Истиқлол журъати ва суръати

 

Йигирма бир йилда онг-шууримиз, ақл-тафаккуримиз, дунёқарашимиз, маънавиятимизда нималар ўзгарди? Буни аниқлаш учун аввало: «Бу жиҳатдан биз аввал қай аҳволда эдик?», деган саволга жавоб топишимиз зарур.
Президент Ислом Каримов ўта мураккаб бир пайтда – 1989 йил 23 июнда республикага раҳбар бўлди. Истиқлол журъати бизда амалий жиҳатдан ана шу кундан бошланган. Шу қалтис даврнинг ўзи Ўзбекистон раҳбаридан республика ҳаётини, унинг йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммо ва ташвишларини, собиқ иттифоқдаги ўрни ва мавқеини, халқнинг дардини теран таҳлил қилиб, тезкорлик билан тўғри ечимлар топишни тақозо этар эди.
Юртбошимизнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китобининг «Сўзбоши ўрнида» деб берилган кириш қисмида таъкидланганидек, «...юртимиздаги ғоят қалтис ва носоғлом вазият, озгина учқун чиқса, бутун республика ловуллаб ёниб кетадиган, тўғри йўлни топиш ўта мураккаб бўлган бир шароитда инқироздан чиқиш, Ўзбекистоннинг тақдири ва келажагини ҳал этадиган энг муҳим масалалар бўйича улкан донишмандлик ва жасорат билан баён этилган концептуал ёндашувлар, амалий фикр-мулоҳазалар, хулоса ва таклифлар»ни илгари суриш учун айнан республикага раҳбарлик қилаётган сиёсий арбоб кучли таҳлил салоҳиятига эга бўлиши лозим эди.
1989 йил 24 июнь куни, яъни республикага раҳбар бўл­ганининг эртасига Ислом­ Каримов Ўзбекистон Министрлар Советининг Фарғона водийси областларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган кенгашида нутқ сўзлади ва маъруза «Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди», деган сарлавҳа билан матбуотда эълон қилинди. Жамиятни, ҳаётни ўзгартиришга қаратилган ана шу журъат 1991 йилнинг 31 августига қадар жадал суръат билан давом этди.
Президентимиз республика Олий Кенгашининг 1991 йил 31 августда ўтказилган тарихий сессиясида Ўзбекис­тон мустақиллигини эълон қилганида аксар депутатлар халқ ва мамлакат ҳаётида қандай буюк ҳодиса юз берганини англаб етмаган, ҳатто залда қандай воқеага гувоҳ бўлаётганларини ҳам сезмай, карахт ҳолга тушиб қолган эди. Шунда Ислом Каримовнинг ўзи: «Қарсак чалмайсизларми?!», деб бу карахтликка чек қўйган эди.
Тан олишимиз керак, фақат депутатларнинг эмас, кўпларимизнинг ҳам дунёқарашимизни собиқ шўро сиёсати шу қадар ўз исканжасига олган эдики, эркимиз ўз қўлимизга ўтишини бирданига тасаввуримизга сиғдира олмас эдик. Чунки ҳаёт, жамият, борингки, ва­тан ва халқ тақдири ҳақидаги тушунчаларни фақат Мос­ква, СССР билан боғлаб англар эдик. Чоризм бошлаган, қизил империя ба­ғоят нозиклаштириб юргизган мустамлакачилик сиё­сати ўзини ўзи бошқариш, ўз тақдирини ўзи белгилаш, мустақил давлат сифатида яшаш кайфияти ва бунга бўлган журъатдан батамом маҳрум қилган эди. Зеро, бу сиёсатнинг қоидаси аниқ эди: меҳнат қилиш, бўйсуниш – сиздан, бошқариш, буюриш, давлатчилик, фикр, ғоя, мафкура – биздан.
Албатта, бу очиқ айтилмаган, пўпак қандга ўхшаш ёлғонларга ўраб берилган. Рамзий ифодалаганда, ёлғон ва маънавий риёкорлик ўша замоннинг шиори эди.
