Шавкат Мирзиёев: Нурдинжон Исмоиловда тажриба бор, нима қилиш кераклигини ҳам билади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери лавозимига қайта сайланган Нурдинжон Исмоиловга омад ва муваффақият тилади. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.

“Нурдинжон Исмоиловда тажриба бор, нима қилиш кераклигини ҳам билади”, — деди Президент. Давлат раҳбарининг фикрича, энди шу тажрибани мукаммал қонунлар қабул қилишга, ҳар бир қонунни қабул қилишдан аввал халқдан таклифлар олишга, жойига бориб муҳокама қилишга йўналтирилса, “бу фақат фойда бўлади”.

“Сизлардан бир нарсани илтимос қилмоқчиман — ҳар куни изланишда бўлишингиз керак. Изланиш, изланиш, изланиш! Сизлар жуда катта масъулиятли даврда депутат бўлиб сайландингиз. Агар шуни ҳис этмасангиз, эртага кеч бўлади. Ҳис эта олмасангиз, кечирасизу, умрингиз бекорга ўтади, тарихда из қолдирмайсиз. Тарихда муносиб из қолдириш учун сизга мана шундай имконият яратиляпти”, — деди Шавкат Мирзиёев.

“Мана шуларни инобатга олиб, спикеримизга жуда катта омад тилайман. Ўзгариш қилиш керак, изланиш қилиш керак — бизда парламентимизни мутлақо бошқача қилиш учун ҳамма имконият бор. Мана, Қонунчилик палатасига 70 фоиз ёшлар келди, мутахассислар келди. Халқимиз муносиб номзодларга овоз берди — сизлар энг муносибдан-да муносибсиз. Мана шундай муносиб бўлиш учун ҳар куни изланиш керак”, — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.