Ёшлар ҳуқуқ ва манфаатлари доимий эътиборда

Бугунги кунда жамиятимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган. "Ёшлар йили" сифатида тарих саҳифаларига муҳрланаётган 2008 йил ҳам ана шундай эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда самарали ва салмоқли босқич бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, амалга оширилган бу ҳаётбахш ўзгаришлар, эришилаётган муваффақиятларда жамиятимизни ривожлантириш ва ислоҳ этишнинг, давлат бошқаруви ва тараққиётининг ҳуқуқий асосини белгилаб берган Ўзбекистон Конституциясининг аҳамияти беқиёс.

Конституциямизда фуқаролар, хусусан ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш энг асосий қадрият сифатида мустаҳкамлаб қўйилди. Жумладан, унинг 45-моддасида вояга етмаганлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги мустаҳкамланган бўлса, 64-моддаси билан ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналари васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фаолиятини рағбатлантириши белгиланган. Бундан ташқари, Асосий қонунимизнинг 65-моддасида фарзандлар ота-оналарнинг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатьи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши қайд этилган.

"Ёшлар йили" Давлат дастури доирасида амалга оширилган кенг миқёсдаги чора-тадбирлар, бунёдкорлик ишлари ҳам ёшларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, замонавий билимларни эгаллаши учун давлат ва жамият томонидан муносиб шароит яратишга қаратилган дастур ижроси ҳақида сўз борар экан, Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 16 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланган қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш ўринлидир: "Биз ўз олдимизга қўйган эзгу орзу-ниятларимизга етмоқчи, мамлакатимиз тараққиётини жадал ривожлантирмоқчи бўлсак, Ватанимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини янада оширмоқчи, жондан азиз фарзандларимизнинг бахту камолини кўрмоқчи бўлсак, бунинг асосий шарти ва омили фақат битта — ҳаётга кириб бораётган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида кенг йўл очиб бериш, бунинг учун барча имкониятларимизни сафарбар этишдан иборат".

Дарҳақиқат, "Ёшлар йили" Давлат дастурининг жойлардаги ижроси мамлакат миқёсидаги умуммиллий ҳаракатга айланди. Бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари, хусусан, Президентимиз қарор ва фармонлари ва ҳукуматимиз қарорлари, кўрилган чора-тадбирлар, шунингдек, ишлаб чиқилган лойиҳалар баҳоланар экан, дастур доирасида қабул қилинган ҳужжатлар, амалга оширилган чора-тадбирлар мустақиллик йилларида ёшлар борасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг узвий ва мантиқий давоми бўлди десак, хато қилмаймиз.

Айтиш керакки, жорий йилда ёшлар манфаатларини тўлиқроқ таъминлаш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилди. Давлат дастурига кўра, бевосита Адлия вазирлиги масъул этиб белгиланган бандларга мувофиқ равишда вазирлик томонидан ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирлар режаси муваффақиятли амалга оширилди. Шу йўналишда давлат ва ҳукумат миқёсида 13 та қарор, 1 та фармойиш қабул қилинди. 2 та қонун лойиҳаси қабул қилиниш арафасида турибди.

Яна бир муҳим ҳужжат — Президентимиз томонидан шу йилнинг 16 апрелида имзоланган "Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонун ҳам муҳим аҳамият касб этди. Эътиборли томони шуки, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга, болалар ўртасидаги жиноятчиликка қарши курашиш ва бундай жиноятчиликнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган мазкур қонун билан амалдаги бир қанча қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати миллий қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида-талабларига асосланади. Ўзбекистон бевосита ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг иштирокчиси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид универсал аҳамиятга эга муҳим ҳужжатларини ратификация қилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги хал­қаро пакт, Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенция, Аёлларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенция ва бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ЮНЕСКО ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти томонидан қабул қилинган асосий конвенцияларнинг иштирокчиси ҳисобланади ва ушбу жараён ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 4 апрелида "Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1973 йил 26 июнь) ратификация қилиш ҳақида"ги, 8 апрелида эса "Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1999 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақида"ги қонунлар қабул қилинди.

Бу қонун ҳужжатлари мамлакатимизда бола ҳуқуқлари кафолати билан боғлиқ миллий қонунчилигимизнинг янада такомиллашишига хизмат қилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2008 йил 7 август­да "Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарор қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 22 майдаги "Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун болалар шаҳарчалари тўғрисида"ги, 2008 йил 17 октябрдаги "Меҳрибонлик уйи тўғрисида"ги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорлари, мамлакатимиз Президентининг 2008 йил 8-августдаги "Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида"ги ПҚ-910 сонли қарори ҳам жамиятимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этганини таъкидлаш жоиз.

