Олий суддаги янгиликлар
Соғлом турмуш тарзи диққат эътиборда
13.03.2019

Мамлакатимизда турли касалликларнинг олдини олиш, даволаш ва назорат қилиш, аҳолининг барвақт ўлим ҳамда касалланишини камайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳоли кенг қатламини соғлом ҳаёт кечиришини, узоқ умр кўришини назарда тутади. 

 

Қарорда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири - ходимлар жамоасининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш мақсадида барча зарур шароитларни яратиш, ушбу вазифаларга эришишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам равишда ташкил қилиб бориш белгиланган.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 11 март куни 8-сонли фармойиши қабул қилинди. Унга кўра, судья ва ходимларнинг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш бўйича барча зарур шарт-шароитларни яратиш, иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастика машқлари ташкил этилади.

 

Шунингдек, ҳафтанинг ҳар жума куни “Саломатлик куни “ деб белгиланди ҳамда ушбу кун давомида судья ва суд ходимларига жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда (югуриш, сузиш, футбол, волейбол, баскетбол, теннис ва бошқа спорт турларида) иштирок этиши тавсия қилиниб, соат 17.00 дан бошлаб махсус танаффуслар белгиланди.

 

Фармойишда Олий суд таркибий тузилма раҳбарлари жисмоний тарбия ва спорт тадбирларида иштирок этаётган судья ва суд ходимларига кенг шароитлар яратиб бериши назарда тутилган.   

 

Олий суд Матбуот хизмати