Тадқиқот, таҳлил, таклиф
Йўқотиш... Аввал китоб, энди эса газeта, журналми?
09.01.2019

“Энди газеталарнинг ўрнини сайтлар эгаллайдими?” Бу каби саволлар бугунги кунда қулоғимизга кўп чалиняпти. Ҳар бир ишининг боши ва охири бўлганидек, газеталарнинг ҳам умри ниҳоялаб қолгандек, гўё. Чиндан ҳам шундайми? Бу борада турли ижтимоий сўровлар ўтказилди, кўплаб мақолалар чоп этилди. Лекин ҳали-ҳануз масалага ечим топилмади. Айниқса, мажбурий обунага чек қўйилганидан сўнг, одамлар орасида чиндан ҳам энди газеталарнинг ўрнини сайтлар эгаллайди, деган қараш кучайди. Чунки, тан олишимиз керак, юртимиздаги нашрларнинг деярли барчаси мажбурий обуна ортидан кун кечирар эди. Бу билан биз “газетачи ноҳақ, обуначи ҳақ эди”, демоқчи эмасмиз.

 

Танганинг иккинчи томонига назар солсангиз, яна бир муаммо кўзга ташланади: агар мажбурий обуна бўлмаса,бизнинг “ўқимишли” халқ ўз хоҳиш-иродасига кўра обуна бўлмайди-да. Тўхтанг, тўхтанг... газеталарнинг қадрсизланишига уларнинг ўзи айбдор демоқчимисиз? Балки шундайдир, балки газеталарда сиз айтганчалик “ўқишга яроқли” материаллар кам ёки умуман йўқми? Жим қоласиз... демак бор. Балки газеталарнинг обрўсизиланишига соатлаб телефондан бош кўтара олмайдиган, виртуал дунёга боғланиб қолган – ўзингиз айбдордирсиз, балки сизни шунга мажбур қилаётган интернетни айблармиз? Ҳар не бўлганда ҳам, юқоридаги уч омил сабаб аввал китоб ўқимаслик дардига чалинган халқ энди “газета ўқимайдиган халқ” номини олиш арафасида турибди. Шунинг учун бугун биз муаммога танганинг ҳар икки томонидан қарамоқчимиз.  Бугун сиз билан айнан шу мавзуда, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, газеталар нима учун бу аҳволга тушиб қолгани, уларни нима учун тобора қадрсизланиб бораётгани ҳақида икки оғиз суҳбат қурмоқчимиз.

 

Аввало “блогер”лар ҳақида

Бу “бало” қаердан келди ўзи? XXI аср – ахборот технологиялари асри деб бежиз айтилмаган. Бугунги кунда деярли ҳар бир инсон интернет қачон пайдо бўлгани, мамлакатимизга қачон кириб келгани-ю, қачон ривожлангани ҳақида қисман бўлса ҳам маълумотга эга. Сўнгги йилларда мамлакатимизда интернетнинг жадал суратларда ривож топиши туфайли, ОАВ соҳаси ҳам тобора ривожланиб бораётгани яққол сезилиб турибди. Бу,айниқса, интернет-журналистикада ўз аксини топди. Намуна сифатида kun.uz, daryo.uz, xabar.uz каби бир неча етакчи сайтларимизни келтиришимиз мумкин. Сайтлардан фарқли ўлароқ, ҳозирги кунда блогерлар дея аталиб келинаётган шахслар ҳам ОАВ соҳасига кириб келишди. Улар ўз фаолиятини нисбатан жамиятга, қайсики виртуал оламда яшайдиган жамиятга яқинроқ жабҳаларда, яъни facebook, tweetter, instagram каби ижтимоий тармоқларда, telegram, whatsapp каби месенжер (мобиль илова)ларда олиб боришмоқда. Ўтган уч-тўрт йил ичида ахборот етказиш шунчалик тезлашдики, узатилаётган янгиликларни бирини бирига улай олмайсиз.

 

Шундай тезликда ахборотни қабул қилиш имкони бор пайтда газета ёки журналга кимнинг эҳтиёжи бор, дейсиз? Бу, албатта, масаланинг бир томони. Хулоса қилишга шошилманг! Ҳеч ким газеталарнинг умри тугади, деяётгани йўқ, биз бу гапимиз билан информацион сайтларнинг ёнини олмоқчи ҳам эмасмиз.

 

Энди аввал — бошида ўртага ташланган муаммо – газеталар қадрсизланиши ҳақида гаплашсак. Хўш, газеталарнинг қадрсизланишига сабаб нима?

 

Вақт оралиғидаги муаммо

Турли хил информацион сайтлар, мустақил блогерларнинг сони ортгани сайин одамлар ахборот қуршовида қолиб кетди. Аввал ҳафта, кун дея саналган янгиликлар энди дақиқа сайин, сония сайин, дея айтилмоқда. Чиндан ҳам, ҳар дақиқа, ҳар сонияда турли хил янгиликлар, хабарлар омма эътиборига ҳавола этилмоқда. Газеталар эса бу борада ҳам ортда. Хўш, бунга сабаб нима? Албатта – вақт. Газеталарнинг аксарияти ҳафтада бир маротаба нашр этилиши кўпчиликка маълум. Шундай экан, бу “шўринг қурғурлар” бугун (дейлик, чоршанба) содир бўлган воқеани қандай тезкорлик билан ёритиб берсин? Ўзи газета жума куни чиқса? Ёки ўша воқеадан бир кун аввал чиққан бўлса-чи? Ана, энди бу хабар ўз навбатини бир ҳафта кутади... ўзингиз ўйланг, бир ҳафтага эскирган хабарни ким ҳам ўқирди? Хабар қанчалик муҳим бўлса ҳам, энди уни ҳеч ким ўқимайди, энди унинг ҳеч кимга қизиғи йўқ.

 

Шу ўринда бир савол ўринли: анъанага айланган “ҳафтада бир маротаба нашрдан чиқиш” ҳолатига чек қўйиш вақти келмадимикан? Қайси маънодаки, агар газета фақат хабар ва янгиликлар учун мўлжалланган бўлса, унинг бир ҳафтада бир марта чиқиши ўринсиз. Келинг, яхшиси вақт масаласига бошқачароқ хулоса ясаймиз. Газеталарни информацион сайтлардан бир ютуқли томони бор. Газеталар аввал ҳам, ҳозирги кунда ҳам таҳлилий, кишини ўйга толдирадиган мақолалар бериш имконига эга. Информацион сайтларда эса бундай мақолалар жуда кам. Шундай экан, газета ва журналлар киши эътиборини ўзига жалб қила олиши, бир сўз билан айтганда ўқишли бўлиши учун таҳлилий материаллар керак. Шунинг учун ўқишли мақолаларни кўпайтириб, хабарларни сайтларга “топшириш” зарур. Масаланинг яна бир ечими бор. Бу усул хориж тажрибасида анчадан буён амалга оширилиб келинмоқда. Яъни — ҳар бир газетанинг таркибида кундалик-информацион газеталар чоп қилиш. Хориж тажрибасида  кундалик газеталарга кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин: Масалан, Британияда кундалик газеталар якшанба ва 25-декабрдан ташқари ҳар куни нашр этилади (“The Times”, “The Sun”, “Daily Mirror”, "The Guardian” ва ҳоказо). Бундан ташқари якшанба – дам олиш куни чиқадиган газеталар ҳам мавжуд бўлиб, улар мустақил нашр ҳисобланади. Францияда “Le Monde”, “L’Opinion, “Le Parisien” каби газеталар ҳар куни нашр этилади. Бундай турдаги кундалик газеталар қайсидир бир ҳафталик газетанинг таркибида бўлиб, у ҳар куни, икки, тўрт ёки ундан ҳам кўпроқ саҳифаларда чоп этилади. Газетада кун давомида бўлиб ўтган хабар ва янгиликлар, ҳафталик газетада чоп этилиши мўлжалланган мақолалар анонси бериб борилади. Ҳафталик газета эса ўз ўрнида қолади, газета ўз йўналишига қараб, мақолаларни саралаш имконига эга бўлади. Зарурат юзасидан қўйилган янгилик ва хабарларни босишга чек қўйилади. Бундай “заруратларнинг” ўрнига савияси баландроқ, киши эътиборини ўзига жалб қила оладиган мақолалар берилади. Яна шуни таъкидлаш жозики, Европада бепул тарқатиладиган кундалик газеталар ҳам мавжуд. Бунга мисол тариқасида Франциянинг “20 minutes”, “Direct Matin”, “Metro” (метро бепул газеталари Европанинг деярли барча мамлакатларида мавжуд) каби газеталарни келтиришимиз мумкин. 

 

Ўқиш учун иккига ёки тўртга букланг

Газеталарнинг қадрсизланишига сабаблардан яна бири уларнинг ҳажми билан боғлиқ. Қоғознинг стандарт шакллари ҳақида билсангиз керак, билмасангиз, эслатиб ўтамиз. А4 – бу барчамиз билган, кундалик юмушларда кўп фойдаланадиган қоғоз бичими, ўлчами: 210х297. А3 қоғоз бичими ҳақида ҳам эшитгансиз, ўлчами —297х420, соддароқ қилиб айтганда, иккита А4 шаклнинг бирлашгани. А2 – ўлчамлари: 420х594. Ярим метрдан ошиқроқ ўлчам. Тасаввур қилишга улгургансиз, менимча?! Аксарият “отахон” газеталар энг сўнггида саналган ўлчамда, яъни А2 шаклда нашр этилади. Кўп йиллар давомида нашриётда ишлаган исталган мутахассисдан шу масала ҳақида фикр сўрасангиз, “бу газеталар учун ўзига хос қадрият, анъанага айланиб улгурган ҳолат”, деган жавобни эшитасиз (шу ўринда икки оғиз фикр: Жамиятнинг кўп соҳаларида юзага келаётган муаммолар ҳақида гапирилганда, бунга сабаб сифатида дастлаб кадрларнинг кексалиги, дунёқарашнинг эскилик сарқитида қолиб кетганига урғу берилади). Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда ададининг сони 1 млн. 510 минг 973 тани ташкил қилган “Аргументи и факти” газетаси ҳам, етарлича муштарийларига эга бўлган “Литературная газета” ҳам (адади: 113 842), қолаверса, АҚШ, Франция, Германия, Англия ва бошқа давлатларда нашр этиладиган кўплаб нуфузли газеталар ҳам ўз форматларни янгилаб улгуришган. Бу ўз-ўзидан бўлган эмас.Албатта, газетхонларнинг талаб ва истаклари асосида ушбу ишга қўл урилган.  Ҳеч қаерда ёзилмаган шундай ҳақиқат бор: “инсон буюмларга эмас, буюмлар инсонга мослашиши керак”. Ҳар қандай нарса инсон учун, унингҳаёт тарзини яхшилаш учун ишлаб чиқарилади. Шундай экан, одамлар газетага эмас, газеталар одамларга мослашиши керак эмасми? Газетани кимдир йўлда ўқийди, кимдир овқатланиш пайтида, яна кимдир дам олаётганда. Ҳар қайси ҳолатда ҳам бир метрлик газетани тўлиқлигича очиб ўқиб бўлар эканми? Турли хил ижтимоий сўровлар, айниқса, facebook ижтимоий тармоғидаги фикрларга таянадиган бўлсак, кўпчиликфойдаланувчилар газеталарнинг ҳаддан ташқари катталигидан, уни исталган жойда исталган ҳолатда ўқиб бўлмаслигидан шикоят қилишади. Газетани ўқиш учун иккига ёки тўртга буклаб ўқиш кераклиги ҳақида кўп гапиришади. Энди ўйлаб кўринг, сал кам бир метр бўлган (840 мм) газетани саҳифалаб ўқиб ўтириш қанчаликқулай? Биз бу гапимиз билан барча газеталар А4 ёки А3 шаклига ўтиши керак демоқчи эмасмиз. А2 формадаги газеталар ҳам бўлиши керак, албатта. Чет эл нашрларида ҳам А2 формада нашр этиладиган газеталар сонианча кўп. Бу газетанинг мавқеини ҳам белгилайди. Лекин шундай экан деб ҳамма газеталар шу шаклга ўтиб олиши ҳам нотўғри-да. Газетанинг савияси пасту, “обрўси” баланд. Бу ҳам тўғри иш эмас-да.

 

Бир калла қанд, уч сўм пул...

Яна бир катта муаммолардан бири – газеталаримизнинг саҳифалари камлиги. Довруғи бутун Ўзбекистонга достон газеталар ҳам 4, 6, 8 саҳифадан ортмайди. Юртимиздаги деярли барча газеталарни варақласангиз, бир-икки дейишга улгурмасдан саҳифанинг якунига бориб қоласиз. Катта мавқега эришаман деб шаклни А2 қилгунча, саҳифани кўпайтириш керак. Тўғри, газетанинг иши қийин, ўша 4 саҳифани ҳам тўлдириш осон деб ўйлайсизми? Хўш, унда газеталарнинг “нонини яримта қилаётган” сайтлар бир кунда ўнлаб, юзлаб материалларни қаёқдан топаётган экан? Яна хориж тажрибасидан мисол келтирамиз. Бугунги кунда 113 842 обуначига эга “Литературная газета”, “Аргументи и факти”, “Ведмости”, “Le Monde”, “Le Parisien”, “The Times”, “The Sun” каби газеталарнинг саҳифалари сони 40 дан кам эмас. Ҳатто юқорида саналган бепул газеталарнинг ҳам саҳифалари бизнинг ҳафталик газеталаримиз билан солиштирганда кўпроқ тош босади.

 

Дунё ҳали ҳам оқ-қора рангда

Усти ялтироқ, ичи қалтироқ. Бугунги кундаги газеталарга шу таърифни берсак,  муболаға қилмаймиз. Айримларига бу таърифни ҳам бериб бўлмайди. Газетанинг ўқишли бўлиши учун юқорида айтилганидек, унда таҳлилий-танқидий мақолалар бўлиши керак, у ўқувчига ҳар томонлама мос келиши, жумладан, ўқиш жараёнида муштарийга ноқулайликлар туғдирмаслиги керак. Яна бир масала газета саҳифаларининг ранг-баранглигида.Бизнинг газеталаримизни эса биринчи ва сўнгги саҳифаси рангли, қолган саҳифалар оқ-қора рангда чоп этилади (айрим нашрлар бундан мустасно). Бунинг бирдан бир сабаби газетанинг молиявий аҳволи билан боғлиқ. Демак, газета-журналлар устида ҳам катта-катта ислоҳотлар ўтказиш даври етиб келибди.

 

“Хўрозни қўйвор, номард”

Кузатишларимиз натижасида газеталарнинг қадрсиз бўлиб, ўз муштарийсини топа олмаслигига кўп ҳолларда газетанинг тепасида турган мутасаддилар айбдор бўлиб қолаётганига амин бўлдик. “Цензура йўқ” дея жар солганимиз билан ҳали- ҳамон майда-чуйда цензура давом этмоқда. Қарангки, газетани саҳифалашда ҳамцензура мавжуд экан. Ҳозир гапирмоқчи бўлган мавзуимиз газета дизайни ҳақида. Биламизки, газетани газета қиладиганлар дизайнерлардир. Замон шиддат билан ривожланаётган бир даврда газеталар дизайни ҳали ҳам эски ҳолатда қотиб қолгани кишини ўйлантиради. Бу қачонгача давом этиши мумкин? Энди дизайнерларни айблаймиз... Йўқ, сал шошманг, дизайнернинг ҳам тепасида бошлиғи бор. Демак, айб унинг бошлиғида... Йўқ, менимча, яна адашяпмиз...

 

Газеталар компьютер ёрдамида саҳифалашга ўтилгандан сўнг унинг шакл-шамойилида анча-мунча ўзгаришлар бўлди. Ранглар, расмлар, мақолаларни исталган усулда жойлаштириш имкони туғилди. Газеталарни саҳифалашда турли хил креатив ёндашувларга кенг имкониятлар очилди. Дизайнерларда имкон бор, ғоя ҳам етарли, лекин “бошлиқ”қа креатив фикрлар керак эмас. Дизайнер очиқ рангдан фойдаланса, очиқ дейилади. Тўқ ранг ишлатса, газета қўпол бўлиб қолган. Хуллас, дизайнерлар газетада дизайнерлик эмас, фақат саҳифалаш “юмушини” бажаришмоқда. Газетанинг кўриниши эса “катталарнинг” ихтиёрида қолиб кетган. Исталган газетани қўлингизга олинг, бошидан охиригача варақланг (айрим газеталар бундан мустасно) анъанага риоя қилган ҳолда рукн, сарлавҳа, тўрт устун ҳамда бурчакда кичкинагина расмни кўрасиз. Шу қолип шундайлигича ҳар сон, ҳар йили нашрдан чиқади. Ранглар ҳам ўша-ўша. Қизил рангни сал кўп ишлатса – бачканалик, қора – тушкунлик, сариқ, яшил – “ўйинчоқми бу сенга?” ёки расм ишлатишдаги муаммолар. Расмни тўғри танлай олмаслик, шахсларни орқа томон билан қўйиш... шрифт танлашдаги муаммолар... хуллас, гапираман десангиз, гап кўп. Шунинг учун ўз соҳасининг мутахассиси бўлган дизайнерларга ҳам имкон бериш керак. Мазмун кирган саҳифаларга чирой кирса зарар қилмайди.

 

Ҳар ким ўз ишини қилиши керак

Бир сўз билан айтганда, “чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин” деганларидек, ҳар ким ўз ишини сидқи дилдан, виждонан бажарса, бундай муаммоларни тезда бартараф эта олардик. Янгиликларни ким ўзарга, талашиб-тортишиб оммага етказаётган сайтлар ҳам, газета ва журналлар ҳам, албатта, жамият ривожи учун зарур ва керак. Қадрли муштарий, сиз ҳам ўз ишингизни англаган ҳолда газета ва журналларни бир-бир варақлаб турсангиз, биринчи навбатда, ўзингиз, қолаверса, нашрлар ривожига ҳисса қўшган бўласиз.

Жасурбек ТОЖИБОЕВ