Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Тошкент давлат юридик университетида 140 минг АҚШ доллар миқдоридаги халқаро грант доирасида инновацион лойиҳа амалга оширилади
19.03.2019

Бугунги кунда барча соҳалар каби, юридик соҳада ҳам юқори билимга эга, фаол ва замонавий фикрлайдиган, илм-фан ривожига ҳисса қўша оладиган ёшларга эҳтиёж кучли. Бу борада Тошкент давлат юридик университетида 2019-2020 йиллар давомида махсус инновацион лойиҳа амалга оширилиб, унинг натижасида “Электрон университет” платформасини яратиш орқали юридик таълим олишга бўлган имкониятларни кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

Ўтказилган халқаро танловда ғолиб деб топилган ушбу лойиҳа учун Жаҳон банки томонидан Академик инновациялар фонди гранти доирасида 140 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади. Грант лойиҳасини амалга ошириш натижасида энг замонавий ва инновацион илмий, ўқув электрон дастурларини яратиш режалаштирилган. Жумладан, “Электрон университет” платформаси доирасида “Электрон тадқиқот”, “Электрон таълим”, “Электрон педагог”, “Электрон талаба”, “Электрон кутубхона”, “Электрон ҳуқуқий тарғибот” каби дастурларни яратиш ва ягона глобал платформага бирлаштириш орқали университет ресурсларидан исталган нуқтадан бемалол, ортиқча қийинчиликларсиз фойдаланиш, таълим олиш жараёнига энг янги ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш кабилар кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Тошкент давлат юридик университетида лойиҳа доирасида жаҳоннинг энг нуфузли халқаро илмий марказлари мутахассис ва экспертларини жалб этиш ҳамда дунёдаги энг машҳур университетларда мавжуд бўлган инновацион тадқиқотлар олиб бориш учун форсайт-марказни ташкил этиш орқали Ўзбекистонда юридик фанни янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.