Сиёсатдаги алдовни, «тенг­лик», «адолат», «халқ­парварлик», «порлоқ келажак» каби чиройли иборалар тагида қандай мафкуравий мақсадлар ётганини баъзи партия ва совет ходимлари, айрим зиёлиларимиз яхши билар, тушунар эди, албатта.­ Бироқ бу метиндек тизимни ёриб чиқишнинг имкони йўқ эди. Кўпда бунга журъат ҳам қилинмаган. Халқ журъат қилганларнинг ҳоли не кечганини ўтган асрнинг 30- ва 50-йилларида ўтказилган қа­тағондан яхши билар эди. Иккиюзламачи, ёлғонни ҳа­қиқат дейдиган одамлар тои­фаси жамиятнинг шу хусу­сия­тидан шахсий манфаатла­ри йўлида фойдаланишнинг йўл­ларини топиб олишган эди.­
Истиқлол шундай вазият­да тафаккуримизда туб бурилиш ясади. Мустақиллик мағзини англаш, мустақил яшаш моҳиятига етиш, шунга мослашиш ва кўникиш кайфиятини пайдо қилди.
Биринчидан, халқ қуллик­ психологиясидан халос бўл­ди. Мамлакатимизнинг турли бурчакларида, ҳар хил ёшдаги кишилар билан суҳбатлашиб, бир нарсага амин бўласизки, юртдошларимиз давлати, ҳукумати, армияси,­ оқил ва одил Президенти борлигидан фахрланади. Ўз­бекистоннинг ўз мақсадлари­ ва режалари, ҳар қандай дав­­­­лат ҳавас қилса арзигулик бой имкониятларга эга­ли­гидан қалблар ғурурга тў­ла­ди ва бу ишлашга, яра­тиш­га, бунёдкорликка ун­дайди.
Иккинчидан, сиёсатда, ҳаётда рост гапиришга ўрганиш бошланди. Ахир, энди юрт тақдири ўз қўлимизда, риёкорлик қилишга, ўзини ўзи алдашга ҳеч қандай ҳо­жат йўқ.
Учинчидан, ватан ҳақида тушунчамиз тубдан ўзгарди, ота-боболаримиз, қадим аждодларимиздан қолган шу тупроқни баралла «Ватаним!», деб суя оладиган бўлдик, орият, шаън-шараф тўғрисидаги қарашларимиз ўзгарди – миллийлашди. Ўз­бекистон шуҳрати ҳар бири­мизнинг шуҳратимизга айланди. Шу ватан фарзанди, шу мамлакат фуқаро­си эканимиздан чинакам фахр­ланиш бахтига муяссармиз.
Тўртинчидан, халқ сифатида ўнгландик, аслимизга қайта бошладик. Тарихимиз, миллий қадриятларимиз, миллий маънавиятимиз асосларини ўрганишга, уларни ўзимизники қилишга­ уриндик.
Шаҳидлар хотираси хиёбони, Ҳасти Имом, Баҳоуд­дин Нақшбанд, Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий...
Шу кунларда Имом Бухорий мақбарасини кўрган одам шунга гувоҳ бўладики,­ бу мўъжизанинг ўзи ҳам – мустақиллигимизга қўйилган бир ажиб ҳайкал.
1960-йилларда бўлса керак, Индонезия президенти Аҳмад Сукарно Москвага келганда Имом Бухорий ҳазратлари қабрини зиёрат қилиш истагини билдирибди. Тошкентга телефон бўлган. Республика раҳбарлари мақбаранинг айнан қаерда эканини яхши билишмаган. Суриштира-суриштира аниқлашса, Самар­қанднинг Хартанг қишлоғида, молхонанинг биқинида харобага айланиб ётган бир ерда экан...
Ўша замонда биз – ўзбекларнинг дунёнинг ярми пайғамбардан кейинги улуғ зот сифатида эъзозлаб келадиган бобокалонимизга «ҳурмат»имиз бундан зиёд бўлиши мумкин эмас эди. Апил-тапил қабрнинг у ёқ-бу ёғи тозаланган, йўлларга сув се­пилган. Шу ҳолатида ҳам Сукарно бу ерни улуғ эҳтиром билан зиёрат қилиб кетган.
