Детектив
Чиппакка чиққан режа (2019 йил январь сони)
20.01.2019

Жамиятдаги мавжуд тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик ортиқча асаббузарлик, муаммо, энг ёмони, жиноятга сабаб бўлади. Янада аянчлиси, ўйламай босилган қадам нафақат тартиббузарнинг, балки теварак-атрофдагиларнинг тақдирига таъсир қилишидир. Қуйидаги воқеалар ҳам бунга мисол бўлади.

Санжар бекорчиликдан зерикиб, ўзига бирор иш-эрмак, қолаверса, уч-тўрт сўм пул топишни ўйлаб юрганида қирғизистонлик Тажанни учратиб қолди. Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғи Қирғизистоннинг шундоққина чегараси. Икки давлат халқи орасида таниш-билишлар бўлиши турган гап. Шахси номаълум Тажан ҳам Санжарнинг ана шундай танишларидан. У Санжарнинг кўнглидан чиқиб, бир “сделка” таклиф қилиб қолди:

Катта партия товар бор, шуни Наманганга олиб киролсак, ошиғимиз олчи бўларди. Сен ҳам бир нималик бўлиб қолардинг!

 Ёрдам беришим мумкин, фақат фойда тенг бўлинади.

 Бўпти, товар мендан, аммо юк машинасини ўзинг топасан.

 Э, бу томондан муаммо йўқ, ишончли таниш бор.

 Сенингча, қайси бозорга кирганимиз фойдалироқ?

“Сардоба”да сотганимиз тузук...

Шу тарзда битим тузилиб, улар ишга киришди. Санжар Исковот қишлоғида яшовчи таниши Маъруфжонни бу ишга тортишни ўйлаб, кўнгли хотиржам бўлди. Бу йигит Наманган шаҳридаги “AHMADBEK-S” транспорт хизмати кўрсатиш корхонасида ҳайдовчи эди. Санжар уни 1 500 000 сўм эвазига ёллади ва у бошқарадиган “Камаз” русумли автомашинада товарни айтилган жойга етказиб беришини сўради. Ҳайдовчи белгиланган кунда унга “Камаз”нинг калитини бериб кетгач, Қирғизистондан келадиган товарлар учун машинада яширин жой тайёрлади. Ўша куниёқ Тажан товарлар рўйхати билан пайдо бўлди ва Санжардан автомашина калитини олди-да, уни ўзи бошқариб кетди. Режага кўра, у товарларни “Камаз”га жойлаштириб, келишилган жойга олиб келганини ҳамкорига маълум қилди. Эндиги иш Маъруфжонга тегишли эди. Аммо Санжар қўнғироқ қилганида Маъруф синглиси бетоблиги боис Андижонда эканини айтди.

Хафа бўлмайсан, ўртоқ, боролмайман, хавотир олма, ўрнимга бошқа одамни юбораман, – дея узрхоҳлик қилди ва таниши Н. Ҳамроқуловдан “Камаз”ини бошқариб, уйи ёнига келтириб қўйишини сўради.

Ҳеч гапдан хабари йўқ Н. Ҳамроқуловга Санжар қўнғироқ қилгач, у Маъруфнинг илтимосини бажариш учун келишилган жойга – “Мамай” маҳалла фуқаролар йиғини идораси ёнига борди. Санжар билан учрашиб, машина калитини олгач, йўлга тушди. Аммо узоққа боролмади. Заркент блок постида турган божхона ходимлари уни тўхтатиб, машинани текширишди. Юкхонанинг тепа, ён ва олд қисмларига жойлаштирилган товарларни топишгач, И. Ҳамроқулов қўрққанидан қўлидаги товарлар рўйхатини ташлаб юборди.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидай, Санжар билан Маъруфнинг режалари чиппакка чиқди. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судида кўрилган ушбу иш бўйича С. Абдуллаев ва М. Худайбердиев айбдор деб топилди.

