Обид Асомовнинг сўнгги интервьюси (2018 йил, декабрь сони)
08.02.2019

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли сўз устаси Обид Асомовнинг “Мультипликацион фильмлар студияси” давлат унитар корхонасига директор лавозимига тайинланганига унча кўп вақт бўлмади. Суҳбатдошим ушбу соҳадаги камчиликлар ҳақида куюниб, янгиликларни қувониб, орзу-ниятлари, режаларини тўлқинланиб сўзлаганди. Фидойи санъаткорнинг орзулари, режалари шогирдлари томонидан амалга оширилишига ишонган ҳолда мазкур суҳбатни қоғозга туширишга қарор қилдим.

— Инсоннинг илми, тафаккури, маданияти, умуман, дунёқараши мультфильмга ҳам боғлиқ десак, янглишмаймиз. Одамлар кўпинча унга бефарқ қарашади. У фақат болаларнинг эрмаги, овунчоғи, деган фикрлар бор ота-оналарда. Ана шу фикрлар қанчалик тўғри?

— Бу — мутлақо нотўғри. Чунки мультфильм инсон тафаккурини юксалтиришда беқиёс аҳамиятга эга. Ҳайрат кўзлари билан оламни энди идрок этаётган жажжи болакайни кузатганмисиз? Унинг онгу шуури, қалбини мультфильмдек тез забт эта оладиган восита бўлмаса керак. Шунинг учун бу масалада нафақат эҳтиёткорлик, балки оқиллик билан ёндашиш талаб этилади.

Ўзбек мультфильмининг ҳам ўзига хос тарихи бор. “Ўзбекфильм” қошида мультцех бўлган. Адашмасам, ўзбек мультипликациясига 1954 йили тамал тоши қўйилган. Ўша пайтда “Ўзбекфильм” қошидаги мультцехда бир йилда узоғи билан 3-4 та мультфильм ишланган.  Ўзбек мультфильми деганда ҳамманинг кўз ўнгида “Зумрад ва Қиммат” гавдаланади. Бу биринчи ўзбек мультфильмини режиссёр Маъмур Салимов суратга олган бўлиб, даставвал “Сирли сандиқ” деб номланган. Қўғирчоқ фильм ҳам дейилган. Унга Раззоқ Ҳамроев, Зайнаб Садриева сингари бир қатор буюк санъаткорлар овоз бергани учун ҳам ҳамманинг ёдида қолган.

Камчилигимиз шундаки, бу мультфильм такрор қўйилавериб, бошқалари  кўп намойиш этилмаган. Очиғини айтиш керак, кино чўкди, унинг қаторида мультфильм ҳам чўкди, жуда катта муаммоларга дуч келинди. 25 йил давомида соҳага эътибор жуда суст бўлган. Эътибор берилмаган, деса ҳам бўлади. Илдизини кавласангиз, муаммонинг асл сабабини кўрасиз. Мультцехда ишлаган рассом, режиссёр, мультипликаторларнинг кўпчилиги ишсиз қолиб кетган. Буюртманинг ўзи бўлмаган. Буюртма берилган тақдирда ҳам давлат пул ажратсагина ишлашган. 3-4 ойлаб ҳамма ишсиз ўтирган. Ачинарлиси, иш бўлмагани учун жуда кўп мутахассислар Россия, Америка, Исроил, Қозоғистон каби давлатларга кетиб қолган. Нима қилсин бошқа?

Қисқаси, соҳага панжа орасидан қаралган. Худди китоб ўқиш ташлаб қўйилганидек, мультфильм ҳам бир чеккада қолиб кетди. Етишмовчиликлар кўп. Компьютерлар етишмайди. Ҳозир мультфильмлар илгаригидек қўлда чизилмайди, тўлиқ компьютерлашган. Сўнгги русумдаги замонавий техника, технология, компьютерлар, яхши дастурлар керак. Чет эл даражасидаги сифатни таъминлаш учун мукаммал технология ва шароит зарур.

Афсуски, бир авлод улғаядиган фурсат бой берилди. Мактаб бўлмаган. Шогирд етиштирилмаган, орада узилиш рўй берган. Икки йил илгари Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтида мультипликация факультети очилди. Ҳозирда 16 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга устоз мультипликатор Маузер Маҳмудов сабоқ бераяпти. Улардан умидимиз катта.

— Хориж мусиқаси, маданияти, турмуш тарзи, кийиниши, ҳаёти, юриб-туриши, бешафқатлик, бемеҳрлик мультфильм орқали сингдирилаяпти, деган фикрга муносабатингиз.

— Кўп эшитяпмиз, дунёнинг турли нуқталарида 12-18 яшар болалар автомат билан мактабга кириб ўқитувчисини, ўзи билан бирга ўқиган тенгдошларини отиб ташлаяпти. Нима учун? Агар чуқур таҳлил қилинса, ана шу болалар ёшлигида зўравонлик саҳналари тасвирланган мультфильмларни кўп кўргани аён бўлади. Одам ҳаётига зомин бўлиш улар учун оддий ҳолдек туюлади, хунрезликка табиий қарайди. Тасаввур қилинг-а, кино эмас мультфильм болаларни бешафқатликка ўргатяпти. Бу даҳшат-ку. Бу боланинг руҳиятига салбий таъсир қилмасдан қолмайди. Бош қаҳрамонни ҳеч ким уришмайди, тийиб қўймайди. Бу қачондир ўзининг аччиқ мевасини беради.

Мультфильмлардаги ур-сур, тўс-тўполонни кўрган болада қўрқув, сесканиш  йўқолаяпти, қаҳри қаттиқлашиб, дийдаси қотяпти. Қайғу деган туйғу йўқолиб кетяпти. Яқинда бир маълумотда ўқидим. Кинода ўлган одамлар ҳаётда ўлган одамлардан ўн баробар кўп экан. Бундан бешафқатлик кучли тарғиб қилинаётган экан, деган фикр келиб чиқади. Мантиқан олганда, бу ҳам қандайдир ёндашув.

Чет эл мультфильмларида “ассалому алайкум” деган сўз йўқ. Хелло дейди. Бўлди. Ота-онасини сенсирайди. Шунинг ўзиёқ уларнинг маданияти бизнинг маданиятимизга тўғри келмаслигини кўрсатмайдими? Ҳозир ҳаётимизга бу бемалол кириб келиши мумкин. Ўзбек боласи ҳам муомала-муносабатда кўрганларини қўллайди, андиша, ҳурматни тушунмайди. Бу — нотўғри. Бундан ташқари, айрим мультфильмларда одоб-ахлоқ, муомала меъёрлари умуман йўқ. Катталарга тик қараб гапириш, уларни писанд қилмаслик бор. Болаларимиз ҳатто уларнинг кийинишига тақлид қиляпти. Бир мультфильмда қизалоқ дугонасига: “Нега кўзингни устини бўямадинг, лабингга мана бу ранг тушмабди”, деб танбеҳ бераяпти. Бундай суҳбат уларда табиий холдир. Аммо бизга тўғри келмайди.

— Тўғри, миллий ёндашув биринчи ўринда бўлиши керак. Катта ғоя ва мақсади бор фильмлар яратишда менталитетдан келиб чиқиш керакдек, назаримда. Болага ўзбек урф-одатлари, кундалик турмуш тарзини ўргатишда мультфильмлар ҳам энг асосий восита. Афсуски, бу йўналишда ҳам лоқайдлик кўзга ташланади…

— Дарвоқе, кундалик турмуш тарзига сингиб кетаётган айрим ноўрин қилиқларни ҳам, тан олиш керак, болалар мультфильмлардан ўрганяпти. Ҳаттоки, баъзи хархашаларини келтириб чиқаряпти. Турли егуликлар мультфильмлар орқали реклама қилиняпти, уларга қизиқиш онг остига асталик ва усталик билан сингдириляпти. Масалан, бирорта компания маълум миқдорда пул ажратади. Бош қаҳрамон уларнинг маҳсулотларини реклама  қилиб бериши ҳақида катта-катта компания ва фабрикалар билан шартнома тузади. Сабаби, бирор ичимлик алоҳида реклама қилинганида, кутилган даражада харидоргир бўлмас. Лекин мультфильмдаги қаҳрамон истеъмол қилгани учун болажонлар ҳам унга қизиқиб қолади. Ҳадеб бир манзарани кўраверганидан кейин ўз-ўзидан унга интилади. Ана шундай яширин ниятлар борлигини унутмаслик керак. Унинг маҳсулоти кўринмас тарзда реклама қилинади. Рекламанинг таъсир кучини кўряпсизми?

“Тачки” мультфильмини олайлик. Машиналар ҳақида. Ёмонмас. Машиналар гапиради. Ҳеч қандай ёмонлик йўқ. Умуман олганда, одамларнинг ҳаёти машиналар орқали кўрсатилган. Бир-бирига ёрдам беради, мулоқот қилади. Болаларга ёқади, қизиқарли. Интернетдан ўқидим. Мультфильм яратадиган студия ўйинчоқ ясайдиган фабрика билан шартнома тузган экан. Уларнинг оддий пластмасса машиналари дўконларда чанг босиб ётарди. Ўша машиналарга қоғоздан кўз, оғиз ёпиштирилди, ранги ва дизайнига қараб ном қўйилди. Ҳозир улар талаш. Бизда ҳам буюмлар гапирадиган мультфильмлар бор. Фақат сериал қилинмаган, катта масштабда олинмаган.

Ёки трансформерларни олинг. Улар ҳам Америка мультфильмлари орқали машҳур бўлиб кетди. Ҳозир ҳамманинг уйида бўлса керак шу ўйинчоқдан. Мен ўзим ҳам кўзимни чирт юмиб набираларимга фалон пулга олиб берганман. Демак, трансформерлар мультфильм яратиш баробарида ўйинчоғини ҳам чиқаряпти. Бозори ниҳоятда чаққон. Бу жуда катта бизнес. Мультфильм яратиш ўз йўлига. Агар мультфильм қаҳрамонининг сурати кўйлакка тикилса, ўша кўйлак жуда харидоргир бўлади. Айтайлик, Уолт Дисней. Ҳаётдан ўтиб кетганига қанча вақт бўлди. Ҳалигача унинг ўйлаб топган қаҳрамонлари сичқонча Микки Маус даромад келтиряпти. Микки Маус расми бор кўйлак ёки оёқ кийими ўз нархидан уч баробар қиммат бўлса ҳам харидоргир.

Бундан кўринадики, мультфильм ҳам яхшигина даромад манбаи экан-да?

— Мультфильмларга давлат томонидан пул ажратилмаса, қийин. Тўғри, мультфильм фойда келтирадиган соҳа эмас. Чет элда мультфильмлар катта фойда келтиряпти. Қайси маънодаки, 1,5 соатлик тўлиқ форматли мультфильм ишлангани учун. Албатта, сифати ҳам жуда яхши. Ўзбек мультфильмларининг давомийлиги 10 дақиқа, узоғи билан 20 дақиқа бўлиши мумкин. Бундан 15-20 йил илгари “Қуёш юрти паҳлавони” деб номланган мультфильмни ишлашга икки ярим йилдан ортиқ вақт сарфланган. Афсуски, сифати яхши бўлмагани учун кутилган натижани бермади. Аммо тарихда дастлабки бир соатлик мультфильм сифатида қолади.

Ҳозирги кунда битта мультфильм ишлаш учун давлатимиз томонидан 490 миллион сўм маблағ ажратилаяпти. Салкам ярим миллиард. Бу ҳазилакам гап эмас. Битта мультфильмни ишлаш учун эса 8 ой вақт керак. Бутун дунёда ўртача муддат шундай.

Ҳажми катта мультфильмларга кўп вақт сарфланади. Масалан, ҳамма мириқиб томоша қиладиган “Қирол  шер” мультфильми устида 4,5 йил мобайнида 400 дан ортиқ одам ишлаган. Ҳатто шер ҳақиқатан чиройли чизилиши, ҳаракатлари табиий бўлиши учун рассомлар Америкадан Африкага бориб, ойлаб юриб шерларнинг ҳаётини яқиндан ўрганиб келишган. Характери, ҳаракатлари ҳаммаси жойида бўлиши учун шундай қилишган. Қаранг. Ҳайвонот боғидаги эмас, табиатда юрган шерларни ўз кўзлари билан кўриб, расмларга олиб ўрганишгани учун мультфильм табиий ва зўр чиққан.

Кино катта даромад манбаи бўлса, мультфильм ундан-да катта даромад манбаи. “Маша билан айиқ” ижодкорлари билан суҳбатлашганимда: “Биз мультфильмдан унча катта даромад кўрмадик. Брендидан кўп фойда кўряпмиз. Масалан, оддий сумкага мультфильм қаҳрамонлари сурати бўлса, ўз нархидан уч баробар қимматга сотилади. Энг қизиғи, ана шу маҳсулотнинг бозори чаққон. Кийим-кечак, кундалик ишлатиладиган буюмларга мультқаҳрамонлари суратлари бўлса, миллиард-миллиард даромад келаяпти-да”, дейишганди.

 — Нима учун “Болажон” ёки бошқа каналларда миллий мультфильмлар кам қўйилади?

—  Соҳага эътибор йўқлигидан аҳвол шу даражага етиб бордики, ўзбек мультфильмлари маҳаллий телеканалларда деярли намойиш этилмайди. Жаҳлим чиқади. Биз “Ўзбекфильм”нинг бир бўлагимиз. Давлат маблағ ажратади, биз мультфильм ишлаб, маҳсулотни “Ўзбеккино”га тақдим этамиз. Кейин у ёғи қоронғу. Яъни йўлнинг ярмида жараён тақа-тақ тўхтайди. Аксинча, телеканал вакиллари келиб, бизнинг маҳсулотларимизни илтимос қилиб олиб кетиши лозим. “Болажон” канали шу мақсадга хизмат қилиши керак. Улар эса чет эл мультсериалларига кўпроқ эътибор қаратишяпти. Нега? Чунки улар 20-30 қисмдан иборат. Вақтни тўлдиради, канални кўпроқ эгаллайди. Даромад манбаи. Ўзбек мультфильмларининг эса вақти қисқа — 10 дақиқа. Тўғри, сифат жиҳатидан бизникидан анча яхши. Тан оламиз. Лекин миллий маҳсулот деган тушунча ҳам бор-ку. Бу ерда жуда катта тарбия бор. “Болажон” шунга қарамайди. Бир ҳафтада маълум соатларни ўзбек мультфильмларига ажратишса, айни муддао бўлар эди.

Уларнинг яна бир баҳонаси бор. Ўзбек мультфильмларининг ҳаммаси эски дейишади. Эски бўлгани билан маъно, мазмуни эскирмайдиган мавзулар-ку. Аммо “Кўрсичқонча” номли чех мультфильмини кўп намойиш қилишади. У, адашмасам, тахминан 1968 йилда ишланган. Мантиқ қани? Ўша мультфильм эски эмас-у, лекин 2000-2015 йилларда ишлангани эски бўлиб қолдими? Қизиқ. Бу аҳволда миллий мультфильмлар қачон тарғиб қилинади?

Мультфильмларни катта экранларга олиб чиқолмаймиз. Чунки 10 дақиқалик мультфильм учун томошабин йиғиш қийин. Келажакда 1-1,5 соатлик мультфильмлар тўпламини қилиб, ҳеч бўлмаса ҳафтада бир марта болаларни йиғиб намойиш этиш ниятимиз ҳам бор. Шунда ҳам аудитория унча катта бўлмайди. Узоғи билан 200-300 томошабин бўлиши мумкин. Аммо “Болажон” телеканали намойиш қилганда миллионлаб болалар баҳраманд бўлади.

Яхшими-ёмонми, бизнинг ҳам мультфильмларни намойиш этишсин. Жуда кам беришади эфирга. Баъзан миллий мультфильм намойиш этилса, набираларим: “Дода, сизни кўрсатишаяпти” дейишади. Мени эмас, мен овоз берган ўзбек мультфильмни. Ўйлаб кўрсам, шу пайтгача 30 яқин мультфильмга овоз берибман…

Россияда тўғри иш қилинган. “Детский мир”, “Мультик”, “Карусель”, “Дисней” каналлари бор. “Детский мир” миллий фильмлар учун алоҳида канал. Унда бирорта ҳам хориж мультфильми берилмайди. 1930 йилларда ишланган оқ-қора мультфильмдан тортиб “Маша ва айиқ”қача ўша каналда намойиш этилади.

— 1968 йилдан шу пайтга қадар 400 дан ортиқ фильмлар яратилган экан. Демак, миллий мультфильм тақчил дейиш хато. Бу кичик рақам эмас. Уларнинг тақдири нима бўлган?

— Тўғри, гарчи собиқ иттифоқ даврида яратилган бўлса-да, ўша пайтда ҳам ёмон мультфильм ишланмаган. Ҳар қалай астойдил меҳнат қилинган. Шунинг учун яхши мультфильмлар кўп. Умуман, ўша даврдан ҳозиргача ишланган мультфильмларнинг бирортаси ёмонликка бошламайди. Балки сифати яхши эмасдир. Аммо маъно жиҳатидан бошқа давлатларникидан анча устун. Айниқса, ғарб мамлакатлари мультфильмларидан тубдан фарқ қилади. Ибо, ҳаё, маданият, одоб-ахлоқ – ҳамма-ҳамаси мужассам.

Энди 400 та мультфильмнинг тақдири ҳақида тўхталсам, уларнинг асосий қисми мустақилликкача ишлангани учун асл нусхалари Москвада сақланади. Лекин шу пайтгача улар билан ҳеч ким қизиқмаган. Мен ҳам шу ерга келгач, қизиқиб кўрдим. Биз уларни қайтариб олмоқчимиз. Ҳеч бўлмаганда нусхаларини олишимиз керак. Чунки ўзбек миллий маҳсулоти. Ўзбекона руҳ сингган. Гарчи маблағни улар берган бўлсаям, бизнинг рассомларимиз меҳнатининг маҳсули, бизнинг тарихимиз. Маълум маънода, менталитетимиз, тарихимиз сингиб кетгани учун қайтариш чораларини кўришимиз керак. Бу борада ҳам баъзи муаммолар чиқиб қолди. Уларга шу масала юзасидан хат билан мурожаат қилганимизда: “Майли, берамиз фақат тасмаларни сақлаш учун шароит борми?” деб сўрашди. Ўйланиб қолдик. Чунки маълум бир шароитда тасмаларни сақлайдиган жойимиз йўқ. Маълум бир ҳарорат бўлмаса йўқ бўлиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳозирча тасмаларни ололмаймиз, сақлолмаймиз. Ҳозирча мультфильмларни флешка ва дискларга кўчириб беришларини илтимос қилдик. Кейинроқ асл нусхаларини ҳам қайтариб олиш чораларини кўрамиз. Барибир улар мультипликациянинг тарихи. Мультфильмларни бу ерга олиб келиб, ўзбекчага ўгирмасак бўлмайди. Ҳозир технологиялар кучайиб кетган. Оқ-қора фильмлар рангли қилинаяпти. Демак, мультфильмларнинг ҳам сифатини жой-жойига қўйсак бўлади. Албатта, бу маблағ ва вақт талаб қиладиган жараён. Осон иш эмас. Лекин буни эътибордан четда қолдирмоқчи эмасмиз. Токи, биз улар талаб қилгандек мультфильмлар яратгунимизга қадар боридан фойдаланиб, болаларнинг кўзини ўргатиб туриш керак, менимча.

— Сўнгги йилларда мамлакатимизда мультипликацион фильмлар ишлаб чиқариш соҳасини такомиллаштиришга эътибор қаратилаяпти. Президентимизнинг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори фикримизнинг яққол исботидир. Унда Ўзбекистонда 2018 йилда 15 та, 2022 йилдан бошлаб эса 50 та мультфильм ишлаб чиқариш белгилаб қўйилган. Бу борада қандай вазифалар амалга оширилаяпти?

— Олдимизда улкан мақсадлар бор. Шунинг учун техник базани кучайтириб, мутахассисларни кўпайтиришимиз керак. Россиянинг “Белка ва стрелка ойга чиқди” номли мультсериалининг режиссёри билан бўлган суҳбатни ўқидим. “Мен мультипликаторларни кўрдим, қидирдим, охири Ҳиндистондан топдим”, дейди у. Яъни у Европани айланиб чиқибди, Американи кўрибди. Ишлари ёқмабди. Фақат Ҳиндистон ёқибди. Ўша фирма билан шартнома тузган. Ўзи истагандек мультфильм яратилган. Суриштирдик. Ҳиндистонда шундай компаниялар кўп экан. Ҳозирги даврда бунинг учун у ерга бориш ҳам шарт эмас. Интернет орқали сценарий уларга юборилади. Улар ишни бажариб сизга жўнатади. Бўлди. Иш шунда тезлашади. Ҳозир бу энг қулай усул. Ўз кучимиз билан бир йилда 50 та мультфильм ишлолмаймиз. Иложимиз йўқ. У ерда эса ишчи кучи кўп. Буюртма кутиб ўтиришади. Бозорга ўхшаган нарса. Танлаш имконияти бор.

Энг катта муаммолардан бири — мутахассис етишмаслиги. Мультфильм яратиш жуда майда иш. Улкан сабр-тоқат керак. Қаҳрамонларнинг ҳар бир оғиз қимирлатиши майда деталларигача чизилади. Буни иш бошлаган одам тушунади. Ичида юрмаган одам билмайди. Қўл қовуштириб турганимиз йўқ. Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтидан, рассомлик, дизайн коллежларидан  танлов асосида танлаб олинган 10 нафар ёшларга 3 ойдан буён соҳа сирларини ўргатяпмиз. Биз уларни шартнома тузиб текинга ўқитаяпмиз. Мультипликаторларимиз сабоқ беряпти. Ҳадемай қўлидан иш келиб қолади. Ёшлар битиргач, камида уч йил давомида ишлаб беради. Шароитни яхшилаш чоралари кўриляпти. Энди тескари жараён бўляпти. Яъни иш кўп, буюртма кўп. Ишчи кучи етмаяпти. Жамоада айни пайтда 25 нафар ижодий ходим бор. Қанийди, ҳозир 20-30 нафар етук аниматорлар бўлса, кўпроқ мультфильм яратсак.

Мутахассисларимизнинг хорижий мамлакатлардаги катта-катта мультипликацион студияларда тажриба орттириши ҳақида ўйлаяпмиз. Яқинда бир гуруҳ ёшларимиз Польша тажрибасини ўрганиб келди. ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмаги билан машҳур беларусь мультипликатори, профессор Михаил Тумеля келиб, 5 кун мобайнида мультипликаторларимизга, рассомчилик институти талабалари, қизиқувчилардан иборат 40 нафар ёшларга тренинг ўтказди. Дунёда анимациянинг тўртта устуни бўлса, биттаси шу одам. Жуда катта тажрибага эга бу инсон ривожланган давлатларда тренинглар ўтказади. Мамлакатимизга ташрифи ҳамда ўтказган тренингларидан мен ўзим ҳам кўп нарсани ўргандим. Шундай инсонларни кўпроқ чақириш ниятимиз бор. М.Тумеля: “Дунёда саноқли давлатлар мультипликацияга пул ажратаяпти. Ўзбекистонга шу жиҳатдан қойил қолдим”, деган эди биз билан учрашувда. Ҳақиқатан, мультфильмнинг келажак авлод тарбиясига таъсирини билган мамлакат бу соҳага маблағ ажратади.

— Туб моҳиятида эзгулик тантанаси мужассам бўлган, фарзандларимизга олижаноблик, меҳр-оқибатни тарғиб этадиган, турли иллатлардан асрашга чорлайдиган асарлар, сценарийлар яхши мультфильм учун пойдевор бўлади. Бу борадаги муаммолар қай тахлит ҳал этиляпти?

— Яхши асар, сценарийлар етишмовчилиги бор эди. Буни ҳам бартараф этиш чораларини излаяпмиз. “Ғунча”, “Гулхан” сингари журналлар таҳририятлари, ёзувчи, ижодкорлар билан ҳамкорлик йўлга қўйиляпти. Олиб келинган кўпгина асарлар талабларга жавоб бермайди. Айрим ижодкорлар болалар ҳаётини яхши билмайди ёки ўз устида ишлашни, изланишни истамайди. Баъзилари эса 70-йиллардаги асарлар асосида ёзилган сценарийларни олиб келади. Ахир замон ўзгарди, болаларнинг дунёқараши бутунлай ўзгарди. Энди воқеликлар, давр, болалар бошқа. Техника асри болалари. Хуллас, мазмунли сценарийлар ҳам оғриқли масала. Болаларга мос асарлар ёзиш қийин, ниҳоятда қийин. Ҳозирги болаларга насиҳат ёқмайди. Агар классик асарлар мультфильм қилинса, жону дили билан томоша қилади. Панд-насиҳатни ҳам имкон қадар ҳазил, кулгу йўли билан болаларга хос қилиқларни сингдириб етказсак бўлади-ку. Сценарий олиб келадиган муаллифларнинг кўнгли жуда нозик. Бирор асарни сал тўлдириб ишлаб келинг десангиз ёки қабул қилмасангиз, хафа бўлиб кетади. Бошқа келмайди. Ахир бўш, саёз асарлардан мультфильм ишлаб давлат пулини елга совуролмаймиз. Сифатсиз мультфильм учун жавоб бериш керак, ахир. Бутун халқ олдида жавоб берамиз. Бутун умрга қоладиган маҳсулот бу. Бугун яратиб эртага ташлаб кетиладиган бир кунлик маҳсулот эмас. Яратилган мультфильмларни қайта ишлаб ёки тузатиб бўлмаса. Яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам уни яратган одамларни маломат қилишади. Лекин бир ҳақиқат аёнки, яхши бўлса унча эслашмайди. Ёмон бўлса, албатта таъна қилишади. Шу боис масъулият катта. Муаллифлар сценарий ёзишда долзарб муаммоларга эътибор қаратса, айни муддао бўлади. Масалан, интернетдан ҳимояланиш, бўш вақтдан унумли фойдаланиш, китобга меҳр қўйиш дегандек.

Яқинда буюртма асосида Шарофиддин Болтабоев бир сценарий ёзиб берди. Жуда долзарб мавзу. Болаларни телефон, айпад, планшет сингари мобиль алоқа воситаларидан асраш ҳақида. Болага асл мақсадимиз етиб бориши учун бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қилинган. Бу ҳар қандай насиҳат, тергашлардан кўра тез ва самарали таъсир қилади. Агар шу мультфильм қайта-қайта кўрсатилаверса,  албатта, натижа бўлади. Минг марта гапиргандан бир марта кўрган афзал, деб бежизга айтилмаган, ахир. Онг остига сингдириш учун маълум муддат керак. Панд-насиҳатлар, тақиқлардан кўра шу усул маъқул.

— Ҳар бир асар бадиий кенгашга тақдим этилади. У ерда кинематография, адабиёт соҳасини яхши тушунадиган мутахассислар бор. Уларнинг тасдиғидан ўтгач, мультфильм яратишга киришилади. Ана шу жараён хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Бадиий кенгаш — бамисли фильтр. Ёзилган сценарий ва ишланган фильмларни ана шу фильтрдан ўтказишнинг ўзи бўлмайди. Бадиий кенгашда театршунос, киношунос Шуҳрат Ризаев, мультипликатор Маузер Маҳмудов, кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов каби бир қатор ўз соҳасининг етук билимдонлари бор. Бадиий кенгаш кўпроқ кинога ихтисослашгани учун мультфильмнинг моҳиятини тушунтириш қийин кечади. Баъзида улар билан тортишувлар бўлади. Чунки мультфильмнинг спецификаси мураккаб. Кинодан фарқ қилади. Шунинг учун ўзимиз бадиий кенгашда муаллифнинг ўрнига асарни ҳимоя қиламиз. Чунки тасаввурнинг ҳаммасини қоғозда ифода этишнинг сира имкони йўқ. Шундай ҳолатлар бўладики, уни фақат хатти-ҳаракатлар билан изоҳлаш мумкин. Рассомнинг суратини ҳамма ҳам унинг ўзидек таърифлаб беролмайди. Нима демоқчи бўлганини ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Рассом асарни қалб кўзи билан яратган. Рассомчиликка ўқиганим учун бу соҳани тушунаман. Биласизми, рассом билан актёрнинг фарқи нимада? Актёр тинимсиз гапириб, ўз кечинмаларини ифода этади. Рассом эса жим туриб фикрини изоҳлайди. У гапириши шарт эмас, унинг чизган сурати гапиради. Хурсанд бўламанки, 14 йиллик умрим бекор ўтмабди. Рассомликни чуқур ўрганганман. Шунинг учун рассом нима демоқчилигини тушунаман. Рассомлар билан бемалол фикр алмашиб, хаёлимиздагини ифодалай оламиз. Бадиий кенгашга ҳам рассомлар фикрини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Ижод шундай ҳолатки, истаган вақтингизда келавермайди. Тўсатдан, кутилмаганда туғилган ижод намуналари чинакам шоҳ асар бўлади.

Аммо асарни бадиий кенгашдан ўтказиш бизда унча муаммо туғдирмайди. Ғоя тўғри талқин этилиб, содда тарзда тушунтирилса бўлди.

Шу ўринда бир фикр. Бадиий кенгаш таркибида психолог бўлиши шарт. Чунки ҳар қандай мультфильм маълум бир мақсадга йўналтирилган. Ушбу мақсад онг остига таъсир қилиш орқали рўёбга чиқади. Бунда эса психолог назорати, маслаҳати катта аҳамиятга эга. Бола психологияси ниҳоятда мураккаб.

— XXI асрни анимацион фильмларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳатто кинода аваторлар шов-шувли кинолар, мультфильмлар ишланяпти. Одамнинг ҳаракатини компьютерга кўчириб кейин компьютер уни мультфильмга айлантиряпти…

— Дарҳақиқат, бу юксак технология. Ҳар йили янги-янги анимацион фильмлар чиқяпти. Бутун дунёда анимацияга эътибор катта. Ҳақиқий аниматорлар жуда ноёб. Ана шу услубда яратилган “Маша ва айиқ” мультфильмини олинг. Одамларга унинг таъсирини кўряпсизми? Мультфильм 10 йилдан буён ишланяпти. 55 қисмга етиб қолди.

Анимацияда ҳам ҳозир глобаллашув кетаяпти. Айтайлик, Маша билан айиқнинг ҳаммаси Россияда чизилмаган. Ғоя Россияда туғилган. Фильм эса Ҳиндистон, Хитойда суратга олинган. Охирги қисмлари Хитойда чизиляпти. Яъни рассомнинг ғояси буюртма асосида юборилади. Хитойда эса ғоядаги образлар юргизиб берилади. Шунинг учун иш тезлашяпти, унумли ва самарали.

Рус халқ эртаклари, афсона ва масаллари асосида кетма-кет 1,5 соатлик мультфильмлар яратилди. Тўла форматли мультфильмлар. Худди бизнинг Алпомишдек уларнинг ҳам миллий қаҳрамонлари бор. Улар ҳақида мультфильмлар қилишди. Фақат замонавийлаштириб, турли ҳазил-ҳузул ва комикслар қўшишган. Лекин шу билан бирга асосий воқеадан, мавзудан четга чиқишмаган. Меъёр ва қолиплар, энг муҳими, асл қаҳрамонлар сақланиб қолган. Бу анъана ҳозиргача давом этиб келяпти. Улар катта экранларга чиқиб, яхши даромад келтиряпти.

— Анъанавий бўлса-да, охирги савол: келгусидаги режалар, орзу-ниятлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Бизнинг ҳам келажакдаги режамиз тўла форматли мультфильмлар қилиш. Худо хоҳласа, ниятимизга етайлик. Тарихда шу билан қоламиз. Мени бу даргоҳга қўйишмоқчи бўлганида, аввалига роса қаршилик қилдим. Чунки эркин қушман. Масъулиятли ишда ишлашнинг ўзи бўлмайди. Аммо вақти замони келиб ўзбек мультфильми ривожланиб кетса, орадан йиллар ўтиб: “Мультфильмнинг ривожланишига Обид Асомов ҳам ҳисса қўшган”, деб эслашса, бу катта бахт. Энг яхши ишларнинг тамал тошини қўйган инсон сифатида тарихда қолсак, ажабмас. Чунки улкан ният, юксак ғоялар бор. Агар миллий қаҳрамонни ярата олсак борми? Эҳ-ҳе. Ана шу ҳақиқий ютуғимиз бўлади. Қанийди, ўзбек миллий мультқаҳрамонлари бўлса-да, ўшани оммалаштирсак. Энг катта вазифалардан бири ҳам шу — ҳақиқий миллий қаҳрамонни яратиш. Ҳатто сайтимизда конкурс эълон қилдик. Нафақат болалар, балки катталар ҳам тезроқ ҳақиқий қаҳрамонни ўйлаб топишсин, ўз таклифларини беришсин. Унда миллатимиз руҳи акс этсин, замонавийлик уфуриб турсин. Ва бутун дунёга машҳур бўлсин. Ҳар хил таклифлар билдириляпти. Лекин бир тўхтамга келмадик. Масалан, русларда Маша ва айиқ жуда тўғри ва ўз вақтида топилди. Бир пайтлар “Сеними, шошмай тур” мультфильмидаги бўри ва қуён қанчалик машҳурликка эришган бўлса, бугун Маша ва айиқ шу даражада машҳурликка эришди. Рус ўрмони, рус либоси, рус урф-одатлари, рус уйи, рус овқатлари. Барча-барчасини бир мультфильмда жамлашнинг ўзи ҳақиқий санъат. Чинакам омад.

Ёинки Дисней Ленд ҳозирги обрўга эришгунча қандай босқичлардан ўтмади, дейсиз. Улар ҳам ишини оқ-қора тасвирдан бошлаган. Бугун эса кино саноатида етакчи ўринда. Бутун дунёда Дисней номи остида парклар очилган.

Ўйлаб қоламан. Боғча-мактабларда сўров ўтказиш керакмикин, деб. Уларнинг фикрини ўрганиш керак. Янги йилдан кейин режамиз бор. Боғчаларга топшириқ берсак. Болажонлардан нимани яхши кўрасан, миллий қаҳрамонларни қандай тасаввур қиласан, деб сўрасак. Қўлидан келганича эркин чизиб берсин. Биз ўзимиз топиб оламиз. Энди бу тез бўлмайди-да. Чунки тасаввурни тасвирлаш осон эмас. Адашмаслик керак.

 Энг муҳими, олдимизда мақсад бор. Яна қайтараман, мультфильмларда бола тарбияси биринчи ўринда. Унинг замирида келажак авлод тақдири ётибди. Ҳеч ким осмондан тушмаган. Ҳозирги баъзи жиддий замонавий глобал муаммоларнинг туб илдизида мультфильмлар ётганини кўрасиз. Қўлига қурол олиб одамларнинг қонини тўкаётганлар ҳам мультфильм кўрган. Фарқли томони, улар яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги чегараларни тушуниб етмаган, топа олмаган.

Диний-ахлоқий, тарбиявий руҳдаги  мультфильмлар яратмоқчимиз. Имом Бухорий, ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Амир Темур сингари буюк алломалар ҳақида мультфильм яратиш мақсадимиз бор. Болаларимизга бобокалонларимиз ҳақида ҳадеб қуруқ гапиравермасдан, қисқа-қисқа мультфильмлар орқали уларнинг ҳаёти, фаолияти тушунтирилса, қандай яхши. Ҳозирги технологиялар билан исломни тўғри талқин қилиб, унинг бузғунчи ғоялардан холи дин эканини болаларга етказа оладиган мультфильм ишлаш керак. Улуғ алломалар ҳаёти, ислом динининг моҳияти тўғри талқин қилинса, айни муддао бўлади. Масалан, Италияда Исо Масиҳ ҳақида 50 қисмли мультфильм кўрдим. Пайғамбарлар ҳақида кино кўрганман, аммо мультфильмга жуда қойил қолдим. Жуда содда тушунтирилган. Исонинг туғилганидан бошлаб бутун ҳаёти ниҳоятда маҳорат билан тасвирланган. Тарбия, маданият жуда юксак. Мана бола қалбига йўл қандай топилади. Бу болага катта тарбия беради. Соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда шундай мультфильмлар ишлаш ниятимиз бор. Бутун тарихимизни бузмаган ҳолда яратилса, катта тарбия маҳсули бўлади.

Барча кашфиётлар ичида энг гўзали яхши тарбия олган инсондир, деган экан мутафаккирлардан бири. Тарбия — ҳаёт-мамот масаласи. Унга нисбатан лоқайд бўлсак, эртага жабрини ўзимиз чекамиз. Ҳамма учун оддий ва арзимасдек туюлган мультфильмлар замиридаги ғояларга ниҳоятда эҳтиёткорона ва синчковлик билан қарайлик. Танловда тўғри ёндашайлик. Токи, фарзандларимиз онги, руҳи, қалби фақат эзгулик, мардлик, меҳр-оқибат булоғидан қонсин.

P&S: Агар эътибор қилган бўлсангиз, Обид Асомов асосан қилинажак ишлар, кўзланаётган мақсад ва режаларга алоҳида урғу берган. Бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида жўшиб сўзлаган. Соҳанинг эътиборталаб ва оғриқли нуқталарини бартараф этиш борасидаги фикр-мулоҳазаларини билдирган. Афсуски, бугун Обид Асомов орамизда йўқ. Энди у яратган мактаб, унинг жамоаси ва издошлари ушбу ниятларни амалга оширишига, ўзбек мультпликациясининг ёрқин саҳифаларини яратишига умид қилиб қоламиз.

Суҳбатдош: Ҳидоят Жўраева