Хорижий ОАВ: “Президент Шавкат Мирзиёевнинг БААга ташрифи икки давлат ҳамкорлигида муҳим аҳамиятга эга”
26.03.2019

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турибди.

 
Ўзбекистон билан БАА ўртасида ҳамкорлик муносабатларининг ушбу босқичи нафақат мамлакатимиз, балки халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам кенг ёритиб борилмоқда.
 
Хусусан, CA-News Марказий Осиё янгиликлар хизмати саҳифасида берилган хабарда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи, Ўзбекистон – БАА ҳамкорлик муносабатларининг истиқболли йўналишлари ҳақида сўз юритилган.
 
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Абу-Даби шаҳрига амалга оширган ташрифи доирасида Амирлик валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва БАА Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди. Икки давлат ҳамкорлик муносабатлари юзасидан музокаралар бўлиб ўтди. Савдо-иқтисодий, инвестицион, инновацион, банк-молия, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди” дейилади хабарда.
 
Шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг "Синьхуа" ахборот агентлиги сайтида ҳам ушбу ташриф, Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги муносабатлар кенг ёритиб борилмоқда.
Президентимизнинг БААга ташрифи муносабати билан эълон қилинган хабарда ташриф тафсилотлари қаторида Ўзбекистон – БАА ўртасида шерикликни янада ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ўзгаришлар аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилади.
 
“Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, 20 мартдан эътиборан, Ўзбекистонда Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилди. Бунинг натижасида икки давлат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда муносабатлар мустаҳкамланиб, қулай сармоявий муҳит яратилади. Ўзбекистон туристик жозибадорлигининг ошишига хизмат қилади”, дейилади Синьхуа хабарида. 
 
EADaily ахборот агентлиги саҳифасида ушбу ташриф билан боғлиқ қуйидагича хабар келтирилган:
 
"Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи, икки давлат ҳамкорлигини мустаҳкамлаш баробарида Ўзбекистонда сайёҳлик ва инвестицион лойиҳаларни рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда". 
 
Шунингдек, ушбу ташриф тафсилотлари Trend az, БелТа, AKI Press, REGNUM, Daily Sabah, Devdiscourse каби қатор хорижий ахборот тармоқларида ҳам кенг ёритилмоқда. 
 
Қайд этиш керак, ташриф доирасида ўтаётган учрашув ва музокаралар Бирлашган Араб Амирликларининг WAM, Erem News ахборот агентликлари, Emirates 24/7 янгиликлар дастури, Arabian Post нашри ва бошқа кўплаб маҳаллий ахборот тармоқларида мунтазам ёритиб борилмоқда. 
 

 

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА