Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз 200 дан зиёд халқаро шартномаларга қўшилди
05.04.2019

2019 йил 04 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисидаги қонунининг роли ва аҳамияти” мавзусидаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети тарафидан ташкиллаштирилди.

 

Илмий-амалий конференция ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, ижро ва суд ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари, ҳуқуқшунос олимлар жамоатчилиги, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар.

 

Конференциянинг мақсади Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисидаги янги таҳрирдаги қонунининг аҳамиятини экспертлар даражасида муҳокама қилишдан иборат бўлди.

 

Тадбир давомида тақдим этилган бир қатор маърузаларда қайд этилганидек, ўтган йиллар давомида мамлакатимиз 200 дан зиёд халқаро шартномаларга қўшилди. Конститутициямизда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари устунлиги тамойиллари мустаҳкамланган ҳолда мазкур халқаро шартномларга риоя этиш бўйича зарур норматив-ҳуқуқий асослар ҳамда ташкилий-институционал шароитлар яратиш юзасидан мажбуриятлар зиммага олинди. Айни пайтда халқаро шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши самарали тарзда йўлга қўйилган мониторинг ва назорат қилиш каби институциявий воситалар ёрдамида таъминланмоқда.

 

Қонунда халқаро шартномалар бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш механизмлари белгиланмоқда, бу эса замонавий АКТдан фойдаланган ҳолда ягона электрон маълумотлар базасини яратиш, давлат органлари томонидан ҳар йили 31 декабрга қадар Ташқи ишлар вазирлигига халқаро шартномаларни бажариш тўғрисида ахборот юбориш, халқаро шартномалар ижроси ҳолати самарадорлигини баҳолаш, уларнинг тегишлича бажарилишини таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш назарда тутилмоқда.

 

Сўзга чиққанлар қайд этганларидек, Қонун давлат органлари ишлари самарадорлигини оширишга, уларнинг жавобгарлигини ва улар томонидан ишлаб чиқиладиган ҳужжатлар сифатини оширишга, томонлар тарафидан битимлар тегишлича бажарилиши устидан назоратни таъминлашга, шунингдек юзага келаётган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш учун олдини олувчи чоралар кўришга, мамлакат ташқи сиёсатини амалга оширишнинг асосий воситаларидан бири сифатида халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини бойитиш ва такомиллаштиришга, давлатимиз учун истиқболли бўлган икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар тузишга, халқаро ҳуқуқ умумеътироф этилган нормаларининг устунлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Барча иштирокчилар конференциянинг юксак даражаси, фойдалилиги ва амалий аҳамиятини қайд этиб, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ташқи сиёсий фаолиятнинг асосий воситаларидан бири бўлган халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини шакллантириш ва такомиллаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

 

Экспертлар томонидан халқаро шартномалар тўғрисидаги қонуни қоидалари амалга оширилиши самарадорлигини яхшилашга доир турли хил таклифлар илгари сурилди.