Кимки кеча билан бугун­ни – истибдод даври билан истиқлолни қиёсламоқчи бўлса, шунинг ўзи етарли.
Тошкентимизда истиқлол йилларида қурилган иморатлар нақадар замонавий, келажакка мўлжалланган бўл­са, миллийлиги, ўзимизнинг қадимий меъморчилигимиз анъаналарига уйғунлиги ҳам шунчалар бор. Бухоро ва Хивада, Фарғона ва Гулистонда, бошқа шаҳарларимизда ҳам кўп янги иморатлар қад кўтарди. Вилоятларимиз аэропортлари ўзгараяпти, халқаро рейсларни қабул қилишга мослаштирилаяпти. Талай осори-атиқаларимиз таъмирланаяпти.
Булар ҳам – маънавият.
Қадриятларимизни қайта тиклашда бир муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилди. Бу – инсонпарварлик мезони. Меросга, жаҳон тамаддуни маҳсулларига муносабатда шу мезонга амал қилинди, инсон улуғланадиган, унинг қадри ҳамма нарсадан устун қўйиладиган асарлар, маънавий бойликларни халқ мулкига айлантириш тамойили кучайди. Чунки инсонни биринчи­ даражага қўйиш – мамлака­тимиз сиёсатининг бош мезо­ни. «Бирон кишининг ҳам бур­ни қонамасин. Ўзбекистоннинг ҳар қандай фуқа­ро­сига отилган ўқ – менинг юртимга отилган ўқ», – дейди­ Президент Ислом Кари­мов.
Шунинг ўзи мустақиллик даврида эришган энг катта ютуғимиз эмасми?!
Бозор иқтисодиётига ўтиш осон кечадиган жараён­ эмас. Истайсизми, истамайсизми, бу маънавиятга муно­сабатда ҳам муайян да­ра­жада акс этади. Айтайлик, санъат ва адабий асарлар ҳам товарга айланади. Истиқлолнинг дастлабки йил­ла­рида кўпларда бундан қан­дайдир қўрқиш, ҳадик бор эди. Бироқ Президентнинг иқтисодий ислоҳотларни маънавий-маърифий ислоҳотлар билан қўшиб олиб бо­ришга қаратилган доно сиёсати шарофати билан бу борада бўҳронга учрамадик, собиқ иттифоқдаги бошқа кўп республикаларга қараганда биз зиёли – ижодкор­ларимизни асраб қола ол­дик­, улар бажону дил истиқлолга, миллий мафкура­ни такомиллаштиришга, хал­қимизни буюк келажакка етаклаб, шижоат ва журъат­га­ чорлайдиган илғор ғоя­лар­ тарғиботига хизмат қилаяпти.
Тарих – маънавиятимизнинг муҳим қисми. Тарихга муносабат тубдан ўзгарди. Тарихни ҳаётимизнинг ажралмас бўлаги янглиғ тушу­надиган бўлдик. Ўтмишни холис ёритишга киришдик.
Халқнинг маънавияти, ях­ши фазилатлари – меҳр-оқи­бат, ҳамдардлик, каттага ҳурмат, ўзаро ёрдам каби одамийлик мезонларининг сақлаб қолингани – мустақиллигимизнинг яна бир ютуғидир.
Бизда, маънавиятимиз мил­­лий қадриятлар ва жаҳон тамаддуни тажрибаларининг ўзаро уйғунлигидан иборат бўлиши керак, деган­ тамойил устуворлик қилади.­ Ҳозир шундай уй­ғунликнинг юксак намуналарига эришаяпмиз. Бир томондан, миллийлашаяпмиз, қадим анъаналаримизни тиклаб, давом эттираяпмиз, ик­кинчи томондан, замонавийлашаяпмиз, жаҳон стандарт­ларига яқинлашаяпмиз. Энг муҳими, бу жараённи ҳар бир шахс тақдирида ҳам, умуммиллат миқ­ё­сида ҳам кузатиш мумкин.
Бугун миллий мафкурамизнинг томирлари мустаҳкам ва соғлом. Бир умумба­шарий қонуният бор: инсон маънан қанча юксак бўлса, бошқаларни, уларнинг фикрини, фазилатларини шунча қадрлайди. Миллат нақадар маънавий юксак поғоналарга эришса, ҳам ўзлигини сақлайди, ҳам тинимсиз бошқалардан ўрганади.