Ушбу қонун ҳужжатларида барча ёшдаги болалар саломатлигини ҳимоялаш, махсус мактаб-интернатлар, меҳрибонлик уйларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мазкур муассасаларда ишлаётган ходимларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашдек масъулиятли ва улкан вазифага, 12 йиллик узлуксиз таълим тизимини такомиллаштиришга ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳамда аввал қабул қилинган умуммиллий дастурларни мантиқий ниҳоясига етказишга "Ёшлар йили" Давлат дастури доирасида катта эътибор қаратилди. Президентимизнинг Конституциямизнинг 16 йиллигига бағишланган маърузасида келтирилганидек, шу мақсадларда йил давомида қарийб 370 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 184 та замонавий лицей ва коллеж барпо этилди. Умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга 364 миллиард сўм маблағ сарфланди. Қарийб 1875 та мактабда қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилди.

Таълим тизимининг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш мақсадида айрим қонун ҳужжатлари замон талабларига мослаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилди. Хусусан, шу асосда 2008 йил 13 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида" ги 226-сонли қарори қабул қилинди.

Жисмоний ва ақлан заиф болалар учун ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим муассасалари тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий базани ривожлантириш мақсадида қатор таклифлар тайёрланди.

Замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими тўғрисидаги Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида, узлуксиз таълим тизими бўғини ҳисобланган мактабдан ташқари таълим тизимини ислоҳ қилишни давом эттириш, болаларнинг мактабдан ташқари таълим олиши учун шарт-шароит яратиш тўғрисида таклифлар берилди.

Таълим соҳасида илгари қабул қилинган умуммиллий дастурларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ ҳуқуқий базани кенгайтириш мақсадида даставвал болаларнинг умумий ўрта таълим, 9-синф битирувчиларининг эса ўрта махсус, касб-ҳунар таълими билан қамраб олиниши, шунингдек, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлашиши ва олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириши юзасидан статистика ҳисоботи ва мунтазам мониторинг тизимини жорий этиш бўйича тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Таъкидланганидек, "Ёшлар йили" Давлат дастурида ёшлар манфаатларини янада тўлиқ таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда мустаҳкамлаш, амалдаги қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш алоҳида вазифа сифатида белгиланган эди. Ушбу вазифани бажариш мақсадида Адлия вазирлиги ва бошқа вазирликлар билан ҳамкорликда амалдаги норматив-ҳуқуқий базани, унинг ёшлар манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қисмини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрланиб, тегишли органларга тақдим этилди. Жумладан, "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида"ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар, "Янги авлод" республика болалар фестивали тўғрисидаги, барча умумтаълим муассасаларида "Оила-маҳалла-мактаб" ҳамкорлик марказларини ташкил этиш тўғрисидаги низом лойиҳалари шулар жумласидандир. Ёшларни ёт, зарарли таъсирларга тушиб қолишдан асраш, уларни мустақил фикрлайдиган, қатъиятли этиб тарбиялаш борасида Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда махсус Дастур ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан мустақиллик йилларида қабул қилинган қонун ҳужжатлари атрофлича таҳлил қилиниб, ёшлар ҳуқуқлари, манфаат ва эркинликлари белгиланган қонун ҳужжатлари тизими шакллантирилди. Амалдаги норматив-ҳуқуқий базани, унинг ёшлар манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қисмини такомиллаштириш мақсадида инвентаризациядан ўтказиш жараёни Конституция ва кодекслардан ташқари бу соҳада 22 қонун, Ўзбекистон Президентининг 15 фармони ва 11 қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 41 қарори, 32 идоравий-меъёрий ҳужжат мавжуд эканини кўрсатди.

Ҳар бир қонун, фармон ва қарор бугунги кунда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва дастурларининг мазмун-моҳиятига мослиги нуқтаи назаридан атрофлича таҳлил қилинди. Бунда қайси қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши ва яна қандай янги ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, ёшларнинг бугунги кундаги эҳтиёж ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, соғлиқни сақлаш, меҳнат, ижтимоий таъминот, таълим соҳаларига оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ишчи гуруҳ фаолияти натижасида бевосита ёшлар манфаатлари ва ҳуқуқларига дахлдор 130 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати тузилди, бу борада халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонунчилиги қиёсий-ҳуқуқий таҳлил қилиниб, амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича аниқ ва асосланган таклифлар тайёрланди.

Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалдаги ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларда ёшларнинг ижтимоий таъминоти ва меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилди.

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, улар орасида ишсизликни бартараф этиш, салоҳият ва имкониятларини юзага чиқариш учун шарт-шароит яратиш давлатимизнинг доимий эътиборидадир. 2008 йилда 660 мингта янги иш ўрни ташкил этилгани ва бу иш жойлари асосан ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилгани Давлат дастури доирасидаги чора-тадбирларнинг амалий аҳамиятини ва ижроси қанчалик кенг қулоч ёйганини кўрсатади.

