ЎзЛиДеП Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллади

Ўзбекистонда 22 декабрь, якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловининг дастлабки натижаларига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги кўпчилик ўринни эгаллади.

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов 23 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, Қонунчилик палатасига ЎзЛиДеПдан 43 нафар, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 35 нафар, Халқ демократик партиясидан 21 нафар, “Адолат” социал-демократик партиясидан 18 нафар ва Экологик партиядан 11 нафар депутат сайланган.

Парламент қуйи палатасига депутатлар 150 та округ бўйича сайланди. 22 та округда номзодларнинг бирортаси сайловчиларнинг 50 фоиз овозини ҳам қўлга кирита олмаган, бу округларда энг кўп овоз олган икки номзод иштирокида такрорий овоз бериш жараёни бўлиб ўтади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларда рўйхатга олинган жами 18,7 миллион нафар сайловчининг 67,8 фоизи иштирок этди. 150 минг сайловчи муддатидан аввал овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.

 

Манба: daryo.uz