ЛОЙИҲА (детектив ҳикоя. 2019 январь сони)
20.03.2019

Карел Чапек[1]

ЛОЙИҲА

«Муҳтарам Молия вазирлиги, камина солиқ инспектори сифатида ўттиз беш йил сидқидилдан, ҳалол хизмат қилиб, икки йил бурун пенсияга чиқдим. Машаққатли меҳнат йилларим давомида бой тажриба тўпладим ва шуни айтишим мумкинки, ўз соҳамни аксар молиячилардан яхшироқ тушунаман; алалхусус, шунга амин бўлдимки, қарийб барча одамлар, кимники учратган бўлсам, солиқларни ҳеч бир рағбатсиз, истаб-истамай, ҳатто айтиш мумкинки, рўйирост норизо бўлиб тўлайдилар, буни ошкора равишда солиқ органлари хизматчиларига, шунингдек, бевосита бир-бирларига, чунончи, ўзаро суҳбатларда, тамаддихоналарда, мижозлар билан гаплашган чоғларида ва ҳоказоларда билдирадилар. Нима эмиш, киши лаънатланган каби солиқ тўлайди-ю, нима учун тўлаётганини билмайди; ёки бўлмаса, “ана, бизнинг пулимиз фалон нимарсаларга кетиб ётир, бизнинг райондаги йўлларни таъмирлашга келганда эса, албатта, пул йўқ”, деганга ўхшаш мазмундаги гап-сўзларга камина бир неча бор гувоҳ бўлганман.

Шу боисдан, рисоладаги солиқ тўловчи ўз пулларини берар экан, бундан қониқиш туймаслигига сабаб, у табаррук ғазнамиз унинг пешона тери эвазига топган ақчасини нимага сарфлашини тасаввур қила олмаслиги; бу пуллар унинг ўзи ҳам шод бўлиб, маъқуллови тайин бўлган умумманфаат мақсадларига сарфланишига ишончи комил эмаслигида деб ўйлайман.

Ўз тажрибамга асосланган ҳолда узоқ мулоҳаза юритиб, пировардида шундай хулосага келдимки, солиқ тўловчиларимизнинг ушбу иштиёқини қондиришда ҳеч бир мушкуллик йўқдир.

Камина буни қуйидагича тасаввур қиламан: ҳар бир солиқ тўловчи ҳар гал солиқ тўлаётганида ундан ушланаётган солиқ айнан қай бир эҳтиёж учун сарфланишига доир билдириш хати олса. Масалан, бундай: “Сиздан солиқ сифатида олинаётган маблағ шаҳрингиздаги мактаб қоровули пан Иозеф Врабецнинг сентябрь, октябрь ва ноябрь ойлари учун маош тўловига йўналтирилади”. – “Сиздан солиқ сифатида олинаётган маблағ ҳисобидан тўрт юз эллик биринчи километрда етти метр йўл ётқизилади”. – “Сизнинг бу тўловингиз илгари почта бошлиғи бўлиб ишлаган, фалон манзилда яшовчи Адольф Копецкийга пенсия сифатида тўланади”. – “Сиздан олинган солиқлар ҳаво ҳужумига қарши фалон ва фалон полклар учун янги прожекторлар сотиб олишга йўналтирилади”.

Солиқ йиғишдаги мазкур янги усулнинг афзал жиҳатларини тубандагиларда кўриш мумкин бўлади:

1.Ўз пулларининг қаёққа кетаётганидан бохабар солиқ тўловчи солиқларни ижирғанмай, хуш кайфият билан тўлайдиган бўлиши мумкин.

2.Бу ҳол унда пуллари йўналтирилган халқ хўжалиги соҳаларига ниҳоят даражада қизиқишини уйғотади.

Аниқроқ ифода этадиган бўлсам, юқорида зикр этилган ҳолатларда рисоладаги солиқ тўловчи маҳаллий мактаб қоровули бўлмиш пан Иозеф Врабец зиммасидаги мажбуриятларни қандай адо қилмоқда, йўлаклар супуриб-сидирилганми, қўнғироқни ўз вақтида чалаяптими, пан Врабец деганимиз моянасига яраша яшаяптими ва умуман, ёшларимиз учун масъул бўлган мактаб қоровули ўзини муносиб тутаяптими-йўқми, шахсан қизиққан бўлур эди.

Солиқ тўловчи тўрт юз эллик биринчи километрга — мазкур участкада йўл қурилиши ишлари қандай кетяпти, биров ўғирлик қилмаяптими, қисқаси, автойўлнинг унинг ҳиссасига битаётган қисми қандай ҳолатда эканини ўзи кўриб, ишонч ҳосил қилиш учун жўнаган бўларди.