Албатта, бу борада кўпгина тармоқ, идора ва муассасалар ҳамжиҳатлик кўрсатганини алоҳида қайд этиш лозим. Хусусан, Адлия вазирлиги ва тегишли идоралар томонидан иқтисодиёт тармоқларидаги таркибий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, иқтисодиёт соҳаларида бўш иш ўринлари мавжудлигини, ҳудудлар ва мутахассисликлар бўйича ёшларнинг бандлик даражасини комплекс инвентаризация­дан ўтказиш, таҳлил қилиш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари, соҳалари ҳамда минтақалар бўйича ҳар йили кадрларга бўлган эҳтиёжнинг прогнозини ишлаб чиқиш бўйича самарали механизм яратиш юзасидан тегишли таклифлар тайёрланди. Ёшларни касбга йўналтириш ишларини тубдан яхшилаш, таълим муассасалари ва корхоналар ўртасида шерикчилик муносабатларини ривожлантириш бўйича комплекс тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу чора-тадбирлар ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини корхоналарда ўташини такомиллаштиришга, битирувчиларни буюртма асосида корхоналарга кафолатли тарзда ишга жойлаштиришга қаратилгани билан катта аҳамият­га эга.

Корхона ва ташкилотлар талаб ва эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, камида 10 минг кишини, биринчи навбатда, банд бўлмаган ёшларни аниқ касб ҳамда кўникмалари бўйича ўқитиш ва қайта тайёрлаш курслари ташкил этиш алоҳида вазифа этиб белгиланганди. Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 217 та касб-ҳунар коллежида ёшларни қайта тайёрлаш борасида тегишли режа тасдиқланиб, жойлардаги туман, шаҳар ҳокимликларига, Банд­ликка кўмаклашиш марказларига юборилди. Ҳисобот даврида таянч касб-ҳунар коллежларида 10 минг 362 нафар ишсиз ёшлар муайян касбга қайта ўқитилди. Ушбу мақсадга 1 миллиард 621 миллион сўм маблағ сарфланди.

"Ёшлар йили" Давлат дастурининг ижтимоий-ҳуқуқий аҳамиятини, мамлакатимиз истиқболини таъминлашдаги ўрнини аҳолининг кенг қатламига тушунтириш дастур муваффақиятининг асосий омилларидан бўлди. Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан Давлат дастурининг моҳиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида жойларда кенг кўламли тарғибот ва ташвиқот тадбирлари амалга оширилди. Шуни таъкидлаш ўринлики, жорий йилда амалга оширилган ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишлари мамлакатимиз Президенти томонидан қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида"ги Фармойиш ҳамда "Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида"ги Фармони, шунингдек, "Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш" Дастури билан уйғунлаштирилган ҳолда олиб борилди. Мамлакатимиз телевидениеси, радиоканаллари билан ҳамкорликда кўплаб кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланди. Айниқса, Адлия вазирлиги тизими ходимларининг газета ва журналлар орқали ушбу мавзудаги чиқишлари катта аҳамиятга эга бўлди. Вилоятларда кўплаб конференция, учрашув ва семинарлар ташкил этилди. Ушбу йўналишдаги тадбирлар сони 100 мингдан ошиб кетди.

Жумладан, Адлия органлари ва муассасалари томонидан жорий йилнинг ноябрь ойида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус таълим муассасалари ва маҳаллаларда "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг мақсад-вазифалари, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда уларнинг соғлиғи ва ҳаётини муҳофаза қилишга оид бошқа қонун ҳужжатларининг ҳуқуқий тарғибот ойлиги ўтказилди.

Шунингдек, тармоқ дастури ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Ички ишлар вазирликлари билан ҳамкорликда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жамиятни ривожлантиришда ёшларнинг ролини кучайтиришга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилди.

Давлат дастурининг ижроси чинакам умуммиллий ҳаракатга айланганини фермерлар, тадбиркорлар, маҳалла фаоллари томонидан турли даражадаги ҳомийлик тадбирлари амалга оширилганида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, Президентимизнинг 2008 йил 29 февралдаги "Ёшлар йили" Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори ижросини таъминлаш доирасида республикамиз ФҲДЁ органлари томонидан жами 1311 та кам таъминланган оиланинг тўй ва тантаналарини ўтказишга амалий ёрдам берилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда мустақилликнинг даст­лабки йиллариданоқ ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароит яратиб беришга катта эътибор берилмоқда. Бинобарин, "Ёшлар йили" Давлат дастури доирасида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар Президентимиз томонидан "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" сифатида белгиланган 2009 йилда ҳам давом эттирилади. Айниқса, қишлоқ ёшларининг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий шароитини янада яхшилаш, улар етук, ҳар томонлама баркамол авлод сифатида келажагимизнинг ҳал қилувчи кучига айланиши учун бор имкониятлар ишга солиниши шубҳасиз.

 
Равшан Муҳитдинов,

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазири