Бу қизиқ
Кичик мамлакатнинг катта тажрибаси ёки коррупцияга қарши курашда Грузия тажрибаси ҳақида (2019 йил, декабрь)
14.02.2019

Мустақил тадқиқотларнинг кўрсатишича, коррупция даражаси Грузияда Европа Иттифоқи давлатларига нисбатан 4 марта кам экан. Бироқ грузинларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги самарали тажрибасидан бошқа мамлакатлар фойдаланишга шошилмаяпти.

 

Амалдорлар коррупцияга қарши дегани — бу асаларилар асалга қарши деганидир. МДҲ давлатлари миқёсида оладиган бўлсак, мазкур  иллат жамиятда шунчалик чуқур илдиз отиб кетганки, бу борадаги ислоҳотнинг натижа беришига кўпчилик ишонмайди. Ахир ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот органларидаги қайси мансабдор ҳамёнига оқиб келаётган беҳисоб даромад булоғи ёпилишини истайди?

 

Грузия эса бу ишни қилди. Гап фақат Европа Иттифоқи томонидан ўтказилган тадқиқотда эмас. Тадқиқот натижасидан маълум бўлишича, сўровда иштирок этганларнинг 99 фоизи пора тама қилинишига дуч келмаганини айтган бўлса, 77 фоизи ҳукуматнинг коррупцияга қарши кураши самарали бўлганини таъкидлаган. Дарҳақиқат, кейинги йилларда вазият ижобий томонга ўзгарди ва буни пайқамаслик мумкин эмас. Грузия стратегияси — коррупция дражасини камайтириш бўйича дастур тайёр бўлса-да, юқорида айтилганидек, бошқа давлатлар нимагадир ундан фойдаланишга ҳаракат қилмаяпти.

 

Бу стратегиянинг оддий одамлар учун жуда қулай бўлган айрим жиҳатлари мавжуд. Биринчиси — барча давлат хизматларини ўзини жамлаган “ягона дарча тамойили”дир. Яъни, исталган ҳужжатни олиш, никоҳ тузиш ва бекор қилиш, фирма очиш ва ҳоказоларни битта жойда — Адлия уйида амалга ошириш мумкин.

 

Иккинчиси — ИИВ тизимидаги ислоҳотлар. Ислоҳотлар бошланган 2004 йилдан буён полиция ва йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари 85 фоизга янгиланди ва уларнинг сони бир неча бараварга қисқартилди. Пора олаётганда қўлга тушган ходимларнинг барчаси ишдан бўшатилди, аксариятига қамоқ жазоси берилди. Полиция ходимларининг билимини ошириш дастури жорий этилди ва бу яхши самара берди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг худди ғарбникига ўхшаш имижи яратилди. Мурожаат қилганда хушмуомалик ва табассум билан жавоб қайтарадиган полиция таркиби шакллантирилди.

 

Ислоҳотлар жараёни ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш тартибини ҳам қамраб олди (бу мамлакатдаги коррупция энг чуқур илдиз отган соҳа эди). Тиббий кўрикдан ўтиш бекор қилиниб, унинг ўрнига барча шифокорларга мурожаат қилиш мумкин бўлган умумий база яратилди. Транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тартиби ҳам бекор қилинди. Негаки бу ҳайдовчиларга қараганда кўпроқ порахўрларга фойдали эди. Эндиликда имтиҳондан ўтган ҳар бир шахс 35 АҚШ доллари (2011 йилдаги ҳолат) эквивалентида пул тўлаб, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиши мумкин.

 

Бу ишларнинг барчаси билан ИИВнинг сервис агентлиги шуғулланади ва дам олиш ва байрам кунларисиз суткада 24 соат фаолият кўрсатади. Автомобилларни рўйхатга қўйиш, давлат рақами танлаш жараёнига бор-йўғи 15 дақиқа вақт кетади ва бунинг тўловлари учун исталган банкка 40 доллар эквивалентида тўловни амалга ошириш  кифоя.

