Бош прокуратурадаги янгиликлар
Хоразмда ихтисослаштирилган прокуратура ташкил этилди
06.12.2018

Қисқа давр мобайнида мамлакатни ҳар томонлама жадал ривожлантириш, биринчи навбатда, қишлоқ жойларда аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, шунингдек, ислоҳотларни амалга оширишда фуқароларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган қатор муҳим давлат ва ҳудудий дастурлар, қонун ва ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доирустувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ҳудудларни секторларга тақсимлаган ҳолда жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Айни вақтда мазкур механизм ўз самарасини бериб, аҳолини қийнаётган муаммолар жойида ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Фуқароларимизни тадбиркорликка руҳлантириш орқали бандлик масаласига ечим топилмоқда, бу орқали аҳоли турмуш даражаси йил сайин ошиб бормоқда. 

Давлат раҳбари ҳудудларга ташриф буюраркан, вилоят, шаҳар ва туманлардаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиб, ҳудудларни янада ривожлантириш бўйича ўзининг тавсия-топшириқларини бериб келмоқда. Жумладан, Президентимиз жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятида бўлди.

Ташриф доирасида бўлиб ўтган халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Давлатимиз раҳбари вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. Шунингдек, Президентимиз ўтган даврда яратилган иш ўринлари етарли эмаслиги, вилоятда ишсизлик сақланиб қолаётганини таъкидлаб, иқтисодиёт тармоқларини кўпайтириш, янги саноат корхоналари ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали бандлик даражасини ошириш бўйича топшириқлар берган эди.

Мазкур топшириқлар ижроси бўйича Бош прокуратура томонидан ҳудудда шоличилик, мева-сабзавотчилик ва балиқчиликни ривожлантириш, ер ва сувдан оқилона фойдаланишда прокуратура органлари томонидан қонунийликни таъминлаш мақсадида, Хоразм вилоят прокуратураси тузилмасида Қишлоқ хўжалигида қонунчилик ижроси устидан назорат бўйича Хоразм ихтисослаштирилган прокуратураси ташкил этилди.

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув хўжалиги объектларининг ҳолатини яхшилаш, сувдан оқилона фойдаланиш ва томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш, балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ етиштириш иншоотлари ва қурилмаларини барпо этиш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда шоли етиштириш ҳажмларини кўпайтириш, уни қайта ишлашда замонавий технологияларни жорий этиш ва мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, уларни қайта ишлаш (қуритиш) қувватлари ҳамда экспорт ҳажмини ошириш, шоличилик, мева-сабзавотчилик ва балиқчилик соҳаларидаги тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда ушбу соҳаларга тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш каби йўналишларда қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга ошириш Ихтисослаштирилган прокуратуранинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Қишлоқ хўжалигида қонунчилик ижроси устидан назорат бўйича Хоразм ихтисослаштирилган прокурори вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Ахборот хизмати