Тадқиқот, таҳлил, таклиф
Коррупцияни енгиб бўладими? (2018 йил, ноябрь)
09.01.2019

Аслини олганда, коррупция мавҳ этиб бўлмас бир юҳо, коррупционерлар эса ҳар нарсага қодир  «қудратли кардиналлар» эмас. Коррупция, агар касофати улардан зиёдроқлигини айтмаганда, ҳар қандай жамиятга хос бўлган жиноятлардан бири, холос. Коррупционерлар ҳам худди бошқа жиноятчилар, дейлик, ўғри ёки фирибгардан кўп фарқ қилмайдиган, вақти келиб, қўлга тушишдан, жазодан, халқнинг нафратидан қўрқадиган бир тоифа. Бошқа ҳеч нарса.

Лекин биз негадир коррупцияни бедаво дард, инсон иродасидан юқори турувчи куч сифатида таърифлашга мойилмиз. Гўё бу биздан унга қарши курашиш масъулиятини соқит қиладигандай.

Эътибор берсак, бугун коррупция, унинг тараққиётга тушов бўлаётгани ҳақида эринмаган одам борки, нимадир демоқда. Ҳатто ашаддий коррупционерлар ҳам бундан ўзини тия олмаяпти. Бу кўпчиликнинг аксар муаммолар коррупция билан боғлиқлигини, коррупциясиз жамиятда яшашга ҳақли эканимизни тушуна бошлаганидан дарак. Шунинг ўзи катта ютуқ. Лекин биз унга қарши қандай курашиш кераклиги ҳақида тузукроқ тушунчага эга эмасмиз.

Ҳар қандай муаммони бартараф этишнинг йўл-йўриғи бўлиши керак, жумладан, коррупцияга қарши курашишнинг ҳам. Айни пайтда биз коррупциянинг миқёс ва мақомини, сабаб ва оқибатларини англашимиз учун тадқиқотларга, улар асосида ишлаб чиқилган миллий ва ҳудудий дастурларга муҳтожмиз. Ўқувчилар, талабалар онгида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантирувчи қўлланмалар керак бизга.

Ўзбекистон Президенти 2017 йил 3 январда имзолаган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб берилган. Булар:

 аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

 давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

 коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш.

Менимча, шу йўналишлар бўйича фикр­лашсак, «коррупцияни енгса бўладими?» деган саволга жавоб топишимиз осонроқ бўлади.

Демак, коррупциясиз жамиятга бошловчи биринчи шарт — юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, жамиятдаги коррупцияга нисбатан муросасиз муҳит.

Ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масаласи тушунарли. Бунда узлуксиз ва самарали тарғибот билан аҳолини қонун ҳужжатларидан хабардор қилиб бориш, уларда қонунга ҳурмат руҳини тарбиялаш, ўз ҳуқуқ ва бурчларини англатиш орқали шахсни камол топтириш мақсад қилинади. Сўнгги вақтларда мазкур йўналишда интенсивлик кўзга ташлана бошлади. Мисол тариқасида Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» лойиҳаси орқали юртдошларимизга кундалик ҳаётида, ҳар вақт ва ҳар жойда зарур бўладиган маълумотлар етказилаётганини айтиб ўтиш жоиз.

Лекин жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни қандай шакллантириш мумкин?

Бунга тўхталишдан олдин коррупцияга берилган таърифларни кўриб чиқишимиз керак бўлади.

Коррупция ўзида бир неча жиноятни мужассамлаштиргани боис унинг ягона таърифи йўқ.

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасида унга «Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш» деб таъриф берилган.

БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида эса «Коррупция шахсий наф кўриш мақсадида давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилишдир» дея нисбатан қисқа ва кенг қамровли таъриф берилган.

Бир сўз билан айтганда, коррупция мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ жиноят. Муайян бир ҳудудда амалдорлар, куч ишлатар тизим ва бизнес олами вакилларидан иборат коррупцион тизим шаклланиши унинг энг хавфли кўриниши саналади. Шунинг учун, одатда, бундай ҳолатларда «марказ»дан куч ташланади. Агар бундай тизим бутун мамлакатни қамраб олган бўлса, унинг қолоқлик ва қашшоқликка маҳкум этилгани шу бўлади.

Коррупция ҳамма замонларда бўлган ва ҳозир ҳам барча давлатларда бор. Фарқ унинг тараққиётга қай даражада тўсиқ бўлаётганида, жамиятни қандай куч билан чоҳга тортаётганида.

Яна бир нарсани ойдинлаштириб олишимиз керак: жамият учун юқори эшелондаги коррупция хавфлироқми ёки маиший коррупция?

Юқори эшелондаги коррупция ҳар доим бўлган ва эҳтимол, бундан кейин ҳам бўлар. Бугунги кун шароитида у мамлакат имижига путур етказиш ва, дейлик, инвестиция сиёсатига салбий таъсир кўрсатиш, геосиёсий масалаларда панд бериш кабиларда намоён бўлиши мумкин. Уларни бир сўз билан ватан ва миллат хоинлари деб қўя қоламиз ва шу билан чекланамиз.

Маиший коррупция ва унга хайрихоҳлик юқори доиралардаги коррупцияга қараганда икки баробар хавфли. Чунки аҳоли унга ҳар куни дуч келиши мумкин.

Масалан, оддийгина муаммо билан нотариусга мурожаат қилиб, коррупцияга рўпара келган кишининг ҳукуматдан ихлоси қайтмайди, дейсизми?! Бунинг учи ўша «тепа»га туташган бўлиши ёки, аксинча, бир муттаҳамнинг бадфеъли бутун бир тизимдаги меҳнатни, ислоҳотларни елга совуриши ҳам мумкин.

Йиллар ва асрлар давомида инсонларнинг коррупцияга муносабати ўзгариб турган. Инсон унга жуда тез мослашади, ҳатто хайрихоҳ ҳам бўлиб қолади. Бу сизу бизга ҳам тегишли.

Бирор идорага ишга кирган йигитдан саксон ёшли бобоси «қанча маош оласан, ишингнинг оти нима?» деб эмас, ўзича маънодор қилиб «тушум борми?» деб сўраса ёки ўша йигитчани тўйда ширакайф поччаси четга тортиб, «газингни бос, соққани қил. Мана мен турибман! Бу ишни сенга боғлаб бермаган, «состояние» қилиб ол» деб турса, ажабланмаймиз.

Мактабда ўқир эдик. Нимадир бўлиб, жўрамнинг кайвони момоси пенсия ва бола парвариши нафақасини тарқатувчи «маҳаллий бой»ни мақтаб қолди. Индамай турсам ўлиб қоламан-да, «Ҳар сафар пенсиянгиздан қанча олиб қолади?» деб юборибман. «Сўтмисан, пркурормисан? Бовақулбойнинг қанча еганиман нима ишинг бор?», бошлаб қолди момо. «Болага пособия қилиб бериш учун бошида уч ойлигини ўзига оларкан, пенсионерлардан беш сўмдан олиб қоларкан... Шунга айтувдим-да», дедим ўзимни оқлаган бўлиб. «Еса давлатнинг пулини ейди, отангнинг пулини ептими? Пенсамдан ўн сўм берсам, рози бўлиб бераман. Топгани онасининг сутидай ҳоппа-ҳалол. Билиб қўй, закўнчи бўлсанг, косанг оқармай ўтасан...»

Одамни эзворади-да, бу менталитет.

Университет ҳарбий кафедрасида ўқиб юрганимизда офицер-домлаларга пора бериб чарчаган сабоқдошимизнинг гапи ҳам эсимдан чиқмайди: «Ўқишни битириб, коррупцияга (коррупцияга қарши курашувчи органни назарда тутган) ишга ўтай, булар билан ўшанда ҳисоб-китоб қиламан!». «Улар сени ишга оламиз деб кутиб ўтирибди ўзиям», дедик ичимиз ку­йиб. «Адам гаплашиб қўйганлар, ўртоғи ўшатта ишлайди» деганида тилимизни тишлаб қолган эдик.

Агар орамизда кимдир «мен коррупция деган иллатдан мутлақо покман, шу ёшга кириб, пора бермадим ҳам, олмадим ҳам» деса, унинг хотираси чатоқ. Айтишингиз мумкин, масалан, чекка бир қишлоқдаги оддий чўпон... Э худо, ўша чўпон ҳам қўйларини сотиб, ўғлини ўқиш ёки ишга жойлашни режа қилиб юрган бўлса-чи?!

