Қонунийликни таъминлаш – асосий вазифа

 

Мустақиллик – энг улуғ неъмат. Ўтган 21 йилда Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида юритилган оқилона сиёсат, амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқлар туфайли юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро унинг қадр-қиммати ва моҳиятини тўлиқ англаб етди.
Халқаро стандартлар ва миллий қадриятларнинг энг афзал кўринишларини ўзида мужассам этган фуқаролик жамияти, ҳуқуқий ва очиқ демократик муносабатлар ҳаётимиз мазмунига айланганлиги боис одамлар бугунги ва эртанги кунга тўла ишонч билан қарамоқда.
Бу ҳақда фикр юритганда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим белгиси бўлган қонун устуворлигини таъминлашга қа­ратилган улкан ишлар амалга оширилганини таъкидлаш жоиз. Айниқса, давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юртбошимиз ташаббуси билан ўтган йили Адлия вазирлиги тизимида Қонунчиликка риоя этилиши усти­дан назорат қилиш бош бош­қармасининг ташкил этилиши ҳам бу борадаги муҳим қадамлардан биридир.
Бу тузилманинг ташкил этилиши ва фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи ва на­зорат тузилмалари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва ман­фаатлар мувозанати прин­­ципини янада самарали таъминлашга хизмат қилмоқда.­
Бош бошқармага вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идораларнинг ҳуқуқ­ни қўллаш фаолиятида қо­нунчилик талаблари ва қонунийликка риоя этилиши ус­тидан тизимли мониторинг ва назоратни ташкил этиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги қонунбузилиш ва суиистеъмолликларни ўз вақ­ти­­­­­­­­да аниқлаш, уларнинг мажбурий тусдаги ҳужжатларини комплекс ўрганиш ва қонунчиликка му­вофиқлигини таъминлаш ка­би муҳим вазифалар юклатилди.
Бош бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари ўз фао­лиятини аввало қайси соҳада­ қонунчилик нормаларини ха­то талқин қилиш ва қўллаш ҳолатлари учраётган бўлса, уларни бартараф этиш ва ол­дини олиш нуқтаи назари­дан режалаштириб, ўрганиш материалларини аниқланган қонун бузилиши ҳолатларидан нафақат фаолияти ўрганилган давлат органлари, бал­ки бош­қа идоралар ҳам огоҳ бў­лиши ва келгусида бун­дай­ камчиликларга йўл қўй­маслиги учун юбор­моқда.­
Хусусан, жорий йилнинг 1-ярмида 14 та давлат органи тизимида қонун ҳужжатларига риоя этилиши ўргани­либ, 9,5 мингга яқин қонун бу­зилиши ҳолатлари ва 3 минг­га яқин камчиликлар аниқ­ланди. Таҳлиллар уларнинг 201 таси тизимли тусга­ эгалигини, яъни давлат ор­ган­­лари бу тоифадаги қо­нун­­ бузилиши ва камчилик­лар­га­ мунтазам равишда йўл қўйиб келаётганини кўр­сат­ди.­
Жумладан, прокуратура органлари фаолиятида айрим­ қонун бузилиши ҳолатлари­га нисбатан прокурор назора­ти ҳужжатларини қўл­ламас­лик ёки нотўғри қўл­лаш, му­рожаатларни кўриб чиқиш­ тартибига риоя қилмаслик, қонунлар ижроси устидан на­зорат тадбирларини тўлиқ ўтказмаслик каби, ички иш­лар органлари фаолиятида эса қонунчиликка зид идора­вий ҳужжатларни қўл­лаш, қо­нун ҳужжатларида белги­ланган мажбуриятларни тў­лиқ бажармаслик, фуқаро­лар­нинг мурожаатларини кў­риб­ чиқиш тартибини бузиш,­ ноқонуний жавобгарликка тор­тиш каби ҳолатлар аниқланди.