 

Грузия ҳукумати амалдорларнинг ойлик иш ҳақини оширишни коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали воситаси деб эътироф этган. Илгари чой пули учун порахўрлик қилган ва қамоққа тушиш хавфида юрган амалдорлар тамагирлик қилишни ўн марта ўйлаб кўришади. Айтганча, Грузияда санэпидемназорат ва ёнғин хавфсизлиги инспекциялари фаолияти тугатилган. Статистиканинг далолат беришича, шунга қарамай, ёнғинлар миқдори кўпаймаган.

Қайд этиш керакки, мамлакатда коррупция иллати таг-туги билан йўқ қилинмаган бўлса-да, бу борадаги ислоҳотлар ўз самарасини берди. Шунинг билан бирга, ўта яширин тарзда ва йирик миқдорда пора олиш ҳолатлари давом этаяпти. Бироқ, давлат идораларида, йўлларда сурбетлик ва очиқчасига тама қилиш ҳолатларига барҳам берилган.

 

Мамлакат собиқ президенти Михаил Саакашвили томонидан бошланган коррупцияга қарши курашиш кампанияси жуда муваффақиятли кечди. Бу борадаги ислоҳотларнинг яққол самараси ҳуқуқ-тартибот ва таълим тизмида кўринди. Юқорида айтилганидек, давлат автомобиль назорати, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, техник кўрикдан ўтказиш, санинспекция каби назорат қилувчи органлар тугатилди. Шундай бўлса-да, ЙТҲларда ҳалок бўлганлар сони 2003 йилдаги 1,79 дан 2010 йилга келиб 1,05 га, ёнғин туфайли вафот этганлар сони 1997-2003 йиллардаги 434 тадан 2004-2010 йилларда 371 нафарга камайди. Назорат қилувчи органлар сони 40 дан салкам 20 га туширилди.

 

Мамлакатда янги солиқ кодекси қабул қилиниб, амалдаги 21 та солиқ туридан атиги 7 таси қолдирилди. Шунга қарамасдан, бюджетга солиқ тушуми ЯИЧнинг 12 фоизидан 25 фоизига ўсди. Коррупция ботқоғига ботган божхона тизимида ҳам кескин ўзгаришлар амалга оширилди, эски кадрлардан 80 фоизи ишдан бўшатилди. Божхона ходимлари 11,5 фоизга қисқартирилган бўлса-да, 2003-2010 йилларда бож тушумлари беш марта ўсди. Тадбиркорлик фаолияти учун талаб этиладиган рухсатнома ва лицензиялар сони 2003-2011 йилларда 909 тадан 137 тага камайтирилди. Олий ўқув юртларига кириш учун ягона марказлаштирилган имтиҳон тартиби жорий этилгандан сўнг пора эвазига ўқишга кириш деярли йўқ бўлди.

 

ИИВ тизимида ҳам кескин ўзгаришлар ясалди. Айтилганидек,  тизимда фаолият кўрсатувчи 85 000 ходимдан  75 000 нафари ишдан бўшатилди. ДАН тузилмаси бекор қилиниб, уч ой давомида йўл ҳаракати хавфсизлиги назорат қилинмади. Ахир, шундай бўлиши мумкинми, ҳодиса жойини кўздан кечириш, экспертиза ўтказиш жараёнлари малакага эга бўлган ходимлар томонидан ўтказилиши лозим-ку. “Юртдошларимиз сабр қилишга рози бўлишди, —дейди ИИВ вазири Вано Мерабишвили. — Биз бу вақтда эски тизимни буткул тозалаб, сафимизни ақл билан ишлайдиган ходимлар ҳисобидан тўлдирдик. Ишонаверинг, иқтидорли одамлар ҳаммасини жой-жойига қўйди”.

 

Коррупцияга қарши кураш борасида Грузия билан Ўзбекистоннинг қандай ўхшаш томонлари бор?

Бу ҳақда гап кетганда, алоҳида таъкидлаш керакки, иккала мамлакатда ҳам коррупцияга қарши кураш кампанияси давлат раҳбарлари алмашганидан кейин кескин кучайди. Ўша вақт (2016 йил кузи) да президент  вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб турган Шавкат Мирзиёв мамлакатда тўпланиб қолган ўткир муаммоларнинг асосий сабабларидан бири коррупция эканини очиқ-ошкор эълон қилиб, “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ташаббусини илгари сурганди. Бу иллатга қарши курашда президентнинг муросасизлиги ва қатъиятини алоҳида эътироф этиш керак.

 

Грузияда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, аввало, ички ишлар, прокуратура тизимида катта ўзгаришлар амалга оширилди, нопок ходимлар сафдан ҳайдалди. Прокуратурада 85 фоиз, ИИВ тизимида ҳам катта миқдорда кадрлар алмаштирилди.

 

Ўзбекистонда ҳам тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бериладиган леценцзиялар ва рухсатлар сони кескин қисқартирилди. Назорат қилувчи органлар сони кескин камайтирилди ёки уларнинг бундай ваколатлари бекор қилинди. Грузинларнинг “Ягона ойнаси”га ва кўплаб хорижий давлатларникига ўхшаш Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.

Юртимизда коррупцияга қарши муросасизлик кайфиятини уйғотиш, бу иллатга қарши курашишда давлат ва жамоат  ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

 

Дунёнинг айрим мамлакатларида коррупция, жумладан, пора олиш жинояти учун тайинланадиган жазолар:

 

Хитой. Пора ва давлат мулкини ўзлаштирганлик учун дунёдаги энг оғир жазо тайинланадиган давлатлардан бири. Осмоности мамлакатида бу турдаги жиноятлар учун ўлим жазоси белгиланган, шунингдек, пора олган амалдорнинг қўли чопиб ташланиши ҳам мумкин.

 

АҚШ. Мамлакатда порахўрларга қаттиқ жазо тайинланади. Хусусан, айбдор олган порасининг уч баравари миқдорида жаримага тортилиши ёки 15 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

 

Германия. Порахўр амалдор уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши, нафси ҳакалак отган судьялар эса  10 йил қамоқда ўтириши мумкин.

 

Буюк Британия. Коррупция жиноятини содир этганликда айбдор деб топилган шахс уч йилдан 7 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилади ва олган совғаси, пули миқдорида жаримага тортилади.

 

Россия. Бу мамлакатни халқаро ҳамжамият дунёдаги коррупция ботқоғига ботган 50 та давлатдан бири сифатида билади. Коррупционерлар олган порасининг 80 дан 100 бараваригача жаримага ёки 8-15 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

 

Таиланд. 2015 йилда қабул қилинган “Коррупция ҳақида”ги қонунга кўра, катта миқдорда пора олгани исботланган айбдор хоҳ мамлакат фуқароси бўлсин, хоҳ хориж фуқароси, ўлим жазосига ҳукм этилади.  Бу жиноят учун бошқа ҳолатларда 5-20 йил қамоқ жазоси ёки  100 000 дан 400 000 таиланд батигача (13 минг АҚШ долларига яқин) жарима тайинланиши мумкин.

 

БАА. Бирлашган Араб Амирликларида коррупция ва ўғирлик жинояти содир этган шахснинг қўли кесилади.

 

Эрон. Бу давлатда порахўр амалдорлар осиб ўлдирилади. Жазо Теҳрон, Машҳад ва Исфахондаги Адолат уйлари рўпарасидаги майдонда омма кўз ўнгида ижро этилади. Мамлакатда пора кичик-катта миқдорга ажратилмайди, бу жиноят учун жазо фақат шу! Айрим ҳолларда айбдорнинг қўли кесилиши ҳам мумкин.

 

Ўзбекистон. Бу жиноят учун шахс энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.