Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Ўзбекистон ва БАА: ҳукумат ишини модернизация қилишда стратегик шерикликни амалга ошириш
08.05.2019

Адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистон ҳукумат делегацияси таркибида Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)да бўлиб турибди. Делегация ташрифи икки мамлакат ўртасида хизматларни ривожлантириш, институционал самарадорлик, салоҳият ва малакани оширишга эътибор қаратган ҳолда ҳукуматлар ишида тажриба ва амалиёт алмашишга қаратилган 57 та қўшма ташаббус ишга туширилиши билан бир вақтга тўғри келди.

 

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи самарали ўтганлиги қайд этилди. Олий даражадаги музокаралар чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ ўзаро манфаатли икки томонлама ҳужжатлар ва инвестиция келишувлари имзоланди.

 

Жорий йилнинг 5 май куни адлия вазири Р.Давлетов БАА ҳукумат ва келажак ишлари вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ Ал-Қарқавий билан учрашди.

 

Томонлар Ўзбекистон Республикасида ҳукумат фаолияти ва давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, шунингдек ушбу ташриф доирасида икки мамлакат экспертларининг ўзаро алоқасига доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

 

Бундан ташқари, ишчи гуруҳларнинг икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтди. Шу тариқа “Ҳукумат самарадорлиги” (“Government quality”) гуруҳи икки мамлакат экспертларидан ташкил топган. Ўзбекистон томонидан унинг раҳбари адлия вазири Р. Давлетов ҳисобланади.

 

Учрашув давомида мамлакатимиз вакиллари БАА ҳукуматининг вазирликлар ва турли давлат органларининг самарадорлигини баҳолаш фаолияти билан танишдилар. Шунингдек, вазирликлар ва турли давлат органлари фаолиятини баҳолаш мезонлари ва кўрсатгичларини белгилаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Давлат хизматчиларини мукофотлаш ҳукумат тизими (“UAE MBR GEA Excellence Award”) тақдимоти ўтказилди, давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш мезонлари бўйича батафсил маълумотлар берилди. Мижозлар билан мулоқот қилиш Миллий тизимининг фаолияти, давлат ва аҳоли ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмлари ўрганилди. Ўзбекистон ҳукумат вакилларининг БАА га ташрифи давом этмоқда. Учрашув якунлари бўйича икки мамлакатнинг 2019—2020 йилларда турли йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлигига оид “йўл хариталари” ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

 

Эслатиб ўтамиз, мазкур учрашув “Давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш” ҳукуматлараро дастури ишчи гуруҳининг иккинчи учрашуви ҳисобланади. Ўзбекистон ва БАА ҳукумат делегацияларининг бу каби биринчи йиғилиши Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда БАА нинг ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ Ал-Қарқавий иштирокида жорий йилнинг апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган эди.