Медиация — муросаи мадора (2019 йил, февраль)
09.04.2019

Барчамиз бирдек севиб томоша қиладиган «Суюнчи» фильмини ­ёдга олинг-а. ­Унда фильм қаҳрамони Анзират хола дилни ранжитадиган, ­кўнгилсиз ­ҳолатларга йўл қўйган кишиларга танбеҳ бераётган чоғида улар ­жимгина ерга қараб сукут сақлашади ва ўз хатосидан хулоса чиқаришади. Гап қайтармоқчи ёки эътироз билдирмоқчи бўлган вазиятда ҳам дакки эшитиб қолган ҳолатлар жуда чиройли тасвирланган. Асосийси, низоли вазиятларда муросага келтириш маҳорати ҳам фильмда ўз аксини топган. Қолаверса, четдагиларнинг бўлар-­бўлмас миш-мишлар, деди-дедилар билан аралашуви боис жар ёқасига келиб қолган оила муроса туфайли сақлаб қолинди. Ҳаёт дея аталмиш катта уммонда ўз йўлини топиб олди.

Ғоятда таъсирли ва мушоҳадага чорлайдиган мавзу, тўғрими? Фильмдан жуда таъсирланган ва шундай хулосага келган эдим: муросаи мадора ҳамма учун ва ҳамиша зарур экан.

Чунки бугунги кунда янги ҳаёт бўсағасига қадам ташлаётган ёш оилаларда арзимас гап-сўзлар туфайли низо келиб чиқиши оддий ҳолга айланмоқда. Ёҳуд ҳамкорликда иш бошлаган шериклар ўртасидаги оддий баҳс-мунозара, тортишувлар йирик жанжалларга айланиб кетаётгани ҳам бор гап. Умуман, сабаблари аён-ноаён омиллар боис юзага келаётган тушунмовчиликлар муносабатларнинг дарз кетишига олиб келади, холос.

Ўйлаб кўринг-а. Бир сўздан қолмай фарзанд ота-онасига, хотин эрига, келин қайнонага, ходим раҳбарга, ўзаро ҳамкорлар бир-бирига гап қайтараверса, халқимиздаги муросаи мадора қилишдек фазилат қаерда қолади? Ҳолбуки, тарбия воситаларидан бири муроса қилиш фазилати ёшнинг кексага, кичикнинг каттага, аёлнинг эркакка, шогирднинг устозга нисбатан ҳурмат ва иззатининг ифодасидир. Гина-кудуратлар, турфа зиддиятларнинг барҳам топишида ҳам муросанинг ўрни ниҳоятда катта.

Балки тор феъллик, енгил фикрлилик, жиззакилик, қизиққонлик сингари қусурлар биз хумор қилаётган муросани муомаладан, турмуш тарзимиздан четга суриб қўяётгандир? Лекин зарур пайтда, лозим жойда қилинган муроса албатта ижобий натижа беради.

Инсон яралибдики, можаро ва ихтилоф бўлади, зиддиятлар вужудга келади. Моҳиятан бу ҳаёт кечириш учун курашнинг ички ва ташқи шаклларидан бири ҳисобланади. Аммо уни бартараф этиш чораларини топишга ҳам интилишлар бўлган.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар жараёнида айни масалага ҳам алоҳида урғу берилмоқда. Медиация ва медиаторлик ушбу жараённинг ҳосиласидир. Одамлар бузилган ҳуқуқлари, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш ва кўнгилсиз ҳолатларни бартараф этиш учун тегишли органларга мурожаат қилади. Шундай вазиятда низоларни судгача олиб бормасдан ҳал этишнинг усулларидан бири сифатида медиациянинг татбиқ этилиши айни муддаодир.

Манбаларда келтирилишича, медиация Финикия ва Бобил савдогарлари ўртасида ривож­ланган. Қадимий Грецияда турли келишмовчиликларга ечим топишда воситачиларни қўллаш амалиёти мавжуд бўлган.

Рим ҳуқуқида Юстиниан кодексидан бошлаб (милоддан аввалги VI аср) баҳс-мунозараларни ҳал қилиш учун воситачилик тан олинган. Медиация асосан савдода қўлланган. Римликлар баҳс-мунозараларни ҳал қилувчи мутахассисларни «medium» («воситачи») деб атаб, воситачиларга алоҳида ҳурмат билан муносабатда бўлишган. Томонларни муросага келтирувчилар дастлаб оилавий низоларни бартараф этишда иштирок этишган. Вақт ўтиб медиация маҳаллий жамоалар ўртасидаги масалаларга ечим топишдан тортиб, тижорат ва оммавий соҳалардаги кўп қиррали низоларни ҳал қилишда ҳам кенг қўлланадиган бўлди.

Медиация лотинча «mediare» сўзидан олинган бўлиб, воситачилик қилмоқ, ўртада турмоқ, орага кирмоқ (тушмоқ) деган маънони англатади. Шунингдек, низолашувчи тарафлар ўртасидаги можаро ёки ихтилофга имкон қадар фойдали ечим топишдан бўлак манфаатни кўзламайдиган учинчи, холис тараф иштирокидаги музокара тушунчасини ҳам қамраб олади. Шу боис халқаро муомалада медиация «воситачилик», «яраштириш мақсадида аралашув» тарзида қўлланади ва юридик адабиётларда медиация ва воситачилик тушунчалари бир хил маънога эга.

Мантиқан олганда, низолар пайдо бўлиши баробарида медиация тушунчаси ҳам вужудга келган. Одамлар бетараф шахс иштирокида келишмовчиликларни ҳал қилишга эҳтиёж сезган. Жамият ривожининг босқичларида медиация усуллари ҳам турли шаклларда намоён бўлган. Медиация жараёни суд тортишувидан, умуман олганда, тортишув ва баҳслашувлардан фарқ қилади. Яъни тарафларнинг медиацияга киришиши ихтиёрийдир, медиаторни танлаш ҳам эркинликка асосланади.

Медиация музокаралардан иборат бўлиб, унинг муваффақияти тарафларнинг келишмовчиликларини ҳал этишга интилиши билан бирга медиаторнинг тажрибаси, маҳоратига ҳам боғлиқ. Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари шарҳида медиациянинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз юритилган. Аллома ўз китобида ҳакамлик қилишга ризолик билдирган шахс қозиларга хос барча фазилатлар эгаси бўлиши лозимлигини таъкидлайди. «Мабодо икки одам бировни ҳакамликка ло­йиқ кўриб, унинг чиқарган қароридан мамнунлик изҳор этган экан, бу қарор шак-шубҳасиз ҳақиқийдир», – дейди муаллиф.

Медиаторнинг вазифаси низолашувчи томонларнинг низоларини мустақил, ўзаро фойдали шартлар асосида ҳал этиш имкониятини топишга кўмаклашишдан иборат. Ихтиёрийлик, тарафларнинг тенглиги, бетарафлик, холислик, махфийлик унинг асосий тамойиллари ҳисобланади. Медиатор далилларни текширмайди ва тарафларнинг талаблари қонунийлигига баҳо бермайди. Бетараф учинчи шахс – медиатор аслида судья ҳам, арбитр ҳам эмас ва вужудга келган низо юзасидан ҳеч қандай мустақил қарор қабул қилмайди.

Медиация, яъни махсус воситачи медиатор иштирокида низолашувчи тарафларни суддан ташқари тартибда яраштириш усуллари ривож­ланган хорижий давлатлар тажрибасида анчадан буён қўлланади. Дастлаб АҚШ, Австралия, Буюк Британияда шаклланган медиация кейинчалик бутун Европага тарқалган. У даставвал оилавий низоларни ҳал этишда қўлланиб, сўнг тижорат ва оммавий соҳадаги кўп тарафлар иштирок этадиган мураккаб ихтилофларгача бўлган кенг доирадаги низоларни ҳал қилишда татбиқ этилган. Медиацияга эҳтиёж ўтган асрда медиаторлик касбининг шаклланишига замин яратди.

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги тараққиёт, ўз навбатида,  муносабатларнинг янги-янги шаклларини вужудга келтираяпти. Томонлар ўртасидаги турли ихтилофлар, баҳс-мунозаралар ҳам айни жараёнларнинг ҳосиласи дейиш мумкин. Табиийки, бу судларда кўрилаётган ишлар сонини оширмоқда. Медиациянинг амалиётга татбиқ этилиши, шубҳасиз, судларнинг юкламасини камайтиради. Бироқ юртимизда низоларни ҳал этишда анъанавий суд иш юритуви механизмидан фойдаланиш кўп учрайди. Сабаби медиация ҳуқуқ тизимида янгилик бўлиб, аҳоли ҳали унинг афзалликларидан етарли даражада хабардор эмас.

Аслида тарафлар ўртасида юзага келган келишмовчилик, можаро, зиддият ва низоларни тинч, музокара, муроса йўли билан холис воситачилар орқали ҳал этиш, тарафларни муросага келтириш ва яраштиришдек қадимий одатлар юртимизда азалдан шаклланган. Дейлик, оилавий келишмовчиликлар маҳаллада катта ҳаётий тажрибага эга кайвонилар ёрдамида ортиқча расмиятчиликсиз ҳал этилган. Бағрикенглик, кечиримлилик, ярашув каби фазилатлар доим улуғланган. Ушбу эзгу анъанани давом эттирган ҳолда ҳамда муросанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида 2018 йил 12 июнда «Медиация тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Медиация соҳасидаги муносабатлар тартибга солинган мазкур ҳужжат 2019 йил 1 январдан кучга кирди. Медиация фуқароларнинг ҳуқуқий муносабатларидаги баҳс-мунозараларда, индивидуал меҳнат мунозаралари ва оиладаги ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланади.

 Мазкур қонуннинг мақсади низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, суд тизимига тушадиган иш ҳажмини камайтиришдан иборат. Қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга; якка меҳнат низоларига; оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга нисбатан, агар қонунда бош­қача ­қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.

Қонун медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди.

4 боб ва 34 моддадан иборат қонунда медиация, медиатор, медиатив келишув, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув, медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув каби асосий тушунчалар очиб берилган.

Қонунга мувофиқ медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилиши назарда тутилган.

Қонунда белгиланишича, жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин. Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этади.

Медиатор икки томондан баҳс-мунозарани тартибга солиш учун жалб қилинувчи шахс. Жараённи ўтказишда воситачи мустақил ва холис бўлади. Воситачининг иши томонлар манфаатига қараб олиб борилади.

Суддан фарқли равишда медиатор ўз ваколатларини профессионал ёки нопрофессионал асосда ташкил этиши мумкин. Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек, профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкин. Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини 25 ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин.

Адлия вазирлигининг расмий веб-сайти ёки  Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг адлия бошқармалари сайтлари орқали профессионал воситачини топиш мумкин. Сайтларда профессионал воситачилар реестри мавжуд. Реестрда медиаторнинг исми ва фамилияси, контактлари, медиация соҳаси ва воситачининг жараённи олиб бориш тилига доир маълумотлар кўрсатилган.

Қонунга кўра қуйидагиларнинг медиатор бўлиши тақиқланади: давлат вазифаларини бажариш учун ваколат берилган ёки унга тенглаштирилган; ўзига нисбатан суднинг уни муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган; судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган; ўзига нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган шахслар.

Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади. Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади. Медиатив келишув бажарилмаган тақдирда, тарафлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли.

Медиация суддан ташқари тартибда, баҳс-мунозарани суд тартибида кўриб чиқиш жараёнида, суднинг қарор чиқариш учун зални тарк этишидан олдин қўлланади. Медиацияда иштирок этиш факти айбга иқрор бўлишнинг исботи ҳисобланмайди.

Медиатор хизмати учун ҳақ тўланадими деган савол ҳамма учун қизиқ бўлса керак. Нопрофессионал воситачилар беминнат фаолият олиб боради. Профессионал воситачилар фаолияти эса тўлов асосида ёки беминнат бўлиши мумкин. Агар нопрофессионал мутахассис ишлаётган бўлса, у ҳолда унинг жараён бўладиган жойга келиб-кетиши, яшаш ҳамда овқатланиш харажатлари қопланиши мумкин. Ким ва қанча тўлаши томонлар келишувига боғлиқ. Одатда, харажатлар томонлар орасида тенг бўлинади. Агар медиатор жараённи ўтказишдан воз кечса, у дастлабки тўланган пулни қайтаришга мажбур.

Қонунга биноан медиация жараёни 30 кундан ортиқ давом этмайди. Аммо  зарурат туғилганда томонларнинг ўзаро келишуви асосида муддатни яна 1 кундан 30 кунгача узайтириш мумкин.

Жараён ихтиёрийдир ва келишув асосида амалга оширилади. Томонлар воситачи ёрдамида ҳолатнинг ижобий ва салбий жиҳатларини ўйлаб кўриш имконига эга бўлиб, уларнинг ўзаро розилигисиз ҳеч нарса ҳал бўлмайди. Кутилган натижага суд оворагарчиликларисиз эришилади. Умуман, медиациянинг салбий томони йўқ. Уни анъанавий суд жараёнига қиёслаш мумкин.

Медиациянинг асосий вазифаси низода ким ҳақ ёки ноҳақлигини аниқлаш эмас, балки томонларни ўзаро келишувга олиб боришдан иборат бўлиб, соддалаштирилган тартиб-тамойил туфайли янада кўпроқ ишлар кўриб чиқилишига имкон яратишдан иборат. У давлат томонидан моддий киримларни талаб этмайди, чунки томонларнинг ўзи тартиб-тамойилни молиялаштиради. У ишни кўриб чиқиш муддатини қисқартириш имконини беради, чунки медиация регламентга солинган текширув доираси билан чекланмаган. Судга мурожаат қилганда томонлар баҳсни ечиш бўйича ваколатларни унга топширади. Одатда, суд бир томоннинг фойдасига қарор чиқаради, иккинчи томон эса бунга рози бўлмаслиги мумкин. Медиациянинг мақсади ҳар икки томонни ҳам қониқтира оладиган муросали ечим топишдан иборат. Медиация ёпиқ жараён, томонлар тартиб-тамойилнинг махфийлигига ишонч ҳосил қилиши мумкин.

Иқтисодиёт, хусусан, тадбиркорлик муносабатлари соҳасида медиация усулларини қўллаш амалиёти шуни кўрсатадики, у манфаатли шартлар асосида тарафларни муросага келтириш орқали улар ўртасида ишончни тиклаш, келгусида ҳамкорликни давом эттириш имконини беради.

Ҳозирги пайтда суд тизими ана шундай қарашлар асосида ислоҳ қилинаяпти, томонларни муросага келтириш, ярашув амалиёти самарали жорий этилаяпти. Бинобарин, масаланинг оворагарчиликсиз ўзаро келишув йўли билан ҳал бўлишидан фуқаро билан бир қаторда жамият ҳам манфаатдор.

Ҳидоят ЖЎРАЕВА,

«Huquq va burch» мухбири