Бош прокуратурадаги янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегациясининг Қозоғистон Республикасига ташрифи тўғрисида
07.12.2018

Қозоғистон Республикаси Бош прокуратурасининг таклифига биноан Бош прокурор бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегацияси жорий йилнинг 5 декабрь куни Қозоғистонга ташриф буюрди.

Ташриф Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ташкиллаштирилган «Минтақавий ҳамкорликни мустахкамлаш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги сай-ҳаракатларни мувофиқлаштириш» мавзусидаги юқори даражадаги конференция доирасида амалга оширилди.

Ташриф давомида Қозоғистон Республикаси Бош прокурори К.Кожамжаров билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат прокуратура органлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни самарали ва тезкор таъминлаш мақсадида маҳкумларни ўтказиш тўғрисида икки томонлама Шартнома тузиш ҳамда ёпиқ электрон алоқа каналини жорий этиш масалалари, шунингдек экстрадиция, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қайтариш масалалари мухокама қилинди. Терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қозоғистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини яқинлашиб келаётган давлат байрами – Ўзбекистон Конституцияси куни билан табриклаб, Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.

Томонлар тузилган халқаро шартномалар доирасида назорат органлари ўртасида ўрнатилган икки томонлама муносабатларни ижобий баҳоладилар ва уларни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Қозоғистон Республикаси прокуратура органларининг «Халқаро ҳамкорликни мустахкамлагани учун» эсдалик медали билан тақдирланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокураси

Ахборот хизмати