Натижада Санжар олти, Маъруф беш йил муддатга озодликдан маҳрум бўлди. Ашёвий далиллар – 220.412.797 сўмлик 108 турдаги товар-моддий бойликлар ҳамда жиноят қуроли бўлмиш “Камаз” автомашинаси давлат фойдасига мусодара қилинди.

С. Абдуллаев-ку ишсиз эди, қирғизистонлик ҳамтовоғи билан тузган битими уни шу кўйга солди. У икки нафар вояга етмаган фарзанди, оиласи олдидаги масъулиятни адо этиш ўрнига уларни қанчалик азобга, муаммолар гирдобига рўбарў қилганини англармикан?!

М. Худайбердиевнинг эса бинойидек иши, оиласи бор эди. Тўрт нафар фарзандининг уч нафари вояга етмаган катта оиланинг ташвиши энди ёлғиз аёли зиммасида қолди. Борига шукур қилиб яшашда ҳам ҳикмат кўп. Гумроҳлиги боис аксини қилган инсон боридан ҳам айрилади. Мен қиламан ўттиз, тангрим қилади тўққиз деганлари шу-да! Беш йиллик умри беҳуда кетиши билан бу тамғадан қутулганда ҳам майли эди. Жиноятга жазо муқаррар, аммо оила бошлиқларининг нотўғри қадами учун ортида қолган норасида гўдаклар, муштипар аёллар товон тўлашига тўғри келяпти, афсус...

Тижоратни қонуний йўл билан амалга ошириб, бири икки бўлаётганлар камми? Бу кимсалар ҳам шу йўлдан бориши мумкин эди-ку! Мамлакатимиз қонунларини ҳурмат қилмаган, нафси аммораси учун айланма йўллар билан иш кўрадиганларни кечириб бўлмайди. Қолаверса, четдан ноқонуний товар олиб киришга уринаётган ажнабийларнинг мақсадини ўз вақтида англаб етмас эканмиз, аҳвол ҳавас қилгулик бўлмаслиги аниқ...

Ўйиндан ўт чиқди

Инсон қачон ўзидан, ахлоқ нормаларидан чиқиб кетиши мумкин? Нимадир асабига қаттиқ таъсир қилганида, тарбиясида ноқислик бўлганида ёки спиртли ичимлик истеъмол қилганида. Айниқса, спиртли ичимлик туппа-тузук одамни бир зумда жиноятчига айлантириб қўйиши ҳеч гап эмас. Акс ҳолда олий ўқув юртида таҳсил олиб юрган ёш йигит бугун ўқишни давом эттириш ўрнига панжара ортида ўтирармиди?!

Беҳзод Аҳмедов Наманган муҳандислик педагогика институти 3-босқич талабаси эди. Энди 22 ёшга тўлганида арзимас жанжал туфайли қора курсида ўтирибди... 

У янги йил арафасида ўртоқлари билан хурсандчилик қилиш ниятида шаҳардаги “Зоҳидабону” хусусий фирмасига қарашли ошхонага бориб ўтиришди. Еб-ичиб, кайфи-сафо қилишди. Кейин Беҳзод кайфи тарақ ҳолда ташқарига чиқди, нарироқда ўзаро тортишиб турган бир йигит ва қизга кўзи тушди. Йигит қизни туртиб юборди, қиз йиқилгач, Беҳзод турган еридан уларга нима бўлди, нега жанжаллашаяпсиз, дея гап ташлади. Уларнинг аҳволи ҳам Беҳзодникидан авло эмас, иккиси ҳам маст ҳолатда эди.

Сен бизнинг ишимизга аралашма, йўлингдан қолма! – деди йигит (А. Акрамов).

