Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Адлия вазирлиги ва «The Economist Intelligence Unit» Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш борасида ҳамкорлик қилади
04.04.2019

Жорий йилнинг 2 апрель куни Адлия вазирлигида  «The Economist Intelligence Unit» Британия компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. 

«The Economist Intelligence Unit» The Economist (EIU) журналининг 1946 йилда асос солинган аналитик бўлими ва унинг асосий мақсади кўплаб мамалакатлар, халқаро ташкилотлар ҳамда йирик трансмиллий коорпорациялар учун бизнесни таҳлил қилиш ҳисобланади.   

 

 

 «The Economist Intelligence Unit» сайлов жараёни масалалари, плюрализм, ҳукумат фаолияти, фуқаролик эркинлиги, сиёсий маданият ва мамлакатда аҳолининг сиёсий фаоллиги каби кўрсаткичларга асосланган халқаро демократик индекс ва мамлакат хатарлари индекси каби муҳим халқаро индекслар тузади.

Адлия вазирининг ўринбосари Х.Мелиев меҳмонларни Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Адлия вазирлигининг халқаро ташкилотлар томонидан умумий қабул қилинган рейтингларда мамлакат позициясини яхшилашдаги ўрни ҳақида сўзлаб берди. 

Учрашув чоғида томонлар давлат ва жамоат қурилишининг турли соҳаларида эришилган ютуқларнинг самарадорлигини баҳолаш учун халқаро ташкилотлар томонидан қўлланиладиган методология ва мезонлар бўйича фикр алмашди. 

Тадбир якунида "The Economist Intelligence Unit" Британия компаниясининг делегацияси халқаро ҳамжамиятга мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида холис маълумот беришга ва республиканинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсиялар беришга тайёр эканини билдирди.