Баайни Мусо алайҳиссалом каби қавмни қирқ йил биёбонда олиб юргулик...

Биз коррупциясиз жамиятда яшашга тайёр эмасмиз. Ижтимоий институтлар билан ҳар қандай алоқага киришар эканмиз, имкон топилган заҳоти ўз фойдамиз учун қонун-қоидани бузишга шаймиз. Яна айрим амалдорларнинг қўлимизга қарайдиган бўлиб қолганидан нолиб юрамиз, журъатлироқларимиз ҳатто «буларнинг ҳаммасини қамаш керак» деб қўямиз.

Ғалати-да. Ҳаммамиз ҳам оз-оздан, лекин тез-тез қонунни бузиб турамиз, вақти келганда амалдорларга қистириб турамиз. Қайсидир идорада танишимиз борлиги билан фахрланиб ҳам қўямиз. Лекин шу билан бирга, коррупционерларнинг ҳаммасини халқнинг кўз олдида жазолаш керак деб ҳисоблаймиз.

Ибтидоий одамлар «илоҳлар»ни ийдириб туриш учун қурбонликлар қилишгани каби бугунги одамларга амалдорларни сийлаб туриш малол келмайди. Арбоб билан ўйнашиб бўларканми?!

Ўзимизга савол бериб кўрайлик: ҳалол яшашга тайёрмизми? Катта-кичик мансабдорлардан ич-ичимиздан талаб қилаётганимизни ўзимиздан ҳам талаб қила оламизми? Қийин.

Биз шундайин ҳаётга ўрганганмиз. Ёки ўргатишган. Бизга қулайи шу ва шунгагина лойиқмиз. Биз япон эмасмизки, зилзила пайтида ҳам жон сақлаш учун тартиб билан, майсазорни босмай, йўлак бўйлаб қочадиган.

Барча иллатлар каби коррупция ҳам унга қулай бўлган муҳитда тез урчийди. Биз ана шундай қулай муҳитни яратдик. Унинг жони қаттиқ вируслари онгимизга, яшаш тарзимизга, урф-одатларимизга, менталитетимизга баҳузур ўрнашиб олди. Энди унинг иситмаси билан яшашга мажбурмиз. Лекин қачонгача? Бу вирусни жамиятимиздан, онгимиздан ҳайдаб соладиган зидди заҳар борми?

«Бу иллатнинг давоси — иймон-эътиқод, дин», — дейди уламолар.

«Қаттиққўл қонунлар, аёвсиз жазо», — дейди ҳуқуқбонлар.

Маънавиятчилар ҳам нимадир дейди, албатта.

Коррупция жуда кўп одамга қулай. Афсуски, шундай. Нафақат баднияту жиноятчиларга, балки оддий одамларга ҳам. Қулайлиги шуки, арзимаган совға ёки пул эвазига шифокорлар беморига яхшироқ қарашига, сифатли хизмат кўрсатилишига, бизнесини сердаромад қилишига эришиши мумкин. Қонуний ҳуқуқини билиш, уни талаб қилишга қараганда бу унга анча қулай кўринади.

Ҳуқуқий онг ва жамиятдаги коррупцияга нисбатан муросасиз муҳит ўртасидаги боғлиқликни кўраяпсизми?

Биз ўзимиз қонун-қоидаларга бўйсунишни истамас эканмиз, коррупцияга бўйсунишга мажбурмиз. Унга муросасиз бўлмас эканмиз, унинг қоидалари бўйича яшаб ўтишга маҳкуммиз.

*   *   *

Бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз.

Кечаги кунгача бюджет маблағларини (яъни халқнинг пулини) бамайлихотир жиғилдонига уриб келаётган, поранинг ортидан тувагигача тилла бўлиб кетган коррупционерлар, ҳокимдан тортиб прокуроргача бугун қонун олдида жавоб бераяпти. Ўнлаб, балки юзлаб жиноят иши қўзғатилаяпти. Қарийб ҳар ҳафта қайсидир амалдор пора билан қўлга тушиб, жазога тортилаяпти... Бунга ўрганиб ҳам қолдик.

Тор доирада ўтказиб кўрган ижтимоий сўровимиз натижаси биз кутгандай бўлди: респондентларнинг аксар қисми (қарийб 70 фоизи) юртимизда кор­рупция­га қарши курашиш самара беришига ишонишини билдирди.

Коррупция билан боғлиқ жиноят ишлари сони ҳақида янги маълумотлар олиш учун тегишли органга қилган мурожаатларимиз жавобсиз қолгани боис ўтган йилги маълумотлар билан чекланамиз: 2017 йилнинг биринчи ярмида коррупцияга алоқадорликда гумон қилинган 1566 нафар мансабдорга нисбатан 1130 та жиноят иши қўзғатилган.

Бу 33 миллионлик халқи бор мамлакат учун кўпми ёки оз? Бундан кўра муҳимроқ савол: вазият ўнгланаяптими?Қийин. Лекин умид қилса бўлади.

Тан олайлик, кечагина ҳар икки гапининг бирида орқасида кимидир борлигини шама қиладиган олибсотар ҳам бугун сал ўйланиб қолди. Ёки поччасининг жияни қайсидир конторада ишлаши билан ҳамкасбларини қўрқитиб юрганлар бугун ишга вақтида келиб-кетиб юрганиям рост.

Коррупция ёпиқ доира ичида гуркирайди. Хавфлиси ҳам шу. Бугун ана шу ёпиқ доиралар парчаланган ҳолатларни кўраяпмиз. Шунинг ўзи жуда катта умид беради одамга.

Яна бир нарса ўзгарди: пора олаётган томоннинг хавотири чунон ортганки, ҳолат бундай, «ҳозир ҳеч кимга ишониб бўлмай қолди, қаранг, шу арзимаган пулни деб ишимдан айрилиб юрмайин...» дейди олазарак алфозда. Бу гапни нафсониятимизга, шаънимизга теккандай қабул қиламиз, «нима деяпсиз, ака, мени ким деб ўйлаяпсиз?». Шу феълимизнинг ўзгариши қийин бўлаяпти.

Умуман, бизда коррупцияга қарши курашиш қандай кечаяпти ва қай даражада самара бераяпти? Вазиятни ўнглаш учун нималар қилинмоқда? Менимча, жамиятнинг қўллаб-қувватлашига эришиш учун аҳолига узуқ-юлуқ, мавҳум эмас, батафсил, узлуксиз маълумотлар бериб бориш керак.

Коррупцияга қарши кескин курашиш ҳар қандай жамиятда оғир кечади. Бу жараён жуда кўп нарсанинг баҳридан ўтишни талаб қилади. Турли кўринишдаги саботажларнинг кузатилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Коррупционер нимадан қўрқади? Биринчи навбатда, ошкораликдан, очиқликдан. Иккинчидан эса жазодан. Бели оғримай топганлари ва шунга имкон берадиган мансабидан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқади.

Мана шу жойда жамоатчилик назорати майдонга чиқиши керак.

Давлат коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш учун бор кучини бериши, одилона қонунлар ишлаб чиқиши мумкин. Жамият ҳам, фуқаролар ҳам давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаши зарур. Ҳурковуч жамоатчилик назорати, лоқайд фуқаролик позицияси билан эмас, албатта.

*   *   *

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйиш, сабаб ва оқибатларини бартараф этиш, жиноятга жазо муқаррарлиги принципини таъминлаш ниҳоятда масъулиятли вазифа.

Бу борадаги мулоҳазани тарихимиздан бизга илҳом берувчи бир мисолдан бошласак: ўзидан «бегуноҳ амир» дея ном қолдирган ҳукмдор — амир Шоҳмурод ҳокимият тепасига келганида, салтанат инқироз ёқасида эди. Коррупция ботқоғидаги амалдорлар ва бебош ўғилларига тизгинни бериб қўйган отаси Муҳаммад Дониёлбийдан мерос бўлиб унга давлатдан норози халқ, издан чиққан бошқарув қолди.

Тариқатда шуҳрат топган Шоҳмурод дастлаб сиёсат бобида ёлғиз қолади. Сарой мулозимлари исталган пайтда унга хиёнат қилишини билгани боис атрофига ҳалол ва содиқ йигитларни йиғади. Коррупция занжирини узиш учун энг аввал унинг бошида турган қозикалонни, сўнг вазири аъзамни йўқ қилади. Илоннинг бошини янчган, Бухорони хонликдан амирликка айлантирган Шоҳмурод муҳим лавозимларга ҳалол инсонларни тайинлаб, коррупция занжирини парчалаб ташлайди. Шу тариқа салтанат қисқа муддатда қудратини яна тиклаб олади.

Одатда, ҳукумат коррупцияга қарши жиддий курашиш кераклиги ҳақида гапирганида тўлқинланиб кетамиз, бирданига қандайдир коррупциясиз жамиятни орзу қилиб қоламиз. Лекин арзимас ишимизни битириб бериш эвазига пора олаётган қайсидир амалдор қаршисида ялтоқланиб турар эканмиз, коррупция билан юзма-юз келганимизни англаб етмаймиз.

«Нега тараққиёт суръати юқори эмас?» деган савол ўртага ташланса, «ишлагани қўйишмайди» деган жавобни эшитамиз. Бунинг икки хил талқини бор: коррупция ҳалол одамлар, дейлик, тадбиркорларни ишлагани қўймаса, бошқа томондан коррупционерлар «ишлагани қўйишмаяпти» дея коррупцияга қарши курашдан ёзғиради.

Аввало, коррупциясиз яшашни ўрганиб олишимиз керак. Унгача эса ҳар биримиз потенциал порахўрмиз ёки пора берувчимиз. Эътироз билдиришга шошилманг, агар сиз ростан ҳам ҳали кимгадир пора беришга ёки кимдандир пора олишга улгурмаган бўлсангиз, ҳаяжонли дақиқаларингиз олдиндадир эҳтимол. Энг тақводоримиз ҳам нуқсонларимизга кўз юмиши, ишимизни тезлаштириб бериши, бошимизни силаши, раъйимизни қайтармаслиги ёки шунчаки тинч қўйиши учун вақти-вақти билан керакли одамларга қистириб туради.

Жазонинг кучи билан коррупцияни енгиб бўлмайди. Енгса олти йилдирки коррупцияга қарши қақшатқич уруш олиб бораётган Хитой енгган бўларди. Норасмий маълумотларга кўра, бу мамлакатда ҳар йили 5000 атрофида амалдор айнан коррупцияга йўл қўйгани учун қатл этилади.

Жазо ҳуқуқимизда бир ёндашув кузатилади: коррупцияга қарши кескин курашиш заруратини таъкидлаш баробарида, иқтисодий жиноятчиликка қарши курашишда инсонпарварлик бўлиши кераклигига урғу берилиб, бу турдаги жиноят учун инсонни озодликдан маҳрум этиш ортиқча қаттиққўллик деб қаралади. Иқтисодий жиноятлар шахсга қарши жиноятлардан кўра жамиятга кўпроқ зарар келтирмайдими?

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдори даромадини ошкоралаштириш коррупцияга қарши курашишдаги синалган усуллардан бири. Нафақат даромади, харажати тўғрисида ҳам ҳисобот бериши керак. Ҳар йили. Бу малол келса, марҳамат, давлат хизматини қўйиб, хусусий секторда фаолият олиб бораверсин. Биров ундан ҳисоб сўрайдими?

Жазо қонунчилигимизга мусодара инс­титутини имкон қадар тезроқ қайтариш керак. Қайтармаса бўлмайди. Эсимда, мусодара жазо сифатида қонунчиликдан олиб ташланганида, ҳуқуқшунос устозларимиздан бири «бу коррупция учун яшил чироқ» деган эди. Эҳтимол, устоз бироз муболаға қилгандир. Аммо унинг фикрига ўша пайтда ҳам қўшилганман, ҳозир ҳам қўшиламан. Коррупционерни тийиб турувчи муҳим чоралардан бири мусодара эмасми аслида?

Жаҳон банки маълумотларига кўра, ҳар йили коррупция сабаб бир триллион доллар исроф бўлади, қанча кўнгиллар ва юртларни обод қилиши мумкин бўлган пуллар шамолга совурилади.

Минглаб болаларнинг ризқини қийиб, ўз фарзандлари учун «келажак» яратаётган «болажон» коррупционер «йиққанимнинг роҳатини ўзим кўрмасам ҳам болаларим кўради» қабилида иш тутади. Етти пуштига етадиган дунё тўплайди. Вақти келиб, панжара ортига тушар ҳам. Лекин унинг кўнгли тўқ: авлодлари зодагонлардай яшайди. Ўзи эса улар учун қаҳрамон бобо тимсолида қолади. Агар мусодара институти амал қилса, унинг бундай йўл тутиши даргумон.

