Жиззах вилоятида давлат томонидан бошқаришнинг самарали модели синалади
11.01.2019

Жиззах вилоятида 2019 йил 1 мартдан бошлаб ҳудудни комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш бўйича “Илғор ҳудуд” синов лойиҳа бошланади (3.01.2019 йилдаги ПФ-5609-сон Фармонга қаранг).

 

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги лойиҳани амалга ошириш учун масъул бўлади.

 

Лойиҳа доирасида:

·         норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш соҳасини таҳлил қилиш ва баҳолаш;

·         ҳудудни жадал ривожлантириш учун илғор қарорларни аниқлаш, шунингдек республика ва ҳудудий ижро ҳокимияти органларининг жавобгарлик соҳасини аниқлаштириш;

·         ҳудуднинг стратегик мақсадлари, шунингдек ҳудудий давлат бошқаруви органлари учун мақсадли кўрсаткичларни шакллантириш механизмларини ишлаб чиқиш;

·         ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш ва даромадларини ошириш;

·         таркибий ислоҳотлар ёрдамида инвестициявий муҳитни яхшилаш;

·         “Бир қишлоқ - битта маҳсулот” тамойили бўйича талаб юқори бўлган товарларни ишлаб чиқариш учун шарт-шароитларни жадаллик билан яратиш;

·         иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ва саноатнинг янги тармоқларини ривожлантириш, Жиззах вилоятида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ва хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шарт-шароитларни яратиш кўзланмоқда.

 

2019 йил 1 мартга қадар Жиззах вилояти ҳудудини режалаштириш схемаси эскизи ишлаб чиқилади. Жиззах вилояти туманлари ва аҳоли пунктларининг бош режаларини режалаштириш схемалари, шунингдек тегишли архитектура-режалаштириш тадбирлари мувофиқлигини назорат қилиш мақсадида ихтисослаштирилган архитектура-режалаштириш эксперт кенгаши ташкил этилади.

 

Қуйидагиларни назарда тутувчи Жиззах вилоятини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилади:

·         давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш соҳасини таҳлил қилиш ва баҳолаш, чора-тадбирларни амалга ошириш ва маъмурий тўсиқларни бартараф этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

·         маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этиш;

·         таркибий ислоҳотлар, шу жумладан таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасидаги таркибий ислоҳотлар бўйича таклифлар бериш;

·         инновацион лойиҳалар, шу жумладан рақамли иқтисодиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, истеъдодли болалар ва ёшлар имкониятларини, транзит йўлларидаги инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар бериш;

·         урбанизация ва комплекс уй-жой қурилиши жараёнларини тартибга солиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

·         туризм тармоғини, шу жумладан Зомин туманида туризм кластерларини ташкил этиш орқали ривожлантириш имкониятини яратиш;

·         сув, газ ва электр таъминоти, канализация тармоқлари, йўл инфратузилмаси, Интернет тармоқлари, ирригация ва мелиорация тизимлари соҳасида талаб қилинадиган ишларнинг устуворлиги бўйича инфратузилма ҳолатини баҳолаш ва янада ривожлантириш.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.01.2019 йилдан кучга кирди.