Ҳуқуқ ва эркинликлар қомуси

 

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, янги суверен давлат мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйиш, ўзининг сиёсий ва ҳуқуқий ривожланиш йўлини белгилаб олиш, янги жамият қуриш, янгиланиш ва тараққиётнинг ўз конституциявий моделини ишлаб чиқиш зарурати туғилди. Ўзбекистон Президенти бу ҳақда бир неча бор таъкидлаб: «Давлатимизнинг келажаги, халқимизнинг тақдири кўп жиҳатдан конституциямиз қандай бўлишига боғлиқ», – деган эди.
Янги конституцияни иш­лаб чиқиш зарурлиги ҳақи­да­ги ғоя 1990 йил март ойи­да бўлиб ўтган ўн иккин­чи чақириқ Ўзбекистон Олий Кенгашининг биринчи сессиясида илгари сурилган эди. Олий Кенгаш 1990 йил 20 июнда эълон қилган суверенитет тўғрисидаги декларация­да ушбу ҳужжат республиканинг янги конституциясини ишлаб чиқишга асос бўлиши таъкидланди.
1991 йил 31 августда Ўз­бекистоннинг давлат мустақиллиги эълон қилинди ва «Ўз­бе­кистон Республикасининг давлат мустақиллиги асос­лари тўғрисида»ги конс­титуциявий Қонун қабул қи­линди. Унда белгиланган қои­далар амалиётда синовдан­ ўтди, сўнгра Ўзбекистон Кон­ституциясининг лойиҳасига киритилди. Ушбу қои­да­лар Юртбошимиз ифо­далаб берган ғоя ва прин­ципларни мустаҳкамлади.
Конституция қабул қи­линган 1992 йилдан кейинги даврда эришилган, дунё жамоатчилиги кенг эътироф этаётган оламшумул ютуқлар – иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланаётгани, аҳоли фаровонлиги ва турмуш сифатининг ортаётгани,­ мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллагани Асосий қонунимиз асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўй­лан­ган мақсад, принцип ва нормалар ҳаёт синовидан­ ўтиб ўз самарасини яққол намоён этганлигининг ифодасидир.
Бош қонунимиз миллий давлатчилик ва унинг ижтимоий-сиёсий тизимини яратиш, демократик тамо­йиллар асосига қурилган сиёсий ва иқтисодий тизимни шакллантиришнинг ҳуқуқий пойдевори вазифасини ўта­ди.­ Ўзбекистон Конституциясининг салоҳияти, қоида ва нормалари ҳаётимизда тўлиқ намоён бўлмоқда. Буни қуйидагиларда кўриш мумкин.
Биринчидан, Асосий қо­нун инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинликлари давлат манфаатларидан устунлигини мустаҳкамлади, халқимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратишни ўзининг туб мақсади этиб белгилади,­ ижтимоий адолат тамойилларини эълон қилди. Конс­титуциямизда белгилаб қў­йилган ҳуқуқий кафолатлардан келиб чиққан ҳолда мус­тақилликнинг дастлабки йил­ларидан бошлаб инсонни ҳу­қуқий, иқтисодий ва ижтимо­ий ҳимоя қилиш, унинг ҳар тарафлама камол топиши учун шарт-шароит яратиш давлатнинг устувор вазифаси сифатида белгиланди.
Мамлакатда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги инсти­тути каби миллий институтларни бирлаштирган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишга даъват этилган тизим шакл­лантирилди. Конституция та­лабларидан келиб чиққан ҳолда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашга йўналтирилган 300 дан ортиқ қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши жамиятни демократик янгилашнинг ҳуқуқий негизи бўлди.
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов «Юксак маъна­вият – енгилмас куч» асари­да кўрсатиб ўтганидек, «Биз амалга оширилаётган ислоҳотларимизда барча ўз­гариш ва янгиланишларнинг марказига инсон ва унинг ман­фа­атларини қўйдик. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ана шу жараёнларнинг моҳияти­да «ислоҳот ислоҳот­ учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилиши керак» деган мақсад мужассам эканини ва унинг амалий ифода­сини барча соҳаларда кўриш, кузатиш қийин эмас».