Биргина шу гап Беҳзоднинг қонини қайнатди. Ғазаби қўзиб, оғзига келган ҳақоратли сўзлар билан уни “сийлади”. Икки ўртада чиққан жанжал, бақир-чақирдан хабар топган шишадош ўртоқлар етиб келиб, уларни тинчлантиришга, ажратишга ҳарчанд уринмасин, алкоголдан тўйган бу гумроҳларнинг, айниқса, Беҳзоднинг ўзини босиб олиши қийин бўлди. Агар танишлари Отабек ва Баҳром унинг қўлидан тутиб, ичкарига судрамаганида, ўша пайтнинг ўзидаёқ у бир фалокатни бошлаши аниқ эди. Афсуски, бу иш барибир содир бўлди...

Улар икки томон тарқалишганига қарамай, Беҳзоднинг елкасига ўтириб олган шайтон уни тинч қўймади. Бир кўришдаёқ рақибга айланган ўша йигитни бир ёқлик қилишини айтиб, уни яна жойидан қўзғатди. Шишадошларининг кўзини шамғалат қилиб ташқарига чиқди. Қараса, ҳалиги йигит, яъни А.Акрамов шериги А. Умархонов билан йўлда кетяпти. Уларга қараб қичқириб, қўлидаги сувенир пичоқни кўрсатди ва пўписа қилди. Ортларидан унинг қутурган шер каби қувиб келаётганини кўрган А. Акрамов қўрқиб кетди. Катта йўлнинг қарама-қарши томонига қочиб, темир тўсиқдан ўтаётганида ҳаллослаганча етиб келган Беҳзод йигитнинг уч-тўрт ерига жароҳат етказишга улгурди. Пичоқни кўргандаёқ юрагига ғулғула тушган А. Акрамов эса бир лаҳзада содир бўлган бу воқеадан гангиб, фақат юзини тўсиб ҳимоя қилолди, холос. Яхшиям, ғазаб отига минган бу кимсанинг шериклари вақтида етиб келишди. Агар улар озроқ кечикканида А. Акрамовнинг омон қолиши гумон эди. Жабрланувчи шифохонага ўз вақтида етказилди. Акс ҳолда бир нечта жойига, айниқса, чап кўкракка икки марта етказилган жароҳат туфайли ҳалок бўлиши эҳтимолдан холи эмасди. Унга чап томонлама гемопневмотаркс, иккинчи даражали ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги ташхиси қўйилди. Шунга қарамай, у Б. Аҳмедовга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдирди. Балки ўзидан ҳам бирор хато ўтганини англагандир ёки ҳаёт ва ўлим орасида курашиб, инсон ҳаёти бебаҳо эканини, бир тенгдошининг тақдири жиноят билан боғланиб қолмаслигини истагандир. Аммо инсон хато қилмасдан, ахлоқ нормаларини бузмасдан ўзини муаммолар гирдобидан асраб қолишини вақтида тушунгани тузук... 

Наманган вилоят судида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи Б. Аҳмедов Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисмининг “л” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланди. Суд жиноятчига ушбу моддалар ҳамда Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 7 (етти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Биргина ичкилик ва арзимаган гап-сўз туфайли икки инсоннинг бири соғлиғи ва хотиржамлигидан, бири озодликдан маҳрум бўлди. Аслида бундай кимсалар инсон деган номга лойиқмикин? Лойиқ бўлганида, аввалдан қасдлашармиди, бир-бирига бутунлай нотаниш бўлатуриб, икки оғиз ноўрин сўз учун шу ҳолга тушиб ўтирармиди?! Ичкиликни сувсаган туядек симириш шу ёшда улар учун нега керак бўлиб қолди?! Уларнинг юриш-туришини назорат қилиб, тартибга солиб турадиган ота-она, маҳалла-кўй ва устозларнинг насиҳатлари ҳавога учдими ё бундай назорат асли бўлмаганми?! Қилдан қийиқ ахтариб жиноятга қўл урадиган бундай бебош ёшлар ҳар доим назоратда бўлмас экан, улар ўзига ҳам, бошқаларга ҳам жабр қилиши мумкин. Бундан огоҳ бўлиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.    

Холида ФАЙЗИЕВА, журналист