Ҳуқуқ ва эркинликлар кафолати йўлида

Ҳар бир инсоннинг камолоти, эркинлиги, юксак турмуш даражаси, фаровон ҳаёт кечириши ва меҳнат қилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш Конституциямизнинг мазмунини ташкил этади. 

Конституцияга кўра, Ўзбекистон Республикасида қонунлар ижросини назорат қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси прокуратура органларига юклатилган. Мирзачўл туманида ҳам шу йўналишда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ноқонуний актларни бекор қилиш ва қонунга мувофиқлаштириш юзасидан 69 та протест, қонунбузилишларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича 101 та тақдимнома киритилди. Жиддий қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 9 миллион 876 минг сўмлик зарар ихтиёрий равишда ундирилди, судларга 21 млн 647 минг сўмлик даъво аризалари киритилди.

Асосий эътибор аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат ва бандлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кредит маблағларининг сарфланиши, банклар ва нақд пул эмиссияси, бозорлар тўғрисидаги қонунлар ижросига қаратилмоқда.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар ижроси юзасидан 2 маротаба текшириш ўтказилиб, натижасига кўра 12 протест, 11 та огоҳнома, 7 та даъво аризаси киритилди.

Хусусан, туманнинг айрим қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари фуқароларга қонунга зид равишда нафақа тайинлаб, давлат ва жамият манфаатларига зарар етказганлар. Фуқаролар йиғинлари раислари томонидан нотўғри тайинланган нафақа пулларининг 2 миллион 116 минг сўми дастлабки тергов жараёнида ундирилди.

Жумладан, тумандаги "Ипак йўли" қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ш.Абдураҳимов 16 ёшгача бўлган фарзандли оилаларга 21 ҳолатда жами 2.854.538 сўм нафақани нотўғри тайинлагани юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов жараёнида етказилган зарар тўлиқ қопланди.

Давлат мулки ва бюджет маблағларининг сарфланиши тўғрисидаги қонунлар ижроси юзасидан 4 марта текшириш ўтказилиб, натижасига кўра 8 та протест киритилиб, 22 нафар шахс қонун бузилишига йўл қўймаслик хусусида огоҳлантирилди. 23 нафар шахсга нисбатан маъмурий, 8 нафар шахсга нисбатан моддий жавобгарликка доир иш қўзғатилиб, 507 минг сўмлик моддий зарар ихтиёрий равишда қопланди. Чунончи, З.Шиндаулетова Агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежида хазиначи бўлиб ишлаб келиб, 372000 сўм пулни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиб юборгани аниқланди.

Туман прокуратураси томонидан кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш, деҳ­қон-фермер хўжаликлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ижроси юзасидан мунтазам равишда текширишлар ўтказилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида самарали прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.

Жумладан, Мирзачўл сувдан фойдаланувчилар уюшмасидаги "Жаппар" фермер хўжалиги раиси К.Молдабеков "Пахтабанк"нинг Мирзачўл туман бўлими томонидан қишлоқ хўжалик техникаси сотиб олиш мақсадида ажратилган кредит маблағи Фориш туманидаги бошқа фермер хўжалигига ўтказилгани ва ажратилган кредит маблағи учун нотўғри фоиз ҳисоблангани бўйича туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган. К. Молдабеков келтириб ўтган важлар прокуратура томонидан текширилиб, "Жаппар" фермер хўжалигига етказилган 16 млн. 557 минг сўмлик зарар тўлиқ равишда қопланишига эришилди.

Президентимизнинг шу йил 8 июлда қабул қилинган "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ҳам Конституциямизда кўзда тутилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек эзгу мақсадга қаратилган. Шу боис, туман прокуратураси томонидан мазкур қарор ижросини таъминлашга алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда. Мирзачўл тумани Қозо­ғистон билан чегарадош бўлгани сабабли ушбу турдаги жиноятчилик хавфи юқори. 2008 йилнинг биринчи ярмида одам савдоси билан боғлиқ 10 та ҳолат аниқланиб, 8 та жиноят иши қўзғатилди. Жумладан, 1958 йилда Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида туғилган фуқаро А. Менглиев Гагарин шаҳрида яшовчи М. Темиров, Ж. Темиров, Э. ва У. Тошмуродовларни Қозоғистонда ишга жойлаштириш мақсадида Олмаота шаҳрида яшовчи Бауржон исм­ли шахсга 1 миллион сўмга сотиб юборган. Айб­дорнинг жинояти фош қилиниб, тегишли жавобгарликка тортилди.

Бир сўз билан айтганда, одамларимизнинг фаровон, эркин ва бахтли турмуш кечиришлари учун Конституциямизда барча ҳуқуқий меъёрлар белгилаб берилган. Бу меъёрларни ҳаётимизга жорий қилиш, барчанинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлигига эришиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

 
Бахтиёр Аралов,
Мирзачўл туман прокурори