Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Уй-жой кодексига киритилган кўшимчалар вояга етмаган болаларни ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган
17.04.2019

Бу ҳақида жорий йилнинг 12 апрель куни Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган “Адлия ахбороти” матбуот анжуманида маълум қилинди.

 

Мутахассисларнинг маъулмотига кўра, 2018 йилда фақат фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судларида 5,6 мингдан ортиқ никоҳдан ажратиш ҳақида фуқаролик ишлар кўрилган. Уларнинг 2 623 қаноатлантирилган. Никоҳдан ажртилган оилалардаги вояга етмаган фарзандлар сони 2 259 ташкил этган. Бу эса кўплаб ижтимоий муаммоларга олиб келади.

 

Уй-жой кодексига киритилган кўшимчаларга кўра, турар жой мулкдори фарзандларининг эр-хотини (мулкдорнинг келини ёки куёви) ҳам келишувга биноан унинг оила аъзолари қаторига киритилади. Улар мулк эгаси билан биргаликда уй ёки хонадондан фойдаланиши мумкин, оила аъзоларининг розилиги билан ўз фарзандларини ушбу хонадонга кўчириб киритишга ҳақлидирлар.

 

2019 йил 4 апрелдаги Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам киритилган. Хусусан, Ер кодексига ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишига оид бир қанча ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, қишлоқ хўжалигига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганда унга бўлган ҳуқуқ бекор қилинади. Илгари бу давр 3 йил эди. (Мазкур норма уч ойдан сўнг кучга киради).

 

Шу билан бирга, матбуот анжуманида мактабгача таълим тизимида қонун устиворлигини таъминлаш, юзага келаётган ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилинишида кўмаклашиш ҳамда аниқланаётган коррупциявий омилларни олдини олиш борасида адлия органлари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ва Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири ўртасида Қўшма кўрсатма ҳақида алоҳида тўҳталиб ўтилди.

 

Мазкур Қўшма кўрсатмада мактабгача таълим тизимида коррупциявий омилларни олдини олиш ва бу борада раҳбар ва педагог ходимларни шахсий масъулиятини ошириш, мактабгача таълим муассасаларида қонунийликни таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Мактабгача таълим ва Адлия вазирликлари ва уларнинг қуйи тизимларидаги ходимларидан иборат таркибда Ишчи гуруҳлар шакллантириш режалаштирилган. Давлат хизматлари марказлари орқали мактабгача таълим муассасаларига йўлланмаларни берилиши жараёнини ўрганиш мақсадида марказларда мунтазам равишда “сирли мижоз” тадбирлари ўтказилиб борилади.

 

Ҳамкорликда ўтказиладиган ўрганишларда жойлаштирилган болалар сонининг муассаса қамровига нисбатан ҳолати, овқатланишни ташкил этиш ҳолати ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги, ходимларнинг меҳнат интизомига риоя қилиш ҳолати каби тадбирлар назарда тутилган.

 

Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш мақсадида “Адлия ахбороти” номли брифинг ҳам ташкил этилди. Унда якунига етаётган ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган 10 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ҳақида маълумот берилди. Хусусан:

Кундуз куни ҳам чироқларни ёқиб

Ҳукумат қарори билан Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартиришлар киритилди. Улар жорий йилнинг 10 апрелидан кучга кирди. Ўзгартиришларга мувофиқ, хусусан, куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт; айланма ҳаракат чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситаси айланага кириб келаётган транспорт воситларига нисбатан устунликка эга; светофорнинг тақиқловчи ишорасида тўхташ чизиғи олдида тўхтаганда транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кетмаслиги керак.

 

Бундан ташқари ўзгартиришлар билан 28 та янги йўл белгилари киритилди. Қизил чироқда ўнгга ҳаракатланиш, радар, пиёда ва велосипедчилар учун ташкил этилган йўлак каби белгилар шулар жумласидандир.

Чақирилувчиларни танлаб олиш — танлов асосида

Ҳукумат қарори билан Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Мазкур низом чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ва муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тартибини белгилайди.

 

Танлов чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлигини баҳолаш, касбий танлов ва якка тартибда суҳбат шаклида туман ҳокими қарори билан тасдиқланадиган Танлов кенгаши томонидан амалга оширилади.

 

Танлов чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралигача ўтказилади. Танловда иштирок этишда чақирилувчиларнинг сони чекланмайди.

 

Танлов чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлигини баҳолаш нормативларини топшириш (турникда тортилиш; 100 метрга югуриш; 3000 метрга югуриш), касбий танлов (компютерда ишланадиган 60 та саволларга жавоб бериш) хамда якка тартибдаги суҳбатни (Ўзбекистон тарихи, Амир Темур тузуклари ва бошқа улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига доир билимлари) ўз ичига олади.

Мактаблар учун муқобил дарсликлар

Ҳукумат қарори билан Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомга мувофиқ, муқобил дарсликларга қўйиладиган талаблар Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.

 

Вазирлик кейинги ўқув йиллари учун тавсия этиладиган ва яратиладиган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларнинг рўйхатини ҳамда уларга қўйиладиган талабларни оммавий ахборот воситалари ва вазирликнинг расмий веб-сайти орқали бир йил олдин эълон қилади.

 

Мазкур дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тайёрлашда иштирок этиш истагида бўлган ижодий жамоалар Республика таълим марказиМувофиқлаштирувчи кенгашининг ишчи органига таклиф киритади.

 

Яратилган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар Ишчи органга оригинал макет ҳолатида киритилади. Оригинал макетлар вазирлик ҳузурида ташкил этиладиган экспертлар гуруҳи томонидан икки ой муддатда экспертизадан ўтказилади. Энг юқори баҳоланган оригинал макетларни тажриба-синовдан ўтказилади. Ишчи орган тажриба-синов ва кенг жамоатчилик муҳокамаси натижаларини бир ойда умумлаштиради ҳамда дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тасдиқлаш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этади.

 

95 фоиздан юқори балл олган муқобил дарсликлар мактаблар учун ижара тизими асосида яратилган дарсликлар билан бир қаторда ихтиёрий фойдаланишга тавсия этилади.

 

Брифинг давомида иштирокчиларга Президентимиз томонидан имзоланган бир қатор бошқа фармон ва қарорлар, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.