Вазирлар Маҳкамаси фаолиятида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
08.07.2019

Бугунги глобаллашув жараёнида ижтимоий муносабатлар тобора мураккаблашиб ва ўзгариб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида ушбу муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни ҳам улар билан ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириб боришни тақозо этади.

 

Шу кунларда муҳокамага қўйилган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси ҳам аниқ ва бир-хилдаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш ҳамда Ҳукумат фаолиятини самарали тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси аввалгисидан шакл ва мазмун бўйича тубдан фарқ қилади. Жумладан, амалдаги қонун 21 моддадан иборат бўлса, янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси 50 моддадан иборатдир. Албатта, қонуннинг пухта ва мукамаллиги унинг шакли ёки моддалар сонининг кўплиги билан белгиланмайди.

 

Хўш, мазкур қонун лойиҳаси амалдаги қонун билан қайси жиҳатларига кўра фарқ қилади? Унинг қабул қилиниши Ҳукумат фаолиятини такомиллаштириш, халқимиз ва фуқаролар манфаатларини таъминлашда қандай ўрин тутади?

 

Дастлаб, мазкур қонун лойиҳаси билан Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи сифатидаги ҳуқуқий мақоми белгилаб берилаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Амалдаги таҳрирдаги қонунда эса, ҳукуматнинг ҳуқуқий мақоми(статуси) белгиланмаган.

 

Янги таҳрирдаги лойиҳа билан Вазирлар Маҳкамасининг асосий принциплари инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, очиқлик ва шаффофлик каби принциплар билан бойитилиши алоҳида аҳамиятлидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларида халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши лозимлигини, давлат органларининг асосий вазифалари инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқнинг оғирини енгил қилиш эканлигини таъкидлаб келмоқда.

 

Мазкур принциплар ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда халқ манфаатига хизмат қилиш Ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири сифатида эканлигини назарда тутади.

 

Шунингдек, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида Ҳукуматнинг очиқ ва шаффоф фаолият юритиши, бу эса, унинг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб бориш орқали таъминланиши назарда тутилмоқда.

 

Амалдаги қонунда фақат Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари оммавий ахборот воситалари орқали кенг оммага етказилиши белгиланган бўлса, янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасининг фаолияти оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилиши ҳақидаги модда билан тўлдирилмоқда.

 

Ушбу моддага биноан, Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятини ўз расмий веб-сайтида Ҳукумат фаолияти тўғрисидаги ахборотларни жойлаштириш ва янгилаб бориш, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб бориши белгиланмоқда. Вазирлар маҳкамаси мажлисларига нафақат оммавий ахборот воситалари, эндиликда жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этиши назарда тутилмоқда.

 

Амалдаги таҳрирдан фарқли равишда, янги қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари аниқ соҳа ва йўналишлар бўйича белгилаб берилмоқда. Бу эса, унинг ижтимой-иқтисодий, ҳарбий-сиёсий, маънавий-маданий ва бошқа бир қатор йўналишлардаги фаолияти самарадорлигини таъминлашга ёрдам беради.

 

Бундан ташқари, янги қонун лойиҳасида Бош вазир томонидан аниқ соҳалар ва йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг боришини ўрганиш мақсадида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат бошқаруви ҳудудий органлари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мавзули сайёр мажлислари ўтказилиши назарда тутилган. Ушбу янги тартиб марказий ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги самарали бошқарувни таъминлаш билан бирга Ҳукуматнинг яна бир даража халққа яқинлашганлигини билдиради.

 

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида Бош вазир, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, Бош вазир маслаҳатчилари, вазирлар ва давлат қўмиталари раисларининг ваколатлари ва жавобгарлиги белгилаб берилмоқда.

 

Вазирлар Маҳкамасининг девони Вазирлар Маҳкамасининг аппарати деб ўзгартирилмоқда. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда сиёсий партиялар билан ўзаро муносабатларининг хусусиятлари белгилаб берилмоқда.

 

Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ва унинг аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси билан қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши назарда тутилган бўлиб, бу Ҳукумат аъзолари ва унинг аппарати ходимларининг моддий ва ижтимоий муҳофазасини мустаҳкамлашга ва шу орқали Вазирлар Маҳкамаси фаолияти самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

 

Яна бир эътиборли жиҳати, Ҳукумат фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш, уларнинг вакилларини қабул қилиши белгиланмоқда. Шунингдек, эндиликда Ҳукуматнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат бошқаруви органларига ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига келиб тушган мурожаатлари билан ишлаш мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиб бориши қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

 

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва унинг масабдор шахслари ҳаракат (ҳаракатсизлиги) юзасидан маъмурий судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгилаб берилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда суд назорати ва унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Мазкур норманинг янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида мустаҳкамлаб қўйилиши, ҳокимиятларнинг бўлиниш ва бир-бирини тийиб туриш принсипларига мувофиқ Ҳукуматнинг ўз фаолиятини қонуний, шаффоф ва демократик руҳда амалга оширишини таъминлашга ёрдам беради.

 

Хулоса ўрнида айтиш жиозки, “Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ҳукуматнинг очиқ ва шаффоф фаолият юритиши, ижро этувчи ҳокимият фаолиятига самарали раҳбарликни амалга ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофазаси ва халқ манфаати устуворлигини таъминлашнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига ёрдам беради.