Шавкат Мирзиёев БАА бош вазири — Дубай амири билан учрашди
26.03.2019
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БААга расмий ташрифи доирасида 26 март куни Дубайда БАА вице-президенти, бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан музокара ўтказди.
 
Президент матбуот хизматининг хабар беришича (https://president.uz/uz/2457), «кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан ‘Заабил’ саройида бўлиб ўтган учрашувининг асосий мавзуси бўлди». 
 
БАА вице-президенти, бош вазири Президент Мирзиёевни самимий қутлаб, кеча Абу-Дабида икки мамлакат ўртасида эришилган келишувлардан (https://t.me/daryo_live/38113) мамнун эканини таъкидлади. Дубай амири Ўзбекистон билан кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирди (Дубай амири бу ҳақда Твиттердаги саҳифасида ҳам — эътибор беринг! — ўзбек тилида ёзди (https://twitter.com/hhshkmohd/status/1110489080465424384?s=21)).
 
Шавкат Мирзиёев меҳмондўстлик ва истиқболли қўшма лойиҳалар қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон БАА, жумладан, Дубай амирлиги билан дўстликка асосланган муносабатларни мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этди.
 
Ишонч руҳида ўтган суҳбатда қатор соҳаларда шериклик ва тажриба алмашишни кенгайтириш йўллари, турли даражаларда янги алоқалар ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралардан сўнг имзоланган ҳужжатлар билан алмашиш маросими бўлиб ўтди. 
 
Қўшма инвестицион компания ташкил этиш тўғрисида шартнома, Самарқанд шаҳри инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий агрокластер ташкил этиш тўғрисида битимлар, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича икки томонлама ҳужжатлар шулар жумласидан.