Тилим-тилим бўлган тилим!
07.02.2019

Мамлакатимизда хорижий тил­ларга, айниқса, инглиз тилига эътибор жуда кучайди. Одамлар ўз тили қолиб бошқа тилларни ўрганишга “қаттиқ бел боғладилар” шекилли, қаерга борманг, ажнабий сўзларни эшитишга қулоғимиз, имло қоидаларига бўйсунмаган ёки чет тилда ёзилган ёзувларни кўришга кўзимиз кўникиб қолди. Она тилимизга эътибор сусайиб кетгани ҳақида қанчадан-қанча ­мақолалар ёзилди, ҳозир ҳам ёзилмоқда, бундан кейин ҳам ёзилади. Чунки тилимизнинг бугунги аҳволи шунга муҳтож. Бугун ёзмоқчи бўлганларимиз ўзини ўзбек дея атайдиган, унинг тили, дини, урф-одати, миллий ғурурини ўзиникидан-да устун биладиган одамларга ўз она тилининг келажагидан хавотирда бўлган оддий ўзбек фарзандидан кичик мулоҳаза, холос...

Кўча ёзувлари хатоларга тўлиб кетди

Ҳар куни кўчага чиқамиз: кимдир ишга, кимдир ўқишга... Қаерга борманг, хатоларга, қаерга қараманг, хорижий тил (айниқса, рус ва инглиз тиллари)да ёзилган пешлавҳа, эълонларга кўзингиз тушади. “Ўз она тилимизда тўғри ёзишни билмай туриб, чет тилларида реклама, афишалар чиқаришга ким қўйибди”, дейсиз беихтиёр. Гавжум кўчаларга кириб қолсангиз-ку, тамом, адашиб қолишингиз аниқ. Бу кўча Ўзбекистондами, Россиядами ёки АҚШда дея ўзингизга ўзингиз савол берасиз. Чунки кундан-кунга замонавийлашиб, чирой очиб бораётган кўчаларда ўзбек тилида ёзилган матнларни учратиш мушкул бўлиб қолди.

Юқоридаги каби ҳолатларга қабул ­қилинган қонун ва қарорлардаги камчиликлар ҳам сабаб бўлаяпти. Чунки 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида ёзилишича, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади”. Шунинг учун ҳам бизда исталганча ажнабий тилда реклама бериш, исталган тилда ном қўйиш авж олган.

Хўш, бу муаммони қандай ҳал этиш мумкин? Агар хорижий тиллардаги сўзлардан фойдаланишга маълум бир чеклов қўйилса, ўз она тилимиздаги сўзлардан фойдаланиш бирмунча кучайиши турган гап. Қолаверса, бу каби муаммоларни бартараф этишда фуқароларнинг фаоллиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Агар рек­лама пешлавҳаларидаги қўпол хатолар ҳақида хабар бериб, уларнинг тўғриланиши талаб этилса, муаммо ечимига катта ҳисса қўшган бўламиз. Аммо бундай ҳолатларда кимга ёки қаерга мурожаат этиш керак?

Реклама берувчи ёки реклама агентлиги хатоларга эътиборсизлик билан қараса, уни бартараф этиш учун ҳеч қандай чора кўрмаса, фуқаролар кимга шикоят қилиши мумкин? Хатоларни бартараф этиш масаласига бундай эътиборсизлик билан қараган реклама берувчи шахс ёки реклама агентлиги­нинг хатти-ҳаракатларини “менсимаслик” ёки “эътиборсизлик ва паст назар билан қараш” дея таърифлаб, уларни маъмурий жавобгарликка тортиш мумкинми?

Демак, бу борада ҳам норматив ҳужжатларимизда нуқсонлар мавжуд. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, рекламаларда давлат тилини ишлатишда хатоларнинг олдини олиш на “Давлат тили тўғрисида”ги қонунда ва на “Реклама тўғрисида”ги ­қонунда тартибга солинган. Реклама ва ­эълонларда учраб турадиган қўпол имло хатолари учун ким жавобгар? Реклама берувчими ёки реклама агентлиги? Бу каби саволларга, афсуски, жавоб йўқ.

Устознинг айтганини қил, қилганини қилма(ми?)

Ўқитувчи деганда хаёлингизда биринчи бўлиб ким гавдаланади? Албатта, ораста кийинган, зиёли бир инсон. Менимча, фикримиз бир жойдан чиқди. Ажабки, бугун ўқитувчиларимизнинг ҳаммаси ҳам бундай эмас. Чунки айрим ўқитувчиларнинг кийиниш маданияти ҳам, ўзини дарсда тутиши ҳам ўзгариб кетган. Лекин ҳозир биз унинг юриш-туриши, кийиниши ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Мавзудан четлашмаган ҳолда уларнинг она тилимизга бўлган муносабати ҳақида фикрлашмоқчимиз. Бу “оммавий маданият” деганлари қандай бало эканки, яқиндагина бакалавриатни тамомлаган “домла”ларни қўяверинг, илмий даражаси бор, бир неча ўн йиллик тажрибага эга устозларни ҳам ўз домига тортиб кетмоқда.

Дарс пайтида ўқитувчиларни кўп ­кузатаман. Уларнинг дарс жараёнида қандай сўзлардан фойдаланаётгани, сўзларни ўринли ёки ўринсиз қўллаётганига эътибор қаратаман. Деярли ҳар доим фикрларим салбий бўлади. Нега дейсизми? Оддий бир мисол (бу ҳол сизда ҳам бўлган), ўқитувчилар дарс давомида хорижий айниқса, рус тили ва инг­лиз тилидаги сўзларни кўп қўллайди. Аниқроқ қилиб ­айтадиган бўлсак, собиқ иттифоқ даврида шакл­­ланган ўқитувчи рус тилида, ҳозирги замон ўқитувчиси инглиз тилидаги сўзлардан фойдаланади. Рус ва инглиз тилидаги сўзларни асосан шаҳарлик ўқитувчилар ишлатади. Қишлоқларда эса бу ҳолат бошқачароқ, айрим “шаҳарлик, катта” ўқитувчиларнинг фикрича, улар шевага хос сўзлардан фойдаланишади.

Соф, чиройли, сўзларга бой она тилимиз турганда, бошқа тиллардан фойдаланишнинг нима кераги бор? Агар ўқитувчидек зиёли инсон тил меъёрларига риоя қилмаса, бозорда писта сотиб ўтирган сотувчидан нимани кутиш мумкин? Ана энди кузатув ва билимларимизга таянган ҳолда хулоса ясаймиз.

Рус тилини билсанг — ишинг “беш”

Давлат тилининг қадрсизланиб бораётганига яна бир сабаб давлат идораларида ишлаётган аксарият кадрларнинг ўзбек тилини билмаслиги ва норматив ҳужжатларнинг деярли барчаси рус тилида ишлаб чиқилишидир. Қабул қилинган қонун талабига кўра, давлат идораларида ишлаб, ўзбек тилини билмайдиган бошқа миллат вакилларига давлат тилини ўрганишлари учун берилган муддат ўтиб кетганига қарамасдан, ҳамон ўз лавозимларида ишлаётганлари, ҳаттоки миллати ўзбек бўла туриб, ўзбек тилини билмайдиган раҳбар ва мутасаддиларнинг ҳеч қандай чекловларсиз давлат органларида фаолият юритиш­лари одатий ҳолга айланиб қолди.

Давлат идораларига ёки оддий бошқа маиший соҳаларда бўш иш ўринлари учун берилган эълонларга эътибор берсангиз, деярли барчасида “рус тили ва инглиз тилларини билиш шарт” деган талабга дуч келасиз. Майли, ҳеч бўлмаса битта хорижий тилни билиш керак, лекин рус тили ва инглиз тилини билар экан деб ўзбек тилини билмайдиган ходимни ишга олиш ҳам тўғри эмас-да.

Ҳуқуқий ҳужжатларга келсак, “Давлат ­тили тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон қилинади” дея зикр этилган. Лекин шунга қарамай, қонуннинг мазкур моддаси давлат ҳокимияти ва бош­қарув органлари томонидан кўп ҳолларда бузилаётганини кузатиш мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) топилган қонун ҳужжатларининг баъзилари фақат рус тилида мавжудлигини кўриш мумкин.

