Суд ҳокимияти

(Давоми. Боши ўтган сонда)
 

Судьялар ваколатларини тўхтатиш ва тугатишдаги кафолатлар. Судья ва суд ҳокимияти мус­тақиллигини таъминловчи яна бир кафолат судьялар ваколатини фақатгина қонунда белгиланган асосларда тўхтатиш ва тугатиш масаласидир. Мазкур кафолат умум­эътироф этилган қоида бўлиб, "Суд органлари мустақиллигига доир асосий принциплар"нинг 17,18-моддаларида, шунингдек, миллий қонунчилигимизда ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 112-моддасида "судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин", деб қайд этилган ва бу қоида Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонунида батафсил ёритилган.

Жумладан, қонуннинг 71-моддасига кўра, тўрт ҳолатда судьянинг ваколатларини тўхтатиш мумкин бўлиб, улар қуйидагилар:

- судья жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда;

- судья ўз лавозимига зид фаолият билан шуғулланаётган бўлса;

- судья тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган ёки суд қарори билан муомала лаёқати чекланган бўлса;

- судья суд қарори билан бедарак йўқолган деб топилган бўлса.

Маълумки, қонунга мувофиқ судьялар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутати бўлиши мумкин эмас. Судья вакиллик органлари депутатлигига бўладиган сайлов­олди кампанияларида қатнашса ҳам, у ўз ваколатларини амалга ошира олмайди. Шу нуқтаи назардан, фикримизча, судьялар ваколатининг тўхтатилишига оид 71-моддага қайд этилган ҳолатни қўшимча сифатида киритиш қонун мазмунини янада тўлдиради.

Қонуннинг 72-моддасига мувофиқ, саккиз ҳолатда судьялар ваколатларини муддатидан илгари тугатиш белгиланган бўлиб, қонунда бундай қатъий тартиб белгиланиши судьялар мустақиллигининг муҳим омилидир.

Назоратнинг алоҳида тартиби – судьялар мустақиллиги кафолати. Қуйи судлар фаолиятини юқори суд органлари томонидан назорат қилиш ва текширишнинг одатдагига хос бўлмаган алоҳидалиги ҳам суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш кафолатларидан биридир. Қуйи судларнинг юқори судларга иерархия бўйича бўйсунувига йўл қўйилмайди. Муайян бир ишни у ёки бу тарзда ҳал қилиш тўғрисида юқори суд ўзидан қуйи турган судга кўрсатма беришга ҳақли эмас.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекис­тон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди қўшма Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги "Суд ҳокимияти тўғрисида"ги 1-қарорининг 9-бандида қатъий тушунтириш берилган.

Бундан фақатгина суд органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ва уларни қабул қилиш тартибининг қонунийлиги устидан ўрнатилган процессуал назорат мус­таснодир. Бундай ўзига хос назоратнинг мавжудлиги судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўймайди.

Назоратнинг бундай тизими ички характерга эга бўлиб, ишлар юзасидан қабул қилинган суд қарорларини тегишли шикоят ва протест асосида юқори суд инс­танцияларида апелляция, кассация ва назорат тартибида кўришда намоён бўлади.

Зеро, суд ҳокимияти муайян бир суд идоралари ёки суд раисига эмас, балки у ишни кўришда уч профессионал судьядан иборат судлов ҳайъати, бир судья, икки халқ маслаҳатчисидан иборат суд таркиби ёки якка тартибда иш кўрувчи судьяга тааллуқлидир.

Шунинг учун муайян иш бўйича тўпланган далилларга баҳо бериш ва тегишли қонун санкциясини қўллашда судья ёки суд ҳайъати раҳбар кўрсатмасига эмас, ўзининг ички ишончига асосланмоғи лозим.

Чунки айрим қонун нормаларида белгиланган санкциялар альтернатив характерга эга бўлиб, жазонинг айнан қайси турини ва қайси миқдорда қўллаш бевосита суд жараёнида қатнашган судьянинг ҳуқуқий онги ва ички ишончига боғлиқдир.

