Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш ноқонуний эканлигини аниқлади
12.02.2019

Kun.uz сайтида Амударё туманида жойлашган умумтаълим мактаблардан бирида ишлаётган ўқитувчининг 2019 йилнинг январь ойи учун маошлари ҳалигача тўланмаганлиги, ўқитувчи Telegramдаги махсус бот орқали ойлик маошини текширганда, унинг 500 минг сўм пули ушлаб қолинганлиги ҳақида маълум қилинган.

Шунга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ушбу ҳолат юзасидан Амударё туманида ўрганиш ўтказилди.

Аниқланишича, Амударё туман ҳокимлиги томонидан тумандаги бюджет ташкилотлари ишчи ходимларининг табийи газ, электр энергияси, ичимлик суви ҳамда маиший чиқинди тўловлари бўйича 2019 йил февраль ойи учун режа тасдиқланган.

Унга кўра, ҳалқ таълими бўлимига коммунал тўловлар учун 600 млн. сўмлик мажбурий режа белгилаб берилган.

Шу сабабли, туман халқ таълими бўлими томонидан тумандаги 82 та умумтаълим мактабида ишловчи 3 288 та ходимларнинг иш ҳақиларидан жами 440 млн. сўмлик пул маблағлари ушлаб қолинган.

Ҳалқ таълими бўлими томонидан мактаблар ходимларининг иш ҳақларидан коммунал туловлар учун ушлаб қолишда “Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 1031, 2001 йил 15 май) талабларига риоя қилинмаган.

Низомга кўра, ташкилотлар коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланмаларни ходимларнинг ёзма розилиги билан ушлаб қолиши шарт.

Бироқ, коммунал тўлов учун ойлик иш ҳақи ушлаб қолинган 783 та ходимдан розилик ариза олинмаган ва жами 118 млн. сўм маблағ коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар ҳисобварағига ўтказиб берилган.

Шунингдек, Низомнинг 3-бандида коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланма тўғрисидаги аризада ходим ўз шахсий ҳисобварағи, коммунал хизматлар қиймати ва тури, коммунал ташкилот реквизитлари ва ушланма амалга оширилиши зарур бўлган даврни кўрсатиши кераклиги белгиланган.

Лекин, коммунал тўлов учун ушлаб қолинган 2 016 та ходимдан олинган аризаларда шахсий ҳисоб рақами, тўланаётган давр, коммунал хизматлар қиймати ва тури кўрсатилмасдан жами 256 млн. сўм маблағ ушлаб қолинган.

Маълумот учун. 489 та ходимнинг (65 млн. сўмлик) пул маблағини ушлаб қолишдагина Низом талабларига риоя қилинган.

Ўрганиш натижаси бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва бунга йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан интизомий чора кўриш ҳақида 2019 йил 9 февраль куни Амударё туман ҳокимлиги ва халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилиб, ижроси назоратга олинди.

Ҳар бир фуқаро меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва бу учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эгадир. Ходимларнинг иш ҳақидан ушланмалар фақат уларнинг розилиги билан ёки суд қарори асосида ушлаб қолиниши мумкин. Бошқа асосларга кўра уларнинг иш ҳақининг маълум қисмини ушлаб қолишга йўл қўйилмайди.

Ҳурматли фуқаролар, агар Сизнинг иш ҳақингиздан ноқонуний ушлаб қолинса ёки иш ҳақингиздан маълум қисмини ўтказиб бериш ҳақида мажбурлашса, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига (тел.: 61-223-71-93) ёки qoraqalqoq@minjust.gov.uz электрон почтаси орқали мурожаат этишингиз мумкин.