Юқумли касаллик

Блогерлар. Икки йил аввал ҳам бу атамани кўпчилик тушунмас эди. Ҳозир эса блогер десангиз интернет тармоғидан кенг фойдаланадиган одамлардан тортиб, газета ёки телевизор кўриш билан кифояланадиган томошабинларгача билади. Блогерлар кимларнингдир ҳимоячисига айланиб ҳам улгургани рост. Чиндан ҳам, бугун муаммоларни ёритишда, масалага танқидий ҳамда таҳлилий ёндашишда блогерлардан ўтадигани йўқ. Лекин, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, қайсидир маънода халқнинг дардига дармон бўлаётган блогерлар ҳам тил масаласига келганда анча оқсашмоқда. Биринчидан, уларда савод масаласи ҳаминқадар. Қанча кўп ёзишса, шунча кўп хато қилишади. Чунки уларда сифат эмас, тезлик бирламчи.

Иккинчидан, блогерларнинг аксарияти ­журналистик материал ёзишга қодир эмас, улар асосан кўча тилида фикр­лашади ва ёзишади. Яна бир асосий масала бор, бизнингча, ИМҲО, P.S., тойс ­каби олинма сўзларнинг кириб келишига ҳамда кенг ёйилишига ҳам блогерлар сабабчи. Чунки истаймизми-йўқми, ижтимоий тармоқларда фаол бўлган, виртуал ҳаётга боғланиб қолган оддий халқ мана шундай блогерларнинг ортидан эргашмоқда. Юқорида келтирганимиз ИМҲО яъни “In my humble opinion” атамасининг кенг тарқалишига айнан блогерлар “айбдор”. Телеграм мобил иловасида @xushnudbekuz канали орқали фаолият ­юритаётган ёш ҳуқуқшунос блогер “ИМҲО”га шундай изоҳ берди: “ИМҲО инглизча “In my humble opinion” бирикмасининг қис­қартмаси ҳисобланиб, ўзбек тилига “Менинг фикри ожизимча” дея таржима қилинади. Блогер ўз мақолаларида, блогерлар тили билан айтганда, ўзининг “блог пост”ида бу каби “ИМҲО”лардан кўп марта фойдаланган, ҳозир ҳам фойдаланиб келмоқда. Модомики, “ИМҲО” – “менинг фикри ожизимча” экан, нега уни “МФО” тарзида ўзбекча қисқартириш мумкин эмас? Блогерлар “ИМҲО”нинг ўзбекча маъносини халққа тушунтириш ўрнига ўзбекчасини ёзиб қўйишгани осон эмасмиди? Ахир бир кун келиб ўз она тилимиздаги сўз бирикмалари ва иборалар ҳам қисқартма тарзида баён этилиб, кенг омма учун тушунарли шартли белгиларга айланиши керак-ку. Ёки “PS” қисқартмасини олсак. Ушбу қисқартма лотин тилидаги “post scriptum” бирикмасининг қисқартирилган варианти бўлиб, ўзбек тилига мақоладан (матндан) кейин ёзилган, яъни тугалланган ва имзоланган хат ва матнларга қўшимча матн киритиш дея таржима қилинади. Демак, “PS”нинг ҳам ўзбекча муқобилини ўйлаб топса бўлади.

“Ватанга муҳаббат” ҳам сотилди

Водийдан Тошкентга киришда ёши саксондан ошган, кўзи унча-мунча нарсаларни илғамайдиган нуроний отахонларимизга ҳам кўринадиган қилиб TASHKENT деб ёзиб қўйишибди. Борар маконим водий бўлгани сабаб кўзим шу ёзувга тез-тез тушиб туради. Лекин шу кунгача Тошкент деб келинаётган шаҳар бирданига Ташкент бўлиб ўзгариб қолганига ҳали-ҳамон тушунмайман. Русча ёзилганми деб ўйлайман баъзан, лекин ҳарфлар лотин алифбосида. Ёки инглизчами бу? Инглизча бўлса бу “тилмочлар” ёнига “welcome to”ни ҳам қўшиб қўйишар эди... ҳар не бўлганда ҳам ўзимизнинг “Тошкент” яхши эди.

