Олий суддаги янгиликлар
Олий суд Рашид Қодиров шериклари ичида энг кам қамоқ муддатини олганига изоҳ берди
28.06.2019

26 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Ўзбекистон Республикасининг собиқ бош прокурори Рашид Қодиров (1952 й.т.) ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукмини эълон қилди.

Суд ҳукми билан, Рашид Қодиров Жиноят кодексининг қатор моддаларида кўзда тутилган бир нечта оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Рашид Қодировга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Айрим оммавий ахборот воситалари ва уларнинг ўқувчиларида Рашид Қодировга нима учун жиноий шерикларига нисбатан енгилроқ жазо тайинлангани борасида савол пайдо бўлди.

Шунингдек, мазкур иш икки йиллик суд жараёнидан сўнг 14 йилга озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган, халқ орасида “Аҳмадбой” номи билан танилган Аҳмад Турсунбоев иши билан солиштирилган. Қайд этиш жоизки, А. Турсунбоев (1977 й. т.) ва бир гуруҳ шахслар бўйича бўлиб ўтган ишда йирик миқдордаги маблағларини йўқотган 12 мингга яқин жабрланувчи қатнашган ҳамда судланувчи қилмишига яраша жазо олган.

Рашид Қодировга нисбатан тайинланган жазога қайтадиган бўлсак, қайд этиш жоизки, ҳукм чиқарилаётганида суд амалдаги қонунчиликка қатъий риоя қилган. Яъни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 50-моддаси 6-қисмига мувофиқ “Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас”.

Рашид Қодировга ҳукм чиқарилаётган вақтда унинг ёши олтмишдан ошган бўлганлиги учун судланувчига нисбатан нима учун бундай жазо тайинланганлиги ойдинлашади. 

Таъкидлаб ўтаманки, иш бўйича раислик қилган судья суд жараёни иштирокчиларига ҳукм ўқиётганида қабул қилинган қарор мазмуни ва маъноси, унга нисбатан шикоят бериш муддати ва тартиби батафсил тушунтирилган.

Шу билан бирга, шуни қайд этиш лозимки, суд ҳукмига нисбатан фақатгина мазкур суд жараёни иштирокчилари шикоят бериш ҳуқуқига эга.

 


Азиз Обидов,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати вакили.