Конституциявий тамойилларнинг амалдаги ифодаси

Ўзбекистон халқи асрлар давомида орзу қилган озод ва обод Ватан, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг илк ҳуқуқий пойдевори 16 йил муқаддам қўйилганлиги ҳамон ёдимизда. Президентимиз Ислом Каримовнинг бевосита раҳбарлигида мустақилликка эришган Ўзбекистон собиқ Иттифоқ республикалари орасида биринчи бўлиб ўз Конституциясини қабул қилди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз Асосий қонунининг давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида қанчалик катта аҳамият касб этганига барчамиз гувоҳмиз. Бош қомусимиз халқимизнинг хоҳиш-иродасини, донишмандлигини, ижтимоий тафаккурини ўзида акс эттирган қиёси йўқ ҳуқуқий ҳужжат эканини халқаро жамоатчилик ҳам эътироф этди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 16 йиллигига бағишланган тантанали маросимда "Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш – бизнинг олий мақсадимиз" деб номланган маърузасида Асосий қонуннинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритиб: "Конституциямиз юртимизда демократик давлат қуриш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини барпо этиш бўйича энг муҳим тамойиллар, қоида ва меъёрларни ўзида мужассамлаштириб, жамиятимиз ҳаётининг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда", дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, қонун устуворлигининг, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши, барчанинг қонун олдида тенглиги ҳуқуқий демократик давлатнинг энг муҳим белгилари ҳисобланади. Конституцияда бу масалаларга кенг ўрин берилиб, "Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари" бўлимида ўзининг тўлиқ ифодасини топган. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида улуғланади.

Инсон табиатнинг ноёб мўъжизаси, жамики энг яхши нарсалар унинг учун яратилган. Собиқ Иттифоқ замонида эса, ана шу ҳазрати инсон манфаатларига иккинчи даражали масала деб қаралиб, давлат манфаатлари устун қўйилган эди. Ўзбекистон Конституцияси бундай ижтимоий адолатсизликка барҳам берди. "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар", дейилади Конституциянинг 2-моддасида. Бу билан фуқаролар манфаатининг устунлиги кафолатланган. Зеро, ислоҳотларнинг асл моҳияти инсон ва унинг фаровон, бахтли турмуш кечириши учун муносиб шарт-шароит яратишга қаратилган. Бугунги кунга келиб Конституциянинг бошқа шу каби қоидалари ҳаётимизга изчил татбиқ этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 майдаги "Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида"ги Фармони юртимизда инсон ҳуқуқлари масаласига бўлган эътиборнинг устувор даражада эканини яна бир карра тасдиқлади. Маълумки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатдир. Эндиликда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш масаласига жамиятни ривожлантиришнинг, давлатимиз бутун ташқи ва ички сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда. Президентимизнинг мазкур фармони билан тасдиқланган тадбирлар дастурида ҳуқуқ-тартибот органлари олдига бир қанча муҳим вазифалар қўйилди. Жумладан, прокуратура органлари ҳам мазкур фармон ва декларациянинг аҳамиятини оммага тушунтириш юзасидан кўплаб тадбирларни амалга оширдилар. Бундай тадбирларга кенг ўрин берилиши бежиз эмас, албатта. Негаки, декларациянинг кўплаб қоида ва меъёрлари Конституциямизда ҳамда шу асосда қабул қилинган, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайдиган қонунчилигимизда ўз ифодасини топган.

Конституциявий тамойилларнинг ҳаётимиздаги ифодаси ҳақида гапирар эканмиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизациялашнинг муҳим таркибий қисми бўлиб қолганини таъкидлаш жоиз. Жазо тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш борасида инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга йўналтирилган жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Ўтган давр мобайнида суд-ҳуқуқ тизими янги концепция асосига қурилди. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, судлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши самарадорлигини оширишга, судларни жиноий, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар изчил амалга оширилди. Яна бир муҳим ўзгариш прокуратура органларининг фаолияти билан боғлиқдир. Жумладан, тегишли қонунларга прокурор ва адвокат ҳуқуқларининг тенглигини таъминлашга, прокуратура органларининг суд жараёнига аралашувини чеклашга қаратилган ўзгартишлар киритилди.

Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши эса инсон ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини янада кучайтириш йўлидаги дадил қадам бўлди. "Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун қабул қилиниши муносабати билан Жиноят кодексига "Ярашилганлиги муносабати билан жиноий жазодан озод қилиш тўғрисида"ги 661-модда киритилди. Бу модда билиб-билмай жиноятга қўл урган, қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлган айрим фуқаролар учун катта имконият яратди.

