Бир йил Фарғона вилоятида саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш йили бўлади
07.05.2019

Фарғона шаҳрида вилоят фаоллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нуронийлар, тадбиркорлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида йиғилганларни, бутун халқимизни Рамазон ойи ҳамда яқинлашиб келаётган Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади.

2018 йили Фарғона вилоятида саноат 8 фоиз, хизмат кўрсатиш 9 фоиз, ўзлаштирилган инвестициялар 1,5 баробар ўсгани қайд этилди. Лекин аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ҳудудий маҳсулот республика кўрсаткичидан анча пастлиги, Қўштепа, Фурқат, Олтиариқ, Фарғона, Ёзёвон туманларида саноат ривожланмагани кўрсатиб ўтилди.

Шу боис вилоятни 2019-2020 йилларда ривожлантириш бўйича умумий қиймати 26 триллион 401 миллиард сўмлик 643 та лойиҳадан иборат янги ҳудудий инвестиция дастури ишлаб чиқилган. Мазкур дастур доирасида 2,5 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилади ва 31 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. 

Масалан, Бешариқ туманида «Фарғона Ясин қурилиш моллари» корхонасида 200 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, жорий йилда 800 минг тонна ва кейинги йилдан 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Қўқон шаҳрида «Индорама» компаниясининг 70 миллион доллар тўғридан-тўғри сармояси ҳисобидан Қўқон суперфосфат заводи модернизация қилиниб, фосфорли ўғит ишлаб чиқариш қувватлари 100 минг тоннадан 375 минг тоннага етказилади. Учкўприк туманидаги «Шаффоф омадли саноат» корхонасида жами 30 миллион доллар сармоя ҳисобидан автомобиллар учун йилига 350 минг дона газ баллонлари ҳамда 2020 йилдан юк кўтарувчи электр каралар, мини-тракторлар ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун ускуналар ишлаб чиқариш ташкил этилади. Бундай лойиҳалар кўп.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга дастурдаги ҳар бир лойиҳани амалга ошириш бўйича тармоқ жадвалларини тасдиқлаб, ижросини таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.

- Фарғона вилояти инвестиция олиб келиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бир йил фавқулодда ҳолатда ишлайди. Келгуси йил май ойигача ҳокимликлар ҳам, тегишли вазирликлар ҳам ҳисобот беради. Бир йил шу тизимда ишласак, ҳаммаси аён бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.