Бу ютуқларимиз замирида Ислом Каримов бошчили­гидаги давлатнинг оқилона сиё­сати ётибди. «Ўзбекис­тон­­ – келажаги буюк давлат» шио­ри илк бор Президент Ислом Каримов томонидан 1992 йилнинг 8 декабрида ўртага ташланган эди. Мус­тақил­лигимизнинг иккинчи йилидаёқ бундай некбин шиорнинг ўртага ташланиши қанчалик муҳим ва зарур бўл­ганини бугун кўриб, се­зиб турибмиз. Йил­лар, давр­лар ўтгани сайин бу ғоя реаллашиб, одамлар бу шиор моҳиятини чуқурроқ англаб бораяпти.
Бугунга келиб янги тафаккурдаги ёшлар етишди. Хоҳ меҳнат, хоҳ раҳбарлик бўлсин, хоҳ тадбиркорлик, хоҳ ижод бўлсин, янгича яшашга интилиш замон талаби экани яққол кўринди. Ўзини, оиласи – бола-чақасини яхши таъминлаш, ватанга наф келтириш, бошқа­ларга ҳам ёрдам кўрсатиш – маънавий шиорга айланди. Шубҳасиз, худбинлар, «ўзим бўлай»чилар, нафс балосига берилганлар ҳам борлигидан кўз юмиш мумкин эмас. Аммо бизда етакчи ғоя соғлом, инсоний ва эзгуликка қаратилган.
Ёшлардаги илм олишга, дунёнинг илғор мамлакатлари тажрибаларини ўрганишга, мутараққий халқлар каби тўқ ва фаровон яшашга интилиш кишининг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Бугун ёшларимиз давлатни, жамиятни бошқариш ишларига янада кўпроқ жалб қилинаётгани ҳам келажакдаги жиддий ўзгаришларга омил бўлиши керак. Ҳозир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини қанчадан-қанча иқтидорли ёш раҳбар кадрлар битириб, магистрлик даражасига эга бўлаяпти. Аксарияти масъул вазифаларда ишлаяпти. Уларнинг олиб бораётган ишлари билан танишиб, бир нарсага амин бўласизки, эндиги раҳбар, аввало, фаолиятини ўзи бошқараётган жамоа ё ҳу­дуд­да маънавий-маърифий соҳани яхши йўлга қўйишдан бошлаши керак. Имон-эътиқод, эзгуликка хизмат қилиш, моҳиятан ўткинчи бу умрни фой­дали, савоб ишларга бахши­да этиш кайфияти бугунги ўзбек раҳбарининг бош хислатига айланиши шарт. Ердан фойдаланиш, халқни яхши, самарали юмушга сафарбар қила олиш, боқимандалик, ароқ­хўрлик, наша­вандлик, бекор­чилик, лаёқат­сизлик ва шу каби кўплаб иллатларга қар­ши жасоратли кураш ҳам фаоллашиб бораётгани – яхши. Ҳаётнинг одамни ҳаракатга, ҳар дақиқадан унумли фойдаланишга ундаётгани, акс ҳолда бошқалардан, замондан ортда қо­лиш хавфи аввалги иллатларимиз томирини қирқаяпти. Айтайлик, бадмастлик, ароқхўрлик кескин камайгани ҳеч кимга сир эмас. Бу ҳам — бир маънавий ютуқ. Шўро замонида ароқхўрлик раҳбар учун гўё бир «фазилат» эди, десак, муболаға бўлмас.
Қисқаси, ҳозир халқда соғлом ҳаёт, соғлом авлод, соғлом фикр учун кураш бошланган. Шу асосда комил инсон тарбиясини ўйлаяпмиз. Комил инсон тарбия­си масаласи, Президентимиз қайта-қайта уқтираётганидек, бизда давлат сиёсатига айланди.