Судлар фаолиятини ташкилий ва моддий-техника жиҳатидан таъминлаш. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа манфаатларини сифатли ва самарали ҳимоя қилиш судларни ташкилий ва моддий-техника жиҳатдан таъминлаш билан узвий боғлиқ. Шуни эътиборга олган ҳолда, бир қанча халқаро ҳужжатларда бу масала суд ҳокимияти мустақиллигининг муҳим кафолати сифатида эътироф этилган.

Жумладан, "Суд органлари мус­тақиллигига доир асосий принциплар"нинг 7-бандида: "Ҳар бир аъзо давлат суд органларига ўз функцияларини лозим даражада бажариш имконини берадиган тегишли воситаларни тақдим этиши шарт", — деб кўрсатилган.

Судлар фаолиятининг ташкилий ва моддий-техника таъминоти масаласига Ўзбекистон Республикасида жиддий эътибор қаратилиб, бу соҳага тааллуқли норматив ҳужжатларни халқаро стандартлар даражасига кўтаришда қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. 1993 йил 2 сентябрь таҳриридаги "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 10-моддасида судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилиши белгиланган эди. Суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, 2000 йил 14 декабрь таҳририда қабул қилинган "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ судларни моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш ҳамда уларнинг фаолияти учун зарур шароитлар яратиш ишларини ташкил қилиш махсус ваколатли мустақил орган — Адлия вазирлиги қошидаги Суд департаменти зиммасига юклатилди.

Судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан таъминлаш ваколати у ёки бу органга юклатилишининг суд органлари мустақиллигига таъсири масаласида ҳуқуқшунос олимлар ва амалиётчилар ўртасида турли хил қарашлар мавжуд.

Жумладан, бир гуруҳ олимлар судларни моддий-техника жиҳатидан таъминлаш бевосита муайян давлатдаги энг юқори суд органи томонидан амалга оширилиши лозимлигини ёқлаб чиқишади. Бу қарашлардаги асосий жиҳат шуки, судлар ижро ҳокимиятига қарашли қайсидир органга моддий-техника таъминоти юзасидан боғлиқ бўлмайди.

Бунга акс қарашларда эса, юқори суд органи қуйи суд органларига қонунда белгиланган процессуал қоидалардан ташқари яна моддий жиҳатдан боғлиқ қилиб қўйилиши қуйи судлар мустақиллигининг маълум маънода чекланишига олиб келиши мумкинлиги қайд этилади.

Бир қатор ривожланган демократик давлатлар тажрибасини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, судларни моддий-техника жиҳатидан таъминлаш масаласи турли давлатларда турлича ечим топган.

Жумладан, АҚШ ва бир қанча Европа давлатларида судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан таъминлаш уларнинг мустақиллигига дахл қилмаган ҳолда, Адлия вазирлиги ва уларга қарашли магистратуралар томонидан амалга оширилса, Россия Федерацияси ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг баъзиларида бу функ­ция Олий суд қошидаги Суд департаменти томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатдан таъминлаш махсус ваколатли орган – Адлия вазирлиги қошидаги Судлар департаменти орқали амалга оширилиши, бизнингча, тўғридир. Чунки суд ҳокимияти энди шаклланаётган бир пайтда одил судловни таъминлашдан ташқари яна моддий техника таъминоти билан шуғулланиши судларнинг асосий вазифасига салбий таъсир кўрсатади.

Ҳокимиятнинг мустақил бўғини сифатида суд ҳокимиятига тегишли бинолар уларнинг қонунда белгиланган юксак мақомига муносиб бўлиши шакл жиҳатидан суд ҳокимияти мустақиллигининг бир кўриниши ҳисобланади.

Кейинги йилларда суд тизимида бўлган ўзгаришлар, хусусан, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва туманлараро судларнинг ташкил этилиши қисқа вақт ичида уларни тегишли маъмурий бинолар ҳамда ташкилий техника воситалари билан таъминлаш заруратини келтириб чиқарди.

