Адлия вазирлиги: Навоийда “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурининг амалдаги ижроси қандай?
07.05.2019

Адлия вазири ўринбосари А.Ташкулов ҳамда АТБ “Турон банк” раиси Ч.Мирзаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Навоий вилоятидаги секторлар кесимида маҳаллаларда очиқ мулоқотлар ўтказилди. Унга кўра, Навоий шаҳридаги 4 та секторда “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурини   амалга ошириш юзасидан аҳоли, жумладан кам таъминланган, ишсиз фуқаролар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот форматида учрашувлар ташкил этилди.

 

Учрашувларда 300 га яқин фуқаролар қатнашиб, иштирокчиларга дастурнинг мазмун-моҳияти, ҳудудда дастурнинг ижросини ташкил этишда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, аҳоли орасида тадбиркорлик фаолияти турларини кенг оммалаштириш, дастурга кўра банк кредити асосида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида юрган фуқароларга бу борада амалий кўмак бериш чоралари кўрилди.

 

Учрашувларда билдирилган 32 та мурожаат жойида ҳал этилиб, 21 тасига ҳуқуқий тушутириш берилиб, иштирокчиларга дастурнинг мазмун-моҳияти содда тилда акс эттирилган 200 дан зиёд буклет ва флаерлар тарқатилди.

 

Жумладан, Навоий шаҳар “Меъмор” МФЙда яшовчи фуқаро С.Аъзамов оилавий корхона асосида оёқ кийим ишлаб чиқариш корхонаси очмоқчилигини, бу соҳа бўйича Туркия давлатида тажриба орттириб келганлигини билдириб, тадбиркорликни йўлга қўйишда кредит ажратиш бўйича мурожаати ижобий ҳал этилди, фуқарога АТБ Миллий банк Навоий вилоят филиали томонидан 500 млн кредит ажратиладиган бўлди. Шунингдек, Фуқаро М.Йўлдошевага дастур асосида гўзаллик салони ва тикувхона очиш учун кредит ажратиш бўйича мурожаати қаноатлантирилиб, Агробанк Навоий вилоят филиали томонидан кредит ажратилиши маълум қилинди.