Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Адлия вазирлиги — янгича қараш, ишлаш ва янги ташаббуслар босқичида
17.12.2018

Жамиятимизда ҳуқуқнинг ўрни қандай? Фуқароларимизнинг ҳуқуқий ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти даражаси юқорими? Биз давлат, халқ сифатида жамиятни бошқаришда, фуқароларнинг ўзаро муносабатларида қонунларга қанчалик риоя этамиз? Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятининг юқори бўлиши мамлакат тарақиётига ёки ҳар бир фуқаронинг ҳаёт даражасига қанчалик таъсири бор?.. бу каби саволларни яна кўплаб давом эттиришимиз мумкин.

Бу саволларга жавобни эса мамлакатимизнинг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида айтилган сўзлар билан бермоқчимиз. Яъни, Президент ўз маърузасида “Биз жамиятимизда шундай ҳуқуқий маданиятни шакллантиришимиз керакки, унга мувофиқ Конституция ва қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурият эмас, балки кундалик қоида ва одатга айланиши шарт.” деб айтдилар.

Шунингдек, маърузада мутасадди идораларнинг жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида амалга ошираётган фаолияти танқидий баҳоланиб, бу соҳада мавжуд муаммолар ва қилиниши керак бўлган асосий вазифаларга эътибор қаратилди. Президентимиз ислоҳотлар самарасини таъминлаш учун олдимизда турган асосий вазифаларга эътибор қаратиб, қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ижрочилар ва аҳолига ўз муддатида етказиб бериш, уларни амалга оширишни қатъий таъминлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Мамлакат тарақиёти учун мурим бўлган ислоҳотлар қабул қилинаётган қонун, фармон, қарор ва бошқа норматив ҳужжатлар орали ҳаётга тадбиқ қилинади. Улар амалда тўлиқ ва бир хилка бажарилсагина ислоҳотлар ўз самарасини беради.

Шундай экан мамлакатимиз тарақиёти жамиятимиздаги ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг юқори бўлиши билан бевосита боғлиқдир.

Умумий маданиятнинг ажралмас таркибий қисми бўлган ҳуқуқий маданиятнинг негизини ҳуқуқий онг, ҳуқуқий тафаккур ташкил этади. Ҳуқуқий онг шахснинг жамиятдаги ўрнини белгилайди. Жамият аъзоларининг ҳуқуқий онги қанчалик юқори бўлса, ҳуқуқий нормаларда белгиланган талабларнинг бажарилиши ҳам шунчалик тўлиқ ва аниқ бўлади.

Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш учун, энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия, бошқача айтганда ҳуқуқий маърифатни такомиллаштириш зарур.

Ҳуқуқий маърифатнинг асосий мақсади шахсда ҳуқуқий онгни шакллантириш, яъни ҳуқуқий нормаларнинг мазмун-моҳиятини билиш, уларга ҳурматни ва ихтиёрий, онгли равишда риоя қилишни тарбиялаш бўлиб, у босқичма-босқич берилиши лозим.

Замон шиддати жадал, дунё ҳам, ундаги жамиятлар ҳам тез ўзгармоқда. Биз эса кўп йиллар давомида бу ўзгаришлар шиддатини қувиб етолмадик. Албатта, одамларимизнинг онги, дунёқараши ўзгарди. Аммо ҳуқуқий маданият даражаси кутилганидек юксалмади. Бу бир қанча омилларга боғлиқ.

Ўтказилган сўровлар ҳамда фуқароларнинг мурожаатларидан кўринадики, аксарият аҳоли қатлами элементар ҳуқуқий билимга эга эмас. Кундалик ҳаётда керак бўладиган оддий ҳуқуқий тушунчаларни билмайди.

Ҳуқуқий маданиятимизнинг нақадар ночорлиги, айниқса, бирон фавқулодда вазият юзага келганда билиниб қолади. Маркетинг мақсадларида ўтказилаётган турли тадбирларда ёки йўлларда юзага келган тирбандликларда, навбатда турганда ёки биров билан у ёки бу масалларда аҳдлашувларга риоя қилиш жараёнида ҳуқуқий маданиятимиз ўз “қиёфасини” намоён қилиб қўяди.Биз оддийгина навбатда туриш ёки махсус йўлакчадан пиёдани ўтказиб юборишни билмаймиз.

Аҳолида ҳуқуқий онгнинг етарли эмаслиги оқибатида маиший коррупцияни тўлиқ йўқота олмаяпмиз. Коррупция ноқонуний ҳаракат эканини ҳамма билади, аммо оддий фуқародан юқори мансабли амалдорларгача пора олди-бердиси устида ушланаётгани ачинарли ҳолдир.

Буларнинг бари, аввало, қонунни билмаслик, қолаверса, билиб туриб ҳам уни менсимаслик, риоя этмаслик оқибатидир.

Биз узоқ йиллар давомида масаланинг моҳиятини ўрганмадик. Йигирма бир йил олдин қабул қилинган ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятни юксалтириш тўғрисидаги Миллий дастур ижобий натижа бермади. Чунки унда аниқ вазифалар қўйилмаган, мақсадга эришишнинг мониторинг ва баҳолаш тизими мавжуд эмас эди, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш назарда тутилмаганди.

Ҳуқуқий тарбия оилада, боғчада, мактабда, лицей-коллежларда ва олий таълим муассасаларида олиб борилиши кераклиги шубҳасиз. Лекин тарбия фақат билим бериш билан чекланмайди. Тарбия шу билимларни амалда қўллаш, улардан фойдаланишни ҳам ўргатиши керак. Бизда узоқ йиллар конституция кунига шеър ёдлатиш, конституциянинг неча бобу қанча банддан иборатлигини билдириб қўйишдан иборат юзаки “тарбия” жараёни кечдики, натижада биз ҳуқуқий билимларни назарий жиҳатдан у ёки бу даражада биладиган, аммо функционал жиҳатдан уларни қўлламайдиган авлодни тарбияладик.

Қонунлар уларга риоя қилиш учун қабул қилинади, бузиш учун эмас. Қонунга риоя қилиш уни бузишдан кўра фойдалироқ. Буни образли тарзда қуйидаги мисол билан тушунтириш мумкин.

Белгилари қўйилган, ҳаракат тартибга солинган тўғри йўлдан кетаётиб ҳайдовчи тирбандликка дуч келди. Олдида икки йўл бор: озгина вақт йўқотса ҳам, қоидага риоя қилиб равон йўлдан кетиш ёки қоидани бузиб, айланма йўллардан юриб, ўзини ва автоуловини хатарга қўйиш, шу билан бирга ортидан бошқаларни ҳам эргаштириб, янги муаммоларни яратиш. Автоулов ҳайдовчиси бир марта шу усулда ишини тез битириб кетиши мумкин, аммо бу билан ўзи учун янги муаммолар яратганини билмайди. Чунки эртага яна шу ерга йўли тушади, энди у очган айланма йўллар ҳам уни қутқармайди, чунки у йўл иккинчи марта юришга ярамайди. Тўғри йўлни эса ўзи унутган.

Қонун нима учун кераклигини, унга амал қилишдан ўзи ва фарзандлари, келажаги учун қандай фойда борлигини одамларга англатмагунимизча, ҳуқуқий саводсизлик, ҳуқуқий маданиятсизлик ва ҳуқуқий онгсизлик билан курашимиз самара бермайди.

Ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбияни кампания тарзида, номигагина эмас, балки маълум мақсадни кўзлаб, режали ва самарали тарзда олиб бориш лозим.

Шунга кўра, аҳолининг ҳуқуқий билимни ошириш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича стратегияни тубдан ўзгартириш лозим.

Аввало, жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича 5 йилга мўлжалланган концепция ишлаб чиқиш лозим. Унда барча ташкилотлар олдига аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишни устувор вазифа қилиб белгилаш зарур.

Адлия вазирлиги ташаббуси билан 2019‒2024 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси ишлаб чиқилиб, уни самарали амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” белгиланмоқда.

Концепция фуқаро, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалтириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини жорий қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятининг юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, юридик таълимни, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини тадқиқ этиш каби устувор вазифаларни ўзида қамраб олади.

Олдимизда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини тадқиқ этишдай улкан вазифа турибди. Бунинг учунҳуқуқий социологияни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш талаб этилади.

Шунингдек, ҳуқуқий фанларни ривожлантиришнинг илмий асосланган режаларини ишлаб чиқиш ва унинг устувор йўналишларини аниқлаш зарур. Ҳуқуқий маданиятнинг моҳияти, мазмуни, таркибий тузилиши ва намоён бўлишининг фалсафий, ижтимоий, иқтисодий, психологик ва юридик муаммоларини тадқиқ этиш, уни шакллантириш ва янада юксалтириш усулларини аниқлашга қаратилган илмий изланишлар кутиб турибди олимларимизни.

Аҳолининг ҳуқуқий билимини оширишни “оила – боғча – мактаб – маҳалла – ташкилот – жамият”принципида ташкил қилиш лозим. Шунда биз олиб бораётган ишларда узвийлик таъминланади.

Хорижда “Street law”(кўча ҳуқуқи)деган тушунча бор. Бу кўчада ҳуқуқий тарғибот ёки оддий ҳуқуқ деган маънони билдиради.“Street law”–интерактив ўқитиш методологиясидан фойдаланган ҳолда аҳолининг кенг қатламларига амалдаги қонунларни ўргатишдир. Бунда махсус тайёргарликдан ўтган волонтерлар томонидан жамоат жойларида одамларга турли ҳаётий вазиятларнинг ҳуқуқий ечими кўрсатиб берилади, шу орқали уларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга эришилади. Бизда ҳам шу тизимни жорий этиш вақти келди.

Шунингдек, ҳуқуқий маълумотларни аҳолига тушунарли ва қулай тарзда етказишни тахминлайдиган миллий ҳуқуқий интернет порталини яратиш лозим. Бунда қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, барча миллий ҳуқуқий сайтлар, ҳуқуқий электрон кутубхона ва бошқа ҳуқуқий маълумотлар бўлади.

Адлия вазирлиги болалар учун махсус ҳуқуқий сайт яратиш устида иш олиб бораяпти. Унда боғча ва мактаб ёшдаги болаларга одоб-ахлоқ қоидалари ва ҳуқуқ бўйича бошланғич билимлар, Конституцияни ўргатишга оид илк тушунчалар эртак қаҳрамонлари ёрдамида тушунтирилади. Сайтга ҳуқуқни тарғиб қилувчи турли хил ўйинлар, машғулотлар жойлаштирилади.

Ҳуқуқий сайтлар ва ижтимоий тармоқларда ҳуқуқий йўналишдаги саҳифалар, блоглар сонини кўпайтиришимиз лозим. Адлия вазирлигининг телеграм ижтимоий тармоғида “Ҳуқуқий ахборот” канали ташкил этилгандан қисқа вақтда обнуачилари сони 130 минг нафардан ошганлик ҳалқимизнинг ҳуқуқий ахборот олишга эҳтиёжи катталигидан далолат беради. Яқинда инглиз тилидаги “Legal info” телеграм канали ҳам ишга туширилди. Бундай ахборот ресурсларини йўналишлар бўйича масалан, мигрантлар учун алоҳида, йўл ҳаракати иштирокчилари учун алоҳида ва ҳоказо кўпайтиришимиз лозим.

Аҳолига бепул маслаҳат бериш порталини ўз ичига олган Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизимини яратиш ишлари олиб боряпмиз. Бу каби портал Буюк Британияда мавжуд бўлиб, унда ҳуқуқий маълумотлар маълум классификатор асосида содда тилда жойлаштирилган.

Адвокатлар ва адвокатлик тузилмалари томонидан бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатиш (pro bono) тизимини ишлаб чиқяпмиз.

Муаммоли масалалар, хусусан, миграция, моддий ёрдам, ер олиш, уй-жой олиш, коммунал масалалар, имтиёзлар, алимент, ишга жойлашиш, таълим олиш ва бошқалар бўйича ҳуқуқий ахборотни step by step (қадамма-қадам) усулида буклет, флаер, лифлет ва плакатлар шаклида аҳолига етказиш устида ҳам ишлаяпмиз.

Коррупция, ҳалоллик, тўғрилик, қонунга ҳурмат, адолат тантанаси мавзуларида тарғибот материаллари, дидактик материаллар, мультипликацион ҳамда қисқа метражли фильмлар тайёрлаш ишлари олиб боряпмиз.

Бугунги кунда аҳолининг кўпчилик қисми телевидениени кузатиб боради. Шунга кўра биз электрон ОАВда ҳуқуқий тарғиботни фаол амалга оширяпмиз. Масалан, ўз ҳуқуқларини суд ёки бошқа ташкилотлар ёрдамида ҳимоя қилишга эришган фуқаролар тажрибасини оммалаштириш мақсадида махсус телерепортажлар тайёрладик.

Қонун тили – мураккаб тил. Биз қонунларни аҳолига тушунарли, содда, равон тилда, яъни мослаштириб тақдим этяпмиз. Шунингдек, уйма-уй юриб, аҳоли билан бевосита суҳбатлар қилиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали қонунларни тарғиб қиляпмиз.

Қонун ҳужжатларининг моҳиятини аҳолига етказишда журналистларнинг аҳамияти катта. Аммо кўпинча ОАВ ходимларининг ўзи қонунларни яхши тушунмаслиги, етарлича тарғиб қилмаслиги ёки нотўғри талқин қилиши оқибатида қатор тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Одамлар ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етарлича англаб етмаяпти.

Шу муносабат билан биз ҳар жума кунлари журналистлар ва ОАВ ходимлари учун “Адлия ахбороти” брифингини ўтказиб келмоқдамиз. Брифинг ва ундан кейин мунтазам ташкил этиладиган матбуот анжуманида ОАВ ҳамда масъул органлар ўртасида ўзаро бевосита мулоқот бўлиб, қонун ҳужжатларини тўғри англашга йўл очилмоқда.

Ҳуқуқий тарғиботни кабинетда ўтириб амалга ошириш етарли самара бермайди. Шу сабабли Адлия вазирлиги марказий аппарати ҳамда ҳудудий адлия органлари доимий равишда аҳоли орасига чиқиб ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириши лозим.

Олдимизда ҳуқуқий тарғиботнинг янада таъсирчан усулларини татбиқ этиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича улкан вазифалар турибди. Албатта, ҳозирга давр ва шароит ҳар биримиздан “ҳуқуқий тарғиботчи” бўлишимизни талаб этади.

Бу масалада ҳар бир идора, ҳар бир давлат хизматчиси ва ҳар бир фуқаро бош қотириши ва ишлаши зарур. 
 

Акбар Ташқулов,

Адлия вазири ўринбосари