Шу нуқтаи назардан, жойлардаги судларнинг моддий-техника таъминоти масаласига мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилнинг 18 мартда қабул қилинган "Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарорининг 3-бандида белгиланганидек, "умумий юрисдикция судлари биноларини қуриш ва таъмирлаш, уларни зарур анжомлар, компьютерлар ва бошқа замонавий ташкилий техника воситалари билан таъминлаш жамғарманинг биринчи навбатдаги вазифаси ҳисобланади".

Судьялар мустақиллигини таъминлашнинг кафолатлари қаторида уларнинг моддий таъминоти масаласи халқаро стандартларга мувофиқ равишда Ўзбекис­тон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонунида ўзи ифодасини топган. Жумладан, қонуннинг 67-моддасида судьялар мус­тақиллигини таъминлашда судья­га давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш назарда тутилган.

Судьялар мустақиллигининг айрим масалалари. Судья­лар ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш учун, фикримизча, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига мутаносиб равишда суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида қуйидаги долзарб масалаларни кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Биринчидан, суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 17 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича Олий малака комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони преамбуласида қайд этилган "суд корпуси барқарорлигини" таъминлашга қаратилган пировард мақсад муҳим аҳамият­га эга. Барқарорлик эса, бир ваколат муддати давомида фаолият юритган судьянинг навбатдаги ваколат муддатига тайинланишда фақат қонунда белгиланган асосларга қатъий амал қилиш орқали таъминланади.

Албатта, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш фаолиятида қонунларга оғишмай амал қилиши, судьялик шаънига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этмаслиги тегишли малака ҳайъатлари, жамоатчилик ва бошқалар эътиборида бўлади. Агарда, бирон-бир судья шундай ножўя хатти-ҳаракатлар содир этса, бу ҳақдаги маълумотларни унинг ваколат муддати тугашини кутиб турмасдан, ўз вақтида тегишли малака ҳайъатлари ва Олий малака комиссияси қошидаги суд инспекциясига тақдим этиш ва текшириш, ахборот тасдиғини топганда бундай судья томонидан келажакда шу каби ҳолатлар қайта такрорланмаслиги учун қонунда белгиланган тартибда тегишли чораларни кўриш лозим.

Судьялик шаънига номуносиб хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни тўплаб, уларни фақат судьянинг ваколат муддати тугагач тақдим этиш, биринчидан, судьянинг бундай номуносиб хатти-ҳаракатларни давом эттиришига йўл очиб берса, иккинчидан, номзод ҳужжатларининг қонунда белгиланмаган асослар билан қайтарилишига олиб келиши мумкин. Ваҳоланки, тегишли малака ҳайъати томонидан ҳужжати навбатдаги ваколат муддатига тақдим қилинган номзод албатта Олий малака комиссияси мажлисида муқобиллик тартибисиз шахсан иштирок этиши ва тегишли тартибда синовдан ўтиши керак;

иккинчидан, тайинланадиган ёки сайлаб қўйиладиган судьяларнинг ваколат муддатини узайтириш масаласини кўриб чиқиш долзарбдир. Мазкур масала юзасидан амалиётчилар ва ҳуқуқшунос олимларда турлича ёндашувлар мавжуд бўлса-да, хавотирга соладиган асослар йўқ. Чунки, судья ўз шаънига номуносиб хатти-ҳаракат содир этганда ҳам бу у пенсияга қадар фаолият юритади деган гап эмас, албатта. Зеро, судьяларни қонун бўйича вақти-вақти билан тегишли малака ҳайъатларида аттестациядан ўтказиб туриш йўли билан профессионал даражасига баҳо берилса, одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун, суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун, шунингдек, хизмат борасидаги ёки обрўсига путур етказадиган хатти-ҳаракати учун тегишли малака ҳайъатлари қарори билан судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиши мумкин; 

учинчидан, иш ҳажмининг тўғри белгиланиши ва тўғри тақсимланиши ҳам судьяларнинг мустақиллигига муайян даражада таъсир қилади. Иш ҳажмининг ҳаддан зиёд кўплиги, яъни бир судья томонидан кўриладиган ишлар сонининг кўплиги палапартишликка ва кўплаб хатоларни содир қилишга, суд қарорлари бекор бўлиб, судьянинг сифат кўрсаткичлари ёмонлашишига олиб келади.