Масалан, Ўзбекистон Президентининг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида»ги Қарорига мувофиқ, намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой ва ижтимоий объектларни қуриш учун «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясига ер майдонлари қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон фонди ерлари тоифасига кирмайдиган ер массивларидан ажратилиши лозимлиги белгиланган бўл­са-да, Наманган, Сурхондарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидаги айрим туман ҳо­кимларининг қарорлари билан суғориладиган­ қишлоқ хўжалиги ерлари аж­ра­тил­ган. Мазкур қа­рорларга нисбатан прокуратура органлари лозим даражада муносабат билдирмаган.
Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги фаолияти ўрганилган ички ишлар идораларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисоби юритилмаган. Оқибатда кўп­чилик профилактика инспек­торлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 2011 йил 26 апрелдаги қонун асосида киритил­ган, ҳу­қуқбузарликнинг кам аҳа­миятлилиги сабабли ҳуқуқ­бузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ёки енгилроқ жазо чорасини қўллаш ҳақидаги масалани ҳал этиш суднинг ваколатига берилганлиги билан боғлиқ қўшимча ва ўзгартиришлардан хабардор эмаслиги учун кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйганлар.
Давлат органлари фаолиятида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари ва камчиликлар уларнинг ҳайъат мажлисларида биргаликда муҳокама қилинди. Натижаси бўйича 361 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 8 нафари лавозимидан озод этилди, 81 нафар шахсга нис­батан маъмурий жазолар қўлланди.
Қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, қо­нунчилик ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятини такомиллаштириш юзасидан идоравий ва идоралараро чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу тадбир­лар ҳар бир дав­лат органига ўзининг тар­моқ ва ҳудудий тузилмалари­ фаолиятидаги камчиликлардан ўз вақтида хабардор бўлиш ва уларни бартараф этиш имконини бермоқда.
Фаолияти ўрганилган со­ҳа ходимларининг билимларини юксалтириш юзасидан ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Ўрганишлар натижалари бўйича қонун ҳужжатларидаги «оқ доғлар» ва бўшлиқларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ол­дига 54 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи қўйилди.
Масалан, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш масаласи ҳу­қу­қий жиҳатдан тартибга со­линмаганлиги оқибатида дав­лат органлари мурожаатларни кўриб чиқиш соҳасида ти­зимли қонун бузилиши ҳо­латлари ва камчиликларга йўл қўйиб келаётганлиги аниқланди.
Хусусан, юридик шахслар­ «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинадиган муносабатларнинг субъекти сифатида назарда тутилмаган­лиги, юридик шахсларнинг мурожаатларини бериш ва кўриб чиқиш масалаларини тартибга солувчи тар­қоқ ҳу­қуқий нормалар эса унификация қилинмаганлиги уларни кўриб чиқишда қонун бу­зилиши ҳолатларига шарт-шароит яратганлигини кўр­сат­ди.
Жумладан, 2011 йилда адлия органлари тадбиркорлик субъектлари, хорижий ин­вестиция иштирокидаги кор­хоналар ҳуқуқларини ҳи­моя қилиш соҳасида ўтказган текширишларда давлат ор­ганлари томонидан юридик шахсларнинг мурожаат­ларини кўриб чиқиш бўйича 5 мингга яқин, 2012 йил­нинг 1-ярмида 3 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш («Юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун) ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасига ва Жиноят ко­дексининг 144-моддасига юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини бузганлик учун мансабдор шахслар жавобгарлигини белгиловчи нормаларни киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Умуман олганда, қилина­ётган ишларнинг мазмуни бу тизим фаолияти орқали давлат органлари, айниқса, прокуратура ва ички ишлар­ органларининг ҳар бир масъул ходимида қонун ҳуж­жат­лари нормаларини сўз­сиз, тўғри, аниқ ва бир хил қўллаш масъулиятини шакл­лантиришга эришишга қаратилмоқда.
Ушбу тадбирлар, ўз нав­батида, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахс­ларида қонунга ҳурмат ва масъулият ҳиссини, одамлар­да эртанги кунга ишонч ва қонунга ҳурмат руҳини янада оширишга хизмат қилади.­
Отабек МУРОДОВ,
Адлия вазири ўринбосари,
Қонунчиликка риоя этилиши устидан
назорат қилиш бош бошқармаси бошлиғи