Шунингдек, жиноятларни таснифлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Ўта оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига кирувчи ҳамда ижтимоий хавфсиз жиноий хатти-ҳаракатлар таркиби кенгайтирилди. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига унга муқобил жарима тури амалиётда кенг қўлланила бошлади.

Конституция мазмун-моҳиятига сингдирилган бағрикенглик ва инсонпарварлик вояга етмаганлар, хотин-қизлар ва кексаларга нисбатан қўлланадиган жазо тизимининг қайта кўриб чиқилишида ҳам ўз ифодасини топди. Тегишли қонунларга ўзгартишлар киритилиб, уларга жазо та­йинлашда бир қатор енгилликлар назарда тутилди. Жиноий ишларни кўриб чиқиш тартиби бир мунча соддалаштирилди, ишни тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилди. Қонунчилигимиздаги бу каби ўзгаришларнинг нақадар тўғри бўлганини ҳуқуқни қўллаш амалиё­ти тасдиқлаб турибди.

Конституцияда улуғланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясининг таъминланишига бевосита дахлдор бўлган икки муҳим воқеа нафақат мамлакатимиз, балки дунё халқларининг ҳам эътиборини тортди. Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан мамлакатимизда 2008 йил 1 январдан ўлим жазосининг бекор қилингани, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши давлатимиз инсон ҳуқуқлари ғоясига изчил амал қилиб келаётганига ёрқин мисол бўла олади.

Маълумки, "Прокуратура тўғрисида"ги Қонун Конституциямиз билан бир вақтда қабул қилинган эди. Ушбу қонун асосида прокуратура органлари мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, туб ислоҳотлар самарасини таъминлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш борасида катта ишларни амалга оширди.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар прокуратура тизимини қайта   ташкил этиш, ривожлантириш ва такомиллаштириш масалаларини ҳам қамраб олди. Бунга эса Конституциямизда акс этган, бевосита прокуратура фаолиятига тааллуқли бўлган моддалар ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Қонун устуворлиги тамойили Конституцияда ўзининг оқилона ечимини топди. Унинг 118-моддасига мувофиқ, республика ҳудудда қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

2004 йил 29 ав­густда "Прокуратура тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши фаолиятимизда жиддий бурилиш ясади. Ундаги энг муҳим янгилик — прокуратуранинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш функцияси кучайтирилганидир. Қонунга фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига риоя қилиш устидан назоратга доир алоҳида янги боб киритилиб, прокуратура органларининг бу йўналишдаги вазифалари, ваколатлари аниқ белгилаб берилди. Унга кўра, прокуратура органлари ўз ваколатлари доирасида инсон ва фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини тажовузлардан ҳимоя қиладиган органга айланди.

Бизнинг энг катта ютуқларимиздан бири шундан иборатки, бугунги кунда халқимиз прокуратурани давлатнинг жазолаш аппарати эмас, балки, биринчи навбатда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, қолаверса, хўжалик субъектлари ва жамият манфаатларини ҳимоя қиладиган орган деб билади. Юртбошимизнинг "Прокуратура халқ устидан назорат қилмаслиги, аксинча, унга хизмат қилиши керак", деган талаби шу тариқа кундалик фаолиятимизда ўз ифодасини топмоқда.

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат биринчи галда қонун устуворлиги тамойилига таянади. Конституцияда белгилаб қўйилганидек, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлаш тамойили асосида амалга ошириши шарт. Бу эса, прокуратура органлари зиммасига алоҳида масъулият юклаш билан бирга унинг жамиятдаги нуфузи ошишига хизмат қилмоқда.

Мустақиллик йилларида ижтимоий ҳимоя масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келди. Кучли ижтимоий ҳимоя принципи, аввало, қонун устувор бўлгандагина рўёбга чиқади. Бош қонунимизда "вояга етмаган, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир", деб мустаҳкамлаб қўйилгани бежиз эмас. Мустақиллик йилларида халқимизнинг асрлар давомида тўпланган тажрибалари асосида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг янги механизми ишлаб чиқилди. Давлат, энг аввало, аҳолининг ижтимоий мададга муҳтож табақаларини ҳимоя қилишни ўз зиммасига олди. Бу иш ҳақи ва пенсияларнинг энг оз миқдорларини кафолатлашда, ҳаётий муҳим маҳсулотлар билан меъёрланган миқдорда таъминлашни ташкил этишда, товон тўловлари ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишда ўз ифодасини топди. Меҳр-оқибат ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, айниқса, ногиронлар, ёлғиз кексалар ва кам таъминланган оилалар, умуман, ёрдамга муҳтож ҳар бир инсон давлат ва жамият эътиборидан четда қолмаяпти.

