Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Адлия вазирлиги: қулай ишбилармонлик муҳити туркиялик сармоядорларни жалб қилмоқда
19.03.2019

Пойтахтимизда Тошкентда фаолият юритувчи Туркия ишбилармон доиралари вакиллари ва сармоядорлари учун давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон ва Туркия Республикалари Ишбилармонлар уюшмаси «UTID» билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Муҳокама чоғида иштирокчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, асосий қоидаларига эътибор қаратилди.

Тадбирда қисқа вақт ичида суд-ҳуқуқ тизимида салмоқли ўзгаришлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Инвесторлар ҳуқуқлари кафолатларининг кучайтирилиши бу борадаги ўзгаришларнинг натижаси бўлгани таъкидланди.

2019 йилдан буён амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларининг асосий мақсади солиқ юкини камайтириш, оддий ва барқарор солиқ тизимини жорий этишдан иборат. Бу иқтисодиётнинг рақобатбардошлилигини ошириш, тадбиркор ва сармоядорлар учун қулай муҳит яратиш имконини беради.

Солиқ юкини камайтириш, бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш “яширин иқтисодиёт”га барҳам беришнинг ягона йўлидир. Бу йўналишда алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, унга мувофиқ таъсирчан чоралар кўриш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ўзаро ишончга асосланган дўстона алоқалар бугун фаол мустаҳкамланиб бормоқда. Улар стратегик жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли товар айланмаси ҳажми сезиларли ўсди. Туркия Республикаси Ўзбекистоннинг асосий савдо шерикларидан биридир. 2018 йилда мамлакатларимиз ўртасида товар айланмаси ҳажми қарийб 20 фоизга ортиб, тахминан икки миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Мамлакатимизда 500 дан зиёд турк фирма ва компаниялари фаолият юритмоқда.

Олий даражадаги учрашувлар чоғида икки давлат раҳбарлари халқларимиз манфаатларига хизмат қилувчи эзгу ишларга туртки берган ҳамкорлик жадал ривожланаётганини қайд этмоқда. Ўзбекистон Туркиянинг саноат, транспорт ва инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларидаги тажрибасини қизиқиш билдирмоқда. Туркиянинг денгиз портлари ва инвестиция салоҳияти ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Давра суҳбати давомида соғлом рақобат, ишбилармонлик ва сармоя муҳитини яратиш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш орқали иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларига эришиш бўйича конструктив фикр алмашилди.