Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қуйидагиларни эълон қилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 4 апрелда қабул қи­линган «Тадбиркорлик субъектларини текширишларни янада қисқартириш ва улар фаолиятини назорат қилишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурининг ижросини ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтиришни таъминлаш мақсадида:

– янги ташкил этилган кичик тад­бир­­­кор­лик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатига олинган пайтдан бошлаб даст­лабки уч йил мобайнида режали солиқ текширишларидан ўтказилмаслиги;

– 2011 йилнинг 1 апрелидан то 2014 йилнинг 1 апрелигача бўлган даврда солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган, шу­нингдек, ишлаб чиқариш суръ­ат­лари­нинг барқарор ўси­ши ва рентабеллигини таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини солиқ соҳасида текшириш тақиқланганлиги;

– кичик тадбиркорлик субъ­ектлари фаолияти солиқ соҳасида текшириш муддатларининг қонун ҳужжатларида улар­ни ўтказиш кўзда тутилган мак­симал муддатдан, яъни 30 календарь кунидан ортиқ муддатга узайтирилишига йўл қў­йилмаслиги белгиланди.

Ушбу вазифалар ижросини, тадбиркорлик ҳуқуқлари ҳимоясини тўлиқ таъминлаш, уларнинг эркин фаолият кўрсатишига қарши ҳар қандай тўсиқларни бартараф этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 мартдаги қарорига асосан адлия органларида кўп каналли телефон алоқасининг махсус линияси – «Ишонч телефони» ташкил этилди.

«Ишонч телефони» орқали тушган мурожаатлар давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталарининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлигида ташкил этилган Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ҳам кўриб чиқилади. Мазкур тузилма вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунларнинг ижро этилиши, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган, иқтисодий ва хўжалик муносабатларида қонун талабларига риоя этилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни ташкил этиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги қонун бузилишларни, суиистеъмолликларни ўз вақтида аниқлаш каби чора-тадбирларни амалга оширади.

Адлия органларининг «Ишонч телефони»га мурожаатлар бутун Ўзбекистон­ ҳудудида «008» телефон рақамига қўн­ғироқ қилиш йўли билан амалга оширилади. Қўнғироқлар бепулдир.

«Ишонч телефони» орқали мурожаат­лар душанба кунидан жума кунигача (жума куни ҳам) соат 09:00 дан 13:00 гача, 14:00 дан 18:00 гача адлия органларининг масъул ходимлари томонидан қабул қи­линади.

 
Ҳурматли тадбиркорлар!

Агар сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилса, ҳеч иккиланмай Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларидаги «ИШОНЧ TЕЛЕФОНИ»га қўнғироқ қилинг. Адлия идораларининг, хусусан вазирликнинг янги ташкил этилган Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари мутахассислари сизнинг ҳақ-ҳуқуқингизни ҳимоя қилишга ва бузилган ҳуқуқингизни тиклашга ёрдам беради!

 
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги.....008

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги.....(361) 008, 223-71-93

Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси......(371) 008, 262-92-42
Андижон вилояти Адлия бошқармаси.....(374) 008, 222-30-89
Бухоро вилояти Адлия бошқармаси.......(365) 008, 223-21-20
Жиззах вилояти Адлия бошқармаси......(372) 008, 771-64-71

Қашқадарё вилояти Адлия бошқармаси........(375) 008, 223-01-64

Навоий вилояти Адлия бошқармаси.......(436) 008, 223-01-38
Наманган вилояти Адлия бошқармаси.......(369) 008, 226-51-93
Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси......(366) 008, 233-04-62

Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси.......(376) 008, 223-26-84

Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси........(367) 008, 225-09-69
Тошкент вилояти Адлия бошқармаси........(371) 008, 280-50-96

Фарғона вилояти Адлия бошқармаси.........(373) 008, 224-15-49

Хоразм вилояти Адлия бошқармаси......(362) 008, 226-65-50
E-mail..........info@minjust.gov.uz