҳимоясини янада такомиллаштириш мақсадида 2008 йил 4 апрелда «Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1973 йил 26 июнь) ратификация қилиш ҳақида», 2008 йил 8 апрелда «Болалар меҳнатининг оғир шакл­ларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1999 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақи­да»ги қонунлар қабул қилинди.­ Уларнинг қабул қилиниши мамлакатимизда болалар ҳуқуқларининг ҳи­моясини таъминлаш, кафолатларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давомидир.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган талаблар конвенция талабларига тўла мос келади. Ушбу халқаро шарт­номанинг ратификация қилиниши вояга етмаганларнинг ижтимоий ҳуқуқлари тизими ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.
Айни пайтда болалар меҳнатини ҳимоя қилиш билан БМТнинг Болалар жамғармаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти шуғулланади. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан болалар меҳнатини тақиқлайдиган ва ҳукуматлар қабул қилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирлар белгиланган бир нечта халқаро шартнома ишлаб чиқилди. Бу халқаро ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни ратификация қи­лиш ҳар бир мамлакат зиммасига муайян мажбуриятларни юклайди. Буларнинг нечоғлик адо этилаётгани эса БМТ томонидан назорат қилиб борилади.
Бу йўналишда юртимизда кўрилаётган чора-тадбирлар халқаро мажбуриятлар ва Халқаро меҳнат ташкило­тининг болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш ва унинг олди­ни олиш, меҳнат соҳаси­да бо­ла ҳуқуқларини ҳимоя қи­лишга оид қонунчиликда бел­гиланган механизмларни амалга ошириш халқаро стан­дартлари ва ХМТ конвенциялари доирасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланган Миллий ҳаракат режасининг изчил бажа­рилаётганидан далолат беради.
Бу борада қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси 2012 йил 26 мартда «Ўзбекистон Республикаси то­монидан ратификация қи­линган Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида­ги конвенцияни ҳамда Бола­лар меҳнатининг оғир шакл­ларини тақиқлаш ва йўқ қи­лишга доир шошилинч чора­лар тўғрисидаги конвенцияни 2012–2013-йилларда амалга ошириш бўйича қў­шимча чора-тадбирлар ҳа­қи­да» Қарор қабул қилди. Маз­кур қарор ижросини таъминлашга қаратилган мах­сус тадбирлар режаси тасдиқланди.
Унда кейинги икки йил мо­байнида болалар меҳнати­нинг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилиш соҳасида норматив-ҳуқуқий база­ни такомиллаштириш, зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳ­нат тўғрисидаги конвенцияни ҳамда болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қи­лишга до­ир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш чора-тадбирлари, ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияни ва Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш масалалари бўйича кенг ахборот бериш, тушунтириш ишларини олиб бориш, болалар меҳнатининг оғир шаклларига йўл қўй­мас­ликка қаратилган халқаро ло­йиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Шу нуқтаи назардан Ад­лия вазирлиги томонидан вояга етмаганлар ҳуқуқ­ларига оид тарғибот-ташвиқот ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, ўтган йили айнан ушбу мавзуга доир 5566 та тадбир (оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар, маъруза, давра суҳбати, семинар, илмий-амалий конференциялар) ташкил этилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 3243 марта ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилган.
Қалбимиз гавҳари, ҳаётимиз шамчироғи бўлмиш фарзандлар истиқболи учун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар кўлами ва самарадорлиги ошиб бораётгани ҳар биримизга сурур бахш этиш билан бирга юксак масъулият ҳиссини ҳам юк­лайди. Чунки юртимизнинг эртанги тақдири кўп жиҳат­дан бугунги авлоднинг таълим-тарбияси, маънавий камолотига боғлиқ.
Алижон ОЧИЛОВ,
Адлия вазирлиги
бошқарма бошлиғи