Ҳаётимизда, теварак-атрофимизда бўлаётган ўзгаришларни кузатар эканмиз, бир нарса эътиборимизни тортмасдан қолмайди. Биз билан ёнма-ён яшаб меҳнат қилаётган одамларнинг тафаккур тарзи ва дунёқарашида, ҳаётга муносабатида жиддий ўзгаришлар юз берди. Буни пайқамай иложимиз йўқ. Бугунги ҳақ-ҳуқуқини таниб, давлат идораларига келиб талаб қилишга ўрганаётган фуқаро билан 16 йил аввалги фуқаро ўртасида катта фарқ кўзга ташланади. Мустабид тузумнинг ижтимоий кишанларидан халос бўлиб, ҳуқуқий онги юксалиб бораётган фуқароларнинг сафи тобора ортиб бораяпти.

Хусусий мулкнинг тан олиниши ва қонун билан ҳимоя қилиниши иқтисодиётдаги ислоҳотларнинг негизини ташкил этди. Конституция берган кафолат туфайли юртимизда мулкдорлар табақаси шаклланди, хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати кенг қулоч ёйди. Мулк­нинг давлат тасарруфидан чиқарилиши, хусусийлаштириш жараёнлари кўп тармоқли иқтисодиёт тизимини вужудга келтирди. Бугунги кунда қайси соҳани олиб қарамайлик, хусусий секторнинг мамлакат ишлаб чиқаришидаги ялпи улуши тобора ортиб бормоқда. Тадбиркорлар, фермерлар, хуллас, хусусий мулк эгалари ўзларининг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун ҳимоясида эканини ҳар қадамда ҳис этиб, эмин-эркин меҳнат қилаяпти. Ислоҳотлар шароитида бу каби муҳим ўзгаришларнинг барчаси халқимизнинг мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга сафарбар этилган прокуратурага бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

2008 йил ҳам "Ёшлар йили" номи билан тарих мулкига айланди. Бу йилда халқимиз ҳаётида, хотирамизда муҳрланиб қолган тарихий ўзгаришлар, унутилмас саналар кўп бўлди. "Ёшлар йили" Давлат дастури асосида амалга оширилган буюк бунёдкорлик ишларининг кўламини тасаввурга сиғдириш қийин. Ёшларнинг манфаатларини янада тўлиқ таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш устида улкан ишлар олиб борилди. Бу йўналиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг 13 та қарори, 1 фармойиши қабул қилинди, қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бу ҳужжатларнинг ижроси устидан назорат қилиш прокуратура органларининг доимий диққат марказида бўлиб келди.

Ёшларнинг ҳар томонлама камол топиши, фаровон яшаши учун давлатимиз доимий ғамхўрлик кўрсатиб, етарли миқдорда маблағлар ажратаяпти. "Ёшлар йили" Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун 1 триллион 248 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлангани шундан далолат беради. Бунинг эвазига ўтган даврда 184 та замонавий лицей ва коллеж бунёд этилди, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. 2008 йилда республикамиз бўйича 660 мингта янги иш ўрни ташкил этилди. Минглаб ёшлар ўзлари танлаган касб-ҳунар бўйича иш билан таъминланди. Бундай тадбирларда прокуратура органлари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 16 йиллигига бағишланган тантанали маросимда янги 2009 йил Юртбошимиз томонидан "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" деб номланди. Бундан кўзланган мақсад қишлоқ аҳолисининг турмушини янада фаровон қилиш, қишлоқларимизни обод ва гўзал масканларга айлантиришдир. Зеро, бу — Ватанимиз келажаги билан боғлиқ масала.

Қишлоқларимизни ҳар томонлама ривожлантириш ва обод этиш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ҳар доим давлатимиз эъти­борида бўлиб келган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 11 мартдаги "Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишга қаратилган қонунларнинг бажарилишини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ана шу мақсадда қабул қилинди. Ушбу фармон асосида прокуратура таркибида қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ташкил этилди. Умуман, ўтган йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга оид амалдаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш юзасидан катта ишлар қилинди.

Мамлакатимизда аграр сектордаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш учун улкан имкониятлар мавжуд. "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили"да ана шу имкониятларни рўёбга чиқаришда прокуратура органлари ҳам алоҳида ўрин эгаллашига аминмиз.

 
Ниғматулла Йўлдошев,
Ўзбекистон Республикаси
Бош прокурорининг ўринбосари