Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Ўзбекистон ва БАА: давлат хизматлари тизимини ривожлантириш учун шерикчилик
11.05.2019

Аввал хабар берганимиздек, Адлия вазирлиги вакиллари Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегацияси таркибида “Давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш” ҳукуматлараро дастури доирасида Бирлашган Араб Амирликларида бўлдилар.

 

Икки мамлакат 17 та мақсадли экспертлик гуруҳларини ташкил этишди. Улар 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати олдида турган муаммоларни эчишга ёрдам берадиган бизнес моделини жорий этишни қўллаб-қувватлаш учун 57 та қўшма ташаббусни амалга ошириш ниятидалар. Ҳамкорлик ҳукумат ишларида ривожлантириш моделларидан фойдаланиш, давлат ва интеллектуал хизматларда илғор тажрибани қўллаш, корпоратив самарадорлик, инновация ва салоҳиятини ошириш соҳаларида энг яхши амалиётларни жорий этишга қаратилган.

 

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамов ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори Халилилло Тўрахўжаев БАА адлия вазири маслаҳачиси Мазен Тажедин ва БАА Адлия вазирлигининг кўмаклашиш хизмати котиби ўринбосари Абдулла Ал Мажид билан учрашишди.

 

Ҳар икки идора вакиллари ўртасида нотариат, давлат хизматлари тизими фаолиятини ташкиллаштириш, АКТ соҳасини ривожлантириш орқали фуқароларнинг кундалик ҳаётини соддалаштириш учун инновацияларни жорий этиш йўналишларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

 

БАА да хизмат кўрсатиш истеъмолчиларининг бахти ҳукумат тузилмалари, жумладан Адлия вазирлигининг ҳам устувор мақсадлардан бири экани қайд этилди. Давлат органларининг вазифаси инсонларга хизмат кўрсатиш, уларнинг ўз имкониятларини амалга оширишларига кўмаклашишдир. Ҳар бир ҳукуматнинг асосий вазифаси - мамлакатда истиқомат қиладиган инсонларни бахтли қилиш, уларнинг барча орзу-умидларини рўёбга чиқариш ва ишончларини оқлашдир.

 

Амирликларнинг ушбу ташаббуси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойилига ўхшашдир. Айни пайтда мазкур тамойил республикамиз давлат ҳокимиятининг барча даражаларида илгари сурилмоқда. Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришлар даврида БАА нинг бу йўналишдаги тажрибаси мавжуд чақириқларга самарали жавоб қайтариш ва белгиланган вазифаларни ҳал этиш имконини беради.

 

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги делегацияси БААлик ҳамкасбларини қонун устуворлигини таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш соҳалари бўйича тажриба алмашиш мақсадида мамлакатимизга таклиф этдилар.