Одатдаги савол: агар у коррупцияга бош тиқишидан олдин, дейлик, иккита кўчмас мулкини ҳалол ишлаб топган бўлса-ю, қолган саккизтасини мансабга чиққач, коррупция йўли билан топган бўлса, ўнта кўчмас мулки ҳам давлат фойдасига ўтиб кетиши керакми? Керак!

Тезроқ иқтисодиётни кўтариш шарт, токи маошимиз кун кўришга эмас, одамга ўхшаб яшашга етсин деяпсизми? Тўғри, лекин шу билан бир вақтда, балки ундан ҳам олдин ўзимиз ҳалол-ҳаромнинг фарқига етиб олишимиз, фарзандларимизни иймон, ватан, қонун, давлат, миллат, халқ, шараф, масъулият, виждон деган туйғуларга ҳурмат руҳида тарбия қилишга ўзимизда куч топа олишимиз лозим.

Менга баъзан муайян халқ, мамлакат, давлатнинг мавжудлигини истамаганлар унда коррупцияни авж олдирадигандай, бу ҳам мавҳ этиш технологияларидан биридай туюлади.

Коррупциянинг сабаб ва оқибатлари шу қадар аралаш-қуралашки, бир-биридан ажратишнинг ўзи маҳол.

Мутахассислар коррупциянинг даражаси иқтисодий, институционал ва ижтимоий-маданий омилларга боғлиқ деб тушунтиради.

Мегаполисда таҳсил олиб, яшаш учун оддийгина шароит, тайинли иш йўқ қишлоғига қайтиб кетолмаган, ижара тўловига пул топиш, рўзғорини зориқтирмаслик, каталакдай бошпанали бўлиш учун ўзини ўтга-чўққа ураётган йигитларга қараб туриб, негадир Воланднинг «...рисоладагидай одамлар эди, уй муаммоси уларни бузди» деган гапи эсга тушади. Уларни отасининг пулига дипломли бўлган, «клани» орқали ишга жойлашган, шунга ҳам қаноат қилмай, беш бармоғини оғзига тиққан такасалтангларга асло таққосламанг.

Кимнидир коррупцияда айблашдан олдин масаланинг иккинчи томонини, унинг жойига кўз тикканлар борлигини ҳам унутиш керак эмас. Одатда, йиллар давомида шаклланган, тажрибали, яхши кадрлар шундай бой берилади. Бунга ҳам мисол кўп.

Мавриди келганда, баъзи қарашларни кўриб чиқамиз.

Аксариятимиз муаммо ечимини мансабдорларнинг маошини оширишда кўрамиз. Ҳа, бу коррупцияга қарши курашишнинг оқилона йўлларидан бири. Энди тасаввур қилиб кўрамиз: ўрта бўғиндаги бир амалдор, ўзи яхши одам, 200 АҚШ доллари атрофида ойлиги ҳам бор. Лекин одамга ўхшаб яшаши учун (унинг наздида) ойига камида 500 доллар керак. Начора, руслар айтганидай, «яхши яшашни тақиқлаб бўлмайди», ўша қолган 300 долларни коррупция ортидан топақолади, ахир ҳамма шундай қилади-ку! У ҳам сиз билан менга ўхшаб коррупцияга қарши одам, лекин унинг ҳам бола-чақаси бор.

Ечим: мана сенга 500 долларга тенг ойлик. Фақат бир шарт билан: коррупцияга, ҳар хил олди-бердиларга аралашмайсан. Аввалгидай назоратда бўласан, яъни қовуннинг каттасини туширмасанг, бировнинг сен билан иши йўқ. У нима қилади? Ҳам 500 доллар маош олсин, камига яна тирикчилигини одатдагидай давом эттираверсин. Биладики, давлатнинг уни назорат қилишдан бошқа ишиям кўп. Унга ўхшаган амалдорчалардан миллионта. Энг асосийси, унинг ўзи давлат идораси (уч ҳокимиятдан бири) ходими. Топинг-чи, ана шу яхши одам коррупцияга қарши турадими? Ёки коррупция ботқоғига бир оёғи бўлсаям ботган қози жаноблари маоши ошган куниёқ ҳалол йўлга ўтиб қолишига ишонасизми?

Хуллас, амалдорлар маошини ошириш билан коррупциянинг олдини олишга уриниш, худди улар билан муросага боришдай туюлади баъзан.

Коррупциялашиб кетган жамиятда сиё­сий барқарорлик сақланишидан коррупционерлар ҳам манфаатдор деган нотўғри қараш бор. Аслида, халқ бошига синов тушган чоғда улар чўкаётган кемани биринчи бўлиб тарк этадиган каламушлар сингари хориждаги ошён томон суриб қолишига оқсоч тарих кўп гувоҳ бўлган. Бу, албатта, юқори эшелондаги коррупционерларга хос.

«Коррупцияга мойил халқмиз, бу қонимизда бор» деган қараш ҳам борки, нақд юракка қадалади. Биз муслиммизми, биз ўзбекмизми? Қачон ҳалол-ҳаромнинг фар­қини унутдик? «Эплабдими, омадини берсин» дея ўғри, порахўрларни олқишлашни қачон одат қилиб улгурдик? Йўқ, биз учун улар ўғри ва жамиятнинг қонини сўраётган тубан ҳашарот бўлиб қолаверади.

Ҳақ ҳалол ва ҳаром ўртасидаги фарқни аниқ белгилаб берган. Коррупцияга қарши курашишда ҳам улкан таъсир кучига эга ана шу ўзгармас дастурдан унумли фойдаланиш керак.

*   *   *

Давлатни қандайдир ижтимоий шартнома ҳосиласи деган қарашни маҳкам ушлаган Гоббс коррупцияни ижтимоий шартноманинг бузилиши деб баҳолайди. Ундай бўлса, коррупцияни табиий қабул қилаётган халқ ўз давлати билан шунга келишган бўлиб чиқадими?

Коррупция кучда экан, бошқа ижтимоий ва сиёсий муаммолар ечимини кутиш бефойда. Одатдаги «ҳукумат қаттиқ туриши керак», «қонунлар чатоқ», «коррупция қонимизда бор» деган сийқа гаплар айтилаверади. «Нима қилмоқ керак?» деган залворли саволнинг юкини енгиллаштириш учун жўяли таклифларни олиб чиқиш эса жуда қийин. Албатта, бу борада бутун бир механизм ишлаяпти. Юқорида таъкидлаганимиздай, натижасини ҳам кўраяпмиз. Лекин «ҳа деган туяга мадор», яна нималар қилиниши керак? Дейлик, бир оддий журналист нима қилиши мумкин? Умуман, бир инсон коррупцияга қарши курашишга қандайдир таъсир кўрсата оладими?

Абдулла Авлоний «Бир инсоннинг саботи бутун бир миллатни ислоҳ этишга қодир» деганида фақат миллат бошидаги етакчилар, лидерларни кўзда тутган деб ўйлар эдим. Бу кун тушундимки, бу ҳар биримизга қаратилган чорлов экан.

Келинг, энг оддийларидан бошлаймиз: ишимиз тезроқ, навбатсиз битиши учун амалдорга қистириш, йўлимизда давом этиш учун йўл назоратчисига атаганимизни ташлаб кетиш, ўзимиз ва яқинларимизга яхшироқ қараши учун шифокорларни рози қилиш деган одатларни тарк қилайлик. Фарзандимизга эътиборлироқ бўлиши учун боламизни етаклаб ўқитувчисига совға танлаб юришни ҳам бас қилайлик.

Пора берманг ва олманг, бошқаларни ҳам шунга унданг, бундан тортинманг. Кўзлаган мақсадингизга фақат ҳалол йўл билан эришишга урининг, токи натижага эришмагунча чекинманг. Ҳар қандай коррупция ҳолати ҳақида тегишли ташкилотларни, ОАВни хабардор қилишдан андиша қилманг.

Ичингиздаги коррупционерни ўлдиринг! Шунда бу иллатнинг чекинганини кўрамиз.

Энди қўйган саволимизга қайтамиз: коррупцияни енгиш мумкинми? Мумкин. Бунинг учун сиёсий ирода ва жамиятнинг соғлом фикри керак. Амалдорларга халққа ҳалол хизмат қилиши учун стимул бера олсак, жамиятда коррупцияга нисбатан терроризм ёки бесоқолбозликка қарагандай нафратни шакллантира олсак, шунинг ўзи кифоя.

Шавкат ЁДГОРОВ,

Huquq va burch мухбири