Ҳақиқатан ҳам мустақил тараққиёт йилларида мамла­катда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 3,5 баробарни ташкил қилди, аҳоли жон бо­шига ҳисоблаганда 2,5 ба­робар, ўртача иш ҳақи 16 ба­робар, аҳолининг реал да­ромадлари эса 3,8 баробар ортди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун йўналтирилган давлат харажатлари 5 баробар кўпайди.
Иккинчидан, конституция қонун устуворлиги, унинг барча фуқаролар учун тенг­лигини, давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинишининг ҳуқуқий принципини белгилаб қўйди, уларнинг мустақил ҳокимият тармоғи сифатида ривожланишини кучайтиришга, демократик давлатнинг асосий­ шарти бўлган ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш­ ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини шакллантиришга қаратилган қонуний негизни яратди.
Ўзбекистон Конституция­си принциплари асосида чинакам профессионал парламентнинг шакллантирилиши қонун ижодкорлиги фаолиятини сифат жиҳатдан юқори поғонага кўтарди. Бу фаолият мамлакатимизни модернизация қилиш, жамиятни янгилашнинг ишончли ҳуқуқий асосини яратмоқда.
Конституция кучга киргандан буён Ўзбекистон Олий Мажлиси томонидан 600 дан ортиқ қонун, жумла­дан, 7 та конституциявий қонун, 15 та кодекс қабул қилинди, 200 дан ортиқ кўп томонлама халқаро шартномалар ратификация қилинди. Яъни Асосий қонунимиз давлат ва жамиятнинг барча жабҳаларини ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлит миллий механизмини яратиш имконини берди.
Фақат сўнгги беш йил мобайнида мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва таркибий ўзгартириш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни қонунчилик йўли билан таъминлаш мақсадида демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни янада либераллаштиришга қаратилган 85 та қонун қабул қилинди.
Асосий қонунимиз бар­қарор конституциявий тартиб ўрнатишга хизмат қилди. Давлат тузилиши соҳасида ҳуқуқий давлатчиликнинг муҳим белгиси – ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципи асосида давлат органлари тизими шакллантирилди. Ушбу конституциявий принципни ҳаётга изчил тат­биқ этиш ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ме­ханизмининг самарали­ ишлашини ва манфаатлар му­возанатини таъминлади. Жой­­ларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳам­да на­зорат вазифаларининг роли кучайтирилди.
Қонун чиқарувчи ҳокимият тубдан ислоҳ қилинди.­ Таркиб жиҳатидан асосан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари вакилларидан ташкил топган юқо­ри палата – Сенат ҳудудлар­ манфаатларини ифода этмоқда, қуйи – Қонунчилик палатаси эса ўз фаолиятини доимий профессионал асосда амалга ошираяпти.
Суд-ҳуқуқ тизимини ис­лоҳ қилиш ва либераллаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор берилди. Бу йўналишда 60 дан ортиқ қонун қабул қилиниб, уларга мувофиқ жазолашнинг жаҳонда энг инсонпарвар, либерал тизими­ яратилди, адвокатура институти ислоҳ қилинди, суд қарорларини ижро этиш тизими, прокуратура фаолияти такомиллаштирилди. 2008 йил 1 январдан бошлаб мамлакатда ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида, шунингдек, одил судлов­нинг «Хабеас корпус» ва Миранда қоидалари каби де­мократик институтларни жо­рий этадиган, яъни фуқаро­ларни қамоққа олишга санк­ция бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга ўтказиш тўғрисидаги қонунлар ишламоқда.
Учинчидан, Асосий қонунимиз кўппартиявийлик тизимининг эркин фаолияти, сиёсий партиялар ҳамда фу­қаролик жамияти институтларининг шаклланиши ва ривожланиши учун ҳуқуқий база яратди, сайлов тизимининг асосий тамойил ва механизмларини тасдиқлади, сайлов эркинлиги, одамларимизнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириш эркинлиги кафолатларини, ҳар қайси инсоннинг ҳокимиятнинг ва­киллик органларига сайлаш ва сайланиш, давлат ва жа­мият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳу­қуқини мустаҳкамлади.
Сиёсий партияларнинг мамлакатимиз олий қонунчилик органи, жойлардаги ҳокимият вакиллик органлари фаолиятидаги роли ва таъсири сезиларли даражада ортди. Қонунларда давлат ҳокимияти вакиллик ор­ганларига сайловларнинг фа­қат кўппартиявийлик асоси­да ўтказилиши қатъий белгилаб­ қўйилди. Мамлакат президенти лавозимига, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни сиёсий партиялар томонидан, маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодларни эса сиёсий партияларнинг жойлардаги органлари томонидан кўрсатиш тўғрисидаги принципиал қоида мустаҳкамланди.
Тўртинчидан, конституциямиз миллий истиқлол ғоясини ва умумбашарий қадриятларнинг энг яхши жиҳатларини ўзида мужассам этган ҳолда миллий анъаналаримиз, она тилимиз, хал­қимизнинг бебаҳо қадриятлари ва маданий меросини тиклади, инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун шарт-шароитлар яратди. Ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлди, мустабид тузум даврида қатағон қилинган Наврўз байрами умумхалқ шодиёнаси сифатида нишонланадиган бўлди, жаҳон маданий меросининг ноёб ёдгорликлари ҳисобланган тарихий обидалар таъмирланиб, ҳақиқий зиёратгоҳларга айлантирилди, халқимиз қалбидан чуқур жой олган, ин­соний қадриятлар – ҳақиқат, инсоф ва адолат, меҳр-оқибат, шафқат ва бошқа фазилатларни мужассамлаштирган ислом динининг олийжаноб маъно-моҳияти кучайди. Имом Бухорий, Термизий, Мотуридий, Бур­ҳониддин Марғиноний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақш­банд, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Маҳмуд Замахшарий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк мутафаккир ва алломаларимиз эъзозланди.
Мамлакатимизда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури амалга оширилиб, 12 йиллик мажбурий таълим жорий этилди. Сўнгги 20 йил мобайнида аҳолининг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларники эса 75 ёшгача ошди.
Бешинчидан, конститу­циямиз миллий, кўпукладли иқтисодиётимиз асосларини мустаҳкамлади, эркин, ижтимоий йўналтирилган бозор муносабатларига босқич­ма-босқич, изчил ўтиш учун шарт-шароит яратди, хусусий мулк устуворлигини­ ўрнатди. Миллий иқтисоди­ётни ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган 400 дан зиёд қонун ҳужжатлари бозор муносабатларининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Давлат хусусий мулкдор ҳуқуқларининг ҳимоячисига айланди.
Асосий қонунимиз томонидан кафолатланган иқтисодий ҳуқуқлар самарасини мамлакатда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг, аҳоли даромадларининг юксак ўсиш суръатларида, иқтисодиётимиздаги туб таркибий ўзгаришлар ва ишлаб чиқариши ўзлаштирилган мутлақо янги, рақобатбардош маҳсулотларнинг жаҳон бозорига чиқарилаётганида, юртимиз қиёфасини бутунлай ўзгартираётган иншоотлар ва ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий объектлар ва уйлар барпо этилаётганида, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаларида қўлга ки­ритилаётган улкан ютуқларда кўриш мумкин.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан Қонунчилик палатаси ва Се­натнинг қўшма мажлисида илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлашти­риш ва фуқаролик жамияти­ни ривожлантириш концепцияси мамлакатнинг кон­с­­титуциявий ривожланиши, давлатни модернизация қи­лиш стратегик курсини амалга оширишда янги босқични­ очиб берди, яқин ва узоқ ис­тиқболда юксак мақсадлар­га эришиш стратегиясига ай­ланди.
Мустақиллик йилларида амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар таҳлили­ Ўзбекистон танлаган тараққиётнинг конституциявий модели тўғрилигидан далолат беради.
Акмал САИДОВ,
юридик фанлар доктори,
профессор