Аҳоли сонининг ўсиши, судларда кўрилаётган фуқаролик, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар сонининг йил сайин ортиб бораётгани бир судьяга тўғри келадиган иш нормасини илмий асосланган ҳолда қайта кўриб чиқиш, шунинг асосида судьялик лавозими ёки судьяга кўмаклашувчи техник ходимлар (консультант, судья ёрдамчиси) штат бирликларини кўпайтириш заруратини келтириб чиқаради. Мамлакатимиз раҳбари "Ҳар юз минг аҳолига бизда судлар, масалан, Германияга нисбатан 6 марта ва адвокатлар АҚШдагига нисбатан 55 марта кам", деб мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратган эди.

Шунинг учун судьяларнинг иш нормасини ва шунга мувофиқ судьялар штат бирлиги масаласини кўриб чиқиш фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари янада самарали ва сифатли ҳимоя қилинишини таъминлайди, судьялар ва суд ҳокимияти мустақиллиги кафолатларини янада кучайтиради;

тўртинчидан, судьялик фаолияти ишни судга тайёрлаш, тарафлар, гувоҳлар, жабрланувчи ва процесснинг бошқа иштирокчиларининг суд мажлисида иштирокини ташкил этиш, ишга оид тегишли ҳужжатларни талаб қилиш, экспертизалар тайёрлаш каби кўплаб процессуал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ. Бундай кенг қамровли ишларни бажариш судья­дан маълум вақт ва эътиборни талаб қилади. Шунинг учун техник ва ташкилий характерга эга бўлган бундай вазифалар билан шуғулланувчи кўплаб ривожланган давлатлар суд тизимида мавжуд судья ёрдамчиси (олий маълумотга эга бўлган юристлардан иборат) штат бирлигини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Судья ёрдамчиси лавозими юқоридаги вазифаларни ҳал этиш билан бирга суд тизими олдида турган яна бир муҳим масала – профессионал жиҳатдан етук судьялар захирасини шакллантиришнинг энг асосий манбаи бўлади;

бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом ­Каримовнинг ташаббуси билан умумий юрисдикция судларининг ихтисослаштирилуви, яъни фуқаролик ва жиноят ишларининг алоҳида-алоҳида судларда кўрилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтирди.

Натижада фуқароларнинг судларга бўлган ишончи ортиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш юзасидан мурожаатлари йил сайин кўпайиб борганини кузатиш мумкин. Масалан, 2000 йилда фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаатлар сони 90 мингта, судьянинг ўртача бир ойлик иш ҳажми 25 тани ташкил этган бўлса, 2007 йилда мурожаатлар сони 529 мингтани, судьянинг ўртача бир ойлик иш ҳажми эса 317 тани ташкил этган. Фуқаролик ишлари бўйича ҳужжатлар бевосита суд жараёнида тўпланишини, судьялар ишларни у тумандан бу туманга қатнаб кўришини эътиборга оладиган бўлсак, иш ҳажмининг бир мунча юқори экани кўринади.

Маъмурий ва жиноят ишлари бўйича судларнинг барча туман ва шаҳарларда мавжуд бўлгани ҳолда фуқароларнинг бевосита ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фуқаролик судларининг туманлараро судларга бўлиниши бу соҳада ислоҳотлар охирига етказилишини, яъни барча туман ва шаҳарларда фуқаролик ишлари бўйича судларни ташкил этишни тақозо этади; 

олтинчидан, Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 79-моддасига мувофиқ судларни молиялаш, уларнинг моддий-техника таъминоти, биноларни қўриқлаш ва сақлаб туриш республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Ажратиладиган маблағларнинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Суд ҳокимиятининг моддий жиҳатдан мустақиллигини таъминлаш, судларда ахборот-коммуникация тизимини кенгроқ жорий этиш, судларни замон талабига мос равишда жиҳозлаш мақсадида Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш жараёнида суд харажатлари билан боғлиқ моддалар муҳокамасида ҳукумат билан суд ҳокимиятининг ўзаро ҳамкорлиги масаласини ҳуқуқий тартибга солиш мақсадга мувофиқ;

еттинчидан, мамлакатимизда на қонун чиқарувчи ва на ижро этувчи ҳокимиятнинг бирон-бир мансабдор шахсининг моддий таъминоти масаласи қонун нормасида алоҳида урғу бериб кўрсатилмаган. Фақатгина судьянинг моддий таъминоти барча демократик давлатлар конституциялари ва қонунларида белгиланганидек, юқори миқдорда бўлиши миллий қонунчилигимизда эътироф этилган. Шунингдек, судья холис ва беғараз бўлиши учун ҳақ тўланадиган бошқа фаолият тури билан шуғулланишига қонун билан тақиқ ўрнатилган. Шундай бўлгач, судьянинг моддий таъминоти қонунда белгиланган унинг "юксак мақомига" монанд ўзи ва оила аъзоларининг муносиб равишда турмуш кечириши учун етарли бўлиши керак.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш Республика «Ижтимоий фикр» маркази томонидан "Судьянинг ижтимоий ва профессионал портрети" мавзуида судьялар ўртасида ўтказилган аноним сўровномада иштирок этган судьяларнинг 43 фоизи моддий таъминот судьялар мустақиллигининг муҳим кафолати ва суд органларида коррупциянинг олдини олишнинг муҳим шартларидан бири эканини кўрсатишган;

саккизинчидан, судьяларнинг эгаллаб турган лавозими ва иш стажига қараб уларга тегишли малака даражалари берилади. Малака даражалари, бир томондан, судьяларни профессионал билимлари ва иш тажрибасини янада юқори даражага кўтаришга йўналтирувчи омиллардан бири бўлса, иккинчи томондан уларнинг моддий таъминоти, яъни ойлик маошига қўшимча ҳақ тўлаш воситасидир. Шунингдек, судьянинг иш стажи давомийлигига мутаносиб равишда ойлик маошига қўшимча ҳақ тўлаш ҳам уни моддий рағбатлантириш воситасидир.

Судьяларнинг малака даражалари ва иш стажи учун ойлик маошларига қўшиб бериладиган қўшимча ҳақ миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 9 июлдаги 343-Қарори билан белгилаб берилган бўлиб, унинг миқдори Ички ишлар вазирлиги, божхона ва бошқа хизмат ходимларига бериладиган шундай қўшимча ҳақ миқдоридан бир мунча паст. Шунинг учун, ойликка қўшиб бериладиган қўшимча ҳақ миқдорини кўтариш судьялар мустақиллигини таъминлаш ва улар мунтазам ўз профессионал билимлари ва касб-малакасини ошириб боришининг муҳим омили бўлади;

тўққизинчидан, 1993 йил таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунида судья сайланган (тайинланган) кундан бошлаб олти ой ичида уй-жой билан таъминланиши белгиланган эди. Янги таҳрирдаги қонунда судьяларнинг моддий таъминоти билан боғлиқ ушбу қоида чиқариб ташланган. Республикада фаолият юритаётган судьяларнинг аксарияти доимий турар-жойи бўлмаган туман ва шаҳарларда ишлаётганини эътиборга олсак, уларни хизмат квартиралари билан таъминлаш масаласини қонунда белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Шу нуқтаи назардан судьяларнинг ваколат муддати беш йил қилиб белгилангани, навбатдаги ваколат муддатида бошқа жойга тайинланиши ёки сайланиши мумкинлигини эътиборга олиб, уларни хизмат турар-жойлари билан таъминлаш тўғрисидаги қоидани Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонунига киритиш суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигини таъминлаш омилларидан бири бўлади.

 
 

Бахтиёр ЖАМОЛОВ,

тадқиқотчи