Пойтахтимизда айрим кўчирмакашларнинг “ғояси” билан “I ♥ Tashkent” деган ёзувлар пайдо бўлди. Кейинчалик қуш уясида кўрганини қилади деганларидек, пойтахтнинг барча туманлари ҳам шу тахлит ўз туманларига “муҳаббатларини изҳор қилишди”. Бу шармандаликни ҳазм қилмасимиздан вилоятлар ҳам ота изидан боришди. Уятмасми, ахир? Кўчирмакашлик бўлганида ҳам алам қилмасди. “Ўзбек бренди” дея жар солаяпмиз-ку, амал қилишга келганда эса яна хориждан кўчиришдан, яна бошқа тилдан сўз олишдан ўзимизни тия олмаяпмиз. Бу ҳақда гап борганда ёшу қарининг топиб олган гапи бор: “чет тилидаги номлар жарангдор-да”. Ўзимизда бундай сўзлар йўқми? Бор, албатта. Яна бир баҳона: “уларда оддий бир сўз бренд даражасига кўтарилган”. Биз ҳам соф ўзбекча бир сўзни қайта-қайта такрорлайверсак, ўша номдан кўп марта фойдалансак, у ҳам бренд даражасига кўтарилади. Ўйлаб кўринг, биз чет тиллардаги сўзлардан фойдаланишдан тўхтамасак, қачон миллий брендимизга эга бўламиз?

Чегара бўлиши керак эмасми?

Она тили дарслигида шундай қои­да бор: “Янги сўз ҳосил қилишнинг уч асосий тури мавжуд. Булар икки ёки ундан ортиқ сўзни бир-бирига қўшиш орқали, сўз ясовчи қўшимчаларни қўшиш орқали ва сўнггиси неологизмлар, яъни чет тилидан атама ёки сўзларни ўзлаштириш орқали”. Она тилимизни хавф остида қолдираётгани айнан шу учинчи тур билан боғлиқ ҳоди­салардир. Хўш, муаммо нимада? Тил тўғрисида қабул қилинган ҳеч бир қонун ҳужжатларида хорижий тиллардан киритиладиган сўзларга меъёр белгиланмаган. Шунинг учун ҳам тақлидни яхши кўрадиган халқимиз чет тилидан исталганча сўз “қўшиб” олмоқда. Бу каби ўзлашма сўзларнинг тез суръатларда кириб келиши илм-фанга таал­луқли атамаларда ҳам кўп кузатилмоқда. Топилган баҳона: “бу атама, термин таржима қилинмайди”. Ахир ўша “термин”нинг ҳам ўзбекча муқобили бор-ку. Хориж тажрибасига таянадиган бўлсак, ­дунёнинг ривожланган давлатларида, хусусан, Францияда чет тилидан кириб келган сўзларни ўзлаштиришда меъё­рий қоидалар белгилаб қў­йилган. Яъни маърузачи ўз маърузасида чет тилидаги сўзлардан 4-5 фоиз миқдорида фойдаланиши мумкин.

Ушбу мавзуга хулоса ўрнида ҳаё­тий бир мисолни келтирмоқчиман. Бир танишим бор эди, дунёқарашларимиз бир-бирига умуман тўғри келмасди. Менимча, бунга тамомила бошқача оилавий муҳит сабаб бўлса керак. Ўша танишимнинг тилидан Россия, Англия, АҚШ каби давлатлар тушмасди. Сўзлаганда ҳам русча аралаштириб гапирарди, жамиятимиздаги юқоридагидек қусурлар ҳақида гапирсангиз, энсасини қотириб: “оммавий маданият бу, ривожланиш керак” дея ўзини оқларди. Ўзимча ўйлаб қолардим, агар шундай ёшлар бир кун келиб ҳокимият тепасига ўтирса, ўзи шундоқ ҳам жони қил устида турган она тилимиз тамомила йўқ бўлиб кетади, шекилли. Тўғри, Президентимиз “чет тилини ўрганинг, дунё кўринг, тажриба алмашинг” дея бежиз даъват қилаётгани йўқ. Чиндан ҳам, тил ўрганиш керак, дунё кўриш керак, тажриба алмашиш шарт, лекин бу европапараст урф-одатларини, тупроғини, сувини, ҳамма-ҳаммасини севиб-ардоқлаши керак. Шундагина миллатнинг дини, тили, маънавиятига путур етмайди. бўлиш керак, унинг маданиятини миллат онгига сингдириш керак дегани эмас. Ёмонини четга суриб, яхшисини ўрганиш керак, холос. Инсон, энг аввало, ўзи туғилиб ўсган Ватанини, унинг қадриятларини,

Жасур Тожибоев,

“Huquq va burch” мухбири