Ўзбекистонимиз тарихан жуда қисқа бир фурсатда яна дунё билан боғланди. Ўз ўрни ва мавқеини топди. Бугунга келиб, ҳатто бу ўрин ва мавқемиз айнан қандай экани ҳақида баралла айтиш, муҳокама юритиш ҳуқуқига эгамиз.
Ер юзида ҳозир катта-кичик жами 252 та мамлакат бор. Албатта, улар турли асосларга кўра муайян ўринларга ажратилади.
Биринчи энг содда мезон – ер майдони, яъни ҳудуд. Бу жиҳатдан Ўзбекистонимиз жаҳоннинг 55-мамлакати ҳисобланади. Мо­домики, биз 197 давлатдан каттароқ майдонга эга эканмизми, кичик мамлакат эмасмиз. Борингки, Италия­дан бир ярим баробар катта­ ҳу­дудимиз бор.
Иккинчи мезон – аҳолининг сонига қараб бўлиниш. Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича 42-давлат ҳисобланади. Бизда бошқа 210 давлатдагидан кўп аҳоли яшайди. Агар бу жиҳатдан ҳам 55-ўринда бўлганимизда дунёдаги ўртача аҳоли зичлигига эга бўлар эдик. Ҳозир эса бизда аҳоли зичлиги дунёдаги ўртача кўрсаткичдан юқорироқ.
Ўрни келгани учун яна бир статистикани эслатиб ўтиш жоиз. Марказий Осиё­даги беш давлатда жами 60 миллион атрофида аҳоли яшайди. Шунинг тенг ярми Ўзбекистонда истиқомат қилади. Шунинг учун ҳам дунёнинг катта-катта давлатлари Марказий Осиё масаласида аввал Ўзбекистонга мурожаат қилади...
Учинчи мезон – иқтисодиёт. Бунда камида икки ма­сала эътиборга олинади. Биринчиси – умумий бойликларнинг аҳоли жон бошига тақсимоти.
Бу жиҳатдан Ер юзида 7 та энг тараққий этган мам­лакат мавжуд. Булар – АҚШ, Канада, ГФР, Буюк Британия, Франция, Италия, Япония. Яна 12 мамлакат (Аргентина, Австралия, Бразилия, Индонезия, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, Жанубий Африка, Жанубий Корея, Туркия, Хитой, Ҳиндистон) қўшилиб, ривожланган давлатлар жами 19 тани ташкил этади. Булар орасида мусулмонлар аҳолининг асосий қисмини ташкил этадиган мамлакатлардан Саудия Арабистони билан Туркия бор, холос.
Иқтисодга баҳо беришда­ги иккинчи мезон – мамлакатда йилдан-йилга иқтисодий тараққиёт юз бераётган­-бермаётганлиги. Бу бўйича хулоса чиқариш учун йилда­ги ялпи ички маҳсулот иш­лаб чиқариш ўтган йилги ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқаришга қиёсан олинади.
Мана, тўрт йилдирки, Ер юзининг ана шу етти энг ривожланган, ўн иккита ривожланган давлати ва Европа Иттифоқи вакили (машҳур «йигирматалик») йиғилиб, жаҳон молиявий-иқ­тисодий инқирозидан қандай чиқиб кетиш йўлларини­ муҳокама қилиб келаяпти.
Нега шу давлатлар вакилларигина йиғилиб, ушбу оламшумул муаммо ечимини­ излайди? Нима учун бу ма­сала муҳокамасига бошқалар­ таклиф этилмайди? Бунинг асосли сабаблари бор.
Ушбу 40 тача (энг ривожланган, ривожланган ва Европа Иттифоқига аъзо) мамлакатда жаҳон аҳолисининг учдан икки қисми, яъни 66 фоизи истиқомат қилади. Агар улар дунё ял­пи­­ маҳсулотининг 66 фои­зини­ ишлаб чиқарса, демак, бу­ ҳу­дудда ўртача ишлаб чи­­қа­риш таъминланган бў­лур эди. Бироқ бу 66 фоиз аҳоли Ер юзида етиштирилаётган жами маҳсулотнинг нақд 90 (!) фоизини ишлаб чиқар­япти-да. Яъни бу – улар жаҳондаги ўртача кўр­саткичдан қарийб бир ярим баробар кўп маҳсулот яратаяпти. Бошқача айтганда, бу ҳудудларда ҳар бир киши ўртача бир ярим кишининг ишини қилаяпти, бир кишига керак бўладиган маҳсулотдан бир ярим баробар кўп нарсага эга ҳам бўлаяпти. Натижада эса, айтайлик, Парижда яшаётган бир ишчи, хоҳласа, бир тишини Токиода даволатиб, иккин­чи­сини­ Вашингтонда тортти­раяпти.
Қолган 212 тача мам­ла­кат­да жаҳон аҳолисининг уч­дан бир қисми, яъни 34 фоизи истиқомат қилади. Меъ­ёрида яшаши учун буларга жаҳонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 34 фоизи керак. Лекин булар дунё маҳсулотининг ҳаммаси бўлиб 10 фоизинигина ишлаб чиқаради. Бошқача айтганда, бир кишига керак­ли ўртача маҳсулотни уч ярим киши истеъмол қилишга мажбур.
Бу мамлакатлар қолоқликдан чиқиши учун ҳаддан ташқари қаттиқ кураш билан тараққий этиши керак. Ҳозир Ўзбекистон, жаҳонда мураккаб молиявий-иқтисодий инқироз кеча­ётганига қарамай, ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича йилдан-йилга олдинлаб бормоқда. 2008 йили 2007 йилга нисбатан 9, 2009 йили 2008 йилга қараганда 8,1, 2010 йили 2009 йилдан кўра 8,5, 2011 йили 2010 йилга қараганда 8,3 фоиз кўп маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Яна бир ютуғимиз шуки, Ўзбекистонимизнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизидан ошмайди.­
Ана шу 34 фоиз аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг катта қисми айнан қолоқлиги туфайли яқин ўтган аср­ларда бировларнинг мустамлакасига айланган. Мустамлака бўлгани учун тараққиётдан баттар ортда қолган. Чунки уларнинг бойликлари таланган, аҳолиси қул қи­линган. Тўғри, булар ҳо­зир эски тушунчадаги мустамлака мамлакатлар эмас. Лекин бу асрий қолоқликни бирданига енгиб ўтишнинг ҳам иложи йўқ-да.
Тўртинчи мезон – ҳар бир мамлакат халқининг ба­шарият тараққиёти, яъни та­маддунига қўшган ҳиссаси. Бу – айнан маънавият дегани.­
Кўҳна тарих мобайнида башарият тамаддуни равнақига улкан ҳисса қўшган мамлакатлар эса у қадар кўп эмас: Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Византия, Саудия­ Арабистони, Миср, Юнонис­тон, Италия, Англия, Франция, Германия, Россия. Мар­казий Осиё давлатларидан Ўзбекистон ҳам шундай мам­лакатлар сирасига киради. Чунки ватанимиз тамад­дун­нинг тамал тошлари қўйилган ҳудудлардан бири экани,­ биздан не-не буюк зотлар етишиб чиққани ҳаммага маълум. Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият – енгил­мас куч» китобида 46 нафар ана шундай буюк шахс­нинг номи тилга олинадики, уларнинг аксарияти ё бевосита бугунги Ўзбекистон ҳудудига, ё бевосита­ ўзбек маданиятига дахлдор.
Маънавият борасида бугун жаҳондаги 13 мамлакат­нинг бири эканимизни барал­ла­ айтиш учун ҳам давлати­миз­ мустақил бўлиши керак­ эди.
Хуллас, истиқлол фикри­миз ва қалбимизни тозалади.­ Йўлимиз – тўғри ва ҳақ. У бизни тараққиёт сўқмоқлари бўйлаб етаклади. Ўзбекистон бошқалар ҳавас қиладиган диёрга айланди.
Аммо булар хамир учидан­ патир, холос. Бизни жуда нур­ли манзиллар кутмоқда. Бу юксак даражаларга етиш учун тинимсиз тараққиёт, та­раққиёт ва яна тараққиёт керак. Ривожланиш суръат­лари эса халқимизнинг, ҳар биримизнинг журъатимизга бе­восита боғлиқ.
Истиқлол бизга шундай журъат берди.
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди