Оила — жамият таянчи

Оила ва унинг жамиятдаги ўрни масаласини ҳуқуқ, тарих, социология, психология, педагогика, демография, этика сингари фанлар асрлар мобайнида ўрганиб келмоқда. Шундан ҳам оила жамиятнинг минг йиллар давомида шаклланиб, аҳолининг кўпайиши, ёш авлод тарбияси ва ижтимоий мослашувида муҳим бўғин ҳисобланишини билса бўлади. Дарҳақиқат, оила жамиятнинг соғлом ва баркамол авлодни камолга етказувчи табаррук масканидир. Инсоннинг илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари дастлаб оила бағрида шаклланади.

Бошқа тарафдан оила никоҳ ришталари билан боғланган ва қон-қариндошликка асосланган инсоний муносабатлар инъикосидир. Унинг таг заминида меҳр-муҳаббат, масъулият ва ўзаро ҳамкорлик, қўллаб-қувватлашдек қадриятлар мужассам.

Дарҳақиқат, оила орқали авлодлар алмашинуви юз бериб, инсоният насли бардавомлиги таъминланади, бола тарбияси, ёш авлоднинг жамиятга мослашуви – шахс тарбияси амалга ошади. Бу жиҳатдан оила жамиятдаги меҳнат ёшига етмаган ёки ёши ўтган аҳоли қатламларини муҳофаза қилишнинг асрлар давомида шаклланган кўринишидир.

Тараққиётнинг дастлабки босқичларида эр ва хотин муносабатлари турли анъаналарга, диний ва ахлоқий қадриятларгагина асосланган бўлса, кейинчалик давлат пайдо бўлиши билан бу муносабатларнинг ҳуқуқий доираси кенгайиб, давлат органларининг ҳам назорат объектига айлана борган.

Мамлакатимизда оилага жамиятнинг асосий, муҳим бўғини сифатида қаралади. Зеро, комил инсон, аввало, оилада тарбия топади, улғаяди. Соғлом оилавий муҳитни шакллантириш ва шу орқали соғлом авлодни камол топтириш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгиланган. Ана шу сиёсатнинг ҳуқуқий асоси, биринчи навбатда, Ўзбекистон Конс­титуциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Унинг учинчи бўлим ХIV боби "Оила" деб номланган.

Мазкур бобда жамиятнинг етакчи бўғини саналмиш оиланинг жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, бошқа давлатлар конституциясида учрамайдиган, миллий менталитетимизга хос фазилатлардан келиб чиқиб, ота-оналар фарзандларини вояга етгунига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги, ўз навбатида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилиши конституциявий мажбурият сифатида мустаҳкамланган.

Таъкидлаш жоизки, оила халқимиз учун миллатнинг кўп асрлик анъаналари ва руҳиятига мос бўлган ғоят муҳим ҳаётий қадриятлардан биридир. Конституциямизнинг 63-моддасида оила қадри ўзининг шундай юридик талқинини топган: "Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади".

Оилага оид ҳуқуқий муносабатлар ривожлантирилган Оила кодексида қон-қариндошлик, болаларнинг насл-насабини белгилаш, ота-она ҳамда болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, оила аъзоларининг ҳамда бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш шакллари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахс­лар иштирокидаги оилавий муносабатларни тартибга солишга оид ва бошқа қоидалар белгиланган. Бир сўз билан айтганда, истиқлол йилларида мамлакатимизда оила манфаатларини таъминлаш ва унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида етарлича қонунчилик асослари яратилди.

Республикамизда оила институтининг нуфузини оширишга, унинг манфаатларини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қараб келинмоқда. Шу мақсадда оиланинг ҳуқуқий манфаатлари ҳимоясини кафолатловчи қонунчилик асослари яратилиб, шу билан боғлиқ зарур инс­титуционал тузилмалар қарор топди. Шунингдек, оилаларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва бошқа соҳаларда кўмаклашувчи ва фуқароларга бу масалаларда амалий ёрдам берувчи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга эътибор кучайди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга давлат томонидан ғамхўрлик кўрсатиш, оила фаровонлигини ошириш учун зарур ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратилди.

Никоҳнинг тегишли давлат органида қайд этилиши унинг юзага келганлигини исботловчи бирдан-бир далилдир. Никоҳнинг ҳуқуқий жиҳатдан қайд этилиши билан нафақат эр ва хотин, балки уларнинг иттифоқини санкцияловчи давлат мажбуриятлари ҳам пайдо бўлади. Шу боис, оила қуриш истагида бўлган ёшларимизга оиланинг нечоғли муҳим ва масъулиятли эканини англатиш, соғлом оилани шакллантириш ва оилада юксак маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш учун зарур шарт-шароит яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Бу жараён, ўз навбатида, ФҲДЁ органлари олдига ҳам бир қанча масъулиятли вазифалар қўймоқда. Никоҳланувчиларнинг белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиши, келажакда уларнинг эр-хотин, ота-она сифатидаги ҳуқуқ ва бурчлари, никоҳ масъулияти, қон-қариндошлик муносабатларининг аҳамияти борасидаги тушунтириш ишлари самарасини ошириш шулар жумласидандир.

Ҳамза туман ФҲДЁ бўлимида шу кунга қадар 1030 та никоҳ қайд этилган. Демак, жамиятимиз яна шунча оила ҳисобига кенгайган. Албатта, оила қуриш ҳар бир инсон ҳаётида муҳим воқеа саналади. Шу билан бирга, бу масала шахсий, хусусий доирадан чиқиб, ижтимоий аҳамият ҳам касб этади. Шуни ҳисобга олиб, ёш оилаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича аҳоли ўртасида давра суҳбатлари ўтказиб келаяпмиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-қарори билан тасдиқланган "Никоҳланувчи шахс­ларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида"ги Низомга кўра, ФҲДЁ бўлимига никоҳдан ўтиш учун ариза берган шахсларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. Агар тиббий кўрикдан ўтиш тартиби бузилиб, никоҳ тузилса, бундай никоҳ суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Мазкур йўналиш бўлимимиз томонидан доимий эътиборда тутиладиган масалалардандир.

Зеро, ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом оиланинг дунёга келиши юрт ва миллат тақдирига дахлдор масаладир. Шундай экан, соғлом оила вужудга келиши учун, энг аввало, жамият ва давлат қуйғуриши, шунга замин яратиб бериши лозим. Бунинг учун эса бизда мукаммал ва мустаҳкам ҳуқуқий асослар мавжуд.

 
Шоҳиста Пўлатова,
Тошкент шаҳар Ҳамза тумани
ФҲДЁ бўлими мудири