Худди шу каби, солиқ тўловчи кекса жаноб ҳеч нарсага зориқмаяптими ёки бўлмасам, пивохонага ҳаддан зиё қатнаб юбормаяптими ва ҳ.к.га ишонч ҳосил қилиш учун собиқ почта бошлиғи, айни паллада хизматлари эвазига ҳақли тарзда дам олаётган пан Адольф Копецкийни йўқлаган ва бунда ўзини бевосита дахлдор санаб, эҳтимолки, ҳатто уни якшанбада уйига тушликка таклиф қилган бўлар эди.

Мос равишда, унинг прожекторлар ва умуман, ҳарбий ишларга қизиқиши ортиб, ўзини армиямизнинг аслаҳа таъминотига хизмати сингган деб ҳисоблаган бўлар эди. “Аллақачон армиямизда прожекторлар бор! –деган бўларди у. - Мен улар учун тўлаяпману, биламан-да!..”

Молия вазирлиги лозим топса, ушбу мураккаб бўлмаган янгилик кўмаги билан солиқ тўловчида унинг ҳисобидан чегириб қолинган маблағдан молиялаштирилаётган барча нарсага ҳурмат туйғуси уйғонар эди; унинг ўзи пуллари ўринли сарфланаётганини назорат қилган бўлар, фуқароларда халқ хўжалиги соҳаларига бўлган қизиқиши ортар эдики, йиғилган маблағнинг фойдаланиш мақсадлари ҳар йили ўзгариб турган ҳолатда, алалхусус.

Солиқ тўловчи унинг пуллари нимага ишлатилишини, пулларининг сарфи борасида тегишинча, худди ўзи каби ишлашларини қандай назорат қилишини, зарурат туғилганида, дейлик, йўл қўйиши мумкин бўлган беадаблиги учун мактаб қоровули Иозеф Врабецга ёхуд тўрт юз эллик биринчи километр ёғ тушса ялагудек эмаслиги боис беғам йўл назоратчисига танбеҳ беришини ўйлаб, аввалдан ўзида хуррамлик туйган бўлур эди.

Улар орасида шундайлари ҳам топилган бўлар эдики, – аминман, улар оз эмас, – тўловларини ҳийла юқори мартабали амалдорнинг таъминотига йўналтиришлари учун ҳам маълумотномада ўз даромадларини атайин ошириб кўрсатишлари мумкин; кўпчилик энг камида собиқ маслаҳатчининг таъминоти учун солиқ тўловчи мақомига қадар кўтарилишни ўзига шараф деб ҳисоблайдиган бўлар эди. Айрим солиқ тўловчилар эндигина хизматни бошлаган амалдорларни қизи билан таништириш мақсадида оилаларига таклиф қилиш ҳолатлари ҳам учраши эҳтимолдан йироқ эмас; умуман, молия муассасалари ва солиқ тўловчи қатлам орасида ҳар икки томон манфаатига хизмат қилувчи мустаҳкам ришта ўрнатилган бўлур эди.

Пешона тери билан топган пулларининг банкрот бўлган қайсидир банк санациясига йўналтиргани хусусида билдириш хати олган майда солиқ тўловчининг бундан қанчалар ғурурланишини тасаввур этиб кўрайлик. Ёки бўлмаса, солиққа қайтарилган пуллари шеърият ва адабиёт соҳасидаги давлат мукофоти учун сарф қилинажаги ҳақида маълумот Пльзеньскийдаги пиво заводининг бошқарув аъзолари учун нечоғли кутилмаган хушхабар бўлар эди!

Камина тақдим қилаётган бу янги лойиҳа сабаб солиқ тизимида қандай жонланиш юз беришини ҳатто тўлиқ тасаввур қилиб бўлмайди! Солиқ тўлашдай оғир мажбурият тўловчига чин маънода тобора ортиб берувчи шахсий манфаат, турли эрмаклардан дарак берувчи ажабтовур саргузашт қидиришга айланиб кетиши мумкин.

Шулар боис, муҳтарам вазирлик, ушбу камтарона ташаббусимга лутфан эътибор қаратишингизни сўраб қолувчи камсуқум каминангиз NN».

Шавкат ЁДГОРОВ таржимаси



[1] Таниқли чех ёзувчиси Карел Чапек (1890–1938) нафақат машҳур пьеса и романлари, юморга бой ҳикоялари билан ҳам жаҳон адабиёти хазинасига улкан ҳисса қўшган. Унинг эътиборингизга ҳавола этилаётган асари бундан салкам бир аср олдин ёзилганига қарамай, бугунги кунимиздан ҳикоя қилаётгандай таассурот уйғотади.