Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Касб байрами арафасида журналистлар ва блогерлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди
27.06.2019

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Ушбу сана муносабати билан Адлия вазирлигида  қонун ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг  мазмун-моҳияти тўғрисида  аҳолини хабардор қилишга ўз ҳисса қўшиб келаётган ТВ, радио, газета ҳамда илғор интернет нашрлари журналистларини табриклаш маросими ўтказилди.

 

Тадбирда Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев иштирок этиб, таклиф этилган оммавий ахборот воситалари ходимларига Адлия вазири  номидан табрикни ўқиб эшиттирди. Байрам муносабати билан уларни табриклаб, ОАВ давлат органлари ва  жамоатчилик  ўртасидаги мулоқотда фаол иштирок этиб,  фуқароларнинг ўз фикрларини эркин ифода этишлари учун майдончани тақдим этаётгани,  журналистлар ва блогерлар орқали ҳамюртларимиз юртимизда рўй бераётган янгиланишлар ва ўзгаришлардан ўз вақтида хабардор бўлаётгани, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини юксалтиришдаги роли ҳақида фикрлар билдирилди.

 

Самимий ва очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда ОАВ вакиллари ҳуқуқий соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

 

  Учрашув якунида журналист ва блогерларга эсдалик совғалари топширилди.